Содиқ чавондоз » Содиқ чавондоз 1

“СОДИҚ ЧАВАНДОЗ” 8-қисм

1738 Ko'rilgan Содиқ чавондоз 1

“СОДИҚ ЧАВАНДОЗ” 8-қисм

Хуснинисо эшикдан кириб келаётган куёви, жуфти – Аминни очиқ чеҳра ва самимийлик билан кутиб олди. Қамчини эшик ортида деворнинг илгичига осиб, қайлиғининнг қўлига қуймоқчи бўлган сувига қўлини узатди. Қўлини уч карра ювгач, табассум билан жилмайиб сочиқни олди. Қўлини арта туриб, айвон томонга юриб борди. Айвондаги супачада дастурхон ёзилган эди. -Саййидим, сизни келиб қолармикан деб бир соатдан бери эшикка қарайман! Ахир сиз тушдан кейин келиб, Қуръон тиловат этиб, унинг тафсирини айтиб беришни ваъда қилган эдингизку?!

-Тўғри, аммо мен баъзи ишлар юзасидан бўлиб кечикдим. Усмон оғани зиёрат қилиб-ла, уйга қайтаман деб ўйлаган эдим.

   -Усмон оға яхшимилар?

   -Кўриниши Аллоҳга шукр дуруст, лекин ботинида қандай жараёнлар содир бўлаётгани бизга аён эмас. У ўзининг қавмбошилигини тоғам Ниёзалига топширди. Кўнглим хижил бўлганидан, отим билан ўтлоққа бориб келдим.   

   -Қалбингиз хижил бўлишини тушунаман саййидим! Усмон оғага сизчалик мухаббат қўйган одам бўлмаса керак. Ўғилларининг нобуд бўлганлиги хабаридан сўнг ерга гурсиллаб йиқилганида, отдан камоннинг ўқидек биринчи бўлиб тушиб, Усмон оғани ердан даст кўтарган эканлигингиз ва уни ўғилларига ҳам бермасдан уйига элтганингиз – нақадар мухаббат белгисига мисолдир!

   -Мен Усмон оғани ердан кўтарганимда, сиз қаерда эдингиз, ёки бирон дарахт орқасида турганмидингиз?! – ҳазиллашди Амин.

   -Йўғ-эй, эр кишилар ичида менга нима бор?! Қайнукангиз Мардон Али айтиб берган эди. У сизларни кутиб олгани Усмон оғага эргашиб чиққан болачалар ичида бўлган эди.

   -У пайт мен сизга уйланмаган бўлсам, Мардон Али нега мен ҳақимда гап элтади?

   Хуснинисо эрига қаради, ҳижолатдан дастурхон ичидаги мевалардан бирини олиб, арчиб Аминнинг олдига қўйди. Амин эса дастурхонга парво ҳам қилмай, кўзини жуфтига қадаб турарди.

   -Сизлар жангга кетганлирингиздан кейин Усмон оғанинг барча хотинлари, қизлари-ю, келинлари бизникига ётиб олишди. Укам Мардон али сиз ҳақингизда, сиздан келган совчилар орқали эшитавериб, таниб бўлган эди-да!

   -Тавба, Усмон оғанинг аёллари, қизлари-ю, келинлари сизларникига ётиб олишган бўлса, уларга қандай жой етказиб бердинглар, ўзларингиз томда ётдиларингми?!

   Хуснинисо эрининг берган саволини эшитгани ҳамон, оғзини беркитиб шодон кула бошлади. Кейин ўзини жиддий ўнглаб эрига деди:

   -Сиздан борган совчилар агар қавмимиз яшаётган ерларимизга тўла бўлса ҳам, уларга қалбимиздан жой бериб жойлаштирар эдик. Чунки сиздек иймон ва ҳалолликда денгизида сузадиган кемага ким ҳайриҳоҳ бўлмас экан-а?! Бутун қавмдаги бўйи етган қизлар сиздек муъмин йигитга жуфт бўлишга нега ошиқмас экан?! Мен ўшаларнинг биттасиман холос! Нафақат қизлар сизни ҳурматлайди, ҳатто ёш болачалар “Амин ака келяптилар”, дея жасурлигингизга қизиқиб, сизни ўзларига ўрнак қилмоқчи бўлишади. Укам Мардон Али ҳам ўшалар қатори сизни ҳурматлар эди. Уйимизга мени сўраб келишганда, Мардон Али бирам қувонди, бирам қувонди! “Менга Амин ака энди почча бўладилар”, деб боши осмонга етди.

   -Мардон Алини кеча келганда боши жойидагина эди, Хусниннисо! Боши осмондан қачон ўрнига қайтди-а?

   Хуснинисо яна айтилган ҳазилнома сўзлардан мириқиб, мириқиб кулди. Амин ҳам ёрининг хурсандчилигига шерик бўлиб, табассум қилиб ўтирди. Сўнг деди:

   -Демак, Усмон оғанинг уйдагилар менинг совчиларим бўлиб, сизларникига боришган эканда?

   -Ҳа-ҳа, шундоқ! Бечора аёлларининг барчаси бизга дуода бўлишди, сизларни эсон-омон қайтишларингизга умидвор бўлишди! Ўғилларининг нобуд бўлганининг хабарини эшитганларидан кейин кенг сабр ва матонатда туришди. Валиймамиз бўладиган кунлари, худди ўзларининг ўғлини уйлантираётгандек руҳда бўлишди.

   -Сизчи, бу валиймадан шод бўлдингизми, ўзингиз?!

   Хуснинисо шодликларини бир четга суриб, қовоғини ўйган қиёфага келди. Аминга аччиқ қилгандек кўриниб, сўради:

   -Усмон оғанинг катта аёли айтган эди, “Мен етим ўсганман, молу-давлатим ҳам йўқ, ким ҳам менга қайлиқ бўларди”,-дер экансиз. Шу тўғрими?

   -Тўғри! Хотин-қизларни кўпроқ зийнат ва молу-дунё қизиқтириши аён ҳақиқат-ку!

   Менинг ҳовли-жойим кичиклигимдаёқ куйиб кул бўлган бўлса, тоғам ажратиб берган кичкинагина кулбайи-ошёнимдан бошқа қўлга киритгулик жиҳозим ҳам йўқ. Отимни ҳам, валиймага кетган баъзи чиқим-харажатлар Усмон оға саҳийлиги ортидан бўлди.

   -Аммо сизда инсонни тушуниш, уни қадрлаш, хурматини жойига қўйиш каби, исломга монанд, бошқалардан фарқли бўлган хислатлар мавжуд, саййидим!

   -Хислатларга қорин тўярмиди, рўзғорнинг ками битармиди, дегувчилар кўп-ку, аёллар ичида?!

   -Мен ундайлардан эмасман! Бир ўзингиз саҳро ичида, қамишдан бўлган чайлада бўлсангиз ҳам, сиз мен учун афзалсиз, саййидим,-дея кўзидан шошқатор ёш томчилари оқа бошлади Хусниннисонинг.

   -Агар ўша сиз айтган саҳродаги, қамишдан бўлган чайлам ҳам бўлмасачи, пари?

   -Фақат ўзингиз бўлсангиз ҳам Яратган Аллоҳимга шукрлар айтаман, сизни менга жуфт қилганига! Ҳатто жаннатдек зиёфат манзилида, ҳам сиз билан бўлишни орзу этаман саййидим! Менга дунё ва унинг матоҳлари сиздек жуфт олдида ҳеч нарсага арзимайди.

   Бу оила жуфтлиги ана шундай оқибат устига хонадон тутганлар. Хуснинисо доим эрига мурожаат қиларкан “саййидим” дея хитоб қилса, Амин қайлиғига баъзи ўринларда “пари” истелоҳини ишлатади. Бу жуфтлик учун ҳақиқатан дунё ашёлари у қадар муҳим эмас. Хуснинисо турмушга унаштирилишидан олдин Аминнинг бой –бадавлат эмаслигини яхши биларди, ўзига қавми ичидан, бошқа шаҳару-қишлоқлардан келган совчилар, улар ким бўлишидан қатъий назар фақат рад жавобини берди. Аминнинг ўзи ҳам дунё зийнатларига ҳуши йўқ, топганини ўзларига ва қавм ичидаги ёши катта кишиларга ҳадя қилиб беришни яхши кўради.

   Ундан “нега топган нарсаларингнинг баъзисини ёши улуғ кимсаларга  бериб юрасан”, деб сўрашса, у шундай жавоб қилар эди:

   -“Ахир улар-менинг отамни кўрган, суҳбатлашган ва дўсту-ёр бўлган кимсалардир! Агар отам ҳаёт бўлганида, топганимдан отамга ҳам берар эдим-ку!”

   Амин ва Хуснинисо гаплари адо бўлгач, Қуръонни очдилар, Амин уни тиловат қила бошлади. Хуснинисо эса оятлар остига ишора бармоғини қўйиб, тиловатга хос равишда бармоғини силжитиб борарди. Бугунги уларнинг ўқиётган оятлар-Бақара сурасидаги ҳаёти-дунёни охират эвазига сотиб олувчилар ҳақидаги оятлар эди. Валиймадан сўнг бошланган жуфтлик сабоғи, аввал “Фотиха”дан бошлаб, шу ўринга етиб келинган эди.

   “Ана ўшалар охират ўрнига ҳаёти-дунёни сотиб олган кимсалардир. Уларга азоб енгиллатилмас ва уларга ёрдам ҳам берилмас”-мазмунидаги оятга етиб келиб тўхтаган Амин жуфти Хуснинисога зимдан бир қараб қўйди. Хуснинисонинг яноқларидан оқаётган кўз ёшининг қатралари китобга томчи-томчи бўлиб тушар эди. Амин олдидаги тафсирни ёпиб, сўради:

   -Бугунга етар-а?

   -Аллоҳга хамд бўлсин, бу Қуръоний оятлар нақадар таъсирли-а саййидим! Ҳамма маэноларига тўлиқ тушуна олмасанг ҳам унинг ўқилишини ўзи-қалбни ларзага келтириб оромга ўраб қўяди.

   -Ҳа, Қуръон бу-мўъжизадир. Яъни, ўзининг маънолари, ўқилишининг  жозибалиги, фасохату-балоғати ва унда келган воқеаларни вақт ўтиб, содир бўлиши, яна биз билмаган қанча-қанча мўъжизалари барчани ожиз қолдиради. Ожиз қолдиришлиги учун ҳам уни мўъжиза дейилади.

   -Тоғангиз Ниёзалидан нималарни сабоқ олмоқдасиз, саййидим?

   -Тоғам Марвда йиллар мобайнида етук илм сохиби бўлиб қайтдилар. У кишининг этагини тутган кимса, у кишидан фиқҳдан, ҳадисдан, сийратдан, фароиздан, тафсирдан барчасидан таҳсил олиши мумкин. Мен ҳам Роббим қодир қилганича тоғам ўзлари айтган китобларни ўқимоқдаман.

   -Аллоҳ илмингизни зиёда айласин! Сиздан мен, иншааллоҳ бошқалар ҳам манфаат олишини насиб этсин!

   -Амин, ҳо Амин!

   Ташқаридан Ийсонинг чақирган  товуши эшитилди. Амин ўрнидан туриб, Ийсонинг ҳузурига пешвоз чиқди. Унча узоқ вақт бўлмаган оралиқда эшиги олдида пайдо бўлган Ийсонинг келиши уни таажжублантираётган эди.

   -Келинг Ийсо оға, тинчликми? Усмон оғамнинг тоблари яхшими?

   -Аллоҳга шукр яхши, отам сени ёнига чақирган эдилар. Шуни айтгани келган эдим!

   -Бир неча ойлардан сўнг айтаман деган гапини айтмоқчи эканми?!

   -Йўқ, у ҳақида эмас шекилли, чунки сенинг ўзингга хос сўзлари бор экан. Уни бизга тегишли жойи йўқ.

   Амин Ийсонинг изидан эргашиб, Усмон оғанинг олдига келди. Усмон оға уйидан ташқаридаги катта чинор соясига тўшалган тўшакда салобат тўкиб ўтирарди. Боя Амин тоғаси билан келган пайтдагидан кўра уқувлироқ ва дадилроқ кўринарди. Мўл, оппоқ соқолларини қўллари билан тутамлаб, силаб қўярди.

   Ассаламу алайкум, Усмон оға! Аҳволлрингиз дурустми?

   -Яратган эгамга шукр яхшиман бўтам! Аҳволим дурустлиги учун яна сени кўриб, гаплашгим келди-да!

   -Жуда яхши, жуда соз!

   Усмон оға Ийсога бир қараб қўйди ва қўли билан ишора қилди. Бу ишора  “кетавер, бошқа юмушларинг бўлса бажаравер” қабилидаги ишора эди. Ийсо отасига мамнунлик билан қараб бурулди ва уларнинг кўзидан ғойиб бўлди.

   -Яқинрон келиб, мана бу ерга ўтир!

   Усмон оға ўзига яқин бўлган жойдан Аминга ўтириши учун ўрин кўрсатди.

   -Энди бўтам, гап бундоқ! Эртага, тонг саҳарлаб қайлиғинг билан бирга йўлга чиқасан! Мени пойтахтда таниш одамларим бор. Бориб ўшаларни топиб, уларга йўлиқасан. Сизларга алоҳида макон қилиб беришади. Улар Жалолиддинга ниҳоятда вафодор одамлар ҳисобланишади. Менинг ўғилларимни вафоти уларни ҳам қайғуга солиб қўйганлиги учунми бизнинг қавмдан яқин ўртада одам сўрашмади. Мени яхши аҳволда эканлигимни айтиб, уларга салом йўллагин! Мана бу мактубни Тоҳир исмли кимсага берасан! Уларни жума намозидан сўнг, жомеъ ташқарисидаги атторхонадан топасан! Саволларинг борми, бўтам?

  -Йўқ, Усмон оға! Сиз айтган юмушларни бажариш мен учун шараф! Албатта ҳозирлик кўриб, эрта тонгда йўлга тушамиз. Биз неча ойлардан сўнг айтмоқчи бўлган ишларни ҳам айтаверинг, бош устига!

   -Йўқ, унга энди шошма бўтам! Уни сен, Илёс ва Ийсо бирга бўлганларингда ўзим, бўлмаса тоғанг вақти келганда айтамиз, иншааллоҳ!

- - -