Содиқ чавондоз » Содиқ чавондоз 1

“СОДИҚ ЧАВАНДОЗ” 7-қисм

1489 Ko'rilgan Содиқ чавондоз 1

“СОДИҚ ЧАВАНДОЗ” 7-қисм

Мовий кўм-кўк осмон қаърида турларини ажратиш қийин бўлган ҳар-хил қушлар шодон ёш болалардек, қанотларини патирлатиб, сакраб-сакраб учишмоқда. Тугаб бораётган ой эса, кундуз бўлсада осмоннинг мовий қисмида машриқдан мағрибга томон оҳиста сузиб бормоқда.Чопқир отининг устида, отини ўтлашга қўйиб юбориб, ўзи осмонга тикилиб, узала тушиб олган Амин, Аллоҳнинг яратган маҳлуқотларига разм солганича. Чуқур ўй мулоҳазаларга берилиб ётарди. Усмон оға айтганидек бу мовий осмоннинг сакинати ором белгиси бўлганда қанийди, аммо юрт ҳали тўла нотинч бўлиб туриши Аминни ҳам қийнарди.

Инсонда бошқа бир инсонни, агар унда хулқ ва ишларда баркамоллиги бўлса яхши кўриш ва унга ибрат кўзи билан қараш мойиллиги туғилади. Аминда ўша мойиллик пайғамбар ва у кишига эргашган солиҳлар қатори Жалолиддинга ғойибона тушган эди. Унинг жасурлиги, жиддийлигидан ҳатто кулмай тура олиши ҳақидаги етган гаплар янада Аминни Жалолиддинга содиқроқ бўлишга ошиқтирар эди. Шунинг учун бўлса керак-ки, ҳозир ҳам самога тикилиб ётаркан, Жалолиддиннинг имтиёзлардан маҳрум қилинаётгани, отасининг онаси бўлган –момоси Туркон хотун маш-машалари ичини тирнаб, қийналишига сабаб бўларди.

   Туркон хотун неваралари ичида энг кенжа бўлган Ўзлоқшоҳни севар, шунинг учун унинг истаги билан ўғли Мухаммад Хоразмшоҳга Ўзлоқшоҳни валиаҳд қилиб белгилашни тайинлаган. Ўзлоқшоҳ валиаҳдликдан ташқари Хоразм, Хуросон ва Мозандарон минтақаларини ҳам тортиқ қилиб олган эди.

  Жалолиддин Мангубердига қалб тўри билан турган Аминнинг аҳволига жиддий таъсир ўтказаётган ҳолат мана шу эди. Яъни, довюрак Жалолиддиннинг валиаҳдликка белгиланиши Амин ва унга ўхшаш мухлисларни шод-хуррам қилган бўлса, унинг валиаҳдликдан бўшатилиши уларга жуда ёмон таъсир ўтказмай қўймади. Янги оилага қадам қўйганига қарамай Амин мана шундай изтироблар ичида қамалган оҳу каби жони ҳалак эди.

   Энди бу изтироблар устига юк бўлиб тушаётган ишлардан бири – Усмон оғанинг қавмбошиликдан воз кечиб, тоғаси Ниёзалини ўрнига қўйгани яна унга жароҳат бўлди. Тоғаси ҳам ақлу-заковатда баркамол инсон бўлсада, тажриба ва ҳикматнома иш кўришда барибир – Усмон оғани етукроқ ҳамда тажрибалироқ деб биларди. Шунинг учун Усмон оғанинг бу қароридан ўзига келмаган Амин ҳеч бир ишга қўли бормай, уйига ҳам жўнамай отини миниб, кенг ўтлоқ бағрига келган эди. Кенг ўтлоқ ҳам унга тордек туюла бошлади. Бутун изтиробларни унутиш ва қалбини орому-ҳаловатга буркаш учун, чўккалаб тушиб ўтирди ва чиройли, майин товуш билан Қуръон оятларини баланд тиловат қила бошлади.

   Қироатнинг нафис ва жозибалигидан қалблар лаззати жўшқин ураётган лаҳзада яна икки отнинг дупурлаб келиши унинг қироатдан тўхташига сабаб бўлди. У кўзини очганда Илёс ва Ийсолар отларини қўйиб бриб, ерга тушиб бўлишган эди.

   -Давом этказавер, Амин! Қани тўхтама, узовларга таралаётган тиловатинг нақадар таъсирли, укажон!-деди Илёс.

   -Ҳа-ҳа! Акам айтганларидек нақадар гўзал тиловат!-деди Ийсо ҳам.

   Ўзининг ҳам қалбиқироат оғушига тушган Амин уларнинг илтимосларини рад этмай, қироатни давом этказди. Гўёки борлиқ унинг тиловатига маҳлиё бўлиб, қулоқ тутаётгандек эди. Ҳатто учала от ҳам кишнамай, бўйинларини ўт-майсаларга чўзмай бошларини улар томонга қаратиб, туришар эди.

   Амин қироатни тугаллаганда кўзлари дув-дув ёшга тўлган, Илёс билан Ийсонинг эса аҳволини таъриф қилиб бўлмас даражадаги қиёфага тушишган эди. Фақатгина иккаласининг пиқ-пиқлаган йиғи товуши эшитилар, юз кўзларини икки қўлларининг бармоқлари билан тўсиб олган эдилар. Бу ҳол уларнинг биринчиманзараси эмас эди. Чунки Амин ёшлик чоғиданоқ Қуръонни моҳирона ўқишни биладиган истеъдод эгаси эди. Усмон оғанинг ўғиллари ҳарчанд уринишмасин Аминдек нафис ўқувчи бўла олишга эриша олмаганлар.

   Шунинг учун доим Аминни тиловат қилганини тинглашни севишади. Ирғиз куни ҳам акалари Ниёзали билан кетганда Аминни бежиз қидирмаган эдилар. Ниёзали қайтгунига қадар тиловат эшитишга ошиққан эдилар. Аммо Ниёзалининг қайтиб келиб, ҳаммани катта қўшин сари етаклаб кетиши бунга монеъ бўлган эди.

   Амин нам бўлган кўзларини артиб, оти томонга юрди. Илёс ва Ийсо ҳам унинг ортидан юришиб отларига минишди. Учалалари чурқ этмай, чуқур ўйга толган ва қироат тадаббури билан банд бўлган тафаккурлари оғушида кетиб боришар эди. Фақатгина овулга кириб бораётганларида Амин иккаласига қараб:

   -Оғажонлар, Усмон оға бизга нимани айтмоқчи бўлганларидан хабар топдингларми?!

   Иккаласи эса қизарган кўзлари билан бир-бирига қарашди, сўнг Аминга қараб, дейишди:

   -Хабаримиз йўқ!

   -Агар юрт хотиржамлигига тааллуқли юмуш ёки тадбир бўлса ҳозироқ билганимиз яхши эмасми, оғажонлар?!

   -Тўғри! Лекин биз отам ўзлари сўзламасалар, ундан сўрашга журъат қила олмаймиз,-деди Илёс. Унинг гапини бош ирғаб маъқуллаган бўлди Ийсо.

   -Бўлмаса, мен тоғамдан сўраб, билишга ҳаракат қиламан!

   -Ҳа, шундай қилганинг дуруст, укажон!-дейишди.

   -Тадбирга молик нарсалар бўлса, уни ойлар кутиб ўтирмасдан, ҳозироқ енг шимаришимиз керак!-деди ўйланиб Амин. Шу тариқа улар уй-уйларига тарқалиб, эртага учрашишни ваъда қилишди. Амин уйига кириб кетишдан олдин, тоғасининг тақахонаси ёнига келиб тушди. Ниёзали тақа қоқтиргани уловлар келмаган бўлсада, дўконидаги темир кукнларини супириб, сидирар эди.

   -Келинг тоғажон, мен супириб қўяман!

   -Йўқ-йўқ! Озгина қолди ўзи, тегмай тура қол, жиян!

   -Усмон оға, бир нарса айтмоқчилар эди шекили-а?! Биз кетгач, сизга айтган бўлсалар керак?!

   -Ҳозир билишларинг шарт ишлар сирасидан эмас, жиян!

   -Кейин вақт ўтиб кетгач, кеч бўлиб қолмайдими?

   -Йўқ, кеч бўлмайди. Балки шариатга монанд бўлади – деди кулиб Ниёзали.

- - -