Содиқ чавондоз » Содиқ чавондоз 1

“СОДИҚ ЧАВАНДОЗ” 6-қисм

1781 Ko'rilgan Содиқ чавондоз 1

“СОДИҚ ЧАВАНДОЗ” 6-қисм

Амин Усмон оға бошлаган тараддудлар остида орадан бир ҳафта ўтгач, ўзининговилидан бўлган қизга уйланди. Бутун қавм Аминнинг оилали бўлганидан хушнуд бўлди. Орадан уч-тўрт кун ўтгач Усмон оғанинг тўшакка ётиб қолганининг хабари овулга яшин тезлигидек тарқалди. Амин тоғаси Ниёзали билан бирга унинг уйига шошди. Усмон оғанинг эшиги олдида Илёс ва Ийсо чуқур ўйга толган ҳолда туришар эди. Амин ва тоғаси келгач, тўрталаси бирга Усмон оғанинг олдига киришди. Усмон оға деворга суяб қўйилган ёстиққа белини тираб, чордона қуриб ўтирганича, тасбех айтар ва кўзларини юмиб

олган эди. Эшиги очилган ҳамон кўзларини очиб, кириб келган Амин ва Ниёзалига боқди.

   -Кел Ниёзали, кел Амин бўтам!

   -Тани-жонингиз соғми, нима яна тобингиз қочдими?-дея сўрашди Ниёзали.

   Унинг кетидан Амин келиб, Усмон оға билан қўл бериб кўришди. Усмон оғанинг ранги ўғилларининг хабарини эшитиб, йиқилган кундагидек бир аҳволда эди. Қўллари бироз қалтираб турар, кўзлари синиққан эди.

   -Энди Хақ Таъолонинг изни билан қарилик деган-келса тузалмас дардга чалиндим. Беғубор йигитлик кезлари биздан энди чекинишга тушди, паҳлавонларим! Ниёзали ўзинг келганинг яхши бўлди. Илёсними, Ийсоними олдинги юбормоқчи эдим. Менинг сенга айтадиган гапим, овулнинг етакчилигини сенга топширсам!

   -Нималар деяпсиз Усмон оға! Сиздек ақлли, адолатни суювчи қавмбоши турганда нега менга топширар экансиз?!

   -Гапимни бўлмай эшит Ниёзал, ҳаёт сен айтганчалик менга боғланиб қолган эмас. Мен бугун тирикман, эртага нима бўлишимни Яратган Эгамиздан бошқа ҳеч ким билмайди. Юрт эса тўла тинч аҳволда эмас. Бир томондан мўғуллар шарқда ғала-ғовури алангаланмоқда, Пекинни эгаллаган Чигизхон энди кўзини биз томонга тикиши ҳеч гап эмас. Бизнинг саройда эса Жалолиддиндан бошқа тадбир билан иш кўрувчи одам бормикан ўзи?! Мен эса кун ора тобим ёмонлашиб, кўрпага михланиб турсам, қавмга яхшилик бўладими-а?! Менинг қарорим қатъий Ниёзали, сен бугундан бошлаб қавм бошисан. Мен эса Аллоҳ қодир қилганича сенга ёрдамчи ва маслаҳатгўй бўлиб тураман. Қўлингни узат!

   Ниёзали боши гаранг аҳволда Усмон оғанинг олдига ўтириб, ихтиёрсиз унга қўлини узатди.

   -Аллоҳнинг номи ила сен қавм сардори бўлдинг, илоҳим ҳақ ва адаолат билан қоим бўлишингни Ҳамма нарсага Қодир Аллоҳим ўзи қўлласин! Эй Ийсо, ташқарида турган хизматчига айт,  уловларингиздан бирини  дарҳол миниб, қавмга Ниёзали мен томонидан қавмбоши этиб тайинланганлигини жар солиб, эълон қилсин, тез бўлсин!

   Усмон оға Ниёзалининг Ирғиз сафарида қавм навкарларига етакчилик қилиб, уларнинг олдида обрў-эътиборга сазовор бўлганига жуда хурсанд бўлган эди. Ўзининг ҳоли кундан-кунга ёмонлашиб бораётганидан, қавмнинг ишлари ва зарур ечимини топиш керак муаммолари жамланиб қолмаслиги учун хавотирланиб Ниёзалини қавмбоши қилишни дилида тугиб қўйган экан.

   Ниёзали эса Ирғиз сафарига Усмон оға овулда қолаётгани учунгина навкарларга бошлиқ бўлишга кўнган эди ҳолос. Амма Усмон оғани ҳаётлик чоғидаёқ қавмбошиликни унга юклаб қўйиши гарданига оғир юк бўлиб кўринди.

   -Усмон оға аввал кенгашиб, қавм кишиларидан ҳам фикр-раъйларини эшитиб, уқиб иш қилсак бўлар эди.

   -Тўғри айтасан Ниёзали, қавмнинг ҳар-бирини ҳурматлаш, уларнинг сўзларини тинглаб иш кўриш жудаям хайрлидир! Аммо бир нарсани унутмагин, ҳозир аҳвол таранглашиб турган пайт. Бундай ҳолда кўп ўйланиб, мустаҳкам қарорга келиш зарурати бор. Мен қавмимдан Ирғизга боришларингдан аввал, кимни сафарга сардор қилиш ҳақида сўраб, маслаҳат солган эдим. Менга якка-якка, алоҳида келиб учраган қавм аъзолариниг барчаси сени сардорликка лойиқ деб кўрсатишган эди. Ўша эътиборларига таянган ҳолда, сафарда муваффаққият билан келганларингиз ҳамда улар сенинг сўзларингни икки қилмай итоат этганларини эътиборга олиб, ўз ўрнимга сени танладим, Ниёзали! Сенга Аллоҳнинг Ўзи Мададкор бўлсин, ишларинг ва ечимларинг хаққа мувофиқ бўлсин! Доим қавминг манфаатларини ўз манфаатингдан устун қўйгин! Адолат сохиблари бўлган солиҳ оталаримизнинг тутган услублари айнан ўшандай бўлган!

   -Усмон оға менга яна насиҳат қилинг, шояд насиҳатларингиз менинг қалбимдан мустаҳкам ўрин олиб, қавм устида турарканман уларга оқилона пешво бўлишимга етакласин!

   -Ҳар-бир ишингда Аллоҳдан қўрққин! Қилаётган ишинг олдидан Аллоҳнинг ҳузурида жавоб беришни ўйлаб иш қилгин! Ғазабланган чоғингда ва фикр мулоҳаза юритиб кўрмасдан сўз айтишдан эҳтиёт бўл! Қавм кишиларининг биридан-бирини ҳаргиз устун кўрма, зеро одамларнинг афзали фақат тақвоси билан ўлчанишини унутма! Мазлумларга ҳаққини олиб берувчи меҳрибон бўлгин, золимларга шиддат билан жавоб берувчи, қўлларидаги зулмни тутиб қолгувчи бўлгин! Ҳақ рўбарўсида яқинларингни, аҳлингни ҳатто ўзингни аямагин, душманинг ҳақ бўлса ҳам уни эътироф қилувчи мард инсон бўлгин! Ҳечам дунё матоҳларига ҳавас қўйма, охиратингни ҳамда қабрингда ёлғиз ётиб ҳисоб қилинишингни ўйла! Аллоҳнинг ўзи сенга ва ишларинга куч ва қувват берсин!

   Ниёзали ўтирган Усмон оғанинг олдига яқин келиб, энгашиб пешонасидан ўпди. Усмон оға Ниёзалининг қўлларини қўлларида маҳкам сиқиб, юзига табассум билан қаради. Усмон оғанинг юзидан доим нур ёғилиб турарди, ҳозир эса бу нур яна ҳам жиловлангандек бўлди. Усмон оға Аминга юзланиб деди:

   -Амин, тоғанг Ниёзалининг ишларида барча қатори ёрдамчи бўлгин! Уйинга қадам қўйиб борган келиннинг умрига ва сенинг умринга Аллоҳим барокатлар ато этсин! Икковингизни яхшиликда жамъ қилсин! Аллоҳ мени ҳаёт қилса, бир қанча ойлардан сўнг сен, Илёс ва Ийсоларга айтадиган жуда муҳим гапим бор. Агар у пайтларгача етиш насибасини Аллоҳим бермаган бўлса, у ишни ўринбосар қилиб қолдираётган Ниёзалига тайинлайман! Ниёзали сен қол, Амин сизлар эса чиқишингиз мумкин!

- - -