Содиқ чавондоз » Содиқ чавондоз 1

“СОДИҚ ЧАВАНДОЗ” 5-қисм

1463 Ko'rilgan Содиқ чавондоз 1

“СОДИҚ ЧАВАНДОЗ” 5-қисм

Усмон оға зафар қозонилган хабарни эшитиб, бағоят хурсанд бўлди. Чунки у Жалолиддинни ғойибона яхши кўради, унинг адолатли шаҳзода эканлигидан доим кўнгли чоғ юради. Салтанат ўшандек одам қўлида бўлишини орзу этади. Овулга кириб келаётган қўшин олдига кутиб олгани чиққан кимсаларнинг ҳаммаларида қувонч белгиси билиниб турар, ёш болачалар эса отлиқ навкарларга қўл чўзиб қичқиришар эди. Ниёзали сафнинг олдида кела туриб, Усмон оғанинг рўпарасида тўхтади, отидан сакраб тушди. Тўғри келиб Усмон оғани бағрига босди. Усмон оға жилмайган ҳолда Ниёзалининг пешонасидан ўпди.

 -Зафарингизлар муборак вафодор навкарларим! – деди Усмон оға отда турган барча навкарларга жилмайиб.

-Усмон оға, сизга машъум хабарни айтишга ижозат берсангиз, - деди оҳиста Ниёзали.

-Машъум хабар дейсанми, - Ниёзалига қайрилиб қаради Усмон оға, -Нусрат сизлар тарафда бўлса, яна қандай машъум хабар бўлиши мумкин?!

-Идрис, Исмоил ва Исҳоқлардан айрилдик, улар ўткинчи дунёни тарк этишди, оға! – пичирлади Ниёзали.

-“Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун”, ўғилларимни айтаяпсанми?

 -Ҳа, ҳа Усмон оға!

-Мен уларни Аллоҳимга топширганман, уларни менга Яратганнинг Ўзи берган, Ўзи ҳоҳлаган вақт, ҳоҳлаган суратда уларни қайтариб олади. Агар зафар ҳиссасида уларнинг ҳам насибаси бўлса, мен улардан розиман, Аллоҳим уларни Ўз марҳаматига олсин! – Усмон оға ерга гурсиллаб йиқилди.

    Ерга кўз қирини эгиб турган Ниёзали уни тутиб қолишга улгурмади. Отда уни кузатиб турган барча отларидан сакраб тушиб, у томонга югуришди. Айниқса Амин ҳаммадан тез келиб, Усмон оғани икки қўлида даст кўтарди. Илёс ва Ийсонинг “менга бер” деган сўзларига ҳам эътибор бермай, соя-салқинли ўринга олиб бориб, ерга солинган шолчага ётқизди. Навкарлардан бири сув келтириб Усмон оғанинг юзига сепди. Бир оз жим ётган Усмон оға кўзини аста-секин очди. Атрофидаги барча унга маюс тикилиб туришарди. Унинг лаби қуриди, ортиб қолган сувни Амин навкарнинг қўлидан олиб, Усмон оғанинг лабига тутди. Сувни сипқора туриб, Аминга тикилди, сўнг Илёс ва Ийсога қаради.

-Мендан ҳижолат тортманглар, асосийси мусулмон лашкарлар муваффақиятга эришдими, шу кифоя! Мени уйимга элтинглар, ҳамма уй-уйига тарқалсин!

    Амин яна чаққонлик билан Усмон оғани кўтариб, уй томонга жўнади, Илёс ва Ийсонинг отасини бериш таклифларини яна рад этди. Фақатгина уларнинг эшиклари олдига келганида Илёсга Усмон оғани узатди. Ўзи эса Усмон оғанинг ўнг қўлини тутиб, лабига босиб эҳтиром билан ўпди. Усмон оға унга энгашишини ишора қилиб, пешонасидан ўпди, сўнг Илёсни, ундан кейин эса Ийсони ўпди.

 -Менинг довюрак, шижоатли ўғлонларим! Сизларни навкарларим олдида қутлаб, кўриша олмаганимга хафа бўлманглар, Аминим, Илёсим, Ийсойим! Сизларни улардан муқаддам қўйиб, уларни ранжитиб қўйишни истамайман!

-Отадан хафа бўлиш расо фарзандлар оқибати эмасдир! – деди, қўлида отасини кўтариб турган Илёс.

-Ҳа, ҳа – дейишди Ийсо ва Амин ҳам.

-Амин сен энди боравер, жиянчаларинг сени кутишаётган бўлса керак. Келинойиларинг сенга дуруст жуфт топиб қўйишди, иншааллоҳ келгуси ҳафта сенинг  валиймангни ўтказамиз!

   Усмон оғани уйига олиб киришгач, ўғилларига аҳллари ҳузурига бориш буюрилди. Илёс ва Ийсо оналари билан кўришиб,ҳол-аҳвол сўрашгач, айрилиқ изтиробидаги кўз ёшларини артишиб, отасининг уйидан чиқишди.

   Усмон оға ўзига ажратилган ўриндиқда бироз шифтга кўзини қадаб ётди. Аёллари эса уй четида фарзандларининг изтиробида ва Усмон оғанинг уйига ўз оёғи билан кела олмаганига ташвишга тушиб, пиқ-пиқ йиғлашар эди. Усмон оға кўзини шифтдан аёллари томонга қадади, Усмон оғанинг ўзлари томонга нигоҳи бурилганини кўриб, аёлларининг каттаси эрининг бошидаги ёстиқни ўнглашга тушди, бирови югургилабсув келтириб, унга ичирмоқчи бўлди. Бирови оёғини уқаласа, бошқаси нон келтиришга чоғланди.

   -Ҳамманглар ўтиринглар, иш қилишни бас қилинглар!

   Аёллари қилаётган ишларини ташлаб, Усмон оғанинг рўбарўсида турна қатор бўлиб чизилишди. Ҳаммасининг нигоҳи ва қулоғи унга қадалди. Усмон оға билан турмуш қуришганида қандай ҳурмат ва итоат қилган бўлсалар, ўшандай ҳолни ҳозирга қадар ташламай келадиган аёллари бугунги қалбга ғам ўрнашган кунда ҳам ўзларини йўқотмай, унга эътибор ва диққат билан интизомга риоя этишди.

   -Менинг вафодор жуфтларим, Аллоҳбошимизга имтиҳон савдосини солди. Оиламиздан бир эмас, икки эмас, уч паҳловон ўғлонларимизни олди. Бу мусибат сизлар янглиғ, мени ҳам ўз изтиробига солди. Уларни гўдаклигидан, ширин тилчалари чиққан кунлардан ўстириб-улғайтирганим бот-бот ҳаёлимни чулғаб, оромимни оляпти. Учала паҳлавоним шу ёшгача фақат менга гўзал оқибат билан фарзандлик қилишди. Шу кунгача шаръий буйруқларимга кўзларини кўзим тик қилиб қарамай, жон қулоғи билан тинглабитоат қилишган эди. Инсон фарзандини ноқобил бўлса ҳам севади, уни кор-ҳолга йўлиқишини, ўзининг танасига олов етганиданда қаттиқ олади. Ҳатто анбиёлардан бўлган Нуҳ алайҳиссалом кема ясаб, тўфон балосидан қутқарилмоқ чоғида кофир бўлган ўғлининг ғарқ бўлиб кетишини истамаган. Уни кемага чиқариш учун жидду-жаҳд қилган эдилар, аммо саркаш ва бадбахт ўғил отасининг сўзига этибор бермай, сув остига ғарқ бўлувчилардан бўлган эди.

   Алҳамдулиллаҳ, менинг барча фарзандларим, сиз вафодор жуфтларимнинг қилган саъй-ҳаракатларингиз ва отага меҳр билан ўстирганингиз боис – расо фарзандлар бўлишди. Энди сизлардан қиладиган илтимосларим шуки, сабр-қаноатли бўлинглар, укалари-акаларининг нобуд бўлганларини эшитиб, опа-сингиллари ташрифбуюришса, уларга ҳам қаттиқ тайинланглар, фақат сабр ила дуода бўлишсин. Жоҳил қавм янглиғ ўзларини-ўзлари урмасинлар, бақир-чақир қилиб дод-фарёд кўтармасинлар!

   Аллоҳ ҳаммаларингизга йўқотган ўғилларингиз эвазига, ҳайрлироқ нарсаларни ато айласин! Мусибатга чидамли бўлинглар, менинг вафодор ёрларим!

   -Сизга ҳам сабр тилаймиз, отажониси! Бизнинг ва ҳаёт қолган фарзандларингиз, ҳамда суюкли қавмингиз бошида яна узоқ йиллар адолат билан туришни насиб айласин! Йўқотган фарзандларимиз биздан кўра сизга кўп ғамлар келтираётганини сезиб турибмиз. Аллоҳ улар билан яхшилик устида йўлиқишни ато этсин!-деди тўнғич аёли.

   -Омийн, омийн – дейишарди унга қўшилиб, учала кичик аёллари.

   -Аминнинг валимаси келаётган ҳафта бўлади, келди-кетди тугалланиши билан валиймага тадорик кўришни унутманглар, мен Ниёзалига ҳам одам жўнатиб айтдириб қўяман. Ҳозир эса мени ҳоли қўйинглар, ҳузуримга ҳеч кимни қўйманглар,-дея Усмон оға бошини ёстиққа қўйиб, кўзини шифтга қадаб, уни юмди.

- - -