Содиқ чавондоз » Содиқ чавондоз 1

“СОДИҚ ЧАВАНДОЗ” 4-қисм

1962 Ko'rilgan Содиқ чавондоз 1

“СОДИҚ ЧАВАНДОЗ” 4-қисм

Қавмдан таркиб топган қўшин орадан кунлар ўтиб, Жалолиддиннинг қўшинига яқинлашиб қолди. Қавмга бош бўлиб келаётган Ниёзали қавм қўшинига тўхташни буюриб ўзи олдига оти билан чиқиб, қавмга бурилди. -Шерюрак навкарларим, бироз тин олиб турсаларингиз, мен ва яна уч киши катта қўшин масъуллари ёнига бориб сўзлашиб келамиз. Уларга қандай тарзда қачон қўшилишимизни ва бизларга қандай топшириқлар беришини билиб келамиз. Қани мен билан бирга боргани кўнгилли уч кимса борми? -Ҳа, мана мен бирга бораман, мен бирга бораман, - дея овозалар янгради.

-Тўхтанглар, тўхтанглар! Мен ўзим ичларингдан саралаб оламан, кимнинг исмини айтсам ўша ёнимга чиқади, эшитдингларми?!

Навкарлар жим бўлиб қолишди. Ҳамма менинг номим чиқсайди деб, умид қиларди.

-Идрис, Исмоил ва Исҳоқ қани ёнимга чиқинглар!

Бир-бирига ранг-рўйда, келбатда ўхшаган уч паҳлавон отларини кишнатиб, Ниёзалининг ёнида ҳозир бўлишди.

-Менинг итоатли навкарларим, яхшилик узра юз кўришгунимизча, яхши тин олиб Яратганга тасбех, тахмидда бўлинглар! Мусулмонларга зафар тиланглар! – дея Ниёзали отини олдига ниқтади. Унинг ортидан эса уч паҳлавон отларини чоптирганича унга эргашишди.

   Бир-бирига ўхшаш уч паҳлавон – Усмон оғанинг катта ўғиллари эди. Усмон оға ўғилларининг ҳаммасига анбиёларнинг исмини танлаб қўйган эди. Усмон оға аёлларидан аввал беш қиз фарзанд кўрган эди. Катта аёли эгизак қиз, қолган уч аёли эса биттадан қиз туҳфа қилишди. Кейин эса аввалги уч аёлидан уч ўғил кўрди. Булар ана – Ниёзали ортидан кетган келбатли Идрис, Исмоил ва Исҳоқлар эди.

    Кейин йиллар ўтиб тўртала аёлининг иккиси қиз ва иккиси ўғил туҳфа қилишди.  Бу икки ўғилни Илёс ва Ийсо  дея, яна анбиёлар исми билан номлашди. Қавм қўшинининг тин олаётганлари ичида бу икки паҳлавон – Илёс ва Ийсо ҳам мавжуд эди. Усмон оға охирги фарзандли бўлишида катта ва ўртанчи аёлининг туққан икки ўғлидан ажрашиш доғини тотди. Иккинчи аёли эгизак қиз, сўнгги аёли ҳам бир қиз ҳадя қилишган эди.

  Аср намози ўқиб бўлингач, Илёс ва Ийсо саф оралаб юриб Аминни топишди. Уни чекароққа етаклаб, саволга тутишди:

 -Эй Амин, нега дам олмай қаерларда юрибсан, ука?!

 -Ҳеч ўзим, отларни томоша қилиб, қиличимни ўткирлаб, дарё лабига бориб келдим.

 -Биз келинойингларга Аминга яхши жуфт топиб туринглар деб, тайинлаганмиз. Отам айтганларидек эсон-омон овулга қайтиб борсак, сени бошингни иккита қиламиз  ука, – деди Илёс.

 -Ҳа биродар-акам Илёснинг айтганлари тўғри! Келинойинглар албатта сенга мос келинни топиб қўйишади. Айниқса бу ишда оналаримиз келинларига қараб ўтиришмайди, ўзлари бош бўлиб қайлиқ излашади сенга, – деди Ийсо.

-Эй қўйсаларингчи, аввал ёвни бир тарафли қилайлик. Намунча мени уйланишимга ҳавас қилиб қолдинглар?!

-Ахир биз сени туғишган укамиздан ҳам яхши кўрамиз Амин, ўзимизнинг кенжамиз деб, эътибор қиламиз. Ундан сўнг эса отамизни қувонтирган нарса бизларни ҳам шод қилади. Отам бизнинг фарзандларимиздан ҳам сени яхши кўради – куюниб гапирди Илёс. Ийсо эса уни қувватлаб, бошини ирғаб турарди.

-Мен ҳам Усмон оғани яхши кўраман, ҳозир ҳам унинг йўқлиги менинг юрагимни ўртаяпти. Албатта у кишига зафар хушхабари билан бирга куёв чавандоз бўлиб бораман!

-Қандаям ажойиб укамиз бор-а, мана бу бошқа гап, – деб Илёс ва Ийсо Аминни бағриларига босиб қўйишди.

    Олисдан ўзлари томонга тезлашиб келаётган суворийга тикилиб туришди, у яқинлашгач, Ниёзали эканлиги маълум бўлди. Ҳар ер, ҳар ерда ўтирган қавм кишилари ўринларидан туриб, ўзларнинг етакчисига пешвоз чиқишди, Усмон оғанинг уч ўғли қайтиб келмаганига таажжубланишди.

-Идрис, Исмоил ва Исҳоқларни қўшиннинг аввалги қисмида ҳаракатланиши учун олиб қолдилар. Биз эса довюрак навкарларим ҳозироқ Жалолиддиннинг қуйи навкарлари сафига барчамиз бориб қўшиламиз. Қани ҳамма отлансин!

-Биз ҳам аввалги қисм таркибидан ўрин олсак бўлмайдими, тоғажон? – сўради Амин.

-Қўшин тузилмасини мен эмас, масъуллар тузади жиян! Сенинг  эса тажрибавий қўшинга қўшилишинг  учун яна фурсат керак! Ортиқча саволларни бас қилиб, қани ортимдан юринглар! – дея отининг тизгинини тортди Ниёзали.

   Жанг шиддат ила Ирғиз дарёси бўйида бошланиб кетган эди. Олтмиш минг қўшин билан йигирма минг душманга қарши жангга кирган Мухаммад Хоразмшоҳ қўшини мўғулларнинг чапдастлиги олдида сал бўлмаса ютқазиши мумкин эди. Аммо қўшиннинг ўнг қанотида жанг олиб бораётган Жалолиддининг мардонаворлиги ва иқтидорлиги сабаб мўғулларни чекинишга мажбур қилди. Мўғуллар қоронғу тунда майдондан чекиниб, тарқади. Ушбу жангда оз талафотларга қарамай моҳирлик ила курашган Идрис, Исмоил ва Исҳоқлар фоний олам билан видолашдилар. Жараҳотланганларни ва нобуд бўлганларни жамлаш арафасида уларнинг жонсиз таналари қонга беланиб ётар эди.

   Барчаларини ювмай, кафанламай жаноза ўқиб тупроққа топширишди. Ниёзали қўмондонлар йиғилажак чодирга бориб келгач, аввал Илёсни сўнг Ийсони бағрига босиб, уларга таъзия изҳор қилган бўлди. Кўзидаги намни артиб, отига минди ва қавмга қараб деди:

-Эй жасоратни ўзига эп билган паҳлавонларим! Жанг Яратганнинг иродаси ила бизларнинг фойдамизга ниҳоя топди! Жалолиддиннинг музаффарона ғалабаси учун бизнинг қавмдан уч киши қурбонлик берди, кечагина менга ҳамнафас бўлиб, елкама-елка келган Идрис, Исмоил ва Исҳоқлар қўшиннинг олдида ёвга жиддий қаршилик кўрсата туриб шаҳид бўлдилар. Жалолиддиннинг шамшири доим ўткир бўлсин! Энди қавмим ортимизга қайтишга амр бўлди, ҳамма отларига жойлашиб ортимдан юрсин!

   Амин кўзидаги ҳам қувонч, ҳам қурбон бўлган оғаларига бўлган муҳаббати олиб келган айрилиқ ёшларини арта-арта Илёс ва Ийсони бағрига босиб тўлиб-тўлиб йиғлади. Илёс ва Ийсо ҳам ота бир акаларининг шарафли тарклари муносабати билан тўлиб турган кўнгиллари Аминнинг таъзия изҳори чоғда яна ҳам қаттиқ таъсир қилиб, унсиз паҳлавонларга хос йиғига тушдилар. Қавмдаги навкарлар отларига миниш амри бўлганлиги учун, отларига минган ҳолда иккисининг  елкаларига уриб қўйган ҳолда таъзия изҳор қилиб ўтишарди, Амин эса отини миниб тоғасининг чап ёнидан ўрин олиб, жўнай бошлади.

- - -