Содиқ чавондоз » Содиқ чавондоз 1

“СОДИҚ ЧАВАНДОЗ” 3-қисм

1642 Ko'rilgan Содиқ чавондоз 1

“СОДИҚ ЧАВАНДОЗ” 3-қисм

ТАРИХИЙ МАНБАЪ: “Милоднинг 1216 – санаси Чингизхоннинг буйруғига биноан меркит исмли қабилани тор-мор қилиб орқага қайтаётган мўғулларнинг Жўжихон, Субутой ва Тохучар нўён бошчилигидаги қўшин Мухаммад Хоразмшоҳ билан ўчакишиб қолиб жангга киришади. Хоразмшоҳ қўшини мағлубият сари юзланиши мумкин бўлиб турган ўринда Робб Таъоло уларнинг ўнг қанотидаги иқтидорли ва жасур жангчи Жалолиддин бош бўлган қўшинга нусрат ато этди. Ўша вақтда Жалолиддин ўн саккиз ёшни қарши олган эди”. (Манбаъ тафсилоти тугади)

Усмон оға шом намозидан сўнг қавм эркакларини ялангликка гулхан ёқиб, унинг атрофига жамланишни буюрди. У ўз ўғиллари ва Аминни олиб, ўтин кўтариб қавм келадиган манзилда ҳозир бўлди. Улар гулханни баралла ёқиб олишгач, Усмон оға қавмга юзланиб, Аллоҳга хамд, пайғамбарга салавот айтиб, хитоб қила бошлади:

-Эй менинг иймон булоғидан қониб ичган жасур, бир-бири билан ҳақ устида иноқ бўлган қавмим! Юрт устида ғаламисона қузғунлар учаётган онда огоҳ бўлайлик, улар йигирма минг қўшин билан Ирғиз томонда баъзи қабилаларни талаб қайтмоқда экан. Биз Жалолиддиннинг қўшини сафида туриб ёвга ҳужум қилмоқ учун бориб, унга садоқат ила ёрдам кўрсатмоғимиз керак! Сиз суюкли қавмим бунга не дейсизлар?

 -Албатта борамиз, сиз фақат бизни яхшиликка чақиргансиз Усмон оға, буюринг бош устига қабул қиламиз!

-Эй менинг жондан афзал қавмим, нусрат фақат ва фақат Аллоҳнинг изни билан бўлур! Шуни ҳеч қачон унутманг-ки Аллоҳ Азза ва Жалла Қуръонда “Ин тансуруллоҳа фала ғолиба лакум” яъни, “Агар сизларга Аллоҳнинг ўзи ёрдам берса, сизларга ғолиб бўлгувчи йўқдир”, деган. Шунинг учун ҳеч қачон шамширингизга, қалқону-совутингизга ва чопқир отларингизга ишониб қолманг! Жасур эканлигингиз сизни алдаб қўймасин!

-Албатта Усмон оға айтганларингизни қулоғимизга қўрғошиндек қуйиб оламиз, иншааллоҳ!

-Менга бир пайтлар шайтон ғолиб келиб, ўз қавмимга қилич кўтарган эдим, энди ўша гуноҳкор қўлим ва гуноҳкор қиличим ила сизлар билан бирга Жалолиддин сафига бориб, босқинчиларга қарши курашаман!

Қавм ичида норози кайфият ва норози оҳанглар янграй бошлади.

-Нега энди сиз бораркансиз, ахир биз ёш йигитлар, қариликка ҳали қадам қўймаган кишилар турибмиз-ку!

-Менинг ҳам бурчим бор-ку!

-Сизнинг бурчингиз, қолаётган хаста ва қари кишиларимизни, ҳамда аҳилларимизни биз қайтгунимизча риоя қилиб туришингиздир, - деди Аминнинг тоғаси Ниёзали.

-Тўғри айтаяпти, тўғри! – унинг сўзини қувватлашди ҳамма.

Усмон оға чуқур ўйга толди, бошини эгиб бироз турди ва қавмга юзланиб, уларга мурожаат қилди:

-Майли қавмим, мен сизларнинг хизматингиздаги одамман, агар мен ҳам борганимда жуда яхши бўлар эди.

-Абу Бакр бу уммат тепасида турганда уни ҳам Мадинада қолдирган эдилар, тўғрими эй қавм, - деди яна Аминнинг тоғаси.

-Тўғри, тўғри! Сиз биз учун қавмимизнинг Абу Бакрисиз эй Усмон оға! – ҳайқиришди қавм.

-Бас қилинглар, Абу Бакр – бу умматнинг пайғамбарлардан сўнг энг афзалидир! Мен унга мислда ҳаргиз баробар бўла олмайман! Аммо у кишидек бўлмоққа ҳаракат қиламан! Майли мен овулда қоламан, сиз эса суюкли йигитларим Аллоҳнинг номи ила сафарга отланинг!

-Аллоҳ барчамизни яна қайта кўришишни насиб айласин, амийн! – деди Аминнинг тоғаси Ниёзали.

Барчалари қўлларини дуога очиб Яратгандан нусрат ва офият сўраб илтижо қилишди.

-Эй қавмим менда яна бир таклиф бор, агар изн берсаларингиз айтсам!

-Айтинг Усмон оға, айтинг!

-Иншааллоҳ ғалаба билан қайтиб келсаларингиз, эсон-омон кўришсак Аминни солиҳа бир қайлиққа уйлантирсак нима дейсизлар?

-Иншааллоҳ Аминга валийма қиламиз, жуда ажойиб фикр, уни оилали қиламиз! – ҳайқирди қавм.

-Ким қизини беради Аминга, ихтиёрлилар борми ўзи?

-Мен бераман, Амин менинг куёвим бўлади! – қавм гўёки ҳозир тўй бошлайдигандек  оломазонга тушиб қолди.

-Тўхтанглар эй қавм, сафар адоғига етсин, сизлар қайтиб келинглар иншааллоҳ буни ҳам қуръа йўли билан ечамиз, қилич билан эмас, - дея кулимсираб тинчлантирди қавмни Усмон оға.

    Амин эса уялганидан бошини ерга қадаб олганича, ҳижолатдан бошини кўтара олмай қолган эди.

-Ҳов куёв бўтам туринг ўрнингиздан, – Аминнинг қўлтиғидан тутиб табассум билан  деди Усмон оға. –Хуфтонни қавм билан ўқиб бўлгач, йўлга отланасизлар.

- - -