Содиқ чавондоз » Содиқ чавондоз 1

“СОДИҚ ЧАВАНДОЗ” 2-қисм.

1796 Ko'rilgan Содиқ чавондоз 1

“СОДИҚ ЧАВАНДОЗ” 2-қисм.

Амин отини чоптириб, шамолдек елиб Усмон оға ҳовлисига етиб келди. Отини бирон нарсага боғлашни ҳам унутиб, тўғри бориб дарвоза қоқди. Авваллари бу хонадонга чопқилаб кириб бораверадиган Амин ёши каттайиб, балоғатга етгач мусулмонлик одобига кўра изн билан кирадиган бўлган. Бу хонадон таниш хонадон бўлсада, тутинган акаларининг барчаси уйланган эдилар. Ичкаридан “киравер” деган товуш эшитилгач, Амин дарвозанинг очиладиган қанотини туртиб очди ва ичкарига кирди. Кираверишдаги шолча устида чордана қуриб ўтирган Усмон оға Аминни кўриб ўрнидан қўзғолди.

-Кел бўтам, не шамоллар сени тўзғитиб олиб келди, кундузининг қоқ ўртасида Аму бўйида бўлардинг, паҳлавоним?!

-Аму бўйидан ўтаётган, машриқдан, карвонлардан келаётган хабарларга қараганда ёвлар сажда ила қорилган юртимизга қора қузғунлардек ёпирилиб келмоқда эмиш. Қавм каттаси сифатида сизнинг ҳам бу ҳолатлардан хабарингиз бўлгандир Усмон оға, не қилмоқ керак деб ўйлайсиз?

- Мухаммад Хоразмшоҳ бундан ўн беш йиллар муқаддам отаси Такаш ўрнига юрт тепасига келганда бақувват, жипс халқ устига келган эди. Унинг давлатига машриқдан Еттисув, мағрибда Хазар  денгизигача, шимолда Орол бўлса, жанубда Ироққача бўлган заминлар қарарди. Аммо бўтам, бу юрт мўғулларсиз ҳам ичидан зил кетиш арафасидадир. Яхшиямки ворисликка қўйилган Жалолиддин жасур, мусулмон саркардани Аллоҳ бизга инъом этгандир. Ниятим шулки бўтам, биз Жалолиддиннинг интизомли навкарлари сафида туриб, она заминимизни ёвлардан халос этишга отланамиз!

-Демак, режангиз бизларни ҳам Жалолиддин сафида кўрмоқ шундайми?

-Дарҳақиқат шундоқ бўтам, беш ўғлим қатори сен ҳам навқирон Жалолиддин навкарларига бориб қўшиласизлар. Яна вазиятга қараб, мен ҳам ортинглардан боришим мумкин!

-Эшитишимча, Жалолиддин  момоси Туркон хотун ва баъзи амирларнинг норозилиги сабаб Ўзлоқшоҳ (кичик невараси) нинг фойдасига ворисликдан маҳрум қилинган эмиш.

   Усмон оға бошини чангаллаганича, яна қайтиб шолча устига ўтирди. Ўртада сукунат юзага келди. Ташқарида Аминнинг отининг дупур-дупури ва кишнаши эшитилиб турарди. Усмон оға қўлини бошидан олиб, бошини сарак-сарак қилди. Аминни кўп ишлардан хабардор бўлиши уни қувонтирар эди, чунки у ҳар бир ўғлонни жисмонангина эмас, балки иймонан, руҳан ва илман етук, бақувват бўлишини истар эди. Аммо ҳозир эса Хоразмшоҳлар саройида алангаланиб бораётган фитна сабабларини айтаётган Аминга бошқача қаради. Ўн саккиз ёшга ҳали кирмаган бу навқирон йигитчанинг ғами уни ҳам безовта қилаётган эди.

    Жалолиддин билан бир йилда таваллуд топган Аминнинг Жалолиддинга ўхшаб кетадиган жиҳатлари бор. Айниқса баҳодирлиги ва халқпарварлиги бир-бирига қуйиб қўйгандек ўхшаш. Аминга сарой мураббийлари таълим бермаган бўлсада, Усмон оғанинг саъй-ҳаракатлари ўлароқ от миниш, шамшир ўйнатиш, ҳар қандай паҳлавонлар билан курашга тушса, уларни кўтариб чопа билиш санъатларига иқтидори етар эди. Энг мукаммал жиҳати эса Аллоҳдан ўзга ҳеч кимдан ҳақиқат рўбарўсида қўрқмасликни шиор қилган.

-Бўтам, сен айтаётган гапларинг ҳақ! Мен агар қавм устида етакчи бўлиб турмаганимда эди, содир бўлаётган фитналарни тарк этиб, қўй-қўзиларни ҳайдаб тоғу-тошларга чиқиб кетган бўлар эдим. Аммо қавм устига бало ёпирилиб келаётганда, уларнинг барчаси сенга ўхшаб мендан кенгаш сўраб келишади. Жалолиддиннинг  ўз момоси Туркон хотун уни ворисликдан маҳрум қилгани рост. Туркон хотунни ўта хавфли аёл деб биламан. Сарой ичидаги салтанат ишларининг бари ўша аёл томонидан бошқарилишида шубҳа йўқ бўтам. Кўп ҳолларда ўғли Муҳаммад Хоразмшоҳ тарафидан эълон қилинган ҳукм ва фармонлар Туркон хотун тарафидан ҳеч қандай асоссиз, кенгашсиз бекор қилинади.   У аёл ҳатто ўзига Гурганч  шаҳрини хос пойтахт қилиб олиб, у ерда саройи ҳам мавжуддир. Молиявий ишларни, аркони давлат ва сарой амалдорлари устидан ҳам ҳукмронлик қилади.

-Астағфируллоҳ, Усмон оға мендан-да кўп маълумотларни билар экансиз, ахир аёл киши эр кишилар ишига аралашиши хайр олиб кемайди-ку?!

-Пайғамбаримиз Мухаммад алайҳиссалом бетоб бўлиб қолган кунлари ўрниларига Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуни имомликка ўтишга буюрганларида, аёллар у кишини намозда йиғлашларини айтиб, Умар ибн Хаттобни имомликка ўтишлари яхши бўлишларини айтган эканлар. Шунда муҳтарам пайғамбаримиз аёлларга жиддий туриб, ўзлари айтган Абу Бакрни имомликка ўтказганлар.

-Дарҳақиқат, росулнинг ишида биз учун катта ибрат бор оға!

-Жуда ҳақ, аёлларнинг ўзига хос юмуш-вазифалари бор, бўтам! Ҳатто мен аёлларимнинг бирортасини эр кишиларга хос ишларга аралаштирмайман. Шу билан бирга уларнинг маслаҳатига ҳам қулоқ тутаман. Уларни бирини иккинчисидан ортиқ санамайман, фарзандларини ҳам.

-Ана шу адолатингиз сабаб, сизни аҳли аёлларингиз, барча фарзандларингиз ва элу-юрт сизни ардоқлаб келади. Менинг эҳтиромим эса сизга улардан ҳам юқори деб биламан Усмон оға! Сиз менга етим қолган кезларим ота ўрнида ота, она ўрнида она бўлдингиз, энг асосийси Улуғ динимиз хулқи ила хулқлантириб, тарбия этдингиз!

-Бу менинг мусулмонлик бурчим эди бўтам, овулимизда биргина ёлғиз сен ота-онасиз қолсанг, қайси бағри қотиб кетган одам сени ташлаб юбориши мумкин эди? Бу овулдан мен эсимни таниганимдан буён бирон кимсани бағри тош бўлганини эшитган эмасман.

   Уйларингизга кеч тун олов тушиб ёнган кеча, мен Ғазнадан қайтаётган эдим. Ҳамма овулдагилар туннинг ширин оғушида ором олиб ухлашаётган эди. Уйларингиздан бурқсиб чиқаётган олов эндигина атрофга билина бошлаган эди. Мен ёнимдаги ҳамроҳимга қавмни уйғотишни буюрдимда, уйларингизга чопдим. Отанг сени ташқаригача олиб чиққан, онангни қайта кириб олиб чиқмоқчи бўлганда, том ҳар иккаласини босиб тушган эди. Аллоҳнинг тақдири, биз ожиз инсонларнинг қўлимиздан ҳеч нарса келмайди, бўтам!

   Амин унсиз Усмон оғага қулоқ солиб, уни жон қулоғи билан тинглар, ўзи эслай олмайдиган ота-онасини хотирлашга ҳаракат қилар эди. Ўзининг халоскори бўлган ва бағрига олиб улғайтиришга сабаб бўлган Усмон оғага меҳр кўзлари билан қараб турарди. Усмон оға эса Аминнинг ўтмишини сўзлашда давом этарди.

-Сени олиб уйимга олиб келганимда, барча хотинларим сенга ёпишиб, талашиб кетишди, уйимиз “хўжайин сиздан ўтиниб сўрайман, гўдакни менга беринг мен боқай, мен қарай”, деган сўзларга тўлиб кетди. Қарасам тўрттала хотинимгина эмас, куёвга узатган қизларим ҳам, янги олган келинимиз  ҳам сени олишда талашувга тушишган эди. Охири уларга: “Биби Марям янглиғ унга ҳам қуръа ташлаймиз”, дедим. Барчалари рози бўлишди. Ўзимни ҳам қуръа ичига қўшиб, танлашга тушдик. Аллоҳим сени менга ҳадя қилди. Қайси куни, қайси аёлимга куним тақсим этилган бўлса, ўша кунлари ўшаларга сени топшириб, улар билан бирга қараб бордим. Уларнинг ғалваларидан қутулдим деб турсам, янглишган эканман, қавм катталари менинг олдимга йиғилиб келишди ва: “Болага сенгина ҳақли эмассан эй Усмон”, дейишди. Мен уларга айтдим: “Ахир Роббим Аллоҳ мени ўша туни мени бу боланинг уйи ёнидан ўтишни насиб қилди-ку, бу бола менинг чекимга тушди-ку. Энди уйимдагиларнинг ғавғосидан қутулганимда, сизлар талашгани келдингларми”, дедим-да, ёнимдаги қиличимни қинидан чиқариб, “Кимга бола керак бўлса, менга шамшири билан чиқсин! Агар мени мағлуб этса, болани майли олиб кетиб, қарайверсин”, дедим.

   Қавм менинг  важоҳатимни кўриб: “Эй Усмон, сен ҳали ўз қавмдошларингга, мусулмонлик қони оқиб турган одамларга қиличингни ялонғочлайсанми”, дейишди. Мен шошқалоқлик ва тезлик қилиб қўйган ишимдан уялиб қиличимни қинига солдим, улардан кечирим сўрадим. Улар менга бироз тикилиб туришди-да, менга яна: “Сени эй Усмон, ҳақгўйлигингни жуда яхши биламиз, етимга ғамхўрлигингни ҳам биламиз. Аммо сен бизни қиличинг билан қўрқитмоқчи бўлганинг жуда биз учун аянчлидир! Сенга кучимиз етмаслигига амин бўлган ҳолда айтамизки, сендан мутлақо қўрқмаймиз ҳам, кучлилигинг бизни қаддимизни ҳам бука олмайди. Мусулмоннинг  мусулмонга қўл кўтариши яхшилик эмас. Майли иш сен айтгандек бўлсин, аммо билиб қўй бола қиличинг ёки жасурлигинг эвазига эмас, сен биринчилардан бўлиб болани уйингга олиб келганинг учун, тортиқ сифатида қолдирмоқдамиз!” – дейишди. 

   Ўша кунги қилиғимдан пушаймонлик ичида юрдим, уйимга келган қавмдошларимни кўрсам юзларим қизариб, юрагим ҳапқирар, ўзимни қўйгани жой топа олмас эдим. Улар эса менга жилмайиб қарашар, сен ёнимда бўлган кезларда эса бошингдан силашиб: “Амин – яшаяпсанми сокин”, деб қўйишар эди. Менга эса: “Эй Усмон ҳижолат чекишни бас қил энди, ахир можаро яхшилик устида бўлиб, яхшилик устида барҳам топди-ку! Қавмимиз сени хўб яхши кўрамиз, пайғамбар билан бирга бўлишни истадинг холос, бўлди қил энди эй Усмон!”

   Мен жуда хурсанд бўлдим, улар мендек етимга ташна эдилар, етимни топиш амри-маҳол бўлса, бозорларда сотилмаса, оталар болаларини ташлаб кетмаса, бу қавм қандай қилиб етим парваришлайди, унинг савобига қандай ета олади?!  Шунинг учун улар сени мендан олиб кетишмоқчи бўлган эдилар. Улар мени кечиришган эди, мен эса ўзимни кечира олмадим. Шунинг учун улар мендан қавмбоши бўлишни сўраганларида, бу хизматларига бажонидил рози бўлган эдим. Энди бу бошланаётган таҳликалар олдида уларга қўлимдан келган жонбозликни кўрсатаман!

-Буюринг Усмон оға қачон йўл тадоригини кўрай!

-Бўтам аввал тоғанг Ниёзалидан изн ол, кейин ўғилларим кечга яқин уйимга жамланишади, ўша чоғ батафсил кенгашамиз!

-Усмон оға, тоғажоним сизга итоат этмоғимни тайинлаганлар ва  сизни ўзидан афзал билмоғимни ҳам ҳар доим таъкидлайдилар.

 -Барокаллоҳ тоғанга, Марвдек илм шаҳрида таҳсил олиб, бизни илмдан баҳраманд айлагани етмаганидек, сенга жўяли насиҳатларни қилмоқда эканда-а?! Майли бора қол бўтам, тоғанг сенинг суюкли онажонингни энг яқин кишисидир ва ундан ягона ёдгорликдир!  Уни эҳтиромлаб, олдидан ўтиб келишинг жуда зарурдир!

-Хўп бўлади, бош устига Усмон оға!

   Амин бурилиб дарвоза томон юрди, Усмон оға ҳам унинг ортидан кузатгани эргашди. Амин ташқарида юрган отига чаққонлик билан сапчиб ўтириб, жойлашди ва Усмон оғага табассум билан боқди. Сўнг отини буриб тоғасининг олдига жўнади. Усмон оға унга тикилар экан, унинг довюрак бўлиб улғайганига, кийган оппоқ яктаклари савлатларига мос тушганига, отининг ёнига тепкилаб бораётган тиззасигача кўтарилган хушбичим этигига, сабза уриб келаётган эркакларга хос сийрак соқолларига ҳавас билан қаради.

- - -