Содиқ чавондоз » Содиқ чавондоз 1

“СОДИҚ ЧАВАНДОЗ” 1-қисм.

1635 Ko'rilgan Содиқ чавондоз 1

“СОДИҚ ЧАВАНДОЗ” 1-қисм.

Қақраб ётган саҳро бағридан чиқиб келаётган чавандознинг оти ҳолдан тойгани пайқалиб турсада, эгаси каби ожизликни хуш кўрмагани учун ўзининг толиққанини билдирмасликка ҳаракат қилар эди. Чавандоз саҳро ҳавосининг жазирамасига ўрганиб кетган дарахт олдига келиб тўхтади, отидан сакраб тушиб уни дам олдирмоқчи бўлди. От кишнаб олгач, эгасига бир қараб қўйди, яккам-дуккам ўсиши тўхтаб қолган ўтларни ялаб-ямлаб ея бошлади. Чавандоз чамалаб қиблани излаган бўлди. Қибла деб эътибор қилган тарафига қараб намози – пешинни ўқишга тушди. Бу чавандоз ким бўлди, қай тарафдан ва не сабабдан бу узундан узоқ кимсасиз саҳроларни кезиб келмоқда?!

ТАРИХИЙ МАНБАЪ:

“Милоднинг 1215 – санаси Хоразмшоҳ Мухаммад ўзининг тўнғич ўғли Жалолиддинни Ғазна, Бомиён, Ғур, Буст, Такинобод, Заминдовар ва Ҳиндистон ҳудудларигача бўлган ерларга ҳоким ва тахт вориси қилиб тайинлади.  Бу йилларда Жалолиддин Мангуберди ўн етти ёшлар чамасида эди. Авваллари унинг бурнида (манк) ҳоли мавжудлиги учун “манк бурни ” деб аталар, кейинчалик эса талаффузда ўзгариб “Мангуберди” дея, номланган эди”. (Манбаъ тафсилоти тугади)

   Амударё бўйида доим отини ўтлатиб юришга одатланган Амин яқин кунлар ичида мўғуллар босқинчилик билан юртларига қўшин тортаётганини эшитиб, ўзини қўярга жой топа олмай қолди. Наҳотки мусулмонлар сажда қилиб келаётган ерлар, мусаффо сойлару – кўкаламзор яйловлар ёв отларининг туёғи остида остин-устун бўлса! У шу ўйлар алангасида отини минди ва ўз овулининг бошчиси бўлган Усмон оғанинг олдига жўнади.

   Усмон оға етмишларни қоралаб қолган салобатли, паҳлавон ва диёнатли киши. Доим мусулмонлар ғамида енг шимариб, уларнинг оғирини енгил қилиш учун жонини машаққатга қўйиб бўлса ҳам тадбир қилади. Пок кишининг ҳаққини ҳатто ўзининг қавму-қариндошидан олиб беришдек журъатга-да ҳаракат қила билади.

   Амин ота-онасидан етим қолган ёшлик кезлари, Усмон оға Аминни қарамоғига ўзи олган эди. Қаромиғига олиш билан кифояланмай, доим кичкинтой Аминни ҳолидан хабар олар, ўзининг ўн беш фарзандидан ошириб, емоқ-ичмоқ ва кийимлар олиб келарди. Баъзи вақтларда эса уни овга ўғиллари билан олиб кетарди. Усмон оғанинг  беш ўғли, ўн қизи бор эди. Қоронғу кечаларда уйида мавжуд бўлган фарзандлари билан бирга Аминга ҳам ўтмишдаги солиҳларнинг илми, хулқлари ва ислом йўлида кўрсатган жасоратларини бирма-бир сўзлаб берар, мажлисларининг охирида эса чиройли қилиб Қуръон тиловат қилиб берар ёки уларининг бирига Қуръон ўқишни буюрар эди.

    Амин унинг фарзандларининг энг кичигидан ҳам уч ёшча кичик эди. Усмон оғанинг барча фарзандлари аҳил, иноқ бўлиб овулидаги бирдан-бир етимлик мақомига тушиб қолган Аминни жуда суюшар, уни эркалатишар эди. Оталари ўзларига олиб берган барча нарсаларини аввал Аминга тутишар эди. Усмон оғанинг тўртала аёли ҳам Аминни ўз болаларидек яхши кўришар, таом пиширсалар олдин Аминдан бошлаб беришар эди.

   Бутун оила йиғилган кезда эса Усмон оға Аминни қучоғида олиб ўтириб овқатланар, гоҳ-гоҳида ўзи олаётган таомдан унинг оғзига солиб қўяр ва хотинларига, фарзандларига қараб қўяр эди. Барчалари Аминнинг хушҳоллигидан бошлари осмонга етар, Усмон оғанинг кўрсатаётган илтифотларидан тўртала аёли ҳам, ёши каттароқ ўғил-қизлари ҳам қалблари қувончга тўлар, ўшандай сахийлик сохиби бўлган жуфтдан ва отадан жуда-жуда хушнуд бўлардилар.  

   Балхга яқин бу овул ҳам ўзларига Усмон оғани яхши кўриб, эҳтиром этганлари учун уни овул етакчиси қилиб кўтаришган эди. Марв шаҳридан қайтиб келган Аминнинг тоғаси Усмон оғадан жиянини ўз қарамоғига олишни илтимос қилган эди. Усмон оға ноиложликдан Аминнинг  тоғаси Ниёзалига топширди ва унга деди:

-Ниёзали бўтам, пайғамбардек кимса билан бирга бўлишдек насибамни тортиб оларкансан-да! Айтиб қўяй, жиянимиз Аминни кун ора бизникига юбориб турасан, уни менгина эмас, келинойиларинг, барча фарзандларим ҳам интиқлик билан кутишади!

-Хўп бўлади, Усмон оға айтганингизни бажараман!  Мен Марвдалигимда йўқлигимни билдирмай жиянимни ўз бағрингизга олганингизга – ўзимни қиёматгача қарздор деб биламан!

- - -