Адоватнинг қора излари

Кутилмаган адоват (15)

1895 Ko'rilgan Адоватнинг қора излари

Кутилмаган адоват (15)

Сардорнинг соғлиги табиб ташхис қўйганидек, кундан-кунга жиддийлашиб борар, бир кун яхши бўлиб кўринган Сардор кўп ўтмай яна дард ичига ўралиб қоларди. Ўша кунлари Ашраф уйига қатнаб турар, у шаҳарга келадиган кунлари онажониси унинг қилаётган сафарига ва Сардорнинг соғлигига-ю, шаҳарда ишлаётган Аҳрорга дуо қилиб қоларди. Уларга Аброрнинг ҳали ҳаёт эканлиги айтилмаган эди. Чунки, Сардорнинг бетоблиги Ашрафнинг бутун кайфиятини мувозанатдан чиқарган, Аброрни кўриб, у ва Мушфиқ бўлиб узоқ мулоқот қилишгач, уни яна Сардор тузалгунига қадар шаҳар четидаги икки шериги билан туриб, сабр этишга чақира олди холос. Вақти-соати

келгач, онажониси, синглиси ва момосига аҳволни баён қилиб, тушинтиришни дилига тугди.

   Аброр акаси Ашрафнинг тутган ишини тўғри деб топди. Чунки у – Ашрафни жуда яхши кўрар ва жуда соғинган эди. Унинг устига ўзларига ва барчага фақат эзгулик билан юрадиган Сардорнинг тўшакка ётиб қолиши уни ҳам қалбини тирнар эди. У Аҳрор билан учраштирилмади, унинг шу шаҳарда ишлаётганини билсада, Аҳрорга унинг ҳаёт эканлиги ҳали айтилмай, сир тутилиб келинаётган эди.

   Ашраф бу гал Сардор ёнига, шаҳарга оила аъзолари билан хайрлашиб, йўлга чиқишидан олдин уйига Салима холани олиб чиқди. Момо қизи ва келин билан истиқомат қилиб турадиган бўлди. Анчадан бери уларнинг барчаси Ашрафга фарзанд кутиш билан овора эдилар. Салима хола Ашраф жўнаш олдидан Сардорга дуолар қилди ва Ашрафнинг кетидан йиғлаганича қолди. У ўша куни иситмага куйиб-ёнаётган Сардорнинг олдида, унга қараб тунайдиган бўлди.

   Эртаси бомдод намозини Сардор ётган ўрнида Ашрафга иқтида этган ҳолда ўтади. Намоздан сўнг Сардор кўзини юмиб, лаблари пичирлаган ҳолда ётди. Ашрафнинг телефони жиринглашга тушди, у Сардорга безовталик келмаслиги учун касалхонанинг залига чиқди. Телефон экранида Мушфиқ исми ёзилиб, ундан қўнғироқ келаётгани билиниб турарди.

-Ассаламу алайкум Мушфиқ яхшимисиз, Зулфия ва жияним соғ-саломатми?

-Ва алайкум ассалам, мен ҳам Зулфия, жиянингиз ҳам  яхшимиз! Сардор аканинг аҳволлари қалай?

-Алхамду лиллаҳ ҳозиргина намозни адо этиб, ётдилар. Тинчликми, эртаманда, эрталаб қўнғироқ қилмоқдасиз?!

-Уйингизга қайтсангиз...

-Нега, ахир бугун табиб билан кўришадиган эдим-ку?!

-Қайтмасангиз бўлмайди Ашраф, тезроқ!

-Илтимос қиламан, юрагимни исканжага солмай аниқ айтинг, нималар бўлаяпти?!

 -Уйингизга кечқурун, ярим тунда олов кетган!

-Нима, онажоним, Салима момомлар тинчми?

-Аввал келинг...

-Мен сиздан Аллоҳнинг номи билан сўрайман, тўғрисини айтинг! Мени эҳтиром қилувчилардан бўлсангиз, бор нарсани яширмай айтинг!

-Тўғрисини айтсам, тўғрисини айтсам ашёлар ҳам, одамлар ҳам барчаси нобуд бўлган...

    Мушфиқнинг сўзлари шу ерга келганида Ашраф залнинг зинапоясига етиб келган эди. Унинг боши айланиб, оёқлари чалмашди ва зинадан пастга қулади.

   Бу ишларга бир қанча вақту-соатлар, кеча ва кундузлар ўтди. Не қабоҳату-разолатларнинг турфа хилини кўрмади бу Ашрафнинг боши. У кома ҳолатига тушгани учун биринчидан ўша пайтлардаги ёнғин сабабини ҳам, Сардор акасининг касалхона палатасида жон таслим қилганидан ҳам бехабар қолган эди.

   Ўзига келган куни, унинг кўзи хира кўрадиган ва оёғи оқсоқлаб босадиган ҳолга келган эди. Уни синглиси Зулфия билан куёви Мушфиқ шаҳардаги Ашрафнинг уйига олиб келишди. Унинг ёнида улар унга бир сўз айтишга юраклари безовталаниб турарди.

-Мушфиқ, онажонимларга нима бўлди? Нега мен уларнинг таъзиясига бора олмадим, сиз қўнғироқ қилганингизда мен кетишга шайланаётган эдим-ку?! Сардор акамларнинг аҳволи қалай?

-Сизга синов келди биродар, ҳам оилангиздан, ҳам соғлигингиздан ажралдингиз! Биз уларни эсон-омон манзилларига топширдик! Сардор аканинг ҳам бу дунё муддатлари тугаган экан, икки ҳафта олдин у киши ҳам омонатни топширдилар.

-Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун! Охиратлари обод бўлсин, мени тарк этганларнинг барчаси ажойиб инсонлар эди. Ҳаммалари мен учун ва менинг хонадоним учун ғам чекувчи инсонлар эди.

-Ашраф ака бир сирни айтсам мени маъзур тутасиз, мен аёл бошим билан бу сирни сизга айтиб, ўртоқлашмасам бўлмас!

-Майли сингилжоним айт, яқинларимдан сен, Мушфиқ ва Аброр қолдинглар холос, Аҳрорни эса мен фақат шаклдагина ука деб, ҳисоблайман!

-Сизларда Шокир исмли кимса ишлар эдими? Аброр йўқолган кунлари бизникига сизни шаҳардан элтиб қўйган экан-ку?

-Ҳа ишлар эди!

-Сардор аканинг заҳарланишида ўшанинг иштироки бор экан, куни кеча чет элга қочаётган жойида ушланди.

-Заҳарланишда дейсанми? – бошини кўтармоқчи бўлиб сўради Ашраф.

-Ҳа, Зулфия тўғри айтаяпти! Ўзингизни эҳтиёт қилинг, бемалол ётиб, оёғингизни узатаверинг! – дея, унинг бошини силаб, ёстиққа ётқазди Мушфиқ.

-Шокирни мен ундай бола деб ўйламасдим, қандай қўли борди экан ўша разилликка?!

-Носир дегани ҳам бор эдими? – сўради Мушфиқ.

-Носир! Ҳа ўша Шокир билан бир жойдан келишиб, шаҳарда Сардор ака сабаб бўлиб, қўним топишган эди, нима бўлибди у Носирга?!

-Айнан ўшанинг чизган режаси билан Шокир касалхонадаги Сардор акани заҳарлаган. Улар Сардор аканинг касалхонада ётганида заҳарлаб, унинг раҳбарлигидаги ишларни эгалламоқчи бўлишган. Унинг бу жирканч ишидан ҳатто табиб ака ҳам қамалиб кетишига сал қолди. Яхшиям-ки куёв болангизнинг меҳнатлари ортидан у оқланиб, ҳақиқий газандалар фош бўлди, - деб гап қўшди Зулфия. Аммо улар орасида ўзларининг укаси Аҳрор ҳам бор эканлигини айтмадилар.

   Шу орада бошқа хонада ухлаётган жияни Аброр уйғониб, тоғасининг олдига чиқиб келди. Югургилаб келиб Ашрафнинг ётган ўрнига ташланиб юз-кўзидан ўпди. Ашраф жиянининг майин сочларини базўр силаб, унинг келажагига яхшиликлар тилади.

-Аброр, Аҳрорлар қани? Бечора Аброрга онажонимни кўрсатишга улгура олмадим, дийдор қиёматга қолдими энди?! – Ашраф уйидагиларини яна хотирлаб кўзига ёш олди.

-Сирнинг ҳаммасини айтиб, тугатмадим ҳали, - деб сўзида давом этди Зулфия. Мушфиқ эса бу ҳолдан юраги увишиб қолишидан чўчиб, хонадан ташқарига қараб юрди.

-Акажон, ўша разил инсонлар сизнинг ҳам душманларингиз экан, укамиз Аброрни ҳам баъзи туҳматлар билан қамоққа ташлашган. Иншааллоҳ Роббимдан сўраб, унинг тез халос бўлишига ҳаракат қиламиз!

-Нақадар сўқмоқлари кўп бу оламнинг, биридан ўтсанг иккинчиси! Иншааллоҳ чиройли сабр қиламиз, Зулфия сабр қиламиз!

-Аҳрор эса, кечроқ келиб қолса кераг-ов...

    Ўша куни Ашраф кечга бориб ўзини эркин ва яхши сеза бошлади, Мушфиқ хайрлашиб шаҳардан жўнаб кетди. Қари онаси бор эмасми, уни қараши лозимлигини айтиб, эртага онасини олиб яна келишини айтиб, Зулфияни эса акасининг уй ишларида ва ўзига ёрдам бериб туриши учун қолдириб кетди. Зулфия Ашраф акасига алоҳида ва қамалгани аниқ айтилмаган Аҳрорга у ишлаб юрган пайтлари ётиб юрган хонасига алоҳида жой қилган бўлиб, ўзига ва ўғли Аброрга ажратиб қўйган нариги уй томон ўғлини етаклаб чиқиб кетди.

   Ашраф Аҳрорнинг Шокир ва Носир билан бирга ушланиб, ўз уйига яширин бориб, ўт қўйганидан, ўша ёнғин сабабли онажониси, Салима хола ва ҳомиладор хотини оламдан ўтгани воқеасидан Мушфиқ ва Зулфия маслаҳатига кўра  бехабар қолдирилган эди. Ва яна айнан Аҳрорнинг ўзи Носирлар билан тил бириктириб, улар орқали тириклигини билган Аброрнинг турган жойига гиёҳванд модда ташлаб, уни туҳмат орқали қаматиб юборганини ҳам яширишган эди...

- - -