Адоватнинг қора излари

Фалокат оёқ остида (14)

1681 Ko'rilgan Адоватнинг қора излари

Фалокат оёқ остида (14)

Ашраф укаси Аҳрор шаҳарда ўқишга кира олмаса ҳам, Сардор тайинлаган иш билан банд бўлгани ва шаҳардаги Ашрафнинг уйига кўчиб ўтиб, яшаётгани уни хушнуд қилди. Айниқса, Аброрнинг тирик эканлиги хабари уни танасига сиғмас даражада хурсанд қилди. Мушфиқ кечагина шаҳардан ўша хабарни олиб келаркан, Ашраф уни бағрига босиб, хабар учун унга катта миннатдорчилик билдирди ва унга ишхонаси очилиш куни унга Сардор кийдирган чопонни олиб чиқиб кийдирди. -Сардор акам, нега ўзи телефонда айтмади?

-Унинг айтишича бу катта воқеа телефонда айтиладиган иш эмас экан, Аҳрорни ишга жойлашиб олганини ҳам Аброрни шаҳар четидаги қишлоқдан топилганини ҳам менга, ўзингиз бориб айтинг, деб тайинлаган эди Сардор ака.

   Мушфиқнинг айтиб беришича ўша машина дарёга ағдарилган куни, Аброр бир неча чақирим масофага оқиб борган, чеккага чиқишга ҳарчанд уринса ҳам қирғоққа чиқа олмай ҳушидан кетган. Ўша куни балиқ тутгани борган бир киши уни қирғоққа чиқариб, касалхонага олиб борган. У бир неча кунлаб касалхонада қолган, ўзига келгандан сўнг яшаш жойини, ака-укаларини ва Ашрафнинг ишлаш ўрнини айтган. У шаҳар касалхонасида бўлгани учун, унинг хабари Ашрафнинг ишхонасига қўнғироқ қилинган. Сардор бу хабарни эшитган паллада Ашраф уйига оналари ҳузурига кетган бўлган. Сардор ўзи бориб Аброрнинг аҳволини кўрган, у яшашдан умиди узиладиган алфозда экан. Унинг яшаб кетиши учун биргина, чет элга жўнатиб, ўша ёқда жарроҳлик операцияси ўтказиш керак бўлган.

   Сардор зудлик билан уни чет элга бир докторни қўшган ҳолда жўнатган ва бу хабарни Ашрафлардан яширган, чунки агар Аброрга бирор кўргилик бўлиб, тузалмай вафот топса, Ашрафларнинг ярасини яна қайта тирнамаслик бўлган экан. Агар тузалиб, шифо топса кейин айтишликни ирода этган экан. Мана энди тузалиб, уч кундан кейин чет элдан қайтар экан.

-Яхши хабарлар яхши-ку, аммо бир нохуш хабар ҳам бор!

-Айтинг Мушфиқ, қандай нохушлик бор?

-Буни менга ишхонангларда аввал қоровул бўлиб ишлаган Адҳам исмли йигит айтди!

-Хўш, хўш!

-Сардор ака жиддий касалга чалинган!

-Астағфируллоҳ, нималар деяпсиз Мушфиқ?!

-Мен ҳам ишонқирамай, уни кўрган табибга ялиниб-ёлбориб сўрасам шунақа жиддийликка яқинроқ деб, жавоб қилди.

-Ҳар-бир дарднинг шифоси бор-ку, қўлимиздан келган сабабларни қилмайликми?!

-Майли, сизда жўяли бир маслаҳат бўлса айтинг, қадрдонимиз танасида дард айланиб юрса, қўл қовуштириб туришимиз инсофдан эмас!

-Ҳозироқ шаҳарга жўнаймиз, ўша табиб билан мен ҳам бир гаплашиб кўрай!

-Майли мен тайёрман!

    Улар ўша заҳотиёқ Васиқага зарур иш билан шаҳарга кетаётганларини айтиб, жўнаб кетишди. Етиб боришлари билан Мушфиқ Ашрафни табибга етаклаб борди. Табиб касалхонадан уйига энди кетмоқчи бўлиб турган экан. Ашрафни ҳам олдин кўрган эканми, очиқ чеҳра билан уни қарши олиб кўришди.

-Адашмасам сиз, Сардорбекнинг ишчиларидан бирисиз шундайми?

-Ҳа шундай деса ҳам бўлади!

-Бу кишини кеча кўрган эдим, тинчликми нима хизмат?!

-Кечаги масала бўйича келдик яна, бу биродарим – Ашраф! Сардор ака масаласи бўйича гаплашмоқчи эдик!

-Яхши, лекин бировнинг соғлиги айнан нима учун сизларни қизиқтириб қолди?

   Ашраф табибнинг қўлтиғидан тутиб, чекага бошлади. Унга самимий жилмайиб, гап бошлади:

-Ахир у бизнинг жонажон акамиз бўлади, мен бу оғайнимдан эшитибоқ, бирор-бир сабаби бўлса қилайлик деб, сизга маслаҳатга келдик!

-Сардорбекнинг яқиниман дейдиган укахонлари кўп! Акаларининг сиҳатига қайғуриш яхшику-я, аммо у кишининг давлати кенглиги учун унга лаганбардорликка хос укаликлар менга қандайдир эриш туюлаяпти.

-Бизни ўшандайлардан деб ўйлаяпсизми?

-Қайдам, лекин укаман дейишнинг қуруқ сўздан нарига ўта олмаслиги ёмон!

-Табиб ака, лаганбардорликка асосланган ака-укаликни мен ҳам ёқтирмайман, укаман деб қуруқ айтишга келсак, Аллоҳ сақласин, агар Сардор ака учун, буйракми, юракми керак денг, ҳозироқ жарроҳлик ўриндиғига ётиб кўксини тутмаган номард ака! Ишонмайсизми, мусулмоннинг тили ва қалби бир бўлади! Тили сўзлаб, қалби бошқа нарсани айтиб туришликнинг турган-битгани мунофиқлик-ку ахир!

   Ашрафнинг жиддий туриб гапириши ва бу табиб кўпдан бери кўп одамлар билан гаплашаверганидан уларнинг характерларини ёд қилиб юборгани учунми, бошини маъқул деган равишда қимирлатиб, Ашрафга деди:

-Бўлди, бўлди ука! Тушунарли Аллоҳим сизларнинг ака-укалигингизни бардавом қилсин! Ҳар-бир биродармиз деган кишилар сизлардек бўлишини насиб этсин! Сиздан илтимосим шуки, Сардорбекка жиддий туриб даволанишини айтинг, мен айтсам Яратганнинг айтгани бўлади деб, муолажага кўнмаяпти! Албатта ҳар-бир иш Яратган Роббимизнинг айтгани билан бўлади! Бунга заррача шубҳа йўқ! Лекин инсон боласи шифо учун сабаб қилиб, даволанмоғи керак-ку тўғрими ука?!

-Тўғри табиб ака, тўғри! Мен Сардор акамга айтиб, кўндиришга ҳаракат қиламан иншааллоҳ! Яна нима хизмат бўлса мана менга айтаверинг!

-Агар айтиб, даволанишга уната олсангиз – ўшанинг ўзи катта хизмат! Чунки бошқа ишлар, муолажа қилиш ва дори-дармонлар менинг ўзимдан бўлади. Мен ҳам Сардорбекнинг яқин мухлис акаларидан бўламан. У кишининг кўп яхшиликларини кўрганман ва гувоҳи ҳам бўлганман! Ўша яхшиликлари учунгина эмас-у, аммо унинг ажойиб инсон эканлиги учун кундан-кунга у боланинг сўниб бориши мени ҳам қийнаяпти, қанча тез муолажа олишига кўндирсангиз, шунча яхши ука!

-Хўп бўлади, иншааллоҳ тезроқ бўлиши учун ҳаракат қиламан! Майли табиб ака яхши қолинг, кўришгунча Аллоҳга омонат !

   Ашраф ўша куни Сардорнинг олдига Мушфиқ билан етиб борди. Ашраф Сардорга эътибор бериб қараб, гаплашаркан унинг аввалгидан озишга тушганини ва кўзлари ғамгин аҳволга тушганини илғади. Мушфиқ бир нарсани баҳона қилиб, шаҳар марказига чиқиб кетгач, Сардор гап бошламоқчи бўлиб турган Ашрафни саволга тутди.

-Тинчликми ўзи, Мушфиқжон эрталаб уйига қайтган эди шекили, яна шаҳарга келибди. Сен эса Аброрни кутгани келишинг керак эди, эрта кунлаб етиб келибсан?

-Сиз мени укамсан деб айтганингиз ростми?

-Рост, ёки шубҳанг борми? Нималар бўлаяпти акалигимга зид?

-Ҳеч нарса бўлаётгани йўқ!

-Нега унда таъкидлаб сўраяпсан?

-Мен сизнинг укангиз бўлсам, айтган илтимосимни сўзсиз бажарасизми акажон?

-Албатта Аллоҳ қодир қилса бажараман!

-Аллоҳ номига қасам ичасизми?

-Нега қасам керак бўлиб қолди?

-Қасам ичасизми?

-Аллоҳга қасам, агар тоқатим етажак нарса бўлса албатта бажараман!

-Бугуноқ, даволанишга ётасиз, ҳеч қандай эътироссиз!

-Ашрафий укам...

-Аллоҳга қасам ичиб, бажараман дедингиз! Ётиб даволанишингиз тоқатингиздан ташқарида эмас ака!

   Сардор Ашрафнинг олдида бошқа бир сўз айтишга ожиз қолди. Фақат у ўзининг бетоблиги ҳақида Ашраф қандай хабар топганлигига ҳайрон эди.

-Келинойимга айтинг ака, нарсаларингизни ҳозирлаб берсин! Мен ўзим олиб бораман касалхонага, ўзим сизни у ерга жойлаштираман!

-Аввал табиб билан гаплашиш керак ука, ҳоли жой борми, йўқми?!

-Албатта бор, мен табиб билан гаплашганман, қани бўлинг!

   Сардор Ашрафни бу ҳолда ҳеч кўрмаган эди. Доимо ўзидан буйруқ кутиб, унга қулоқ тутадиган укаси бугун унга баъзи нарсаларни шарт-шарт гапирар ва ўша айтаётганларини бажарилишини ҳам талаб қилар эди. Бу ҳолдан таъсирланган Сардор ўзининг соғлиғига ўзидан-да жон куйдираётган Ашрафга қараб кўзи намланди. Унинг самимийлик ила айтаётган ва буюраётган ишларига ёш боладек итоат этиб, бажаришга тушди.

 

- - -