Адоватнинг қора излари

Сирлар макони (13)

1703 Ko'rilgan Адоватнинг қора излари

Сирлар макони (13)

Толиб Мушфиқнинг берган кўрсатмасидан сўнг анча пайтлардан бери кўздан нари қилинган, аслида бу дунёдан риҳлат қилмаган Аброр турган шаҳар четидаги ҳовли уйга келди. Бу уй жуда кўркам жойда жойлашган бўлиб, икки шерик билан Аброрга ажратилган эди. Аброр уйида Аҳрорнинг тегажоқликларига чидай олмай қолгач, Ашрафнинг уйини кўргани келишганида Сардорга пинҳоний ёрилган ва дардини тўкиб солган эди. Ўшандан сўнг Мушфиқ билан келишиб қўйган Сардор уларнинг хонадони борасидаги катта ва аввалги тадбирга қўл уришган эди.

Мушфиқнинг машинаси бу ишда қурбон этиладиган, сувга ташланган ҳолда Аброрни йўқолдига чиқаришадиган услубни қўллашган эди. Ашраф кўнгилсизликни эшитиб, уйига кетган куни бошқа тайинланган одамлари орқали шаҳарга келтирилган Аброрни чиройли кутиб олиб, ҳозирги ҳовли-жойга олиб келиб, ўзи жойлаштирган ва унга мустаҳкам чидам билан туришини тайинлаган эди. Ўша пайтдан бери онасини ва акаси Ашрафни жуда-жуда соғинса ҳам Сардорга берган ваъдасига биноан сабр қилиб, матонат билан туриб келди.

   Толиб Аброрни икки бор кўрган, Мушфиқ эса Аброрни доим шаҳарга келганда кўришиб, уйларида бўлаётган ишлардан хабардор қилиб борарди. Охирги келганида яқин кунлар ичида яхшилик хабари бўлишини ва айрилиқ вақтлари интиҳосига етишини айтиб кетган эди. Толиб унинг олдига кириб келганида Аброрнинг икки шериги йўқ эди. У иккиси Аҳрор устида олиб борилаётган тадбирда қатнашмоқда эди.

-Кел Толиб, поччам Мушфиқдан хабар борми?

-Ҳозиргина уйларингизга жўнаб кетди.

-Аҳрорданчи, нима хабар?

-Кўрадиганини кўриб, ўз ёғига ўзи қовурилиб ётибди.

-Ҳақиқий надоматга ўралади деб ўйлайсанми, уни?

-Қайдам, мен ўзимга ишониб топширилган ишларни бажардим! Унинг оқибати ҳақида бир нарса дейишга ожизман!

-У вазият оғирлигидан ўзини-ўзи ҳалок қилиб олмаса эди!

-Нега сен унинг тақдирига бош қотирасан, сенга барибир эмасми? Ахир у сени уйига сиғдирмай онангга, ака ва опангга тинмай озорлар етказиб келган эдику?!

-Юсуф алайҳиссаломни биласанми, эшитганмисан унинг қиссасини?! Уни акалари ҳатто ёмон ният қилишиб, қудуққа ташлаб юборганлар. Ўшандан сўнг Юсуф алайҳиссалом жуда ёмон кунларни бошидан кечирганлар. Оталаридан узоқларда дарбадарлик ва ғарибликда умр кечирганлар, бу иш менинг билишимча қирқ йиллар давом этган!

-Қуръонда қиссаси келган кимсалар, анбиёлар билан тенглашмоқчимисан?

-Ҳечам ўзимни уларга тенглаштирмоқчи эмасман, аммо улардек бардошли бўлишга ошиқиш ва улардек ёмонлик қилувчи яқинларига ҳам мурувватли бўлишга интилувчан бўлиш – жуда олийҳимматлилик белгиси-ку! Юсуф алайҳиссаломга ёмонликни раво кўрган яқинлари қаҳатчилик йиллари Мисрга келишганида, вазирман деб улардан ўч олиб ёки сўраб келган дон-дунларини рад қилмади-ку! Уларни зиндонбанд қилиб, интиқом олмасдан, балки кечириб юборганлар!

-Тўғри, яқинларини аяб, эҳтиром қилган Юсуф алайҳиссаломга тан бермай иложимиз йўқ! У кишичалик бардошга эга бўлиш жудда катта оламшумул воқеа! Аллоҳ сенга ҳам нажот берсин, шунча пайт айрилиққа чидаб келишинг қойил қоладиган иш Аброр!

-Маддоҳликни бас қил, Толиб! Аҳрорга бирон кўргулик етмаса бўлди!

-Ундан хавотир олма, у энди бирон нарсага суяниб иш кўрмайдиган бўлса ажаб эмас! Доим акангнинг молига ёки онангнинг кечирувига мослашиб олиб иш кўрарди. Ҳозир тушган ҳолатида эса унинг олдида на аканг бор ва на онанг бор!

-Унга ҳамма нарсани очиқ айтиб, ҳозирги вазиятидан тезроқ чиқариб юборса бўлмайдими-а?

-Йўқ! У бу нарсаларни уюштиралаётганини билса, бадтар шумлиги ортса ортадики, ўнгланмайди деб ўйлайман!

-Сен ҳам, мен ҳам бу оламдан кимса бўлиб юраверамизми унда?!

-Энди сен бардошингни йўқотаётганга ўхшаб бормоқдасан!

-Йўқ, ундоқ эмас! Мени ўйлантираётган нарса шуки, поччам Мушфиқ мени онам ва акамлар билан кўришасиз деди. Мени вафот топганга чиқаришган бўлса, қандай қилиб, қандай ҳолга биноан мен уларга тирик эканлигим тушунилади унда?!

-Сенинг ишинг мен сингари Мушфиқ ака ва Сардор аканинг сўзларига қулоқ солиш холос!

-Тўғри!

-Уларга ҳам қийин, мана ўзингни олиб кўр! Бу ерда қачондан бери яшаяпсан, нон-тузингнинг барчасини улар зиммасида кўтариб келаяпти. Бу ерга келганингдан бери бирор кун қолдирмай, шаҳардаги энг сара мактабда ўқидинг! Буларнинг барчаси ўша акаларнинг Аллоҳ берган ҳиммати асосида бўлаяптими ахир!

-Ҳа жуда тўғри, Аллоҳга шукрлар бўлсин!

-Уларга бизнинг келажагимиз, яхши инсон бўлишимиздан бошқа нарсамиз керакмас, шундай эмасми?! Бўлмаса уларга ҳам шунча бош оғриқнинг нима кераги бор ўзи?!

-Фақат эзгуликни ҳоҳлаб қилишаётгани аниқ!

-Ҳа баракалла, энди сен билан менинг ишим фақат яна сабр билан туриб, ушбу қийин вазиятни чиройли тарзда ўтказиб олиш холос!

-Ҳалиги Мушфиқ поччам мен билан яшаётган икки болани кечқурун чақирган эди, хабаринг йўқми уларнинг қаердалиги?

-Аҳрорни сўроқ қилишаяпти уларинг!

-Қўйсангчи, ўшалар Аҳрорнинг олдидами?

-Ҳа, бир соатлардан кейин қайтишса керак!

-Иш нима билан тугайди, деб ўйлайсан Толиб?

-Қани иккала шеригинг келсинчи, ўшалардан сўраб биламиз! Агар Сардор ака уларни сукут сақлашга буюрмаган бўлса, бўлгани!

    Толиб айтгандек Аброрнинг икки шериги бир соатга қолмай кириб келишди. Улар кечаси билан ухлай олмаганлари учун жуда толиқишган, туриб-туриб кўзлари юмилиб кетай дерди. У иккисига қўшилиб, Толибни судраб борган кимса – яъни, қоровул бўлиб ишловчи Адҳам Аҳрорнинг ёнида қолган эди. Толиб уларга назар ташлаб, ётишларидан олдин савол ташлади. Қўлида дастурхон олиб келаётган Аброр эса уларнинг жавоби бўладими, йўқми эътибор билан эши—тишга ҳаракат қиларди.

-Майли эшитинглар, бу сир эмас! Аҳрор ҳозир Сардор аканинг ёнига пул сўрагани боради.

-Яначи, яна нима бўлади?

-Билмайман, биз уни дўппослаб фақат Сардор акадан йўқолган пуллар эвазига пул топиб келишнигина бўйнига юкладик холос!

-Толибни қотили бўласан, деган иш нима бўлади? – деб сўрашга тушди Аброр.

-Пулни олганимиздан кейин ҳазиллашган эдик, қўрқма дея, Толибни яна унинг олдига ҳушсиз ҳолда ташлаб кетамиз экан!

-Яна пачавам чиқар эканда-а?!

-Ишинг ўша бўлгандан кейин нима ҳам қилардинг, икки соатлардан кейин тайёрланишни бошлайвер, биз ҳозир чой ичолмаймиз. Жуда чарчаганмиз, бироз мизғиб олайлик Сардор ака қўнғироқ қилиб қолсалар сени олиб жўнаймиз, Толиб! Сен ҳам ухлаб ол, фақат сен Аброр ухламай сергак тур, қўнғироқ бўлиши билан бизни уйғотиб қўясан!

   Сардор дарвозасининг тугмачаси босилгач, ўрнидан туриб ҳеч нарсадан хабари бўлмагандек ўзини тутиб, дарвозанинг бир қанотини очди. Эшик олдида ҳамма нарсасининг дабдаласи чиққан Аҳрор турарди. Сардор ўзини ҳайратланган қилиб кўрсатиб, уни ичкарига етаклади.

-Нима бўлди Аҳрор, аҳволингни қара?! Кечаси билан қаерларда юрдинг, келинойинглар, жиянларинг уйда йўқ бир ўзим кўзим тўрт бўлиб кетди, сени қачон келар экан деб?! Нима бўлди, гапир?!

-Сиздан изн олиб, ўртоғим билан учрашгани борган эдим. Шаҳардаги бир тўда болалар келиб, ўртоғимнинг уйида мени уриб, роса калтаклашди, кейин унинг уйидаги катта ҳисобдаги пулини олиб кетишди. Ундан сўнг эса яна уч кишилик тўда ўртоғимни судраб келиб, йўқолган пулни мендан талаб қилишди. Ўшандан сўнг ўртоғим ҳушидан кетиб йиқилди. Билишимча у вафот қилди. Мени эса пул топиб келиш шарти билан икки соатга ташлаб кетишди.

-Ким улар, нега улар сени калтаклаб, пул талаб қилишади? Айтмадингми, менда пул йўқ, мусофирман демадингми?!

-Айтдим, лекин улар мен олмаган, бошқалар олиб кетган маблағни деб мени калтаклашди!

-Нима дединг, нега сени ўғирланган пулни деб калтаклашади?

-Ўртоғимнинг уйидаги ўша чамадон пулни сенинг танишларинг ўғирлаб кетишган деб, ўшани мендан талаб қилиб олиб кел, деб жўнатишди. Ёрдам беринг Сардор ака, аҳволимни тўғри тушунинг ака!

   Сардор иш ўз изидан чиқмай кетаётганини билиб, мароқланди. Лекин ҳозир хурсанд бўлишга эрталигини билиб, авзойини бузмаган ҳолда аччиқланишда давом этди.

-Сен нималар қилиб юрипсан ўзи Аҳрор?! Бу ерга ўқигани келдим деб, менга ғалвалар ёғдиргани келганмисан ўзи?! Ҳозир аканга қўнғироқ қиламан, қанақа боласан ўзи, кечагина келиб шунча кўргиликни бино қилсанг, сендан эртага нимани кутиш мумкин яна?!

-Жон Сардор ака уйдагимдагиларга айтманг илтимос, мен ўзим сизга ишлаб қарзимни тўлайман! Фақат мени шу қийинчиликдан чиқишимга ёрдам беринг! Мен ҳам шу машаққатларни кўраман деб мутлақо ўйламаган эдим!

   Сардор уйи четидаги ўриндиққа бориб ўтирди, Аҳрорга жавоб қилмай сукут сақлади. Сўнг ўрнидан туриб, уйнинг ичида у ёқдан, бу ёққа ўйга толган ҳолда юра бошлади. Кейин тўхтаб, бояги ўриндиққа яна ўтирди-да, жиддий ҳолда Аҳрорга деди.

-Сен Аҳрорий ука қўрқма, ўша тўдадаги йигитлар келадиган манзилни менга айтсанг бас, ҳали бери бу шаҳарда менга юрак отиб, пешонамга чиққан қароқчи йўқ! Сен эса ўзингга ажратилган хонага кириб, имтиҳонларингга ҳозирлигингни кўравер! Кўнглингдаги ғашликларни кетказ, мен ўзим улар билан кўришиб, иддаоларини эшитаман!

-Кейин мени излаб, топишсачи?! Толибнинг жасади нима бўлади?!

-Мен сенга айтган ишни бажар! Сен мендан кўмаклашишимни сўрадинг, мен энди ўз вазифамни бажараман! Агар ишни битказишимга ақлинг етмаётган бўлса, марҳамат ўзинг билганингни қил бола!

-Йўқ, йўқ! Сиз киришган иш битишига аминман, фақат Толиб борасида жуда хижолатга тушяппан!

-Уларнинг орасидаги ишни фақат ўзлари билишади. Сен кечагина келган бўлсанг, пул топилишидан аввал ҳам, пул йўқолгандан кейин ўртоғингни етаклаб олиб келишганда ҳам сен иштирокчи эмасдинг, шундайми?! Ёки сенинг ҳам аралашган еринг борми, унинг пулида ё қонида бармоқ изларинг борми?

-Йўғ-эй Аллоҳ сақласин, ундоқ эмас! Мен пулга теккан эмасман, мени калтаклашаётган паллада ўртоғим соғ-тирик эди. Мен ҳушимдан кетиб ҳеч нарсани билмайман, мен ўзимга келганимдан кейин уни ҳалок бўлди деб айтишди.

-Хўп етарли, ғам чекишни бас қилда, хонангга кириб аввал дам ол! Унгача мен бориб келаман, айт қаерда сени кутишадиган бўлишган эди?

   Сардор учрашув жойини билсада, атайлаб Аҳрордан уни сўраган бўлди. Аҳрор дудуқланиб-дудуқланиб бориши лозим бўлган жойни чала-чулпа қилиб тушинтирди. Сардор кийимларини алмаштириб кийингач, машинасини миниб уйидан айтилган манзилга жўнаб кетди. Аҳрор эса ўзига ажратилган хонага кириб, ўзини кўрпага ташлаб ётиб, ухлашга ҳаракат қилса-да, кўзига уйқу келмади. Бутун ўй-хаёли кечқурун бўлиб ўтган машмашаларга кетиб қолар эди.

    Сардор ўзи белгилаган, сўнг эса Аҳрорга шу ерга пулларни олиб келасан деган ерга ўша болалар билан учрашгани келди. Айтилган манзилда Аҳрорни Сардорларникига эндироқда ташлаб келган Адҳам турарди. Аброр ва Толиб билан сўзлашган икки йигит эса бекатдаги тролейбусдан тушиб улар томонга келмоқда эди.

-Ҳа йигитлар чарчамадингларми?

-Нега чарчар эканмиз, Сардор ака?! Яна янги вазифа бўлса айтинг бажараверамиз!

-Рахмат укалар, жуда ишни қойиллатиб бажардинглар! Энди Толибни чақириб берсангизлар, уни Аҳрорнинг олдига олиб бориб унинг кўнглини хотиржам қилсам!

-Майли Сардор ака, у ҳозир йўлга чиқяпти.

-Нима юмуш, нима камчилик бўлса тортинмай олдимга келинглар! Ўқиш даврида кимса барибир баъзи муаммоларга дуч келади, уялмай менга айтсаларинг қўлимдан келганича ёрдам бераман! Сен Адҳам қоровулхонани бошқасига топширасан, энди фақат ўқиш билан машғул бўл!

-Рахмат, ҳамма ишларимиз яхши, бирон ёрдамингиз керак бўлиб қолса албатта сизга айтамиз Сардор ака! – деб миннатдорчилик билдирди Адҳам барчанинг номидан.

   Толиб келгач, Сардор уни машинасига чиқариб, уйи томонга жўнади. Толибнинг кийимлари ва уст-бошлари кўриб бўлмайдиган даражада дабдала қилинган эди. Машина юргач орқани кўрувчи кўзгудан Толибга назар солган Сардор мийиғида кулди, буни сезган Толиб ҳам кулишга тушди.

   Улар уйга кириб боришганида Аҳрор ҳали ҳам ухламаган эди. У деразадан дарвоза очилганидан сўнг юрагини ҳовучлаганича ташқари ҳовлига назар солди. Аввал Сардорни кўриб, иш нима билан якунлади экан дея, юраги ҳапқирган бўлса, кейин Толибни кўриб ҳайратдан иккинчи бор юраги ҳапқирди.

- - -