Адоватнинг қора излари

Қозонга яқин юрсанг қораси... (12)

1780 Ko'rilgan Адоватнинг қора излари

Қозонга яқин юрсанг қораси... (12)

Аҳрор шаҳарга келгандан кейин ишлари бу қадар орқага кетади деб, ўйламаган эди. Сардор уни назоратга олишини билгач, кўнгли чўкаётган эди. Толиб оғайниси билан кўришгач, уйига етаклаб бориб, чамадондаги пулларни кўргач ошиғимиз олчи бўлди, деб ичига сиғмай суюнаётган эди. Лекин бу шодликларнинг умри шу қадар қисқа экан-ки, ўша куни туниёқ ҳамма нарса ағдар-тўнтар бўлиб, умрида емаган калтакларни еди. Энг ачинарлиси ўша куни ҳушига келиб, ўзини англай бошлаганида оғайниси Толибни судраб келганлар тўдасининг қароргоҳида заҳли, қоронғу ва кимсасиз ертўлада ётарди. Унинг ҳушига келиши биланоқ савалашга тушишар, жавон ичидаги

чамадон қаердалигини, унинг ичидаги пуллар қани деб, дўппослашар эди. Аҳрор кўраётган бу қийинчиликларига аллақачон чамадонни ўзи топиб берган бўларди. Аммо аввал келиб, Толибнинг уйини тинтиб, пулларни олиб кетганларни мутлақо танимаганлиги учун билмаслигини билиб калтак еб тураверди.

-Жон акалар, мен уларни танимайман!

-Демак, сен ўша пулларни олиб кетганларга шериксан, шундайми?

-Йўғ-эй, мен уларни ҳечам танимайман, ростини айтяппан, мени уриб, калтаклашиб чамадонни олишганича ғойиб бўлишди!

-Нега унда сени, гувоҳ бўлиб турганинг ҳолда тирик ташлаб кетишди! Сен оғайнингникига айнан ўша пулни деб келгансан, уни шерикларингга ўғирлатиб юбориб, бизни алдаб, лақиллатмоқчи бўлаяпсан!

-Йўқ, йўқ жон акалар менинг гапимга ишонинглар, оғайнимникига фақат у таклиф қилгани учунгина борган эдим! Пулни олиб кетганлар менинг шерикларим эмас, уларни танимайман!

-Сен буни аввал ҳам шаҳарга келиб, Толиб билан гиёҳванд модда сотиб юрганини кўрганмисан? – дея ураётганларнинг бири шеригидан сўради.

-Ҳа, бу томи кетган аввал ҳам келган бу ерга, кўрганман! Толибдан қарзи бор эди. Акаларини баҳона қилиб ўшанда қочиб кетган эди. Чамада ўша пулларининг дардида, ўшаларни олиб, ундириш ниятида шайкаларини тўплаб келган бўлса керак-да!

-Йўқ, йўқ! Ундоқ эмас! Мен Толиб чақиргани учунгина келдим, илтимос уни мен билан юзлаштиринглар, ундай эмаслигини унинг олдида ҳам айтиб бераман!

-Сен кимсан, бизга шарт қўйиб, фалончини юзлаштиринглар, пистончини чақиринглар дейишга!

-Мен сизларга шарт қўяётганим йўқ, фақат унинг олдида уйида нима бўлганини айтмоқчиман холос!

-Ҳим-м! Бечора оғайнинг жони узилмаганида эди, бизга ҳам иш осон битарди! Энди ҳамма иш сенда қолди, пулни ҳам топасан, Толибнинг қотиллиги ҳам сенинг бўйнингда!

-Нималар деяпсизлар, Толибнинг жони узилган дейсизларми?!

-Ҳа, бечора оғайнинг пулни бизга топшириш учун уйига етаклаб келганди, пул ўрнида йўқлигидан юраги ёрилиб, кетворди шекили, - деб хохолаб кулди Аҳрорни аввал кўрганман деб гувоҳлик берган кимса.

   Унинг хохолашига қолганлар ҳам жўр бўлиб хохолашишга тушишди. Аҳрорнинг бадани муз қопланган жасаддек музлашга тушди. Гўё ҳаво етишмаётгандек энтикиб, энтикиб нафас олар, кўз ўнгида Толибнинг судралиб келиши, унинг чавқланган жасади ўтар эди. Наҳотки, Толиб вафот этган бўлса?! Энди нима бўлади, қаерга кетиб, қандай умр кечиради?! Бу қароқчилар ундан изи йўқолган пулни талаб қилишаяпти, уни қаердан топиб беради?! Агар топилмаса, топилмаслиги ҳам аниқ, қандай тўлаб беради?! Толибнинг қотили сенсан дейишмоқдами, қандай қилиб у қотил бўлсин?! Энди Сардорга нима дейди, акасига, опаларига нима дейди?!

   Унинг шунга ўхшаш ваҳималар ич-этини кемирар, ёмонликнинг оқибати инсоннинг ҳоли-жонини вайрон этадиган даражада ташвишлардан иборат эканлиги уни қийнар эди. Бу кўргуликларнинг охири нима билан тугалланиши унинг ақлига сиғмас, бир кечанинг ичида бу қадар бир-бир устун фалокатлар келиши унинг қаддини тамоман букиб ташлаган эди. Уйини, хонадон аҳлининг барчасини соғинганини ҳис эта бошлади. Кечагина улардан нафратланиб, яхшиликка қилган чақириқларини оғир олиб, улардан узоқларда бўлиш орзусида эди. Сардорнинг кўчага чиқармасликка бўлган интизомларининг ҳам ўзига кўп фойдаси бор эканлигини эслаб, қаердан ҳам Толибнинг олдига келдим, кошкийди уни кўрмасам эди, кошкийди уни танимасам эди, деб пушаймонликка ўрала бошлади.

   Сардорга эрталаб Мушфиқ қўнғироқ қилган пайтда энди уйғонган ва ҳали намози бомдодни ҳам ўқимаган эди. Мушфиқ кечқурун Толиб Аҳрорни уйига қўйиб келганидан сўнг у билан бироз гаплашиб уйқуга кетган эди. Бомдод азонидан олдин уйғонишни одат қилган Мушфиққа у ухлаб ётганда ишнинг давомига кетган Толиб ишни яхши бажарилганлигининг хабарини етказган эди. Ҳозир эса Мушфиқ Сардорга унинг хабарини айта бошлади.

-Сардор ака эрталаб безовта қилмаяппанми сизни?

-Йўқ, ўн беш дақиқача бўлибди, мудраб қолибман бомдод киришини кутиб, жойнамоз устида гапиравер!

-Ишлар яхши кетаяпти!

-Эҳтиёт бўлинглар, болаларга ҳам айт! Анави Толибмиди, ўшанинг шум хабарини эшитиб, Аҳрорга бирор кор-ҳол бўлмасин Мушфиқий ука!

-Уни Аҳрор деб қўйишибди ака, у анча-мунча тегирмондан ҳам бутун чиқади.

-У барибир инсон, тегирмонингни билмадим-у, аммо оғир ишлар инсон  бошига тушса сочини ҳам оқартириб юборади ука! Аҳрор биздан тўлов учун пул сўраб келишга ботина олармикан?!

-Ҳали-бери уни ушлаб турганлар ундан пул топиб берасан деб, сўрашмабди. Ҳозир фақат кечаги пулни олиб кетганлар ким, оғайнинг пул йўқлигидан ўтакаси ёрилиб, ҳалок бўлди деб, айтишибди.

-Толибинг қани ўзи!

-Мана ҳозир келиб, юз-бетларига чаплаган сохта қончаларини артиб ўтирибди. Кийимларини кўриб бўлмайди, парча-парча бўлиб кетган!

-Унга айт, нонушта қилиб, тезда Аброрни ёнига борсин! Биз унга иш айтмагунимизча Аброрнинг олдидан ҳеч қаерга силжимасин, уқдингми Мушфиқий ука! Кейин сен ҳам Ашрафларнинг олдига қайтиб, укасини эсон-омон менга топширганингни айтиб, уйингда юриб туравер, айтгандек Шокирга учраб сенга ва Ашрафга олган қўл телефонларингни олгач кет! Сизларга мендан совға, янгилик қилиб тутасизлар, узоғимиз яқин бўлади, уй телефонига ҳожатинг ҳам қолмайди, яхши етиб ол! Ҳамма танишларга менинг номимдан салом айт!

- - -