Адоватнинг қора излари

Ўргамчак уяси (11)

2092 Ko'rilgan Адоватнинг қора излари

Ўргамчак уяси (11)

Аҳрор Сардор билан олийгоҳга бориб, ҳужжатларини топшириб ўзининг йўналишига хос имтиҳон саволлари битилган қоғозларни олиб, Сардор билан уларникига қайтиб келаркан, ўзи кўзлаган ишларга қандай етишишни ўйларди. Толиб оғайниси билан кечқурун учрашни ўйлаб, юрагидаги баъзи ғашликлар тарқала бошлади. Кечқурун бўлгач жарида ўқиб ўтирган Сардордан бир оғайниси шу ерда ишлаётганини, у билан хуфтондан олдинроқ учрашишлари кераклигини айтиб, рухсат сўради. -Энди Аҳрорий укам, сен ўқишга шайланиш арафасида турибсан! Сен ўзинг қизиққанинг учун акангдан сўраб шу ерларга олиб келдим. Ҳадеб

у билан, ҳали бу билан учрашиб келай деб вақтингни совураверсанг, биласанми ўқишинг нима бўлади? Майли биринчи гал сўраганингдаёқ рад жавобини айтмай, бундан кейин кўчага чиқиш, ортиқча ишларни йиғиштир ука!

   Аҳрор оғайниси Толиб учрашгани айтилган ерга бораркан, ўзини Сардорга тутқазиб, нотўғри иш қилган деб ҳисоблай бошлади. Акаси Ашрафдан ҳам қаттиқроқ назоратга рўбарў бўлганидан афсуслана бошлади. Бироқ ичидан отилиб чиқаётган нафсининг садоси эса “Қўрқма, Сардор сенга ким? Нега унга ҳисоб беришинг керак? Ҳозир ўйнаб-куладиган палланг, улардан қўрқиб ўтирасанми? Оғайнинг Толиб билан учрашиб, ундан маслаҳат оласан! У ҳам кўпни кўрган одам, шаҳар тўла акалари бор! Толибдан қарзинг йўқ, балки ҳалигинда пулларни ортиқчаси билан унга бериб уйингга кетавергансан-ку!” – деб турарди.

   Айтилган ўринда Толибни кўргач, Аҳрорнинг кўнгли кўтарилди. У билан кўриша туриб, бағрига қаттиқ босиб кўришди.

-Оғайни яхшиямки бу кенг, менга бегона бўлган бу шаҳарда ўзинг борсан! Сардорникида турган ярим куним минг кундек бўлиб кетди.

-Ўқиб профессор бўладигандек, отилиб келган эдинг-ку бу шаҳарга, Сардор акангни ҳатто ака деб айтишга ор қилиб қолганмисан?! Нега минг кунга ўхшаб кетди?

-Биласан-ку оғайни мен ўқиш ниятида эмас, сендек кенг шаҳарда баланд парвоз этиш учун келганман! Уларнинг тўтидек такрор-такрор сўзларини ҳам биласан-ку “ўқиш керак, ўқимасанг одам бўлмайсан!”

-Мен сендан фарқли равишда шаҳарга пул топаман деб очиқ айтиб келганман, сенга ўхшаб ўқийман, чўқийман деб эмас хумпар!

-Ўшандоқ деб келишдан бошқа иложим йўқ эди-да оғайни!

-Энди Сардор акангдан қутилиб бўлибсан, акангдан ҳам қаттиқ назорат қилса керак сени у?

-Ҳа ўшандоқ, аммо мен сенинг олдингга бекорга келганим йўқ оғайни! Сен бу шаҳарга бегона эмассан, яна унинг устига катта тажрибанг бор, менга йўл кўрсат!

   Аҳрорнинг бу гапидан кейин Толиб ўзини узоқ ўйга толган кимса қилиб кўрсатди. Йўл четида одамлар камроқ ўтадиган ўриндиққа бориб ўтирди. Бошини ерга қуйи қилиб, эгилди. Аҳрор эса унинг маслаҳати билан нажотга эришадигандек уни яхши ўйланиб олиши учун кутиб турди.

-Энди гап бундоқ оғайни!

-Қани қулоғим сенда, гапиравер!

-Ҳозироқ мен билан бирга уйимга кетасан!

-Нималар деяпсан ўзи, ахир мени излашади-ку, қайтиб келаман деб айтганман анави Сардорга?!

-Сен мендан маслаҳат сўрадинг, мен ўз билганимни қўлимдан келадиганини айтаман-ми ўзи?!

-Майли айт, аммо ҳозир сенга эргашиб, уйингга кетсам менга минус бўлади!

-Сен эшитиб тур, меникига бориб турасан! Мен бугун бир овимдан мўмай пул олиб келганман, агар мабодо сени ортингдан тушишса кеч бўлиб кетиб, оғайнимникида қолдим деб айтасан, қўясан! Мабодо тонг отгунича улар сени топиша олмаса, марра бизники – узоқроқ ерга борамиз, менинг бугунги олиб келган пулим бирор иш қилмасак ҳам ўн йилга етади.

-Йўғ-эй, лоф билан қулоғимга лағмон илмаяпсанми оғайни?!

-Ҳозир уйга борганда кўрасан, ўша топган пулимни! Агар мен айтаётганчалик пул бўлмаса, Сардор акангнинг уйига бемалол кетишинг мумкин, йўлкирангни бераман кўчада қолмай етиб оласан акангникига!

-Кетдик, юр бўлмасам! Мен розиман!

   Улар Толибнинг уйига етиб келишгач, Аҳрорга Сардор эрталаб жўнатиб юброган чамадондаги пачкали долларларни кўз-кўз қилиб кўрсатди. Бунча пулни ҳали туғилганидан бери кўрмагани учун Аҳрорнинг эси оғишига сал қолди. Толиб пулни кўрсатиб бўлиб, уни уйнинг четидаги жавонга солди ва Аҳрорни уйда ўтириб туришини тайинлаб, бир зарур ерга бориб келишини айтиб, уйидан чиқиб кетди.

   Кечки соат бирларда Аҳрор чўчиб уйғонди, у ўзи якка Толибнинг уйида ухлаб қолганини англади. Ўрнидан туриб, атрофга аланглади чироқ хиралашиб, ташқаридаги шамол таъсиридами липиллаб туриб, ўчиб қолди. Балкон тарафдан деразанинг тарсиллаб сингани қулоқларни қоматга келтирди. Бироз ўтиб ҳамма ёқни сакинат қоплади. Қайтадан чироқ ёнди. Лекин Аҳрор ўзига номаълум жойда ёлғиз қолмагани учун ичига ваҳима тушиб, қўрқа бошлади. Толибдан эса ҳали ҳам дарак йўқ эди. Аҳрор ўзини босиб, ухлашга ҳаракат қилиб кўрди. Бироқ ичидаги ваҳима уни бағри-дилини кемирарди.

   Соат иккига бориб балкондан дупураган товуш келиб, шитираш товуши эшитилди. Шу вақтнинг ўзида эшикнинг тугмачаси босилиб, жиринглай бошлади. Аҳрорнинг ичига ёруғлик киргандек бўлиб, эшикка шошди. Толибни келди деб ўйлаб, эшикни очган эди, ташқаридан уч кимса уйга ёпирилиб кирди-да, уларнинг бири Аҳрорнинг чакасига бир туширди. Иккинчиси зудлик билан чўнтагидан елим плёнка чиқариб, унинг товушини чиқармаслик учун оғзига ёпиштирди. Учинчиси билан балкондан ирғиб тушган тўртинчи билан Аҳрорнинг қўлини орқага боғлашди.

   Аҳрор уларга қарши ҳеч қандай қаршилик қила олмади. Чунки у кирганларнинг барчаси ундан кўра барваста ва чаққон эди. Унинг устиги Аҳрор қўрқиб кетганидан оёқлари титрар, агар унинг оғзини беркитишиб, ёпмасалар ҳам оғиз очишга ҳам мадори етмас эди.

   Уни ўрнидан турғазишиб, деворга тақаб қўйишди. Биринчи унга қўл кўтариб, чакасига ургани Аҳрорни қараб турди, қолганлари эса уй ичини тинтув қилишга тушишди. Ҳамма ёқни ағдар-тўнтар қилиб ниманидир ахтаришга тушишди. Аҳрорнинг аҳволи яна бадтарлаша бошлади. Унинг ўйига пулни излашмаяптимикан деган хавотир тушган эди. Ҳақиқатан ҳам улар пул излашар эди. Балкондан тушган кимса жавонни очиб титаркан бир нарса полга тақ этиб тушди. У – пул солинган чамадон эди. Кирганларнинг барчаси шериги очиб кўрсатган чамадонга қараб суюниб кетишди. Унинг ичи лиқ доллар эди.

-Қани шоввозлар энди жуфтакни ростлаб, бу ердан қуённинг расмини чизайлик-чи! – деди Аҳрорни олдида уни қараб тургани.

   Унинг гапини эшитиб, чамадонни очиб турган дарҳол уни беркитди. Гапирган кимса Аҳрорнинг оғзини ва қўлларини ечиб ташлади. Унинг сўзидан сўнг тезда унинг ўзи ва ҳамроҳлари хонадан ғойиб бўлишди. Уларнинг ваҳимаси ҳали тугаб, аримасидан олдин яна уч кишилик тўда Толибни судраганича хонага олиб киришди. Уларнинг каттароғи хонага киргач, Аҳрорни кўриб, ўзини таажжубланганга солди ва Толибни тутиб турганлардан сўради.

-Яна буниси ким?

-Уйингда юрган бу телба ким? – сўрашди Толибдан.

   Толиб оғиз жуфтламасдан туриб, келганларнинг бири Аҳрорнинг биқинига тепди ва бирин-кетин уни муштлаб уришга тушишди. Нима бўлаётганига тушуна олмаётган Аҳрор, ўзини сақлаш учун эшик томон қочмоқчи бўлган эди, улардан бири уни чалаб йиқитди. У ерга гурсиллаб йиқилди, кейин нималар бўлганини эслай олмади.

- - -