Адоватнинг қора излари

Ҳиммат боғи (10)

1724 Ko'rilgan Адоватнинг қора излари

Ҳиммат боғи (10)

Сардор айтилган пайтда Мушфиқнинг хонадони олдига етиб келганига хурсанд бўлиб, унинг ҳузурига чиқди. Ҳолатдан Аҳрорни хабардор қилмаслик учун ўзини сипо тутиб, дарвозани аста очиб ташқарига чиқди. Машинадан тушаётган Мушфиқ ва қайниука тарафга бурилиб, икки қўлини улар томонга очиб, жилмайиб гапирди. -Ие, ие келсинлар меҳмонлар! Келинг куёв тўра, кел Аҳрорий укам! – деб, очиқ чеҳра билан жилмайиб, иккисини ҳам навбат билан қучиб кўришди. Сардор Мушфиқ билан ҳоли қолгандагина уни сенлаб гапирарди, бошқалар олдида айниқса Ашрафлар оила-аъзоларининг олдида доимо сизлаб гапирар, ўзларининг яқин кишилар эканликларини сездирмас, фақат Ашраф куёв эканлиги ортидангина таниш

эканликларини намойиш қилмоқчи бўлар ва бу ҳол уларга шу вақтгача тадбирлари учун анча иш бериб келаётган эди.

-Аҳрорий қалайсан, вой яшшаворгур, охири мақсадингга етиб шаҳарга ҳам келибсанда-а?! Аканг, уйингдагилар ҳаммалари яхшими? Мушфиқжон ука сизнинг ҳам оила-аъзоларингиз яхшимилар, кичкинтой жиянчамиз ҳам тўс-тўполон қилиб юрибдими?! Қани-қани ичкарига юринглар, марҳамат! – деб Сардор меҳмонларни ичкарига бошлади.

   Аҳрор дарвозахонадан ичкарига кириб бораркан, Сардорнинг уй-хонадонига разм солиб, ўзи ўйлаганчалик ҳашаматни умуман топа олмади. Унинг ўйи бўйича, Сардор жуда қўли кенг одам эмасми, жуда даҳмаза қасрлар солиб, айланувчи ўриндиқда худди елпиғич остида керилиб ўтирувчи шоҳлардек ҳаёт кечиради деб, тасаввур қилган эди. Оддий қурилишлардан ташкил топган уйнинг хоналаридан бирига уларни бошлаб кирди. Бир пиёладан чой ичишгач, косаларда суюқ овқат келтирилди. Аҳрор яна Сардорни қилаётган ишлари ажаблантирарди. Чунки, Сардор тинмай хизмат қилар, нон олиб кирар, дастурхон тузар, чой олиб кирар, уларга қуйиб узатар, нонни синдириб, уларга олишни таклиф қилар эди. Аҳрор эса ичида “агар менда бу кишичалик молу-дунё бўлганда эди, баланд-баланд қасрлардек ҳашаматли уйлар солиб, у уйларни ичидаги курсида оёғимни чалиштириб ўтириб, хизматчиларимга иш буюрардим, келган одамларнинг ҳузурига липиллаб чиқмасдим, уларга бунчалик мулозамат кўрсатиб хизмат қилмас эдим”, деб ўйларди.

   Суюқ таомни ичиб бўлганларидан сўнг Мушфиқ уй эгасидан кетишга изн сўради.

-Сардор ака рахмат, меҳмонингиз бўлдим! Энди менга рухсат берсангиз, баъзи битирадиган юмушларим бор эди! Аҳрорбек жойлашгач, хабарлашиб акаси ва опаси бўлиб келармиз иншааллоҳ!

-Бугун қолиб, Аҳрор киражак ўқишни ва бизнинг идорага ҳам ўтиб айланиб кетардизда ука!

-Катта рахмат, Аллоҳ насиб этса яна келармиз!

   Ўша куни Мушфиқ уйига кетмади, уйидагиларига ишларим ҳали-бери битмади, дея шаҳарда ўзига ажратилган алоҳида уйда қолди. Кеч оқшом бўлгач, шомни ўқиб кимнидир кутиб, стол устида турган китоб ва мажаллаларни қўлига олиб, кўздан кечирди. Эшик тақиллаб, Мушфиқ ўрнидан қўзғолиб турмасидан олдин уй ичида Толиб пайдо бўлди. Унинг қўлида пакетга солинган майда-чуйда ва идишда тайёр таом бор эди.

-Келинг, Мушфиқ ака! Ҳамқишлоқлар ҳаммаси юришиптими ака, ўзингиз тинчмисиз?! Студент қани, акахонни олдида қолдими, тадбирни қачон бошлаймиз ака, баъзида бир саргузашт кўрмасам зерикадиган бўлиб қолибман!

   Студент деганда – Аҳрорни, акахон деганда – Сардорни назарда тутаётгани билиб турган Мушфиқ ўрнидан туриб, ҳамқишлоғи Толиб билан кўришди.

-Сенинг тўғри йўлни топганинг рост бўлсин, илоҳим! Тани-жонинг соғми ука, аҳволларинг яхшими?!

-Мен яхшиман, тўғри йўлни топмаганимда тоғамнинг олдига сизлар Аҳрорни олиб кетганларингдан сўнг кечирим сўраб бормас эдим. Мен сизлар уйимда кўрган исқиртлардан қутуламан деб, ҳалок бўлишимга оз қолди-ку, ака! Яхшиямки Аллоҳ сизни етказиб улардан қутулишим осонлашди! Қанчалаб мени яхши бўлишмга ҳаракат қилдинглар, Сардор акахонга ҳам рахмат! Ҳеч камчилик кўрмасин, ўта ажойиб, ҳимматли ва мард одам экан! Мен авваллари бой одамни кўрсам ёмон кўриб, ғашим келарди. Унинг жуда саховатпеша ва яхшиликка ўчлигини кўриб, қалбим ларзага тушди ҳамда у киши менинг яна тубдан ўзгаришимга қаттиқ таъсир қилди.

-Тоғангни зиёрат қилиб келдингми?

-Ҳа илгари куни қайтдим! Сиздан жуда хурсандлар, “сени ҳаётга қайтиб, ҳақиқий жияним бўлишингга Мушфиқжоннинг ҳиссаси катта бўлди”, деб ўзининг миннатдорчиликларини айтдиб юрибдилар.

-Ҳечқиси йўқ ука, сизлар биздан кейинги авлод силсиласи иймонан ва ақлан соғлом бўлсаларингиз бизнинг ютуғимиз ука! Баъзилар ўйлагандек оиласи ичидаги кимсаларгина уларнинг яқинлари, ака-укаларидир. Аммо жамият ичидаги кимсаларнинг бири мусулмон оиламизнинг акаси ёки укасидир! Шунинг учун ҳар-бир адашиш кўчасига кираётганларни бор куч-ғайратни сарфлаб муҳофаза қилиб қолиш – бизнинг бурч-вазифамиздир!

-Айтаётган гапларингиз жуда ўринли ака! Мен ўзим ботқоқли йўлда юрган кезларим ҳам одамларга яхшилик қилишни қалбимнинг ичи ҳис қиларди, бироқ у томонга юролмас эдим.

-Сен гиёҳвандвандлар атрофида юрсанг ҳам ундан тотимаган дейишадими-а?!

-Ҳа тўғри, мен фақат мўмай даромад топай деган илинжда уни сотиб, ўтказиш ва мижоз топиб уларни шу йўлга етаклаш билан шуғулланар эдим. Сиз ва Сардор акахон икковларингиз мени тижоратимни ҳалол тарафга бурганларингиздан кейин ҳалоллик ортида барокот ва осойишта ҳаёт борлигини илғаб етдим!

    Улар бир соат давомида гурунглашиб ўтиришди, сўнг Мушфиқ Толибга ишга киришишни буюрди.

-Сен ука энди, Аҳрор билан келишишган ўрнинга жўна! У ҳеч нарсани ҳитлаб қолмасин! Унинг асл мақсадини яхшилаб ўрган, ўзингни ўнгланганингни асло унга билдирма!

-Иш сиз айтгандек бўлади ака, ҳали қайтишда яна егулик бирон нарса олгач келайми?!

-Йўғ-эй, алхамдулиллаҳ қорин тўйди! Таомни яхшилаб еб олдим, худди уйда пиширгандек олиб келибсан, рахмат ука!

-Эртага ишлар битгач, менинг уйимга ҳам бориб меҳмон бўлсангиз роса хурсанд бўлардим!

-Аввал режалаштирган ишларни битирайлик, сенинг уйингга бориб меҳмон бўлиш қочмас! Ҳа айтмоқчи Ашраф билан келганда кирган эдик уйингга, ғалати одамлар ўтирган эди ўшанда уйинг ичида!

-Аллоҳ ўшалардан ўзи сақлади, улар батарин ва разил одамлар эди. Уларни энди елкамнинг чуқури кўрсин ака!

-Айтганингни Аллоҳнинг ўзи ато этсин, тур энди жўна!

   Толиб кўчага чиқиб, такси тўхтатди. У учун бу катта шаҳар ёд бўлиб кетган, суяги қотиганидан бери мактабда ўқишни ташлаб, қишлоқдаги тоғасининг ҳовлисидан қочиб, ўзи айтганидек мўмай пул илинжида шу ерларга келиб қолган. Гиёҳванд моддани тотимаганини ҳисобга олмаганда, бир неча исқирт ишларни қилган, шаҳарлик акаларининг хиёнатлари ва сотқинликлари ортидан кўп нарсалардан ажраб, уйсиз ва ҳеч вақосиз қолди. Мушфиқ Аҳрорни унинг Ашраф иккаласи уйидан тутиб кетганларидан сўнг икки ҳафталар атрофида шаҳарга келиб, унга тоғаси тайинлагани учрамоқчи бўлганида ўша ачинарли ҳолга йўлиққан, бошини қайси тошга уришни билмай, минг машаққат ичида юрган эди.

   Мушфиқ унинг дарбадар ҳолини кўриб, ундан ўнгланиш устида ваъдалар олди ва унинг қўлидан чиқиб улгурган уйини Сардорнинг маблағи эвазига қайта сотиб олиб берди. Ҳалол ва покиза иш юритиши учун шароит яратиб қайтиб кетди. Уларнинг бу кўмагидан руҳланган Толиб ростдан ислоҳ бўлишга ошиқди, ҳатто қариндошлик силаси узилиб кетган тоғасини ўшандан бери бир неча бор зиёрат қилгани борди. Унинг тоғасидан бошқа ҳеч кимиси йўқ эди. Шунинг учун унинг уйидан бевошлик билан шаҳарга қочиб келган, тоғаси билан алоқани узиб ташлаган эди. Аммо тоғаси опасидан қолган ягона жиянининг доғида куюб ёнар, ўзининг сирдоши ва яқини деб эътибор қилган Мушфиққа уни шаҳарга борганда тинмай хабар олдириб турарди. Бечора тоғанинг куюнишлари-ю, жияни ҳақидаги дарду-ҳасратлари беҳуда кетмади. Меҳрибон Аллоҳ Сардор ва Мушфиқ сингари кўнгли эзгуликка мойил кишиларни уларга рўбарў этиб, ишларини ўнгидан келишини насиб этди. Энди бу кишиларнинг адади ошиб, бошқа бир инсоннинг ислоҳи учун енг шимаришмоқда.

- - -