Адоватнинг қора излари

Зарур танлов (9)

1401 Ko'rilgan Адоватнинг қора излари

Зарур танлов (9)

Мушфиқ Ашрафларнинг хонадонига куёв бўлишидан аввал Сардор билан борди-келдиси бор йигит эди. Бир неча йиллар муқаддам Мушфиқнинг онаси Сардорнинг онаси тарафдан бўлган момоси билан дугона эдилар. Борди-келдилари илиқ эди, дунё эвазига эмас, ёшликдан оғир ва машаққатли кунларни кечириб улғайишгани учун қалин дугона бўлгандилар. Бу иноқлик ичида улғайган Сардорнинг онаси Мушфиқнинг онасини жуда яхши кўрарди. Шаҳарга ўқишга келгач ўзи зиёли бўлди ва зиёли кимса бўлган Сардорнинг отасига турмушга чиқди. Онаси ўтиб кетгач, уйига кам борса ҳам, барчасида Мушфиқнинг онасини кўриб, хабар олиб қайтарди.

Мушфиқ улғайиб, мактабни битиргунича бир неча ака-сингиллари оламдан ўтиб, фақат ўзи ёлғиз қарилик ёшига келиб улгурган онасига дастёр бўлиб қолди. Шунга қарамай Сардорнинг танишлари қўлида таҳсил олиб, ўз манзилига яқин ўринга иш қилишга ўтди. У уйига қайтиб иш бошлаган вақтда Ашраф ҳали Сардор билан танишмаган эди. Мушфиқ уйланишга тараддуд кўраётганини билган Сардор уйларига яқин жойда Ашраф исмли йигитда бўйига етган синглиси бор эканлиги, уларнинг хонадонига куёв бўлиш яхшилик бўлишини тавсия қилган эди.

   Мана ҳозир машинаси рулида қайниукаси Аҳрор билан шаҳар сари кетиб бораётган Мушфиқ ўтмиш кечмишларини бир-бир кўз ўнгидан ўтказиб борарди. Зулфияга уйланадиган кезлари бир кун кечқурун Сардор тасодифан уларникига кириб келди. Мушфиқнинг онаси билан ҳол-аҳвол сўрашиб, онасидан салом етказди ва Мушфиқни кўчага етаклаб олиб чиқди. Машинасига ўтиришгач, Мушфиққа деди:

-Мушфиқий укам, сенга тайинлайдиган ишим бор! Яратган Аллоҳга ва унинг ҳузурида жавоб беришингга ишониб яшаётганинг учун агар ажрга ишлаш ниятинг бўлса, савобли ишларга қўл уришни истайсанми?

    Сардор ўзидан кичик ёшдагиларга нисбатан “ий” калимасини қўшиб айтишни суяди. Шунинг учун Ашрафни “Ашрафий”, Мушфиқни эса “Мушфиқий” деб атайди. Мушфиқ ўзини яқин олиб, ўзига ишонч билан савобли ишлар таклифини айтаётган Сардорнинг сўзидан суюниб кетди.

-Субханаллоҳ, қандаям яхши фикр! Аллоҳ қодир қилса, албатта ажрли ишни қилиш жуда гўзал-ку!

-Гап бундай, Мушфиқий укам! Сен куёв бўлаётган хонадондаги келиннинг акаси Ашраф – менинг яқин укам бўлади! У етимликда ўсган, унинг укалари ҳам! Ундан ҳалол, покиза ва бировнинг ҳаққидан эҳтиёт бўладиган, ҳамда Аллоҳга итоатли кимсани кўрмаганман! Мен уни шу қадар яхши кўраманки, кечалари уйғониб кетсам ҳам Ашраф тинчмикин деб оромим бузилади. Бу Аллоҳнинг менинг қалбимга солган инъоми деб биламан, мен Ашрафни Аллоҳ учун яхши кўраман! Шунинг учун уларнинг оиласини мен то шу ҳаётда тирик эканман, ҳеч қандай машаққатга туширмайман деб, аҳд этганман!

-Мени ҳам ука қатори, онамни ҳам она қатори яхши кўриб, кўп ёрдамлар қилиб келяпсиз! Сизнинг ажрга интилишингизни кўриб, менинг ҳам ҳавасим келади ака!

-Сен менинг момом ва онамнинг яқинларисизлар, нурим зиёдалиги учун сизлар билан аҳил бўлишим ўзи аниқ! Аммо Ашрафнинг ва унинг ортида турган уч-тўрт кишини ўйлаб иш кўриш мен учун катта имтиҳондир, сен бола гапимни бўлмай эшит!

   Сардор “сен бола” калимасини аччиғи келганда истеъмол қилишини Мушфиқ яхши билгани учун, у гапириб бўлгунича жим бўлиб, сукут сақлашга аҳд этди. Бошини ирғаб, Сардорга гапираверинг деган маънода қараб қўйди.

-Ашраф мендан онаси ўгай эканлигини ҳам, Аброр исмли укасининг ҳам ўгай эканлигини яшириб келарди. Айтмагани яхши, уларнинг ўзиникидек, унданда зиёда қараши менинг юрак-бағримни эзиб ташлаган. Аммо гап унинг укаси – Аҳрорда! Унинг мактабида мен тайинлаб қўйган бир-икки танишларим бор. Улар орқали кўп маълумотларни билиб турганим учун, яқиндан бери кўнглим хижил. Укаси Аҳрор можаро чиқарадиган қилиқ чиқарганмиш, гапнинг қисқаси энди сен уйлангач менинг улар оиласи атрофидаги кўз-қулоғимга айланасан, нима гап, нима иш бўлса мени хабардор қиласан! Ашрафга ва унинг синглисига билдирмаган ҳолда жиддий тадбирлар билан уларнинг хонадонига Яратганнинг ўзидан сўраб, эзгулик киришига ҳаракт қиламиз, келишдикми Мушфиқий ука?!

-Келишдик! Сизнинг зийраклигингиз, узоқни кўриб, иш кўришингизни эҳтиром қиламан ака! Агар ҳозирги ҳолатда сиз мендан-да фақир бир кимса бўлганингизда ҳам – бу қилаётган самимий тадбирингиз олдида албатта сизга итоат этардим! Кўнглингиз тўқ бўлсин, албатта шу хонадон аҳлига албатта эзгулик келиши йўлида Аллоҳ берган барча жидду-жаҳдим билан меҳнат қилишга сизга ваъда бераман ака!

   Мушфиқ ўйлар билан машинани бошқариб келаркан, зимдан Аҳрорга қараб қўйди. Унинг атрофда тадбир ила қилиниб келаётган ишлар билан мутлақо хаёли паришон эди. У шаҳарга келдим, акамдан қутилдим деб ўйлар, ҳоҳлаган ишимни қиламан деб, фикр қиларди. Билмайди-ки, уни тасодифан ишим бор эди, деб олиб кетаётган поччаси унинг тегирмон тошидан-да мушкулроқ айлантирувчи ишлар силсилага ташлаш учун олиб келарди.

- - -