Адоватнинг қора излари

Эгилган тол эгрилиги (8)

1515 Ko'rilgan Адоватнинг қора излари

Эгилган тол эгрилиги (8)

Аҳрорнинг ўша кунги режалари барбод бўлди. Акаси ва поччасини бу қадар орқасидан тушиб, каттакон шаҳардан ўзини топа олишини тасаввур ҳам қилмаган эди. Кеча акасининг уйига борганда уни соғинганини айтиб, у ерда тунаб қолмоқчи ва оғайнисини баҳона қилиб Ашрафдан пул ундирмоқчи эди. Аммо акаси уйига кетганини эшитиб, пайтавасига қурт тушди. Оғайнисига тезроқ бу ердан кетишлари зарурлигини айтди.

-Оғайни бу ердан жуфтакни ростламасак бўлмайди энди.

-Нималар деяпсан, ахир мендан қарзинг бор?! Уйингдан йиғиштириб келган бор нарсаларинг илгари кунги ютқазишингаёқ етмай қолди-ку, хумпар!

-Хумпарлама, ҳоҳласам қарзимни бериб бўлгандан сўнг сендан нари кетаман!

-Бекорларни айтипсан, қарзингни тўлагандан кейин шаҳардаги уйингда катта зиёфат қилиб бераман дегансан, ёдингдан кўтарилдими? Агар айтганингдан тониб кўрчи, бу шаҳардан фақат мурданг кетади.

-Бўлди-бўлди ваҳима қилма, нима қилиш керак айт! Мана кўрдинг акам йўқ экан.

-Аканг йўқ бўлса ишхонаси бор!

-Ҳозир кечки пайт, эртага борсак акам унгача келиб қолсачи?

-Ахир ҳозир айнан ўзининг олдига келдинг-ку, нега энди келиб қолади деб қўрқаяпсан?

-Ўзини учратганимизда уйдагилардан сўраб келдим, сизни хабар олгани дея, сенинг ҳолатинг танглигини айтиб пул олардик. Энди бўлса у уйга боргач, менинг уч-тўрт кундан бери йўқлигимни билса борми, мени излашга тушади.

-Излайверсин, лекин сен ундан қўрқиб ўтирсанг қарзингдан ҳам қутулмайсан, кейин мен сени тинч қўймайман. Шаҳарлик акаларимни биласан-а, агар уларга бир ишора қилсам сени қийма-қийма қилиб ташлашади.

   Инсон боласи жуда нотавондир, айниқса ҳақ йўлдан тойган инсон ҳаёт сўқмоқларида юришдан қоқилади. Аммо ўзини расо юрган деб ҳисоблайди. Аҳрор Аброрга ўчакишиб юриб, ўзини расо юрувчи деб ҳисобларди. Нима хатога йўл қўйса дарров мутаҳамлик йўлини тутиб, ўзини ўгай фарзандга чиқарар, натижада Аброрнигина эмас, Васиқани ҳам ҳижолатчиликка туширадиган бўлди. Ўшандай мутаҳамлиги акаси ва опасигагина ўтмаслигини пайқай бошлаган Аҳрор улар олдида сипо кўринсада, Васиқанинг олдида Ашраф таъриф бергандек арзандага айланган эди.

   Оқибати гувоҳи бўлинаётгандек, разиллик тўрига илинган уядек қалтис томонга бурилган эди. Ўқиш ва манфаатли ишга бериладиган паллада Аҳрор исқиртлар домига тушиб, бор топганини ва уйидагиларнинг нарсаларига ҳам чанг соладиган мавқеъга етиб келган эди. Унинг хаёли фақат ўйин-кулги ва енгил ҳаёт ўтказишга қаратилган эди. Намоз тугул, қўлига китоб ушлашни жини суймас, акасими, опасими ким унга насиҳат этса, ичи тилка-пора бўлиб, эриниш ҳисси ғолиб келарди. Қани энди ўша насиҳатлар чоғи қулоғига пахта тиқиб олса ёки умуман унга биров насиҳат қилмаса! Баъзида опасини ҳам менсимай урушиб берган кунлари бўлди, лекин акамга айтиб қўймасин деган хавф остида ундан номига кечирим сўраб, қутилиш йўлини топди. Акаси Ашрафни ҳам жини суймайди, аммо тирикчилик манбайининг асоси у эканлиги важҳидан-ла уни тан оладиганга солади ўзини.

   Ашраф ва Мушфиқ уни олдиларига солиб, шаҳардан уйлари томон йўл олишди. Йўлда кетиб боришаркан Ашраф укасига бир сўз дейишга ожиз эди. У энди ўнгланиш кўчасига кириб, тузаладими ёки қинғир-қийшиқ бўлган ўзининг иддаосига кўчадими унга аниқ эмас. Машинада Мушфиқ борлиги ҳам унинг Аҳрорга гапиришга бўлган раъйини қайтариб турарди. Уйга етгунига қадар улар сукутга чўмган ҳолда кетишди. Ашраф ўзига-ўзи Аҳрорга фақат энг охирги насиҳат сўзидан бошқа сўз айтмасликка аҳд қилди.

   Ўшандан сўнг икки ойлар чамаси вақт ўтиб Васиқанинг қийин-қистови билан Ашраф уйланди. У ўттиз ёшигача фақат ўқиб, ишлаш орзусида эди. Аммо онажонисининг йиғи аралаш уни уйлашга бўлган тиришуви ғолиб келиб, Ашраф ўз мақсадидан чекинди.

   Янги келган янги келинчак Васиқа кутганидан ҳам салоҳиятли чиқди. Бирам ширин сўз, бирам меҳрибон, ҳамиша Васиқанинг ўнг қанотидек парвозга шай. Ашраф ўзининг тўй муносабати билан олган таътили охирлагач, ишга шайланмоқчи бўлиб турганида Сардор унга телефон қилиб қолди. Аввалгидек уй телефонида эмас, янги уяли деб номланган қўл телефони истеъмолга кирган бўлиб, Сардор ундан фойдаланишга ўтган эди.

-Ассалому алайкум Ашрафий укам, куёв тўра юрибсанми? Уйингдагилар, онахонимиз ҳам соғ-саломатмилар?

-Ва алайкум ассалам, ҳаммамиз яхшимиз, ўзингиз ва хонадонингиз аҳли ҳам тинчми? Бугун тушдан сўнг йўлга чиқмоқчи эдим, офисингизда бўласизми?

-Йўқ, сенга бир янгилик бор! Сизлар томонга чет эллик ҳамкорларимиз билан бирга янги корхона очмоқчи эдик. Ўн кундан бери шуни муҳокама қилаётгандим. Сенга туҳфа бўлсин деб, иш ўнгидан келгунча айтмаган эдим. Шокирдан бугун йўлга чиқишингни эшитибоқ, бу ерга овора бўлиб келиб юрма, эртага тонгда мен меҳмонларни олиб сизларникига борамиз, хўпми?! Кўёв паловни тайёрлаб туравер укам! Онажонингга суюнчли хабарни айтиб кўнглини кўтаравер, доим олдида бўлишингни истардилар, иншааллоҳ ишинг ўша ердан бўладиган бўлди, оиланг даврасида қўним топасан энди!

-Рахмат ака, анча шод бўлишимга сабаб бўлдингиз, айниқса бу хабарни онажоним эшитсалар сизга яна тинмай дуода бўлишга киришадилар!

-Жуда яхши, муҳтарама оналаримиздан дуо олишимизга нима етсин Ашрафий укам, суюнчли хабарни айтавер, тинч бўл! Кўришгунча Аллоҳга омонат!

-Майли, майли! Аллоҳга омонат, сиз ҳам тинч бўлинг!

    Ўша куни хонадон ичи ҳақиқатан шодликка тўлди. Ашраф машинасида бориб синглиси Зулфияни, куёви ва жиянини уйларига олиб келди. Салима холани ҳам ҳай-ҳайлаганига ҳам қарамасдан олиб чиқишди. Ҳамма хурсанд, эрталаб келажак меҳмонлар учун баъзи тайёргарлик ишлари кечга бориб бошланиб кетди. Доимо бу хонадон оддий меҳмон келса ҳам хурсандчиликка бурканади. Меҳмон ким бўлишидан қатъий назар, уларнинг кўнглини топиш учун меҳнатга қўл урилади. Гуруч курмаксиз бўлмайди деганларидек бу шодликка тўлган хонадонда фақат Аҳрор хурсанд эмасди. У зоҳиран оила кишиларига қўшилиб, шод бўлсада аввало акасининг уйда доимий қолиши хабари уни қаттиқ ранжитган эди.

    У шаҳардан қайтгандан кейин акасига бўлган нафрати ошиб бориб, адоватга айланган эди. Уни шаҳарда кўзлаб турган “ҳаёти”дан маҳрум қилгани ва Шокирдан олган пулнинг тўрт ярим мингчасини қайтариб олиб қўйгани уни аламзада бўлиш ботқоғига боткизиб қўйган эди. У акасига нисбатан пинҳоний курашишдан бошқа иложи йўқлигини англаб етган эди. Акаси унга аввалгидек муомала қилмас, жиддийликка ўтган эди. Уни намозда мустаҳкам бўлишини, хуфтондан сўнг кўчада юрмаслигини, алоқага чиқаётган ўртоқлари билан унинг изнисиз кўришмаслигини интизом қилиб қўйган эди. Аҳрор бу интизом Ашраф кетиши билан барбод бўлади деб ишонарди. Энди эса унинг шу ерда корхона очиб, шу ерда яшаб, ишлаши Аҳрорнинг қалбида безовталикни келтириб чиқарди.

    Эртаси куни меҳмонлар келиб, ўзларига мос ерларни кўздан кечиришди. Бир тўхтамга келишиб, Ашрафнинг уйига меҳмондорчиликка киришди. Улар кузайдиган пайтда Сардор Ашрафнинг қўлтиғидан тутиб, деди:

-Ашрафий укам, сенга бир илтимосим бор! Хўп десанг айтаман!

-Майли ака, бемалол айтаверинг! Бажонидил бажараман, агар имконим бўлса!

-Аҳрор укангни ҳужжатларини шу уч кун ичида тўғрилаб, мени олдимга жўнатсанг, у ўқишга кирмоқчи экан!

-Менга айтган эди, онажонимнинг олдиларида турсин деб унамаган эдим.

   Ашраф Аҳрорни айнан нима учун шаҳарга жўнатмагани борасидаги қасдини Сардордан яширди. Чунки шунча пайтдан бери Ашраф уйи ичида келаётган ғалаённи тилга олмаган эди. Сардор Аҳрорни ҳам Абрордек кўриб, унинг қўйнига қўл солганида, бу вақтни ўзи учун фойдаланишга катта бир имконият деб билган Аҳрорга қўл келди. Ўзини ўқувга қизиқувчи қилиб кўрсатиб, акамдан розилик олсангиз, фақат сизга унайди, деб айтган эди.

-Онахонимиз энди ўзлари якка эмаслар, сен борсан ва келинчак ҳам бор. Аҳрорни эса жўнатмасанг бўлмайди. Мен унга сўз бердим, укам.

   Бироз ўйланишдан кейин Ашраф укасини шаҳарга жўнатишга ваъда берди. Сўнг Сардорга деди:

-Сардор ака, сиздан қолар гап йўқ Аҳрорнинг қони қайнаган айни палла. Уни жўнатиб юбориб, жуда хавотир оламан деб ўйлайман!

-Нега хавотир оласан, ахир у ёш бола эмас-ку. Бемалол мустақил ҳаёт кечиришга ўрганиши керак-ку!

-Тўғри лекин, у – шўх! Уни сиз яхши билмайсиз! Бирон ножўя ҳатти-ҳаракат қилиб сизни ранжитиб, орамизга совуқчилик тушириб қўймасин деяпман-да Сардор ака!

-Сен ундан умуман ҳижолат бўлма, иккаламиз ўртасидаги совуқчиликка келсак, Ашрафий укам анави олисда турган қорли тоғлар агар орамизга тўғаноқ бўлиб, оқиб тушса ҳам мен сенга ҳечам кўнглим совимайди. Аҳрорни мен таклиф қилдимми, унинг барча кирдикорлари ҳам менинг бўйнимга!

   Гапини тамомлагинини билдириш учун Сардор ўнг қўлини Ашрафга узатди.Ашраф унинг қўлини ушлаб қаттиқ қисди. Сардор нарида ўзини кутиб турган меҳмонлар олдига бориб, улар билан бирга келган машиналарига ўтиришиб, шаҳарга жўнаб кетишди. Ашраф уларнинг ортидан қараганича хаёлга толди. Сардорнинг ишонч билан айтган гапларини синчиклаб хотирасидан ўтказди.

   Ашраф Сардор билан келишишига мувофиқ, Аҳрорга керакли ҳужжатларни таёрлаб, эртасига жўнатмоқчи бўлиб турган эди. Мушфиқ уларникига келиб қолди.

-Ашраф агар рухсат берсангиз Аҳрорни мен шаҳаргача ола кетсам, кейинги ҳафта шаҳарга борадиган ишим бор эди ўзи. Зулфиядан Аҳрор кетаётганини эшитиб, ишларимни эртароққа силжитдим.

-Майли яхши бўларди, бўлмасам эрталаб келсангиз, Аҳрор иккалангларни вокзалга ташлаб қўяман.

-Йўқ! Зарурати йўқ овора бўлишни, кеча янги машина харид қилиб олган эдим.

-Ие, Аллоҳ муборак қилсин! Қутлуғ бўлсин, яхши кунларга мининг!

-Рахмат, бўлмаса эрталаб ўзим келаман!

-Мушфиқ таом ҳам тайёр бўлаётган эди, биргалашиб овқатлансак бўларди.

-Бошқа сафар, мен машинанинг ҳужжатларини сотувчидан ҳозир олишим зарур эди. Бўпти яхши қолинг!

- - -