Адоватнинг қора излари

Ҳаёт сўқмоқлари (7)

1553 Ko'rilgan Адоватнинг қора излари

Ҳаёт сўқмоқлари (7)

Аброрни йўқотишдан сўнг уч-тўрт йил ўтган бўлсада, унинг ўлими воқеаси унга сирлигича қолди. Шокир уни уйига олиб борган куни, уйда йиғлаб ўтирган Васиқани, синглиси Зулфияни аёлларга ажратилган хонада кўрди. Васиқанинг ҳоли жуда ачинарли эди, лекин унга далда берувчи Салима хола борлиги анча манфаат бериб, мусибатга чидашни енгил ўтишини таъминларди. Васиқанинг иккинчи томонида эса Зулфия ўзи туққан қиздан-да меҳрибонлик қилиб, Аброрнинг фироқидан кўзи қизарганича намланиб турарди. У Васиқа, синглиси ва Салима хола билан таъзиялашиб, Аброрнинг

мурдасини кўрмоқчи бўлди. У Аброр қаердалигини сўраган пайт, Зулфиянинг эри Мушфиқ уни ташқаридаги супа тараф бошлаб, Аброрнинг автоҳалокатда мурдаси тошқин дарёдан ҳали-бери топилмаганини айтди. Ташқари томондан одамлар келиши уларга ҳалақит бермаслиги учун Мушфиқ Ашрафни ҳеч ким йўқ уйга етаклади. Хаёли ўзида бўлмаган Ашраф унга унсиз эргашди. Иккови тенгқур эдилар, Мушфиқ ҳам ўқимишли, саводли йигит эди. Уйида қария онаси борлиги учун шаҳардан онасининг олдига ўқишидан сўнг қайтиб келган эди. Баъзи тижорат ишлари билан машғул эди.

   Мушфиқ Ашрафнинг елкасига яқин дўстлардек қоқиб аввал сабр тилади. Унинг айтишича, Аброр кечаги куни эрталаб Зулфияни соғинганини айтиб, уни кўргани борган. Мушфиқларнинг уйи тошқин дарёдан қияликларни босиб ўтувчи томонда эди. Аброр қайтишда Мушфиқнинг машинасини ҳайдаб кўриш учун олган. У томонларда одам сийрак бўлгани учун машинани ҳужжатсиз ҳам миниш мумкин деб ўйлаган Аброр поччасининг машинасини қайтиб келаман деб олган ва дарё томон тез ҳайдаб бориб, бурилиш ўрнида рулни бошқара олмай қолиб, қияликдан пастга, тошқин дарёга қулаган. У ҳалокатга йўлиққан кезда атрофда одамлар бўлмаган. Аброр қайтиб Мушфиқларнинг уйларига қайтавермагач, хавотирга тушган Зулфия эрига уни орқасидан бориб келишини илтимос қилгач, у йўлга тушиб етиб келса машина дарё ичида ағдарилиб-тўнтарилиб, анча жойгача кетиб улгурган экан.

   Ўзини сувга отиб, машина томон сузиб борган Мушфиқ машинанинг ичидан Аброрни топа олмапти. Қўшни қишлоқдан одамларни йиғиб келиб, машинани чиқаришганида машинанинг барча ойналари чил-чил синган эди. Мушфиқ унинг ичида одам бор эди деб қичқирибди. Кун қорайгунга қадар дарёни кўплашиб излаб, ҳеч қандай натижага эришолмаптилар. Кечқурун йиғилганлар эрталаб, Ашрафга хабар бериш кераклигини айтибдилар.

   Ашраф Мушфиқдан ўша тафсилотларни эшитганидан сўнг қалбига икки илиқлик киргандек бўлди. Биринчиси; Аброрнинг тирик қолиш эҳтимоли бор-ку деб ўйлаган бўлса, иккинчидан; Аҳрор билан урушиб-жанжаллашган бўлса ўшанинг ортидан Аҳрор бирор бир иш кўрсатмадимикан деб, хавотирланган эди.

   Дарёда Аброрни излаш ишлари бир неча кун давом этганига қарамасдан бирон-бир янгиликка эга бўлмадилар. Атрофдаги катта ёшли оқсоқоллар бундай иш бу атрофда бир-икки бўлганини айтишиб, уларни ҳам ҳафталаб топиша олмаганини, сўнг уларни ҳалок бўлган деб эътибор қилишганини айтишгач, Ашрафлар хонадони ҳам Аброрга мотам қилишди. Ўша кунлари Зулфия кўзи ёригач, унинг ўғилчасига акаси Аброр деб исм қўйди. Бу ҳол барчанинг дилида Аброрга бўлган муҳаббатни жиловлантирган бўлсада, Васиқанинг кўзлари лиққа ёшга тўлдирди. Чунки, Ашраф Васиқанинг ўғли Аброрга бўлган меҳрини яна бир бор жонли тарзда, яъни жиянига исм танлашда ҳис қилган бўлди.

   Ашрафнинг қалбига энг оро кирган кимса Сардор бўлди. У ўзи ваъда қилганидек Ашраф ва Шокир келганнинг эртасига етиб келган эди. Дарё атрофидаги қидирув ишларида жонбозлик кўрсатди. Шаҳардаги танишларига қўнғироқ қилиб, Аброрни дарёдан топиш ишларидаги имкон етгулик барча тадбирларни қилди. Унинг топилишидан умид узилиб, оқсоқолларнинг насиҳатларига қулоқ солинган куни Ашрафни бағрига қаттиқ босиб, унга яна қайтадан сабр тилади. Албатта келажакда катта яхшиликка етишини қайта-қайта айтиб, шаҳарга жўнади.

   Ашрафнинг атрофидагилардан Аброрнинг фалокат воқеаси фақатгина Аҳрорнигина шод қилган эди. Аммо у буни бировларга билдирмаслик учун қаттиқ ҳаракат қилди. Акаси шаҳардан келиб, ўзини йўқотаётган кезда бадани қаттиқ қалтиради. Поччаси Мушфиқ барча воқеани акасига тушунтириб бўлгач, енгил тин олган бўлди. Аброрнинг ҳар қандай кўргилигини ўзидан ҳисоблашларидан ҳадиксираган Аҳрорнинг юраги энди қўрқувдан халос бўлган, аксинча ўзига хонадон ичида рақобат қолмаганидан суюнар эди.

   Ашраф шаҳарга юмушига қайтганидан кейин ҳам Аброрга бўлган хотиралар уммонидан қутила олмади. Ҳар қачон уни эсласа юраги тирналар, айрилиқнинг охири дийдорсиз тугаганини эсаласа, кўзи намланишга тушарди. Яхшиямки, сабр аталмиш неъмат қилиб берилган, ўшани қалбда ушлаб туриш орқали машаққатларни енгишга уринарди Ашраф.

   Кунларнинг бирида уйидан келган хабар уни таҳликага солди. Уч-тўрт йил Аброрсиз ўтаётган паллаларнинг янги синовли лаҳзалари Ашрафларнинг хонадонини яна ларзага солди. Бу гал унинг хонасида турадиган телефон рақамига синглиси Зулфия қўнғироқ қилди.

-Ассаламу алайкум акажон, яхши ишлаб юрипсими, тани-жонингиз яхшими?

-Ва алайкум ассалам, Зулфия ўзинг яхшимисан?! Аллоҳга шукр мен яхшиман, Мушфиқ ва жиянчам Аброр ҳам яхшими?

-Рахмат, ҳамма яхши фақат бир хабар бор эди, шуни онажоним сизга етказишимни илтимос қилувдилар...

-Майли айт, онажонимизга ҳар доим нима сўз, нима янгилик бўлса менга дарҳол етказинглар деб айтаман! Айтавер Зулфия нима гап, нима хабар?

-Анави укамиз Аҳрор жуда қалтис бедодликни бошлабди-да, акажон. Агар ишдан рухсат ололсангиз, уйга келганингизда гаплашиб, маслаҳат қилардик, ҳозир телефонда айтишга ҳам журъат қила олмаяпман! Жон акажон имконият топиб келсангиз, ишни эртароқ муҳокама қилсак бўларди.

   Гап ҳали тўла ниҳоясига етмай, телефон алоқаси тинғиллаб узилди. Ашраф гўшакни олиб, қайта синглисига телефон қилмоқчи бўлди. Лекин уйида нима иш ўтгани, айнан ўша хабарнинг Аҳрорга хос иш эканлиги уни исканжалар гирдобига сола бошлагани учун, Сардорга уйига зудлик билан бориб келиши зарурлигини айтиб, йўлга отланди.

   Ашраф уйига етиб келиб кирганида Зулфия Васиқага дори ичирар, Васиқа тўшакка михланиб, ҳарорати жуда кўтарилган алфозда эди. Ашрафнинг келганини кўриб, базўр ўзини унга қаратиб гапирди.

-Келинг болам, сизни ҳам тинч ишлашга қўймай безовта қиляпмиз!

-Ўрнингиздан силжиманг онажон, нима бўлди! Аллоҳнинг ўзи дардингизга шифо берсин! Зулфия яхшимисан, нималар бўлаяпти ўзи уйимизда, тинчликми?! Аҳрор қани?

-Аброримизни йўқотганимиз етмагандек, энди Аҳроржонни ҳам йўқотиб олмасак-да болам, мана тўрт кундан бери ундан дарак йўқ, - дея йиғлашга тушди Васиқа.

-Ҳижолат бўлманг, мана акам ҳам келди, энди ором олиб, ухлаб олинг! Ҳамма иш Аллоҳимизнинг иродасига боғлиқ, буни ўзингиз бизга такрор-такрор айтасиз-ку ойижон, сабр қилайлик! – деб акаси Ашрафга юринг ташқарига деган ишорани қилган бўлди Зулфия.

   Улар ташқарига чиқишганида, ҳаво томчилаб ёға бошлаган эди. Ажойиб шабада билан аралашиб ёғаётган ёмғирнинг майда томчилари кўнгилга қанчалик ёқимли бўлмасин, ҳозирги ғамлар юракларни музликлар тоғ чўққиларини қоплагандек эгаллаб турган паллада тоимас даражада эди.

-Онажонимизга ҳали аниқ воқеа тафсилотини айтмадик, куёвим шундай деб айтгани учун, чурқ этмаслик кераклигини билиб, шунга амал қилаяпман акажон!

-Нима бўлди ўзи Аҳрорга, Мушфиқнинг ўзи қани?!

- Тўрт кун олдин, Аҳрор онажонимизнинг барча буюмларини олиб чиқиб кетганича ғойиб бўлган. Уни онажонимиз биринчи сизнинг олдингизга кетган деб ўйлаган экан. Кечқурун куёвим аниқлаб билишича, Аҳрор гиёҳвандчиликка берилиб кетгани, ўша истаган беманигарчилигига етишиш учун уйдаги буюмларни олиб чиқиб кетгани маълум бўлди. Куёв болангиз Аҳрорнинг ўзи қаердалигини билиш учун кетган!

-Наҳотки мактабни тугаллаш палласида турган йигит гиёҳванд-исқиртга айланиб улгурган бўлса?! Аввалроқ бунинг шарпасини билмаган эдингларми?

-Мен-ку эрим айтиб келаётган сўзлардан илғар эдим. Аммо бундан онажонимизнинг хабарлари йўқ. Шунинг учун ҳам унга ғам қилиб, унинг йўқолишини ўзидан аразлаш деб билиб, тўшакка ётиб қолдилар.

-Нега ўзидан деб ғам қиладилар?!

-Аҳрорни ўгай деб сиғдирмаган деган ёмон сўзларни ўйлаб ғам қилдилар-да!

-Ахир биз ҳеч қачон ундай демаймиз-ку, Зулфия!

-Биз демаймиз, аммо Аҳрор ўша кетишидан олдин онажонимга ғавғо кўтариб, “Сизга фақат Ашраф акам топиб келаётган маблағ ва буюмлар керак холос. Бўлмасам сиз бизни аллақачон ўгай деб тарк этган  бўлардингиз”, деб ғалва қилган. Онажонимиз эса “Вой Аҳроржон болам ундай деманг, Ашрафжоним хафа бўлмасин деб-ла унинг нарсаларини қабул қиламан холос! Мана агар ўша нарсалар керак бўлса турибди, болам! Уларни фақат сизларнинг эртангиз деб олиб қўйганман холос”, дебди. Ўшандан сўнг ўшаларни олиб, у уйдан ғойиб бўлган. Шунинг учун онажонимиз Аҳрор мендан аразлаб кетган деб гумонланавериб, йиқилиб қолдилар.

-Ҳа тентак бола-я, ана шундай ғамхўр онани тўшакка михлаб, қаерларда тентираб юрипти экан-а?! Гиёҳвандлик қилиб ким рўшнолик топибди-ки, энди бу аҳмоқ шунинг ортидан яхшиликка етишса?! Зулфия, синглим унинг хабарини олдинроқ билган экансан, нега айтмаган эдинг менга?

-Шу сафар келишингизда аниқ айтмоқчи эдим, бу кўргуликни тез ривожланиб кетади деб, ўйламаган эдим.

    Ака ва сингил яна дардлашиб, укалари ҳақида қайғуришиб ўтиришди. Ичкари хонадан кичкина Аброрнинг йиғлаган товуши эшитилди. У тоғаси Ашраф келганида ғарқ уйқуда эди. Энди уйғонган шекили, онаси ёнида йўқлигиданми йиғисини баралла кўтара бошлади. Кечки пайт Мушфиқ келгач анча нарсаларга ойдинлик киргандек бўлди. Унинг эътироф этишича, Аҳрор шу ерлик газандалардан бири билан бирга шаҳарга кетиб, марказроқ ерга жойлашганмиш.

-Мушфиқ, нега у айнан шаҳарга кетган деб ўйлайсиз?

-Айнан сиз борлигингиз учун, негаки унинг барча уйдан олиб чиқиб кетган нарсалари тамом бўлган. Баъзи нарсаларни ўша бирга кетган ҳамтовоғидан гаровга олиб турган. Сизнинг хабарингиз йўқлигидан фойдаланган ҳолда ўша болани қийналиб қолган деб сизга рўкач қилиб пул олмоқчи экан.

-Мени излаб ўтса, мен бўлмасам қаерларда юрипти экан у ?!

-Бугун топа олмаса, эртага яна ўтар. Шунинг учун бугун барчамиз онажонимизнинг хонадонида қолсак, унинг дардига малҳам бўлиб турсак нима дейсизлар?! Иншааллоҳ эртага эрталаб йўлга чиқсанглар, шаҳарга етиб бориб, уни қидириб топарсизлар ёки унинг ўзи сизларни излаб келар!

    Зулфиянинг бу маслаҳати Ашрафга ҳам, Мушфиққа ҳам маъқул келди. Улар ўша куни ўша ерда тунашиб, эрталаб Васиқанинг кўнглини кўтаришиб, йўлга тушишди. Аввал уйига, сўнг ишхонасига учрагани кетаётган Ашраф билан Мушфиқни Шокир бекатга яқин ерда қўл силтаб тўхтатди.

-Шокир ассаламу алайкум, нима қиляпсан бекатда?

-Ҳозир укангиз Аҳрорни кузатиб, ишхонага қайтмоқчи бўлиб турган эдим.

-Аҳрорни...

   Ашраф машинасини йўл чеккасига тўхтатаркан, Мушфиқ билан кўз уриштирди. Шокирни эса орқа эшикни очиб, чиқишга чақирди. Шокир йўл четидан юриб келиб, уларнинг орқасидаги ўриндиққа жойлашди. Ашраф машинасини юргиза туриб, Шокирдан сўради:

-Мени сўрадими?

-Ҳа, сўраган эди Сардор акамга қўнғироқ қилиб, укангиз келганини айтсам, сизни уйингизга жавоб сўраб кетди, нима иши бўлса сен битириб бериб қўй деб, тайинладилар.

-Қанақа иш?

-Бир оғайнисининг бошига мушкул иш тушиб, сиз йўлга чиққанингизда улар шаҳарга келишган экан, эрталаб саҳар ишхонага келишиб, янги олган уйингизда сизни топиша олмагач мени йўлиқтиришиб айтган эди. Ҳижолат бўлманг ишни битириб бердим, айтган маблағидан зиёда берган эдим, бошлари осмонга етган ҳолда, менга ва Сардор акага ташаккурлар айтган ҳолда кетишди.

    Ишхона олдида тўхтаган Ашрафнинг хаёли тўзиб кетган бўлсада, базўр Шокирга жилмайиб, деди:

-Рахмат оғайни, менинг йўқлигимни билдирмай укамнинг ишини битириб жўнатибсан! Улар қайси томонга, қанча берган пулинг билан кетишди?

-Бозор томонга кетишди-ёв, беш минг доллар бердим...

   Шокир гапини тамомламасидан олдинроқ, бозорга тез етишни қасд қилиб турган Ашраф унга бошини қимирлатиб, хайрлашгандек ўзини кўрсатиб, машинани ўрнидан қўзғотди. Машинани зудлик билан ҳайдаб бораркан, Мушфиқ унга гапира бошлади.

-Аҳрорни нега келганини билдирмай яхши қилдингиз! Одамлар ичида яхши ҳам бор-ку, лекин ёмони ҳам дегандек.

-Шокир яхши бола, менга ҳеч ёмонлиги тегмаган. Лекин соддадил бола, одамнинг айтганига ишонувчан. Шунинг учун мени эътибор қилиб, чурвақалар сўраган беш мингни бериб юборган. Билмайдики, у ёшдагиларга унча пул жуда кўплигини, менга аввал телефон қилиб мени хабардор қилишни ҳам ақлига келтирмаган.

   Улар бозор атрофига машинани тўхтатиб, Аҳрорни қандай излашни маслаҳат қилишди. Мушфиқ уларни бозордан тополмасликларини, ҳозир уларнинг марказда турадиган жойини аниқлаб билишини айтиб, телефон будкага кириб кетди. Орадан бироз вақт ўтгач, у чиқиб Ашрафни машина томон юришга чақирди.

-Аҳрор билан бирга юрган бола, яъни Толиб деган боланинг тоғаси менга таниш ва яқин одам. Кеча ҳам анча маълумотларни ўшандан ва бошқа танишларимдан билган эдим. Жиянининг турар жойини айтди, балки ўша ерга бориб суриштирсак бизга яна ҳам аниқроқ бўлар.

-Майли кетдик!

   Шаҳарнинг кўрки баланд-баланд қилиб солинган иморатлар билан янада ошган, кўчаларнинг чекаларидаги чиройли, сўлим боғлар ва гулзорлар унинг тароватига яна тароват қўшган эди. Аммо бу манзаралар саёқ уканинг дардида юрган Ашрафга тотимас эди. Улар Мушфиқ айтган манзилга етиб келгач, машинани тўхташ жойига жойлаштиришди. Кейин кўп қаватли уйларнинг рақамларига қараб-кузатиб, ўзларига керакли уйни топишди ва ўша уйга кира бошлашди. Иккинчи қаватга чиққанларида ўнг томондаги уйдан қийқириқ ва кулги товушлари эшитилди. Мушфиқ ўша уйнинг эшиги олдида тўхтаб, Ашрафдан сўради.

-Тугмачани босиб, ичкарига қўнғироқ қилаверайми ёки Аҳрорларни келишини кузатайликми?

-Тугмачани босаверинг, Аҳрорлар бу ерга қачон келади, балки келмас!

   Мушфиқ тугмачани босгандан сўнг ичкаридаги товушлар тинди. Кимдир ичкаридан эшик томон юриб келиб, ташқарини кўрсатиб берувчи кўзгудан қаради шекили, товуш чиқариб сўради.

-Кимсизлар, сизларга ким керак?

-Аҳрор чақирган эди бизни, улар бозорда қолишди.

    Ичкаридан ҳеч қандай акс-садо бўлмади. Орадан ўн дақиқача вақт ўтгандан сўнг ёши Аҳрорлардан каттароқ бўлган йигит эшикни очди. Унинг юзи чўтир юз бўлиб, Ашрафлар билан ҳоҳламайроқ қўл узатиб кўришди. Хунук эснаш билан оғзини очиб, эшикни туртди ва уларни ичкарига таклиф қилди.

   Улар ичкарига киришганида уй сигарет тутинига лиқ тўлган, икки-уч нафар чўтир юз йигит қурамли йигитлар карта ўйнаб ўтиришарди. Уларнинг кўзлари қизарган, соғ одамга ўхшамас қиёфада эди. Чўтир юз бўш турган креслога бориб ўтирдида, Мушфиқларга эса полни кўрсатиб, ўтириб туришни буюрди. Ашраф уй ичидаги разилликни кўриб, ортга бурилди ва Мушфиққа деди:

-Бундай бемаъни ерга кириб, бундай бадбахт одамлар билан ўтиргандан кўра, тўфон қутурган денгизда ғарқ бўлиб кетганимиз яхшироқ! Аҳрорни ташқарида кутамиз!

    Ашрафнинг сўзини эшитиб, хонага олдинроқ киришга улгурган Мушфиқ орқага қайтмоқчи бўлиб, бурилган эди, чўтир юз уларга гап қотди.

-Ҳа, акахонлар нега кириб, ўтирмасдан қайтяпсизлар?! Аҳрорлар келгунча озгина мана бу ерда ўтира туринглар! Озгина шароб ичамиз, карта-парта ўйнаймиз, намунча шошмасанглар!

   Мушфиқ бурилиб унга бир нима демоқчи эди, Ашраф унинг билагидан тутди ва олдига  тушиб ташқарига чиқишга ундади. Карта ўйнаб ўтирган маст-аластлар бараварига уларга қарашди сўнг бири чўтир юзга, бошқалари эса яна ўйнаётган ўйинларига қараб хохолашиб кулишга тушишди.

    Ашраф ташқарига чиққач, оқ қайин майин эгилиб соя солиб турган ўриндиқ тарафга Мушфиқни етаклади. Ўриндиққа ўтиришгач, Ашраф бошини қаттиқ чангаллади, чуқур хўрсинди. Ичидан одам боласининг ҳаммаси ҳам тасаввур этиб бўлмайдиган дард-аламлар ўта бошлади.

-Ашраф сиқилманг, иншааллоҳ ҳаммаси яхши бўлади!

-Эҳ, Мушфиқ! Биласизми бу – Аҳрорнинг зулумотли кўчаларга кириб кетишига нима сабаблар бор?! У жуда-жуда эрка ўсди. Айниқса онажоним ўзининг ўғли Абрордан-да суйиб ўстирди. Тўғри онажоним Аҳрорнинг онаси йўқлигини билдирмасликка ва Аброрни ўзининг ўғли дея, яхши қараяпти демаслигимиз учун ҳам бутун эътиборини қаратиб вояга етказди. Аброрни баъзи ҳатти-ҳаракатлари учун уришиб, танбеҳ берса ҳам Аҳрорга ҳеч қаттиқ гапирмас эдилар. Мен ва Зулфия онажонимизга неча карра айтган эдик, “Онажон Аброрни қандай қаттиқ туриб, тергасангиз бизни ҳам, айниқса Аҳрорни ҳам шундай қилинг”! Лекин онажонимиз барибир бизни авайлаб-асраб қаради. Мен ўқиш учун шаҳарга, кейин ишга киришиб кетдим, Зулфия турмушга чиқди, алал-оқибат Аҳрор уйнинг арзандасига айланди. Онажонимизнинг ягона эътибори фақат – Аҳрорга қаратилди. Унинг камчиликларини онажоним бизга, айниқса менга билдирмай яшай бошлади. Мана бу Аҳрорнинг кетиб қолишини ҳам ўзидан кўриб, унга гард юқтирмасликка жидду-жаҳд қилмоқда, бу эса бу ёқларда энг разил инсонларга лайча бўлиб, исқирт кўчаларда тентираб юрибди.

-Васиқа аянинг сизларнигина эмас, балки мени ва жиянингиз Аброрни яхши кўриб, келганимизда хурсандчилигидан шоду-хуррам бўлиб кетиши – у онанинг самимийлигидан далолатдир! Мен катта онамиз бўлмиш – Салима холани ёшлигимдан биламан, жуда сахий ва етим-мискинларга ғамхўр тақволи аёл эдилар. Онамиз Васиқа ая ҳам оналарига тортиб, бировга ёмонлиги йўқ, кенгфеъл инсон эканлар.

-Ҳа Салима она жудаям меҳрибонлар, бизникига айнан онажонимизни Аброр билан кириб келишида, отамнинг вафотидан сўнг ҳам бизни қараб қолишларида ҳам ҳиссалари жуда катта бўлган. Мен мактабни тамомлаб, шу ёқларга келиб, ўқиб ва ишлаб кетишимга ҳам таъсирлари бўлган! Мушфиқ Аллоҳ ишларимизни ўзи ўнгласин, уйга қайтиб борганимизда, бир-биримизга эслатиб, Салима онани бир зиёрат қилиб қўяйлик-а?! Кеча манави ишлар билан бўлиб, олдига ўта олмаган эдим, майлими?

-Майли, майли.

-Аҳрорнинг бу кўчага киришига сабаб бўлган катта жиҳат – намозига бўлган сусткашлигидир! Биласизми Мушфиқ намоз кишини фахш ва ёмон ишлардан қайтариб туради?!

-Тўғри, Қуръонда ўшандай оят борлигини биламан!

-Мен уйда бўлганимда ва онажонимизнинг кўзи олдида ўқиётганга ўхшагани билан аслида бошқа вақт уни ўқимас экан, кеча сиз келгунингизга қадар уни менга Зулфия айтган эди.

-Мен ҳам Аҳрорга айтиб турардим, лекин насиҳатимни ҳушламаётганини ҳам сезардим.

-Намоз инсон учун мисоли қўрғондир, уни ҳар-хил офатлардан, охиратда эса улуғ азобдан сақланишига сабабдир! Мени ҳайратда қолдирган нарса шуки, Умар розияллоҳу анҳу меҳробда суиқасдга йўлиққан куни, қаттиқ беҳуш бўлиб яраланган эканлар. Ўзларига келиб олдидаги ўғли Абдуллоҳга намозни ўтадингларми, дея сўраган эканлар.

-Ўша алфозда ҳам дейсизми?

-Ҳа, ўша баданидаги жароҳат бутун вужудига оғриқ бериб турганида ҳам ўғлига менга сув бер, деган эканлар. Ичгани эмас, таҳоратга сўраган эканлар. Сўнг таҳорат олиб, намозини ўтаган эканлар.

   Шу пайт уй ёнига такси келиб тўхтади. Ичидан аввал Аҳрорнинг ҳамтовоғи сўнг эса ўзи шод ҳолда тушди ва ҳайдовчига пул узатди. Ҳайдовчи пулни олгач, жўнаб кетди. Ашраф ўрнидан туриб, у томонга қараб, чақирди.

-Аҳрор, ҳо Аҳрор бу ёққа кел!

   Аҳрор акасини оқ қайин остида поччаси билан турганини кўриб, бошидан капалаги учгандек бўлди. Бояги шодлигидан асар ҳам қолмади. Қўлидаги майда-чуйдаларни ҳамтовоғига узатиб, акалари томонга базўр юриб келди...

- - -