Адоватнинг қора излари

Сирли воқеа (6)

1590 Ko'rilgan Адоватнинг қора излари

Сирли воқеа (6)

Орадан бир қанча вақтлар ўтди. Ашраф бу вақт оралиғида икки-уч бор уйларига бориб келди. Ишлари ҳам жадал юришиб, шаҳардан уйли бўлди. Онасига, укаларига яна ҳам эътиборини ошириб, иззат-ҳурмат кўрсатишда давом этарди. Шаҳарда олган уйларига уларни таклиф қилиб, меҳмон қилди. Улар шаҳардан қайтажак пайтида эридан акаси олдига изн олиб келган синглиси Зулфиядан Аҳрорнинг юриш-туриши хусусида сўради ва ижобий жавоб олган бўлди. Улар қайтиб кетганларидан бир ҳафта ўтиб, Ашраф Сардор билан ўзаро гаплашиб ўтиришар эди.

-Сардор ака тўйга уйдагиларингизни олиб ҳам бормадингиз, ўзингиз эса тезда қайтдингиз.

-Тўй куни одам гавжум бўлади, уйдагиларимиз хотиржам кўришсин деб, уларни олиб бормаган эдим. Мана Аллоҳнинг инояти билан уйли бўлганинг муносабати билан келишганида уларни кўриштиришнинг имконияти бўлди. Уйинг ёқдими, укажоним?!

-Аллоҳга хамд бўлсин, менга ёққан нарса уларга ҳам ёқади-да Сардор ака! Сиз шошмасангиз ҳам уйлангунимча, уйни олардик!

-Йўқ, ҳозир айни палласи эди! Энди бемалол қайлиқ топсанг-ла бўлди укажоним, тўй қилиб сенинг бошингни иккита қиламиз Ашрафий ука! Укаларинг менга ёқди, айниқса Аброр дегани жуда хусни хулқли экан, сени ҳам жуда яхши кўради шекили, Ашраф акамсиз менга яшаш қийин бўлаяпти, мактабимни аъло баҳолар билан битирсам, шу ерга келиб ўқиб, ишласам бўладими, деб сўради.

-Ҳа Аброр ажойиб бола, Аҳрорга қараганда юриш-туриши, муомаласи жуда гўзал! Мен бу ёққа келганимдан бери шу ерга келиб, менинг ёнимда бўлишни сидқидилдан ҳаракатини қилгани қилган! Уйланиш масаласига келсак, унга ҳали бор! Ишлай, ўқий уйланиш қочмас.

   Уларнинг гапларини бўлиб, Сардорнинг ёнидаги стол устидаги турган телефон жиринглай бошлади. Сардор телефон гўшагини кўтарди ва хотиржамлик билан сўради:

-Ва алайкум ассалам, сиз кимсиз? Мен Сардорман! Мушфиқман дейсизми, ҳа мана Ашраф гўшакни унга узатяпман, мана Ашрафий ушла, Мушфиқ деган йигит сени сўраяпти!

-Мушфиқ!!! Зулфиянинг куёви-ку, алло! Ва алайкум ассалам! Яхшиман Аллоҳга шукр, ўзингиз яхшимисиз, синглим яхши етиб олишиптими? Ҳа айтаверинг, эшитаман! Нима, Аброр!!! Қачон, нима дедингиз автоҳалокат?! Касалхонага етмасдан, оламдан ўтди дейсизми, алло, алло....

   Ўша куни Ашраф биринчи бор бошлиғи Сардордан изн олишни унутган кун бўлди. Ҳатто телефон гўшагини ҳам унга беришга ақли етмай, машинасининг калитини олганича ташқарида турган машинаси сари чопди. Унинг орқасидан чиққан Сардорга аранг гапира олди.

-Укам, укажоним Аброр автоҳалокатда нобуд бўлганмиш, - дея бошини рулга эгиб йиғлаб юборди.

-Ашраф тўхта, сени бу аҳволда уйингга жўната олмайман! Шокир, ҳо Шокир, бу ёққа чиқ!

   Ичкаридан Шокир югургилаб чиқди. Сардор унга нималарнидир тушунтирди. Шокир Сардорнинг айтганларини бош ирғаб, маъқуллик билан эшитди ва Ашраф томонга юриб кела бошлади. Сардор эса Ашрафга қараб, деди:

-Ашрафий укам, бандачилик энди укамиз Аброрнинг муддати битган экан сабр қилгин, мен иншааллоҳ эртага етиб бораман! Рулни Шокирга бер, ўзинг бошқа ўриндиққа ўтир энди. Хаёлларинг сочилиб турганда, машинани бошқармай қўяқол укажоним, туш ўрнингдан Шокир сен билан бирга кетади!

    Ашраф Сардорнинг айтганидек рулни Шокирга топшириб, ўзи бошқа ўриндиққа ўтириб, то уйига етиб боргунига қадар Шокирга индамай, сўз сўзламай кетди. Унинг хаёлини фақат Аброр машғул қилган эди.

   Аброр нақадар ажойиб бола эди! Васиқа янги она бўлиб чиққанда кичкинагина болача эди. Эмаклаб юрган кезлари уйни қувончга тўлғазган эди. Мактабга янги борган кезлари Ашраф ўзининг олийгоҳдаги ўқиши сабабли уни кам кўрадиган бўлди. Ҳар шаҳардан қайтганда Аҳрордан кўра Аброр уни интиқлик билан кутиб олар, шаҳарга қайтгунига қадар пинжига тиқилар эди. Қайтаётган паллада эса бирон нарсасини йўқотаётгандек, ичини нимадир кемирар, акаси Ашрафни соғинишини ўйлаб, ичи тирналарди.

   Аҳрор акаси Ашрафнинг машинасини талашиб, ғавғо кўтаргандан кейин эса, Ашрафга зоҳиран талпинганга ўхшамасада, ботинида Ашрафга муҳаббати зиёда бўлишда давом этарди. Унинг Аҳрордан фарқи аҳлоқидагина эмас, балки Ашрафнинг мутлақо топиш-тутишига қизиқмаслиги билан ажраб турарди. Унинг машинасига ҳам, олиб келаётган совғаларига эътибор қаратмас, асосийси акаси Ашрафни кўрса, унинг дийдорини тарк этмаса, у ҳаво олаётган ҳаводан нафас олса эди. У шаҳарга Ашраф томонидан чақирилганида шодлигидан боши осмонга етди. Ётоқда қийналиб яшаяпти деб ўйлаб юрган Ашрафнинг уйли бўлганини эшитиши – уни янада хурсанд этди. Мактабни тамомлагач, албатта акасининг уйига келиб, Ашраф топувчи жиянларини ўйнатгач, ўқишга қасд этган эди. Уни уйига қайта туриб, хайрлашишдан олдин Ашрафни ҳоли топиб айтган эди. Ашраф Аброрнинг бу ниятини Сардордан эшитиб, шод бўлаётган эди. Аммо бу ниятларни Аҳрордан яшириб, ўзини ҳоли топгач айтгани уларнинг ораси ҳали ҳам совуқлигича қолмоқдамикан деб хавотир олишига сабаб бўлаётган эди. Ҳозир ҳам хавотири бадтар ошиб, юраги хижил бўла бошлади.

   Машинани ҳайдаб бораётган Шокир Ашрафнинг ўйга берилиб кетаётгани учун хаёлини бўлгиси келмади. Сардор унга фалокат бўлиб ўтганини, Ашрафни зудлик билан уйига элтишни топширган эди. Биринчидан хизматчилик, сўнг эса Ашраф билан бир ерда ишлаб туриб, унинг корига яраш ниҳоятда зарур.

-Шокир тўхта, машинани тўхтат!

   Шокир Ашрафни машинадан тушишига ёрдамлашди. Уларнинг уйи атрофига тумонат одам йиғила бошлаган эди. Юраги хижилликдан оғирлашаётган Ашраф Шокирнинг қўлидан сирғалиб чиқди. Дарвозахонадаги остона олдида турган Аҳрорни кўриб, кўзи хиралаша бошлади. Юришдан аста-секин тўхтади. Уни кўриб Аҳрор кела бошлади.

-Аҳрор Аброрим қани, у билан ораларинг ўнгланган эдими? – дея, ортиқча гапиришга мажоли етмай, орқасидан келаётган Шокирга суяниб қолди...

- - -