Адоватнинг қора излари

Орага тушган совуқчилик (5)

1596 Ko'rilgan Адоватнинг қора излари

Орага тушган совуқчилик (5)

Ашраф олийгоҳни битиргач, ўзига таниш бир муаллим ўз ўғлининг корхонасига ишга таклиф қилди. Унинг ўғли ажнабий юрт вакиллари билан қўшма корхона очганлиги муносабати билан таржимонга жуда зориққан эди. Уни устига Ашраф сингари тўғрисўз, ҳалол-покиза ҳамроҳ зарур эди. Ишлаш арафасида Ашраф ишда ҳам билими, ҳам тадбиркорликдаги гўзал иқтидорини намойиш этди. Муаллимнинг ўғли Сардор аввалига Ашрафни дадаси ишга таклиф этгани учун эҳтиром қилган бўлса, ишларининг яхши томонга кўчиши ва Ашрафнинг юриш-туриши, муомала-муносабати чиройли эканлигининг шоҳиди бўлгач ўзининг қалбида унга нисбатан илиқлик пайдо бўлди.

Сардор Ашрафга шу қадар ишониш даражасига етдики, ўзи бирор юртга сафар этса ўрнига уни қўйиб кетар, муҳим ҳужжатлар ва маблағларни унга топширар эди. Ашраф эса ўзига ишониб топширилган вазифаларни ишонилганидан ортиқ даражада бажарар, уйига бормоқчи бўлса Сардорни ундан хабардор қиларди. Сардор ундан ўн ёш катта бўлишига қарамасдан унга дўстона муносабатда бўлар, ўзининг машинасининг калитини  тутқазиб, онасига ва укаларига сиҳат тилаб қолар эди.

   Ишга қабул бўлганига олти ой бўлганда Сардор Ашрафга янги машина совға қилди. Аммо камсуқум ва дабдабалардан узоқ бўлган Ашраф бу совғадан ийманишга тушди.

-Сардор ака, ишлаганимга етарлигидан ортиқча маош олиб келмоқдаман. Энди буни беришингизни ортиқча деб биламан.

-Ашрафий укам, сенинг хизматларингни пул билан ўлчаётган мен аҳмоқман. Чунки сен, ишдан ортиб менга кўп яхшиликлар қилмоқдасан. Жиянларингни мактабдан бўш пайтларида сабоқларига ёрдам бериш билан бирга гўзал тарбиялар ҳам беряпсан экан. Келинойинг, айниқса ойим билан дадамни айтмайсанми уларнинг ҳулқидан ва билимидан суюнаётганини!

-Ҳа энди, бўлиши табиий ишлар-ку бу ахир Сардор ака!

-Сен ука гапимни яхшилаб эшит, мен ёшлигимдан ука неъматига муҳтож бўлиб ўсган одамман. Бойлик қўлимга йиғилган кезда сездимки, акалар-укалар атрофимда жам бўла бошлашди. Бу бойликларни меҳнат, қийинчиликлар билан сабабини бошлаган кезларимда буларнинг бирортаси йўқ эди. Ҳаётда шуни англадимки, ҳамма атрофимда келиб менга мурожаат қилаётганлар ҳақиқий ака-укалар эмас экан, уларнинг жуда-жуда кўплари фақат сохта мулозамат кўрсатар эканлар. Сени мана олти ойдирки, кузатиб юрипман – мендан мутлақо ҳеч нарсани тамаъ қилганинг йўқ! Энди сен – мен  учун бу корхонадаги ишчигина эмас балки менинг ҳақиқий маънодаги укамсан! Фақат бу бераётган машинагина эмас, топганимнинг барчасига сен ҳам ҳақлисан Ашрафий укам! – деб Сардор Ашрафни бағрига босиб, елкасига енгил шапатилаб қўйди.

-Сардор ака буюмларсиз ҳам, моддий нарсаларсиз ҳам ака-укалигимиз бардавом этаверса бўлмайдими?!

-Бўлмайди, эй бола! Нималар деяпсан? - дея қовоқ уйди Сардор ва яна юмшаб Ашрафга деди: - Ўзинг айтган эдинг-ку суюкли пайғамбаримиз ҳам ҳадяларни қабул этарди деб, мен укажоним сенга совға этаётган нарсаларим сабабли қанчалар хушнуд бўлишимни билсанг эди! Айниқса жиянларинг мени тергайвериб, роса қийнашмоқда “қачонгача Ашраф амаким пиёда юради”, деб! Ҳа, яна айтгандек, куни кеча янги ўқишга кирган кезларингни гапира туриб, онажонингга ва укаларингга совға олиб борганингни, онажонинга берган рўмолингни қайтармоқчи бўлганида қанчалар изтироб чекканингни айтиб берган эдинг-ку! Мени ҳам совғаларим сабабли ҳеч изтиробга солмагин, яна таъкидлаб айтмоқдаман; энди сен менинг укамсан! Сени ўзимга ука тутганимни кеча уйимдаги барчага айтдим. Ҳамма шод бўлди, ҳатто онам уканга ҳовли жой олиб берсанг бўларди, деди. Мен эса онамга қарата, ҳамма нарса тез келса қадри бўлмайди, укажонимни эркалатиб-талтайтириб юбормай деб, унамадим!

-Тўғри айтябсиз, олдингилар айтишган-ку семизликни қўй кўтаради деб. Инсон молу-дунёга дуч келса камдан-кам омон қолади Сардор ака! Ака эртага уйга кетишимга рухсат берсангиз, синглимни кейинги ҳафта куёвга узатяпмиз. Оила-аъзоларингиз билан келгуси жума куни бизникига валимага борсанглар, жуда хурсанд бўлар эдим!

-Албатта рухсат бераман, фақат бир шартим бор!

-Шартсиз ҳам айтганингизни қодир бўлсам, жоним билан бажаравераман Сардор ака!

-Бугун ишингдан бўшагач, қоровул Адҳамга тайинлаб, бизникида қолишингни айтиб, тунаб қолгани бор! Жиянларинг билан бирга гурунглашиб, иймонлашиб тонг отдирамиз иншааллоҳ!

-Хуфтондан кейин ишхонага қайтсам яхши бўлармиди Сардор ака?!

-Олти ойдан бери ишхонанинг ётоғида тунайвериб, жонингларга тегмадими? Шокир, Носирлар ҳам бугун уйларига бориб келишга кетишган, улардан ҳижолат чекма!

-Майли, ишдан бўшагач ўтиб бораман!

-Янги машинани миниб ол, Ашрафий укам! Жиянларинг олдида мени уятга қўйма, яна машинангни ишхонанинг гаражига қўйиб, кўча таксисида бормагин, хўпми?!

-Бўпти, ака!

-Интизорлик билан кутаман укажоним!

    Ашраф Сардор кетгач ишларини саранжом қилди. Хонасининг деразаларини очиб, курсига оҳиста ўтирди. У ўйга толган ҳолда, жуда ҳорғин эди. Бошқа одам бўлса борми, ўзининг мудири-бошлиғи иззат-икром кўрсатиб, машина эмас бирор-бир қалам тутқазса ўзини самода учиб юрган сезарди. Аммо Ашраф ундайлардан эмас, Сардор барча топганим сеники деб турган бўлса ҳам, ўзига ука деб эълон этган бўлса ҳам мувозанати бузилмади. Чунки, у биладики дунёдаги зуҳд шуки; дунё ортса суюнмаслик, дунёда зиён кўрилса тушкунликка тушмаслик биландир!

   Аллоҳнинг инояти нақадар улуғ! Ўзи билан орасини ислоҳига интилиб, меҳнат этаётган бандасининг бошқа бандалари билан орасини ислоҳ этиб қўяди. Ашраф ҳеч қачон Сардорга бошқалар кўрсатаётган мулозаматларни кўрсатган эмас. Ишларни фақат ўзининг тирикчилиги ва бурчи вазифасидан келиб, чиқиб қилади. Унинг болаларига эса билим беришдаги ажрларга интилгани боис қилиб келган.

   Қанча одамлар борки, бошлиғининг ишончига кирмоқ учун, ундан дунёвий нарсаларни ундириш илинжида оёғи остига пойу-патак бўлишади. Молу-дунёси кўп одамларга эса худди пашша ширага ошиққанидек унга яқин бўлишга ошиқишади. Лекин Ашраф ундайлардан эмас. Сардор уни ўзига ука қилганига, уйига таклиф этганига унақа суюниб кетгани ҳам йўқ, фақат Сардорни оқибатли, диёнатли инсон эканлигини ҳурмат қилгани учун, ҳалол-покиза ҳаётни яхши кўриб, фақат ҳақни суйишини эътибор қилгани учун унинг таклифларини ижобат қилган бўлди.

   Эртаси куни янги машинани ҳайдаб, уйига етиб борди. Машина уй олдига келиб тўхтаганини эшитган Зулфия Аҳрорга чиқиб, ким тўхтаганини билиб келишини буюрди. Аброр Аҳрорга қараганда дарвозага яқинроқ бўлгани учун Зулфиянинг сўзига биноан ташқарига чиқиб қаради.

-Опажон акажоним келдилар!

-Нима, Ашраф акамни айтяпсанми?

-Ҳа Ашраф акам кептилар!

    Улар ҳар доимгидек бошлиғининг бирон машинасини миниб келган деб ўйлашди. Ашраф уйга кириб барча билан ҳол-аҳвол сўрашди. Ичкаридан унинг келганини эшитиб, шод ҳолда Васиқа ҳам чиқиб келди. Она-бола ҳол-аҳвол сўрашгачгина янги машина олганини айтди. Ҳамма Ашрафни маркабли бўлгани билан қутлашди. Ашраф машинасини қутлаб сочиқ ва унга кўйлак олиб чиққан онасига деди.

-Онажон юринг, қариндошларни бир зиёрат қилиб келайлик, Салима момойимизни ҳам бирга олайлик, янги маркабнинг ғилдирагини айланишини яна бир бор синаб кўрайлик!

   Ўша куни асрдан кейин Аҳрор Аброрга унинг ўгай эканлигини биринчи бор юзига солди.

-Аброр кўрдингми акам машинали бўлди, эртага анҳорга бориб келгани машинасини сўрайман. Агар ҳоҳласанг сени ҳам бирга олиб бориб келаман.

-Акажонимиз машинасини сўрасам менга ҳам бериб туради…

-Акам фақат менгагина берса керак!

-Акам эмас, акажонимиз десанг яхши бўлармиди Аҳрор?! Ахир у – иккаламизнинг ҳам акамиз-ку?!

-Нега сенинг аканг бўларкан, онанг ҳам отанг ҳам бошқа бўлса! Укам деб, бошингни силаб эркалатиб қўйса, ўзингни самода деб, керилма!

-Аҳрор оғзингга қараб гапир, мени Ашраф акам ҳақиқий яхши кўради, жонажон ука деб севади!

-Оғзимга қараб гапирсам ҳам, оғзимга қарамасам ҳам барибир сен – ўгаймисан?!

-Ҳой тилинг кесилгур, нималар деб валдираяпсан? – ошхона тарафдан нон қилишга тайёргарлик қилаётган Зулфия жаҳл билан чиқиб келиб, Аҳрорга қовоқ уйиб қаради.

-Нега энди бегонанинг тарафини олиб менга жаҳл қиляпсиз опа?

-Ҳали Аброр сенга бегона бўлиб қолдими? Ахир у – жондан азиз укам-ку! Қачондан бери бегона, бегонамасни ажратадиган бўлиб қолдинг сен ярамас!

-Мен тилим ўзимники бўлгандан кейин ҳоҳлагандек гапираман!

-Опангга қараб шундай муомала қилишни, ўшқиришни ким ўргатди сенга? Яхшиям акажоним, онажоним уйда йўқлар! Агар эшитсалар биласанми аҳволинг нима бўлар экан!

-Сизни оз муҳлат вақтингиз қолди бу уйда, эрга тегиб бошқа уйга бека бўласиз, кўп ишимга аралашиб, мени тергайвермай ишингизни қилинг!  -Опажон қўйинг бу гап уқмас Аҳрорни деб кўнглингизни ранжитманг, - дея Зулфияга гапирди Аброр.

-Опа-укани орасига суқилиб, нега ақл ўргатяпсан эй пандавақи?!

-Эгизакдек кимсалар нега унақа дағал бўлиб қолдинг Аҳрор, сени ука дейишгаям ор қиламан, - деганича юзини тўсиб, йиғлаганича ошхона томонга кириб кетди Зулфия.

   Аброр ҳам Аҳрор билан тортишув яхшиликка етакламаслигини англаб, унинг сўзларига эътибор бермай уйга кириб кетди. Бироздан сўнг Ашраф машинада Васиқани ва Салима холани олиб, Васиқанинг қариндошларини зиёрат қилиб қайтишди. Ашраф ошхонадан чиқиб келган Зулфияда ўзгариш аломатларини пайқаб қолди. Юзлари синиққан, кўзлари анча қизарган ҳолда эди.

-Зулфия сенга нима бўлди синглим?

-Йўқ, хавотир олманг акажон! Ўзим йиғлагим келганига шундоқ бўлгандир.

-Уйини ташлаб кетаётгани алам қилаяпти шекили, - деб гапга аралашди Аҳрор.

-Ростини айтсанг бўлмайдими Аҳрор, опамиз нега йиғлаганини?! – бўлган вазиятга тўғри баҳо бермоқчи бўлди Аброр.

   Аҳрор Аброрга еб юборгудек қаради. Зулфия ичкаридаги Васиқа олдига кириб кетди. Лом-мим демади. Ашраф бу уйда нимадир бўлаётганини юраги сезгандек бўлди.

-Аҳрор Аброрга нега бундай ҳолда қараяпсан? Тинчликми ўзи, Зулфия нега йиғлади?

-Манави  пандавақи, сизни момом Салима бериб турган моллар орқали ўқиб, машинали бўлди – ўгай  Ашраф, деди. Ўша сўз опамни йиғлатган бўлса керак.

-Аҳрор туҳмат ҳам эви билан-да, мен ҳеч қачон Ашраф акамни ўгай деб айтмаганман, айтмайман ҳам! Машина ҳақида жанжал чиқди деб, тўғрисини айтмайсанми!

-Бўлди, бас қилинглар! Иккалангиз чиқиб машинага ўтириб туринглар, мен ҳозир чиқаман! Қани тез бўлинглар, мен кимга гапиряпман!

   Ўзига қаратилган Ашрафнинг ўтли нигоҳидан ҳайиқишга тушган Аҳрор кўча томонга юрди. Унинг кетидан эса Аброр ҳам машинага йўл олди. Синглиси Зулфиянинг олдига кирган Ашраф бўлиб ўтган воқеа тафсилотини сўраб-суриштирди. Зулфия оила-аъзоларининг орасига совуқчилик тушишини истамагани учун, акасига у ҳақда гапирмоқчи эмасди. Аммо энди ғишт қолипидан кўчган, акаси баъзи ишларга гувоҳ бўлиб улгурган эди.

-Зулфия, сингилжоним тўғрисини айт, нималар бўлаяпти ўзи бу хонадонда! Наҳотки Аҳрор айирмачилик дардига мубтало бўлган бўлса!

-Ҳа, Аброр тўғри гапирди! Аҳрор туҳмат сўзларни айтмоқда, у айирмачиликка дучор бўлган, баъзи-баъзида онамизга ҳам куракда ётмайдиган гапларни гапириб, кўнгилларини ранжитиб қўймоқда. Яхши гапириб кўрдим, дағал ҳам гапириб кўрдим, натижаси эса ёмон аҳволда қолмоқда ака.

-Кўзларингни яхшилаб совуқ сувда ювгин-да бўлган иш ҳақида онажонимизга лом-мим демай тургин! – деб Ашраф машинаси томонга юриб чиқди.

    У машинасининг ўриндиғига жойлашиб ўтиргач, орқа ўриндиқни кўрсатиб турадиган ойнага қаради. Аброр бошини ерга қаратиб маюс ҳолда ўтирар, Аҳрор эса парвойи-палак инсон сингари бепарво ўтирарди. Ашрафнинг бадтар аҳволи тажанглашиб машинасини ўрнидан чийиллатиб ўрнидан қўзғолтирди. Машинани ҳайдаб бораркан Аҳрорнинг туғилган паллаларидан то ҳозирги кунгача бўлган айрим воқеалар хаёлидан тасмадек ўтиб борарди. У уйларидан анча олисроқда қирғоқларигача тошиб, ҳайқирганича оқиб турувчи дарёнинг сокинроқ соҳили бор ерига етиб келгач, машинасини тўхтатди ва орқада ўтириб келаётган укаларига тушишни буюрди. Ҳаммалари тушишгач, Ашраф машинани беркитиб, иккаласини сойнинг қирғоғи томон бошлади. Ўзига хос жойга бориб, гапиришга тушди.

-Жондан азиз укаларим, сизлар эр кишиларсизлар! Нега аёлларга ўхшаб, ҳатто улар қилмайдиган ишга ўтиб, низо чиқаряпсизлар?! Нима гап бўлса ўзимиз гаплашсак бўлмайдими?

   Ашраф атайлаб гапни айлантирар экан, укаларининг тутиб турган ҳолатини синчиклаб кузата бошлади. Аброр бошини эгиб, миқ этмай турар, ҳатто кўзи намланишга тушган эди. Аҳрор эса машинада ўтирганидан ҳам ўзини эркин тутар, ҳеч нарса бўлмагандек турарди. Ҳатто гап орасида чўнтагидан сақич чиқариб оғзига солиб, чайнай бошлади. Ашраф унинг ҳолатидан ғазаби чиқсада, ўзини зўрға ушлаб Аҳрорни сўроққа тутди.

-Қани Аҳрор гапир, нима бўляпти ўзи уйимизда? Зулфия нега йиғлади?

-Айтдим-ку боя, манави гапирган гапга бўлса керак-да?

-Аброр сен нима дейсан!

-Аллоҳга қасамки, мен опажонимни жуда яхши кўраман, унга ҳеч қачон бундай ифлос гапни айтмайман! Тоғлар ўрнидан силжиб, остин-устун бўлсада опамга содиқ қоламан! У мени ёшлигимдан меҳр бериб, қўлида кўтариб катта қилган бўлса, қандай унга совуқ сўз айтишим мумкин акажон!

-Гапларингни безама, Аброр! – деётган эди Аҳрор, акаси Ашрафнинг ўнг елкасига зарб билан урганидан ўрнидан силжиб кетиб, гапи бўлинди.

-Сен гапираётганингда Аброр гапингни бузмаса, унга туҳмат қилсанг ҳам жазавага тушмай ўзини тутиб турса, сен нега унинг гапини бўласан номард?!

-Ашраф ака унинг гапига ишоняпсизми, ахир унинг отаси ҳам, онаси ҳам бошқа-ку, бизнинг эса...

-Овозингни ўчир, айирмачи аҳмоқ, - дея Ашраф Аҳрорнинг кўкраги ва елкаси аралаш икки-уч мушт туширди. Орага Аброр кириб, уларни ажратишга тушди.

-Бўлди акажон, уни урманг! Майли энди мен Салима момомникида яшайман, онажонимга “момом ўзи якка, мен бирга яшай”, деб айтаман. Илтимос, Аҳрорни урманг! Мен уйдан кетсам, барча ғалва якун топади! Мени деб, ораларингда ғалва бўлишини истамайман!

-Аброр нималар деяпсан, сени ким оғир олаяпти! Ахир уйимиз туриб, нега Салима холамникида турасан, онажоним мендан ҳам Зулфиядан ҳам хафа бўлади-ку?! Мана бу тасқаранинг баланд-паст гапларини деб биздан юз ўгирма, жон укажоним!

-Майли мени Аҳрорга гинам йўқ, аммо у менга қовоғини очиб муомала қилса бас! Мен машинангизни талашмайман, у минаверсин!

-Машина меники бўлгач уни кимга беришни ҳам ўзим биламан, аммо билингларки менинг наздимда иккаловингиз бир мақомдасизлар! Бизнинг оила осойишталик устига бино қилинишини ҳоҳлайман, ким шу осойишталикни бузмоқчи бўлса мендан таъзирини ейди, эшитдингларми?!

-Ҳа, эшитдик – деди Аброр, Аҳрор эса базўр бош ирғаб маъқул бўлганини билдирган бўлди.

   Бу Аҳрорнинг акаси олдида бош ирғаб, келишувга ён босгани вақтинчалик эканлигини Ашраф ҳам, Аброр ҳам англаб турсада яхшилик умидида уни ҳолига тек қўйишди. У ҳақида Зулфияни узатгунларига қадар оғиз очмадилар. Ашрафнинг таътил муддати ҳам битиб, ишига қайтар куни онажониси Васиқани ҳоли топгач, унга деди:

-Онажоним, ҳаёт деганлари ўзига яраша мураккабликлардан, машаққатлардан таркиб топган экан! Ҳам бизга она қаторида, ҳам биздан ёши улуғ инсон сифатида буни биздан кўра яхши биласиз! Сиз бизнинг кўнглимиз чўкмасин деб, меҳр ва мулойимлик билан тарбиялаб ўстирдингиз, буни мен ва синглим яхши тушунамиз! Иншшааллоҳ умримизнинг охиригича сизга ана шундай ҳолда қолишимизни Яратгандан сўрайман, аммо Аҳрор масаласига келсак мен у ҳақида илиқ бир сўз айтишга ожизман! Қўлимдан келган ислоҳни қилдим, лекин мен кетгач қандай каромат кўрсатишига ақлим етмай қолди. У эркалатишдан боши оғиб, талтайиш поғонасига чиқиб қолибди, сиздан илтимосим шуки, агар яна унда бирор-бир шумликни билиб қолсанглар менга қўнғироқ қилиб, хабардор қилсангиз!

-Ҳеч хавотир олманг, Ашрафжон ўғлим! Ёшликда нималар бўлмайди дейсиз, Аброр ҳам шўх, Аҳрор ҳам! Ҳижолат бўлманг урушишса, ярашади, яна аҳил бўлиб кетаверишади болам, ғам қилманг! Тани-жонингиз соғ-саломат юринг, мусофир юртдасиз ташвиш қилманг биздан!

   Ашраф хайрлашиб, машинасида шаҳар сари кетиб бораркан, ўгай бўлса ҳам Васиқанинг жонажон онадан-да меҳр кўрсатишини ўйлаб борарди. У кўп болаларидан эшитган, ўгай она эрининг болаларига яхши муомала қилмайди. Айниқса у онанинг болалари билан ота болалари фақат адавотда юришади. Аммо ўзига ва укаларига ўгай онанинг эҳтиромини кўриб, бу ҳаётда ўгай она ҳам туққан онадек ҳатто ундан-да муносабати гўзал бўлиши мумкинлигини билди.

    Салима хола тақволи, иймони жўш урган она эмасми, қизи Васиқага  ажойиб ўгитлар билан она бўлишдек насиҳатларни қилгани ҳаётда ўз самарасини кўрсатди. Шу билан бирга Ашраф ва Зулфиянинг тинмай “онажоним, онажоним” – дея уни қўйгани жой топа олмасликлари Васиқанинг оналик меҳрига яна зиёдалик олиб келган эди. Аброрнинг Ашрафга, Зулфияга бўлган муносабати эса Ашрафнинг уларга муносабатидан қолишмасди. Буни Ашраф яхши билар, шунинг учун ҳам анҳор бўйига борганда бадани қилган ишидан қилт этмаётган Аҳрордан ранжиб, уни урган эди. Аброрнинг Аллоҳ номига қасам ичиб айтган гаплари юрак-бағрини тилган эди, унинг момомникига чиқиб кетаман деган гапи эса уни эсини оғиш даражасига олиб борган эди.

- - -