Адоватнинг қора излари

Отасиз ўтган йиллар (4)

1809 Ko'rilgan Адоватнинг қора излари

Отасиз ўтган йиллар (4)

Ашраф отасининг вафотидан сўнг Васиқага бўлган оналик эҳтиромини йўқотмади, балки аввалгиданда меҳрибонлик билан муомала қилиб, Аброрни укаси ўрнида кўриб, уларни уйларидан асло чиқиб кетмасликларини илтимос қилди. Васиқанинг қария онаси Салима хола ҳам Ашрафнинг сўзини маъқул топиб, ўзининг оладиган нафақаларидан ташқари бир қанча жамғармасидан бўлган қимматбаҳо буюмларини сотиб, болаларга кийим-кечак ва егуликлар харид қилиб бериб турди. Ҳатто Ашраф мактабни битирган кезлари шаҳарга бориб, ўқиши учун борини аямади. Уни худди ўзининг қизи Васиқанинг ўғлидек кўриб муомала қилар эди. Отасиз ўсаётган Аҳрор Васиқа олдида доим меҳр кўриб улғайиб

борди. Дам олиш кунлари ҳордиққа қайтган Ашраф аввал Салима холанинг уйига кириб ўтарди, уни хабар олганидан боши осмонга етган Салима хола унга дуолар қилиб, ҳақига яхшиликлар сўрарди. Кейин уйига чиқиб, Васиқага салом бериб кирар, ҳол-аҳвол сўраб, Зулфиянинг пешонасидан ўпиб, укалари Аҳрор ва Аброрни қучиб, бағрига босар эди. Бу икки эгизак каби ўсаётганлар мактабга қатнай бошлаган эдилар.

-Акажон Аҳрор билан Аброр бир синфга қабул қилиниб, бир партада ўтиришипти, - деди қувонч билан Зулфия.

-Жуда яхши, энди ким менга сабоқларимни тайёрлашда ёрдам беради, укажонларим?! – дея, сўради Ашраф.

-Мен, мен – деб қичқира бошлашди икки синфдошчалар.

-Тўхтанглар, аввал акаларингиз таомланиб олсин, узоқ йўлдан чарчаб келди. Овқатланиб бўлгач, бирга дарс тайёрлайсизлар, бирга ўйнайсизлар. Қани Ашрафжон ўғлим дастурхонга юринг! – деб Ашраф билан бирга барчани таомланишга чорлади Васиқа.

-Таомдан кейин дарс қиламиз, акамга дарс қилдирамиз, - дея бақир-чақир қила бошлашди Аҳрор ва Аброр, худди Ашрафга ростданам кўмак берадигандек қувонишиб. Сўнг бақиришни йиғиштиришиб акаси ортидан эргашиб келиб унинг ёнига ўтиришди.

   Ашраф онаси айтганидек йўл босиб келгани учун очиққан эди. Ҳаммага таом келтирилган бўлсада, фақат Ашраф қошиқда ўзининг косасидан таом олиб ер, бошқалар эса унга тикилганича ўтиришар эди. Айниқса Васиқа меҳр билан Ашрафнинг таомланишидан оналарга хос баҳра олар, ичида оналикка хос туйғу айланиб турарди, узоқ шаҳарда мусофирчиликда юрган бу ўғлига раҳми келиб, бошини силаб деди:

-Ашрафжон болам, ўқишларда қийналмаяпсизми, емоқ-ичмоқданчи? Қани энди, сизга яқин жойда бўлсак, тушлигингизга ва кечки таомланишингизга иссиқ таомларни ҳозирлаб турсак, мусофир юрт барибир мусофирчилик-да ўғлим!

   Бу самимий оналик меҳрига тўла муомаладан шодликка бурканган Ашраф ҳижолатчиликка ўралиб жавоб қилди.

-Онажон рахмат, сизнинг дуоларингиз минг маҳал таом қилиб мени хабар олишингиздан олийдир! Мусофирчиликда юрсам ҳам Салима холамнинг сизнинг меҳрли дийдорингизни қўмсаб, укаларимни соғинибгина қийналаман холос, алхамдулиллаҳ бошқа машаққат йўқ онажон. Сизга мен неча карра ўтиниб сўрадим, мен сизга ўғилман сизламай, сенлайверинг деб, аммо сиз доим мени сизлаб гапирганингиз гапирган!

-Сиз ҳам сен, ҳам бир оғиздан чиқади ўғлим, мен учун сизлаш қулайроқ, ҳеч ҳижолат бўлманг!

-Зулфияни ҳам, Аҳрорни ҳам бемалол сенлаб гапирсангиз ҳам бўларди онажон!

-Мен энди Аброрни ҳам сизламоқдаман, энди сизлаш барчага баробар бўлади, қалдирғочларим!

   Ашраф таомланиб бўлгач кўтариб келган сумкачасидан ўралган бир нарса олди, унинг орқасидан майда-чуйда нарсаларни чиқарди.

-Мана олинг онажон, оз ва кичикроқ бўлса ҳам катта ўрнида қабул қиласиз, рўмол сизга, кийиб юринг! Мана бу майда-чуйда нарсалар сизларга, ушла Зулфия укаларга ҳам бўлиб бер!

-Вой нега овора бўлдингиз ўғлим, яхши ўқисангиз ўша бизга кифоя бўлади-ку ахир! Бизнинг ҳамма нарсамиз етарли Аллоҳга шукр!

-Мен нарса олиб келганда илтимос, ҳеч бир қаршиликсиз олсангизлар беҳад хурсанд бўламан онажон!

-Майли, майли!

-Мана буни чап томонимиздаги қўшнимиз Роҳила опага бериб қўйсангиз, марҳума онамнинг яқин дугонаси эди. Анчадан бери бола-чақаси кўплиги учун анча машаққатланиб қолган деб эшитганман, - дея яна бир рўмолни олди Ашраф.

-Ҳа Роҳила опа жуда камсуқум қўшни, ўзини муҳтожлигини ҳечам бировга билдирмасликка ҳаракат қилади.

-Онажон иншааллоҳ ўқишларимни битириб, қўлимга Аллоҳ даромад етишини насиб қилса, кўплаган мискинларга зарур нарсаларни улашамиз. Фақат сиз менга доимо дуода бўлинг, айб-камчиликларим бўлса, илтимос ҳеч тортинмай айтаверинг! Киши ўзи қилаётган хатоларини кўришга кўзи ожизлик қилади.

- - -