Илм чашмаси » Илм чашмаси 5

Ўлим хатари

4003 Ko'rilgan Илм чашмаси 5

Ўлим хатари

Ўлимнинг хатари ва дахшати буюкдир. Одамлар кам фикрлаб, оз эсга олгани учун ҳам ўлимдан ғофилдирлар. Эслаганлар ҳам қалбларини ҳамма нарсадан фориғ қилиб эмас, дунёга машғул бўлган ҳолларида эслайдилар. Бундай эслашдан фойда йўқ. Ўлимни ҳақиқий эслаш йўли-ўлимнинг доимо ёнида бўлиш, ўлимдан бошқа нарсани қалбдан чиқаришдир. Буни бамисоли хатарли сахро ёки денгиз орқали сафарга отланган киши ҳолатига ўхшатиш мумкин. Унинг бутун фикри-зикри сафарда бўлади. Қалб ҳам ўлимни эслаш билан машғул бўлса, бу иш қалб буткул банд этади. Ўлим билан банд бўлган қалбда айш-ишрат талаби, дунё қувончи камаяди, тошқинлик босилади. Киши ўлимни кўп эслагани сайин ҳар хил ўлим онлари, бу даҳшатли онларни бошидан ўтказган дўстлари, тенгқурларининг илтижо тўла сўнгги нигоҳлари хотирида жонланади. Уларнинг ўлимларини, сўнги манзилларини эслаб оғир йўллар гирдобида қолади: Улар ким ва қандай эдилар? Энди уларнинг мавқелари, ҳолатлари қандай? Бу чиройли сиймолар тупроққа қандай сингиб йўқолади?

Абу Дардо розиаллоҳу анҳу айтадилар: “Ўликларни эслар экансан, ўзингни ҳам шулардан бири ҳисобла!”

     Ибн Масъуд розиаллоҳу анҳу эса. “Ўзгадан ибратланган одамгина саодатманддир,” деганлар.

    Бир куни ибн Мутиъ ховлиларига назар солиб, унинг гўзаллигидан хайратга тушдилар. Кейин: “Аллоҳга қасамки,агар ўлим бўлмаганида, сени кўриб шодланар эдим. Агар қоп-қоронғу, тор қабрларга қайтиш бўлмаганида дунё билан кўзларимиз қувонар эди,” дедилар.

Ўтган азизлардан бири дўстига шу мазмунда мактуб битди: “Дунё тушдир, охират уйғоқлик. Ўлим бу иккаласининг орасида. Биз бир-бирига боғланмаган, пайинтар-сайинтар тушлар ичидамиз, вассалом!”

     Абу мухаммад ибн Алий Зоҳид деди: “Куфада бир жанозага чиқдик. Довуд Тоий ҳам у ерда бор эди. Ўлик дафн қилингандан сўнг,у чеккароққа чиқиб ўтирди. Мен ҳам унинг ёнига бориб ўтирдим. Довуд шундай деди: “Кимда қиёмат қўрқинчи бўлса, узоқ яқинлашади. Ким орзу-хавасга берилса, амали заифлашади. Ҳар-бир келувчи нарса яқиндир. Билгин эй биродарим! Парвардигорингдан чалғитувчи хар нарса фалокат келтиради.

      Билгин, дунё аҳлининг барчаси қабр аҳлидандир. Дунё аҳли ортида қолганига пушаймон бўлади, қўлга киритилганга қувонади. Қабр аҳли пушаймон бўладиган нарса учун дунё аҳли талашиб тортишади, келишмай қозига мурожаъат қилишади, хусуматга боришади”.

     Мухаммад ибн абу Тавба дейди: “Аллоҳ рахматига олсин, Маъруф ал Карҳий намозга иқомат айтди ва мени имомликка чорлади. Шунда мен:

  • Майли, бу намозда имомликка ўтсам ҳам, бошқасида имомликка ўтмайман, -дедим.
  • Нима, сен ҳам нафсинга бошқа намозгача яшаб, уни адо қилишни айтяпсанми? Аллоҳ бизни орзу-ҳавасга берилишдан сақласин. Орзу-ҳавасга берилиш хайрли амални тўсади, - деди Кархий.”

Умар ибн Абдулазиз бир хутбасида шундай деди: “Дунё доимий қароргоҳимиз эмас. Аллоҳ унга фонийликни битган. Дунё аҳлига эса дунёдан кетиш битилган. Дунёнинг энг ишончли мустахкам қалъаси ҳам озгина фурсат ўтиб, хароб бўлади. Энг муқим қувонч ҳам сал туриб тарқайди. Аллоҳ сизга раҳматини ёғдирсин, гўзал амаллар билан рихлат (охират сафари) ни безанг! Йўл озиғини ҳозирланг! Албатта, энг хши озиқ тақводир.”

- - -