Авлодлар қайғуси » Авлодлар қайғуси 3

“Авлодлар қайғуси”га сўнгги сўз.

1726 Ko'rilgan Авлодлар қайғуси 3

“Авлодлар қайғуси”га сўнгги сўз.

Хаётда кўп мухаббат ҳақида сўз юритилади. Бу мухаббатнинг аксари дунё ичида турган, ўткинчи нарсаларга қаратилгандир. Биз сўз юритаётган мухаббат-илоҳий мухаббат бўлиб, Ягона Роббга бўлган ишқ ҳақидадир. Асрлар давомида қанча солиҳлар ва зиёлилар бу ишқ ҳаловатида яшаб ўтдилар. Аллоҳга бўлган муҳаббат-тил билангина изҳор этиладиган сўз эмаслигини, улар жуда яхши билганлар. Улар мухаббат - пайғамбар алайҳиссаломга эргашиш, у кишининг гўзал хулқларидан ўрнак олган ҳолда яшашда, деб тан олганлар.

Бошқа оқибатлар кўтарилгани янглиғ, муҳаббат борасида ҳам “инқироз”га одамлар юз тутдилар. Ваъдалар бажарилмаслиги қалбда аён бўлиб тургани ҳолда, тилда айтилавергани каби, бир ишни бажармаслик кўнгилда аниқ бўлиб тургани ҳолда, уни бажараман деб, тилдагина айтиб қўйилганидек, мухаббат борасида ҳам фақат тилларда сўзланаверадию, амалда ҳеч бир иш қилинмайдиган даражага етилди.

Аллоҳни яхши кўраман, мухаббатим фақат унга боғлиқ, деяётган банда, пайғамбардан ўзгага эргашадиган, пайғамбарга душман бўлган кимсалардан ҳаёт тарзида ўрнак оладиган бўлиб қолиши, унинг мухаббатининг сохта эканлигидан далолатдир.

Айнан бу “Авлодлар қайғуси” китобининг сўнггисида “мухаббат” мавзусига тўхталишимизнинг асосий мақсади, Аллоҳни яхши кўрмагунмизча, яхши кўришимиз пайғамбар алайҳис-саломга эргашмагунимизча, у кишига яхшилик билан эргашган саҳобий ва саҳобияларни ҳамда тобеъин кимсаларнинг ҳаётидан таъсир олиб, кўнглимиз улардек хулққа эга бўлишга юмшамагунча солиҳ ота-она бўлиб, авлод қайғуси не эканлигини илғай олмаймиз.

Яна бир қоида борки; “дунё ишлари борасида, киши ўзининг мавқеидан қуйироқ, пастроқ даражадаги кимсага боқмоқлиги керак. Дин ва охират ишларида эса ўзидан юксакроқ даражадаги кимсаларга назар солмоғи ва улардек бўлмоққа интилмоғи зарур!”.

Дейлик, доим эгри йўллар орқали мол жамғарадиган бир киши бор. Ҳали ўғрилик қилади, ҳали бировнинг ҳаққини билдирмай ўзлаштириб олади. Унинг молига, уй-жойига қизиқиб, ундан таъсир олиб, интилиб бўлмайди. Балки ҳалол, покиза яшаб, турмуши ўтиб турган, баъзи куни иссиқ таомсиз ҳам истиқомат этаётган кимсага боқиш лозим бўлади. Мана шу дунё ишида тепага эмас, қуйига қараш бўлади.

Энди, дин ва охират ишларида эса, масалан, бир киши борки, вақтида намозини адо қилади, унга қўша нафл намозларни ҳам ўтайди. Қўлига пул тушса, мискинларни унутмайди, китоб харид қилади, унинг мутоъаласи билан машғул бўлади ва ҳоказо. Мана шундай одамни ҳавас этиб, ундай бўлмоққа тиришиш-дин ишида юқорига қараш бўлади. Лекин гуноҳ ишларни ҳам, савобли ишни ҳам қиладиган одамни пеш қилиб, ана у одам ёмон ишларни ҳам қилиб юриптию, мен ким бўлибман, унинг олдида, деб ёмон томонга шўнғиш, дин ишидаги пастга қараш бўлади.

Соф мусулмон, фақат дин ва охират ишларидагина юқорига қаровчи бўлади, холос. Шунга мувофиқ ота-оналар ҳам зурриёт ҳам дин пешқадамларига назар солсалар, уларнинг тақвосига, илмига, гўзал хулқларига ҳавас қилсалар ва унга интилсалар мақсадга мувофиқ бўлади.

Сўнгги жузъда айнан биз мусулмонларга, айниқса аёлларга ўрнак бўладиган, солиҳа момолар ҳақида мавзулар ёритилдики, шояд ўша солиҳалар босиб ўтган йўл, ҳозирги мусулмонлардан унут бўлмаса, доим улардек собит ва содиқ бўлиш-шарафли иш деб билинса!

Аллоҳни яхши кўриб, унга мухаббат қилиш момоларни пайғамбарга эргашишга, у зотнинг йўлидан юришга насиб этган. Ўша мухаббат ишқида қилинган ишлари-уларни бизгача ҳаёти ўрганиладиган бўлишига етаклаган. Зеро, Аллоҳ Хақ Таъоло ўзига мухаббат этган кимсаларни, агар ҳоҳласа бутун жонзотни уларга мухаббати тушадиган, уларнинг ҳаёт йўлига қизиқадиган қилиб қўяди.

Демак, биз бу рисолада келган солиҳа оналаримизнинг бирорталарини кўрган эмасмиз, уларнинг сахийликлари, ибодатларига жонли гувоҳ бўлган эмасмиз. Лекин, уларга бўлган иймоний ҳавас, уларни баён этишга, уларнинг ҳаёт йўлларини ўрганишга ундади. Ягона Аллоҳимиздан қиладиган илтижойимиз, энди улардек тақво этишга ва Ўзига холис тоат этишга муваффақ айласин!

Барча мақтову-олқиш Оламлар Роббиси Аллоҳ учундир, У Ягонадир! Унинг шериги йўқдир! Мухаммад алайҳис-салом Аллоҳнинг бандаси ва сўнгги элчисидир! У пайғамбарга Аллоҳнинг саломи ва саловоти бўлсин!

- - -