Солиҳ зурриёт сари

Бўш вақтнинг ва ўйинқароқликнинг болага таъсири

1778 Ko'rilgan Солиҳ зурриёд сари

Бўш вақтнинг ва ўйинқароқликнинг болага таъсири

Бола тарбиясидаги бўш вақт фойдали тарзда тақсим этилиб, унга жиддий эътибор қаратилишни талаб қилади. Вақт ичидаги бўшлиқ, унга жасадан, руҳан чиниқиш ҳосил қиладиган имконият билан тўлдирилиши керак. “Мухаммад Али исмли бола мактабдан келгач, укалари билан бирга уйда қолишди. Дадаси зиёфатга, онаси эса дарвозани ташидан беркитиб қўшнилари билан, чақчақлашгани чиқиб кетди. Ҳеч қандай вазифа юкланмай, бекор қолган Мухаммад Али ошхонада гугурт олиб чиқди. Укаларига чой қоғозларини, токчада турган газета тўпламларини олиб чиқишни буюрди.

     Улар буюрилган нарсаларни олиб келгач, уларни жамлаб ўт ёқди. Газеталар ловуллаб ёна-ёна, аланга ёнидаги қуриб турган ўт-хашакка туташди. Олов тезда ҳовлидаги нарсаларга туташиб, чарсиллаб ёна бошлади. Бу ҳолатдан қўрқиб кетган Мухамад Али ва укалари чинқираб, додлай бошлашди. Қўни-қўшнилар бирин-кетин ёрдамга чиқишди, тезда ўт ўчириш машинаси ҳам етиб келди. Тезкор ҳаракатлар сабабли ўт ўчирилди, болалар ҳаёти Аллоҳнинг инояти билан сақлаб қолинди”.

     Бундай мудҳиш ҳодисалардан ташқари, бекор қолган фарзандлар бемаъни қилиқларни, қўни-қўшниларга, дов-дарахтларга, ҳайвону-жониворларга зиён етказишни одат қилишади. Уларнинг беҳуда вақт ўтказмаслиги учун, аввало назорат, кейин кундалик тартиб ва режаларни катталар томонидан жорий қилиб бериш лозим. Ўқишдан фориғ бўлишгач, ўйинга, ухлашга, меҳнат қилишга, яқинларининг уйига бориб келишга, дўстлари билан бўлишга муъаййан вақт белгилаб, идора қилиб турилиши керак.

     Бола кўп вақтини ўйин билан ўтказишга ҳаракат қилади. Бу ишда катталар бепарволикка йўл қўйсалар, дарс қилишдан, меҳнатдан, бошқа фойдали ишлар қилишдан чалғийдилар. Натижада бола дарсга, ишга эринадиган ялқов бўлиб қолади.

     “Жасурнинг дадаси ва ойиси узоқ шаҳарга қариндошлариникига жўнайдиган бўлишди. Жасур билан опаси Нафисани бобосиникига ташлаб, “биз қайтгунча шу ерда бўлиб туринглар”, деб тайинлашди. Орадан икки ҳафта муддат ўтгач, ота-оналари сафардан қайтишди. Ўша ҳафта охирида ўғлининг кундалик дафтарини текшириб ўтирган ота, Жасурнинг мактаб фанларидан сустлашганини сезди. Икки хафта олдин баҳолари анча дуруст эди. Жасур ота-оналари сафардалик чоғларида, кўлга қатнаб чўмилишга одат қилди, ундан бўшагач, бобосининг маҳалласида футбол ўйнарди. Уйда таомлангач то тун қоронғусигача компютер ўйнаб вақт ўтказарди. Бобоси ота-онаси келгунча боланинг кўнглини ўкситмай деб, унинг ўйинқароқлигига эътибор қаратмаган эди. Опасининг қилган насиҳатларини эса ҳатто менсиб ҳам қўймаган эди”.

 

- - -