Авлодлар қайғуси » Авлодлар қайғуси 3

“Қурвонжон Додҳоҳ”

1689 Ko'rilgan Авлодлар қайғуси 3

“Қурвонжон Додҳоҳ”

Жасорат борасида аёллар ичида жонбозлик кўрсатган аёлларнинг бири-Қурвонжон Додҳоҳдир. Уни Қурмонжон Мамат қизи деб ҳам номлашган. Қурвонжон Додҳоҳ милодий 1811-йили Ўш яқинидаги Моди қишлоғида таваллуд топган. Қўқон хонлиги вазири Алимбек додҳоҳ Хасан ўғлининг рафиқаси бўлган. Беш ўғил ва икки қизнинг онаси бўлган. Алимбек додҳоҳ сарой фитнаси натижасида ўлдирилгач, эри ўрнига маълум муддат Андижон ҳокими бўлган. Кейин эса Олай воҳасига ҳоким бўлиб, Олай маликаси номи била машҳур бўлган. Чор Россиясининг мустамлакачилик зулмига қарши кўтарилган ҳалқ қўзғолонига бошчилик қилган. Бу қўзғолон милодий 1875-76 йиллар мобайнида бўлиб ўтган.

1876-йил март ойида Туркистон генерал-губернатори Кауфман Олай воҳасига янги ҳудудларни босиб олиш ва ҳалқ қўзғолонларини шафқатсиз бостириш билан ном чиқарган генерал Скобелевни юбориб, қўзғолончилардан уч кунлик муддат ичида бўйсуниш ва ҳар бир ўтов солиқ тўлашини талаб қилган. Ерлик аҳоли босқинчиларга итоат қилмай, уларга қарши Қурвонжон додҳоҳ раҳбарлигида курашга отланганлар

Онаси жасоратидан руҳланган ўғиллари ҳам жонбозлик кўрсатиб, мустамлакачиларга жиддий қаршилик кўрсатганлар. Қўзғолон бостирилгач Туркистон генерал-губернатори Кауфман томонидан Қурвонжон Додҳоҳ авф қилинади. Олай воҳасидаги ички бошқарувда Қурвонжон Додҳоҳ ўз мустақиллигини сақлаб қолган. Бу аёлнинг довруғи ҳатто Санкт-Петербургдаги император саройигача етиб борган.

Катта ўғли Абдуллабек укалари ва сафдошлари билан Қашқар ва Шуғнон тарафга, кейинчалик Афғонистонга ўтиб кетади. Абдуллабек ўша йили Маккага ҳаж сафарига жўнаб, йўлда вафот этади. Кейинчалик унинг жасади Гулчага олиб келиниб, дафн этилади. Қолган ўғиллари чақирилиб Олай воҳасида янги тузилган бўлисларга бошчилик қилиш топширилади. Унинг кичик ўғли  Қамчибек 1895-йили мустамлакачи маъмурлар томонидан Ўшда дорга осиб ўлдирилади. Ўлими олдидан онасига йўлиққанда “ўлимдан қўрқмай, унга тик бориши” зарурлигини тайинланган дейилади.

Бухоро амири Музаффархон Қурвонжон Додҳонинг жасур ва довюраклигидан таъсирлангани ва “додҳоҳ” унвони берганлиги ҳам маълум. Қашқардаги Еттишаҳар уйғур давлати ҳукмдори Ёқуббек ҳам Олай воҳаси билан яхши муносабатлар ўрнатган.

Инсонни тарихда, одамлар орасида тилма-тил кўчиб юриши бежиз эмас, албатта. Қурвонжон Додҳоҳ ҳам ҳалққа етказган нафлари боис тарихда ўчмас из қолдирди. Тинчлик палласида кимдир меҳнаткашлиги, кимдир фан кашфиётчиси миқёсида ном қозониши мумкиндир. Аммо, босқинчи-мустамлакачи ғайри-динлар ёпирилиб, она тупроқни поймол қилмоқчи бўлганда ўзини қалқон қилиб тутиб бериш жуда катта “юрак”ни, мустаҳкам иймонни талаб этади.

Қурвонжон Додҳоҳ аёл зоти бўла туриб, ватан ҳимоясига бел боғлаган, фарзандини душман қатл этганда ҳам, жасурлик билан турган она бўла олди. 1907-йили қиш фаслининг охирида бу фоний оламдан кўз юмдилар.

- - -