Авлодлар қайғуси » Авлодлар қайғуси 3

“Муоза бинти Абдуллоҳ”

1706 Ko'rilgan Авлодлар қайғуси 3

“Муоза бинти Абдуллоҳ”

Тобеъинлар сафида истиқомат қилиб ўтган, Муоза бинти Абдуллоҳ исмли аёл Сила ибн Ашйамнинг завжалари эди. У аёл ҳам обидаликда, илмда мукаммал аёллардан эди. Муоза онамиз Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу ва Оиша онамиз сингари машҳур сахобаладан (ҳадисдан) ривоят қилганлар. Имоми Заҳабий ёзганлар: “У аёл кечаларни бедор ибодат билан ўтказар эканлар ва: “Ухлайдиган кўзга ажабланаман, дарҳақиқат биламанки, (ҳали) зулуматли-қоронғу қабрларда узун уйқулар мавжуд(ку)”, дер эканлар”. Яна, солиҳа аёлларнинг тоатлари борасидаги ақллар лол қоладиган ҳолатлар! Бириси ундай ибодатга шўнғиш билан машҳур! Буниси бошқача тоат билан! Қабрдаги уйқулар турганда, ҳаёт ичдаги уйқуларни тоатга айлантириш Муоза онамизнинг амалларининг бир қисмидир. Бошқа ухловчи кўзларга таажжуб билан қарашлигидан, уларга умрларини беҳуда ўтказмаяптимикин деган важҳда бўлса ажаб эмас.

Эри Сила ва ўғли бир мухорабада шаҳид бўлганлиги хабари келганда, унинг ҳузурига аёллар жамланишипти. Шунда у: “Қутлов, хурсандчилик учун бўлса, хуш келибсизлар, агар ана ундан бошқа нарса учун бўлса, қайтиб кетаверинглар!” деган эканлар.

Ўз яқиларини вафот этиши барча кимсаларга, айниқса мусулмонларга ҳам катта азадир. Аммо ўлим шарафини оширувчи шаҳидлик мақоми эса, Аллоҳ Қуръонда васф қилгандек неъматга сазовор этувчи, жаннат эвазига тикилган жон бадалига бериладиган мақомдир. Ўша мақомга эри ва боласини етувини истаган она, уйига ташриф буюрганларга “қутлов учун бўлса, марҳабо, аммо бошқа нарса учун ҳамдардликми, мусибатга чидаш кераклигини айтиб, таъзия изҳорида бўлса, кетаверинглар” маъносидаги сўзни айтган эканлар.

Ўтмишдаги солиҳа оналарнинг беқиёс онажонлиги шундай ажойиб бўлганки, улар яқинларини (эрими. ака-укасими, ўғлими) охиратдаги марҳаматга эришганидан суюнар эканлар. Дунёдаги қимматбаҳо ҳовли-жойи, минаётган турли машиналари, курси-мансаблари билан улар асло қувонмаганлар. Чунки, уларни вақтинчалик матоҳ эканлигини, чуқур иймонлари билан англаб етганлар.

Муоза бинти Абдуллоҳ айтарканлар:

“Аллоҳга қасамки, (ҳаётда) давомий қолишни яхши кўрмайман, мадомики Роббимга яқин (бандалардан) бўлсам. Шоядки У (Роббим) мени ҳамда Абу Шаъсо ва ўғлимни жаннатда жам қилса!”

Муоза онамиз ҳижрий ҳисоб бўйича 83-ҳижрий йилдан оламдан кўз юмганлар.

- - -