Авлодлар қайғуси » Авлодлар қайғуси 3

“Хафса бинти Сирийн”

1714 Ko'rilgan Авлодлар қайғуси 3

“Хафса бинти Сирийн”

Саҳобалардан сўнг яшаган, уларни кўришга ва уларга ҳидоят йўлида эргашган тобеъинлар силсиласида ҳам ибодатгўй, фақиҳа оналар яшаб ўтганлар. Ўшалардан бирининг номи зикр этилаётгани Хафса бинти Сирийндир. Иёс ибн Муовия айтдики: “Ундан (Хафса бинти Сирийндан) афзалроқ бирортасини кўрмадим. Қуръонни ўн икки ёшида ўқиб бўлган эди. У етмиш йил умр кўрди”. Маҳдий ибн Маймун: “Хафса бинти Сирийн ўттиз йил намоз ўқийдиган намозгоҳидан чиқмадилар. Чиқсалар ҳам фақат ҳожат учун чиққанлар”, деган. Солиҳа оналарнинг ҳаётини ўрганар экансан, уларнинг ҳар-бир соҳада ажойиб хилқат эгалари эканликда топасан. Ҳолатлари, тоатга эътиборлари жуда хилма-хилдир. Ҳатто ҳаёлингга келмайдиган ишлар устида бўлганлигидан ҳайрону-лол қоласан. Хафса бинти Сирийннинг ҳам намозгоҳ устида соатлаб эмас, кун-хафталаб-ойлаб эмас, балки йиллаб тоатга берилиб, ибодатга шўнғиши инсон боласи идрок эта олмайдиган қаноатдан даракдир.

Икки ракъат намозни фараз қилинг; беш ёки ўн дақиқада ўқилиб тугатиладиган ибодатдир. Ваҳоланки ўша дақиқалар давомида ўқиладиган намозни ҳам беэътиборлик билан ўқиймиз. Қўл намозга боғланиб, жасад жойнамоз устида турсада, қалб бошқа ишлар илинжида бошқа томонларда сайр этиб юраверади.

Ўттиз йил вақт, айтишга осон! Ўн минг кундан-да кўпроқ вақтни ўз ичига олган умр! Кўча-кўйларда санқиб юриб, бозорларда, ўтириш, меҳмондорчилик зиёфатларида, беҳуда сериаллар остида умрлари хазон бўлаётган аёллар-умрдан унумли фойдаланишни ана ўшандай оналардан ўрганса арзийди! Уларнинг ҳам оила, бола-чақа, тирикчилик ғами сингари важҳлари бўлган. Лекин вақтининг барчасини ўшаларга банд қилиб юборган эмаслар.

Ислом роҳиб ва роҳибаликдан манъ қилгандир. Яъни, ибодатга шўнғиб, бир манзилни ибодатгоҳ қилиб тутиб, дунё ишларидан мосуво бўлишга чорлаган эмас. Шунинг қаторида дунёга муккасидан кетиб, уни “думидан” тутишга ҳам буюрган эмас. Ўртада “меъёр” ва “мўътадиллик” деган тушунчалар бор, албатта. Солиҳа оналаримиз, ўша меъёрдан гўзал ҳолатда фойдаланиб, беҳуда кетиб қолиши мумкин бўлган вақтни тоатга буриб юборганлар. Энди муҳим ҳожатлари бўлса, уни бажариш илинжида бўлганлар. Асло, “ташқарига чиқмайман”, деган роҳибаликдан олис бўлганлар.

 

- - -