Авлодлар қайғуси » Авлодлар қайғуси 3

“Умму Варақа”

1589 Ko'rilgan Авлодлар қайғуси 3

“Умму Варақа”

Умму Варақа розияллоҳу анҳо аёллар ичида шижоат ва пайғамбарга итоат этишда пешқадам бўлган саҳобия аёллардан эди. У аёл Набий соллоллоҳу алайҳи вассаламнинг хузурларига келиб, Бадрга боришликка изн сўради. Ўша вақтда Бадрда Макка мушриклари билан тўқнаш келадиган кун бўлиб, рамазоннинг ўн еттинчи, жума кунига тўғри келарди. Умму Варақа розияллоҳу анҳо ўзлари ҳикоя қилиб берганлар: “Мен у (пайғамбар)га: - Ё росулаллоҳ, менга изн беринг, сиз билан бирга ғазотда бўлсам ва касал-жароҳат етканларни қарасам. Шоядки Аллоҳ мени шаҳидлик билан ризқлантирса”, дедим. У (пайғамбар): “Уйингда қарор топгин! Албатта Аллоҳ Таъоло сени шаҳидлик билан ризқлантиради”, дедилар.

Шундай қилиб бу аёл “шаҳида” деб номланиб қолдилар. Қуръон ўқиб, қироат қилардилар. Набий соллоллоҳу алайҳи васалламдан ҳовлисида муаззин тутишликка изн сўраган эдилар, унга изн бердилар.

(Орадан йиллар ўтди. Пайғамбар ва Абу бакр иккаласи ҳам вафот топиб, мусулмонларга Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу пешво бўлдилар.) “Ўша кезларда Умму Варақа розияллоҳу анҳонинг бир қули ва чўриси бор эди. Иккаласига “мен вафот топсам, сен иккаланг озодсан” маъносида сўз айтарканлар.

Бир кеча унинг қули ва чўриси уни қатл этишди ва қочиб кетишди. Тонг отгач Умар розияллоҳу анҳу одамлар орасида қоим бўлдилар ва:

- “Кимда бу иккиси ҳақида маълумот бор ёки ким иккаласини кўрса, бас иккиси билан келсин!” дедилар.

У иккиси тутиб келтирилгач, икковини осишга буюрдилар. (Улар иккови ҳам осилди) ва Мадинада аввалги осилганлардан бўлишди”.

(Абу Довуд, Имоми Ахмад ривоятлари).

Умар розияллоҳу анҳу: “Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам тўғри айтганлар. Юринглар бирга “шаҳида”ни зиёрат этамиз”, деганлар.

(Байхақий ривояти)

Ушбу қиссадан маълум бўлишича, Умму Варақа ўзи орзу этган шаҳидалик мартабасига етганлар. Аллоҳ Хақ Таъолодан сидқидилдан сўраган фазилат ва шарафни пайғамбар алайҳис-салом башорат бериб, неча йил аввал айтиб берган эканлар ва бу Умар розияллоҳу анҳу замонларида амалга ошди.

- - -