Авлодлар қайғуси » Авлодлар қайғуси 3

“Умму Дардо”

1690 Ko'rilgan Авлодлар қайғуси 3

“Умму Дардо”

Абу Дардо розияллоҳу анҳунинг хотини бўлган. Умму Дардо розияллоҳу анҳонинг ўзининг исми Жуҳайма эди. У аёл олима ва фақиҳа бўлганлар. Илмни эрлари Абу Дардо розияллоҳу анҳудан олганлиги нақл этилган. Қуръонни кичкиналигидаёқ ўрганган бўлиб,илм ,амал ва зуҳд бобида мустаҳкам бўлганлар. Узоқ ва барокотли умр кечирганлар. Авн ибн Абдуллоҳ; “Биз Умму Дардонинг ҳузурига борардик ва унинг ҳузурида Аллоҳни зикр этардик”, деганлар. Умму Дардо онамиз кичик болаларга Яратган Аллоҳни эслатиб, у ҳақида зикр этиб ўтирарканлар. Дарҳақиқат ёш болалар, қизчаларнинг фориғ пайтлари кўп бўлади. Ўша вақтлар агар тинмай ўйин кулгуга сарфланаверса, ёш боланинг умри нафсиз ўтиб кетади. Ўйиндан, таомланишдан, уйқудан бўшаган паллада уларга чиройли насиҳатлар қилиб, уларни зериктирмай суҳбат қуриб ўтириш доно момоларимизниинг сийратларидан бўлган.

     Бугунги момоларимиз дастурхон ёзиб, сават кўтариб “меҳмонма, меҳмон” юришдан бўшай олмай қоляптилар. Бекор қолсалар бозор айлангани чиқадилар, қўни қўшнилар билан “гап сотиб”, невара чевараларига вақт топа олмайдилар. Вақт топганлари ҳам зурриётларига бўлмағур эртакларни айтиб, ҳамма нарсага Қодир Аллоҳни қўйиб, ялмоғиз-жодугар ва сеҳргарларни мурғак, тоза қалбли болаларга “қўлидан иш келадиган “инсон қилиб қалбига сингдирадилар.

     Аммо Умму Дардо онамиздек олима, тақводор оналар, опалар эса уйига ташриф буюрган меҳмонларга энг азиз мавзу Аллоҳни ёд этиш мавзусида сўз юритар эканлар. Бу тариқа мавзу албатта давра қуриб ўтирган барчанинг қалбини мунаввар бўлишига, Ягона Аллоҳга ишонч ва талпинишни вужудга келишига туртки бўлади. Ёши ўсиб келаётган авлод эса ана ўшандай мавзулар таъсирида фақат Аллоҳдан қўрқадиган, фақат Аллоҳдангина сўрайдиган мавқеъга етадилар. Аллоҳни ёд этишни шоир шеърда васф қилгандек тушунишга ошиқадилар.

     Гар сени чўлда қилсам ёд,

     Чўл бўлур бўстондан ортиқ!

     Сенга қул бўлганим,

     Султондан ортиқ!

     Зиёлиларнинг ҳар бир мисрасида ҳикмат ва донишмандлик ҳиди уфуриб туради. Юқоридаги Аллоҳни ёд этиш бобидаги байтларда ҳам, чуқур мулоҳазали ҳикмат маънолари бор. Яъни, Аллоҳни чўлда қақраб ётган, дов дарахт бўлмаган маконда эсланса, у саҳродаги эсловчига бўстондан, боғу роғдан кўркам манзилдек бўлиб қолишига, У Аллоҳга қул бўлиб,тоатларида мустаҳкам бўлиши эса, султон-подшоҳлардан кўра ортиқ мартабага элтишига ишора қилган.    

     Албатта Аллоҳни ёд этган кимса, торликда бўлса кенгликка чиқади. Агар кенглик ичра ўзини йўқотиб, босар-тусарини билмай қолган бўлса, Аллоҳни эслаган заҳоти-уни олдида жавоб бериш, унга йўлиқиш ҳисси-уни сергак торттириб қўяди. Маъсият ва жиноят йўлига юришдан хавф қилиб, ортга-тавбага қайтиш тадоригини кўришга ошиқадиган бўлиб қолади.

     Маймун ибн Меҳрон айтдилар; “(Умму Дардо) айтди; “Менга Абу Дардо айтдики ; -“Бирортасидан нарса сўранмагин !” –“Агар ҳожатим тушса ҳамми ?”дедим.

     -“Ҳосил йиғувчиларни кузатгин! Улар (йиғиштирадиганларини йиғиб-териб кетганларидан сўнг) улардан тушиб, қолиб кетган (дон)ларни тергин. Уни туй ва ун қилиб, егин!”

            Соддалик ва камтарлик устига қурилган оила вакиллари, бировларга муҳтож бўлмаслик тадбири устида сўзлашган эканлар. Кўп нарсалари бор бўла туриб, “кимдан нимани ундирсамикин” қабилида режа тузадиганлар ҳам йўқ эмас, албатта! Лекин ислом шаббодаси теккан оила аъзолари бировларга “боқимандалик”ни ўзларига раво кўрмайдиган кимсалар бўлган эканлар.

     Бизнинг халқларда ҳам “машоқ(бошоқ) терди” ибораси бор. Деҳқонлар барча нарсаларини йиғиштириб, чайла-капаларини бузиб кетганларидан сўнг, ерлари ташландиқ бўлиб қолгач, айрим одамлар ерга тушиб қолган дон-дунни йиғиштириб, идишларига солиб олиб кетадилар. Абу Дардо розияллоҳу анҳу ўз жуфтига бировга кўз тикиб, ундан тиланчилик қилгандан кўра, йиғим-терим тугагач, ерда қолдиқ бўлиб қолган дон-дунни териб келиб, ейишга тавсия берган эканлар.

     Аёллари Умму Дардо онамиз ҳам бу ишни ўзига ор деб билмадилар. Балки, эрининг бу маслаҳатини бошқаларга айтиб, бу иш унга ҳам маъқул келганлигини билдирмоқда. Ўшандай содда ҳаёт уларни илмдан, ибодатдан чалғитгани йўқ.”Уним кам, бу нарсага эҳтиёжим бор”, деган баҳоналар билан қилажак тоатларини четга сурганлари ҳам йўқ. Ўша фақирликлари билан “машҳур саҳобалар” бўлиш шарафига эришдилар.

     Илм ва фиқҳда номлари ҳозирга қадар ва бундан кейин ҳам тилга олинаверадиган бўлиб қолинди, иншааллоҳ!

     Нарсаларни турли-туманини шундайича қабул қилаётган, еганидан ортиб қолиши аниқ бўлган бугунги “шоҳона” ҳаёт бекалари эса на илмдан, на ибодатдан хабарлари бор. Олаётган илмларидан, қилаётган ибодатларидан кўра “орзу-ҳавас”лари кўп уларнинг! Тавхиднинг уч турини билмаса билмайдики, кийиниш матоларини, деворга иладиган,ойнага осилтириб қўядиган пардаларнинг ўнлаб навини, номларини адашмай айтиб, санаб беради. Намознинг, иймоннинг қанча фарзлари мавжуд эканлигини билмайдилар, аммо қайси маросимда “нима пишириш” керак, қайси издиҳомга “нимасиз” борса уят бўлади, кимлар гапиради, қандай маломат бор, жуда яхши билишади!

Қачон аёллар, муслима опалар, сингиллар ўтгинчи ғамлар ортидан юришни бас қилиб, ўтмиш “чироқлари” бўлган момоларимиздек содда ҳаёт билан олима, фақиҳа, тақводор, эрга итоатли бўлишни орзу қилиб, улардек бахт-саодатга интилар эканлар-а?!

            Ўтмишдаги оналар камсуқум, камторона ҳаёт бўлса ҳам, турмуш ўртоғи билан аҳил-иноқ яшаш тарзида бўлганлар. “Нега бировлардан қолган нарсаларни териб ейишим керак”, деб оилада жанжал кўтаришганлари йўқ. Эр сўзи “муҳокама қилинмайдиган” сўзлар сирасидан бўлганлиги яхши фаҳмлайдиган ўтмиш аёллари, борига қаноат ва чидамлилик билан турганлар.

            Юнус ибн Майсара айтганлар: “Аёллар Умму Дардо билан бирга ибодат қилишарди. Агар қиёмда туришга заифлик қилиб қолишса, арқонларга осилиб, туришга ҳаракат қилардилар”

            Аллоҳга мухаббат билан боғланган инсонгина мукаммал тоатга берилиб, бутун жисми, руҳи билан ибодатга шўнғиб кета олади. Умму Дардо онамиз обидалик бобида етук бўлганлигидан ибодатга қаттиқ берилиб кетардилар. Унинг ибодат қилганига рағбат қилган аёллар, у билан бирга ибодат этиш учун бел боғларканлар. Аммо ибодат палласи Умму Дардо розияллоҳу анҳодек узоқ туришга ожизлик қилиб қоларканлар ва туриш учун арқонлардан фойдаланиб турмоққа интилган эканлар.

            Бу қиссаларни ўқий туриб, биз эркаклар жисмонан бақувват, аёллардан қучлироқ яратилган бўлишларимизга қарамасдан, ибодатда заиф эканлигимиздан, албатта уялмасдан бошқа иложимиз йўқ. Бу ўринда жисм бақувватлиги эмас, қалбдаги иймон қуввати аҳамиятли эканлигига ҳам қойил қолмай иложимиз йўқ. Қалбдаги иймон Хақ Таъолога мухаббатона боғланса, унинг ишқидаги ошиқ учун қилаётган ибодатида фақат роҳат топади холос.

            Мухаббат қўйган кимса мухаббат йўлида чарчоқ, машаққат не эканлигини билмайди. Буни оддий ҳаётимиз ичидаги баъзи ишлар теварагида ҳам кўришимиз мумкин. Фақат унга эътибор ва чуқур мулоҳаза билан қараб, ёндошмаганлигимиз учун сезмаймиз холос.

            Бир одам орзиқиб машина олишни кутган эди. Уни харид қилди. Ҳали ойнасини артаётган, ҳали эшикларини тозалаётган. Иложи бўлса, уйига олиб кириб, бирга ётса. Ана ўшангга қалби тушиши ва қалбида ўшангга нисбатан мухаббат сезиши, уни ўша машинага парвона қилиб қўйди. Унга эътибор бераётганда, қорни очлигини, ҳавонинг иссиқ-совуқлигининг фарқига у бормайди, албатта. Демак, ҳар-бир инсон нимага ошиқ бўлса, ўшанинг йўлида меҳнат қилади. Аллоҳга ошиқ қалблар эса, унга махбуб ўринлардаги меҳнат билан банд бўладилар. У меҳнатдан зерикмайдилар, хуноб ҳам бўлмайдилар, қўл учида, тил учида тоат этмайдилар. Балки бутун вужуди, қалби иштирокида, берилиб, жидду-жаҳд билан амал қилишга киришадилар. Ошиқ бўлишга, сиғинишга дарҳақиқат фақатгина Ягона Аллоҳ лойиқдир!

            Эрлари Абу дардо розияллоҳу анҳу вафот этганларидан сўнг Муовияга турмушга чиққан эканлар. Буни Абу Дардо розияллоҳу анҳунинг Сулаймон исмли ўғилларининг ўғли Мухаммад айтиб берганлари баён қилинган.

- - -