Авлодлар қайғуси » Авлодлар қайғуси 3

“Умму Уммора (Насиба бинту Каъб)

1447 Ko'rilgan Авлодлар қайғуси 3

“Умму Уммора (Насиба бинту Каъб)

Пайғамбар алайҳис-салом яшаб, истиқомат қилган даврда яшаган саҳобия аёллар ҳам жуда итоатли ва жасура – довюрак бўлганлар. Баёни берилаётган, Умму Уммора розияллоҳу анҳонинг асл исмлари Насийба бўлган. Оталарининг исми Каъбдир. Умму Уммора ансория (Мадиналик) аёллардан бўлиб, Хазраж қабиласига мансуб эди. Унинг акаси Абдуллоҳ ибн Каъб розияллоҳу анҳу Бадр иштирокчиларидан бири бўлган. Яна бир акаси Абдуррохман эса (Аллоҳ йўлида кўп) йиғловчи кимсалардан эди. Умму Уммора розияллоҳу анҳо Ақоба кечасининг гувоҳи бўлганлар ва яна Ухуд, Худайбия, Хунайн ва Ямома кунларининг шоҳиди бўлган. Курашларнинг бирида ҳатто қўлидан ажраганлар. Вақидий айтганлар: “(У аёл) Ухудни эри Ғозиййа ибн Амр ва икки ўғли билан шоҳиди бўлган. Қўлида меш билан сув тарқатган ва курашган. Сўнг гўзал имтиҳон билан имтиҳонланган, (яъни) ўн икки жойидан жароҳат олганлар.

Замра ибн Саъид (невараси бўлган кимса) момоси ҳақидаги ҳадисни ўзи (момоси)дан ривоят қилганлар: У (момоси, Умму Уммора) росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг: “Насиба бинти Каъбнинг мақоми бугунги кунда Фалончи ва Фалончининг мақомидан яхшироқдир!” деганларини эшитдим, деган эканлар.

     Абдуллоҳ ибн Зайд розияллоҳу анҳу айтганлар: “(Пайғамбар) онамнинг елкасидан жароҳат етганини билиб: “Онангга, онангга (қара!) Унинг жароҳатини боғла! Парвардигоро, уларни жаннатдаги дўстларим қилгин!” дедилар.

     Замра ибн Саъид ўз оталаридан нақл қилиб айтганлар: “Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуга аёлларга хос чопонлар келтирилди. У чопонлар ичида жудаям яхши чопон бор эди. Ўшанисини Умму Умморага жўнатиб юбордилар”.

     Яхё ибн Хиббоннинг ўғли Мухаммад айтди: “Унинг (Умму Умморанинг) қўли Ямома куни кесилган эди. Қўлидан ташқари ўн бир жойидан жароҳатланганлар. Мадинага қайтиб келганимизда, Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу зиёрат қилгани келди ва унинг (ҳолидан) сўрадилар. У киши халифа эдилар (ўша пайтда)”.

     Умму Уммора Аллоҳ Хақ Таъоло берган барча мусибатларга сабр – матонат билан бардош бердилар. Ўзини йўқотмадилар, чидамсизлик қилмадилар. Пайғамбар олиб келган йўл мудофасида ҳар-қандай машаққатларни эр кишилардан ҳам собитлик ила қарши олди.

     Ҳатто ўзининг суюкли ўғилларидан бири Хабибни ҳам, ёлғончи-сохта пайғамбар бўлмиш Мусайлама ҳузурида чопиб ташланганда ҳам жасур она эканлигини намойиш қилган эди.

     Ўғиллари Хабиб пайғамбар алайҳис-саломнинг мактубларини сохта пайғамбар Мусайламага етказган чоғда, уни боғлатиб қўйиб, кўп озорлар бериб, аъзоларини бирма-бир кесдириб, шаҳид этган эди. Бу хабар онасининг қулоғига етгач: “мен уни айнан, пайғамбарнинг хизмати учун вояга етказганман” мазмунидаги довюраклик сўзини айтганлар.

     Ибну Абдул Барр яна бир ўғиллари Абдуллоҳни Уҳудда шаҳид бўлган, деб айтганлар.

- - -