Авлодлар қайғуси » Авлодлар қайғуси 3

“Фотима”

1890 Ko'rilgan Авлодлар қайғуси 3

“Фотима”

Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг суюкли қизлари бўлган Фотима онамиз розияллоҳу анҳо жаннат аҳли аёлларининг саййидасидирлар. Ҳузайфа розияллоҳу анҳу Набий алайҳис-саломдан ривоят қилган ҳадисда: “Фаришта тушди ва менга хушхабар қилиб, албатта Фотима жаннат аҳли аёлларнинг саййидасидур, деди” деб марҳамат қилганлар. (Хоким ривояти) Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг барча аёллари – жуфтлари, қизлари салоҳиятли, тақвода ва хулқда беқиёс бўлганлар. Биз жуфтларидан фақат Оиша онамизнигина сийрати борасида тўхталиб ўтганимиздек, қизлари орасидан ҳам фақат Фотима онамизгагина тўхталиб ўтмоқдамиз. Фотима розияллоҳу анҳо оталарига пайғамбарлик келишидан озгина олдин таваллуд топган эканлар. Ибну Абдул-Бирр таърифларида, Ухуддан сўнг (Али розияллоҳу анҳуга) турмушга чиққан. Хасан, Хусайн ва Мухсин, Умму Кулсум ва Зайнаб исмли фарзандларнинг онаси бўлган. Оталари пайғамбар алайҳис-саломни ниҳоятда яхши кўрганлар. Уйларига оталари келиб қолса, ўрниларидан туриб, пешвоз чиқардилар.

Оиша бинти Толха ва Оиша онамизлар нақл қилишларича: “Сўзлашувда Фотимадан ўхшашроғини кўрмадим. Агар у (отаси ҳузурига) кирса, (пайғамбар) унга турардилар уни ўпардилар ва кутиб олардилар, бағри кенглик қилардилар”.

     Пайғамбаримиз алайҳис-салом: “Парвардигоро, мана булар менинг аҳли байтимдир! Парвардигоро улардан доғликни кетказгин ва уларга поклик ато этгин!” деб айтардилар.

     Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтадилар: Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам Али, Фотима, Хасан ва Хусайнларга қаради ва: “Мен уруш (ур)ман сизларга ким урушувчи бўлса, сизларга ким тинчликда бўлса, тинч-омонликдурман”, дедилар.

(Имоми Ахмад ривояти)

     Абу Саъид розияллоҳу анҳу айтадилар: Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Биз – аҳли байтга бирортаси ғазаб қилмайди, магар (ғазаб қиладиган бўлса) Аллоҳ уни дўзахга киритади” деганлар.

(Хоким ривояти)

     Росулуллоҳнинг суювида бўлган кимсаларни эҳтиром этиш – муъминлик даъвосидаги ҳар-бир кимсага таалуқли ишдир. Уларни ёмон кўриш ёки уларга ғазаб қилиш ниҳоятда хатарли ишдир.

     Мухаббатнинг шарти шуки, сиз яхши кўраман деган зотни ҳам яхши кўрганини яхши кўрмоғингиз керак. Агар пайғамбарни яхши кўраман десангиз, у киши яхши кўрган “аҳли байт”ни, хоссатан эса Фотима онамизни ҳурмат этишингиз лозим.

     Фотима онамиз оталари вафот топиб, у киши дафн этилгач, Анас розияллоҳу анҳуга: “Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламга тупроқ тортиб, қандай нафсларингиз хурсанд бўлди”, деган эканлар.

     Ҳаргиз саҳобалар пайғамбарга тупроқ тортганидан хурсанд бўлмаганлар. Улар ҳам Фотимадек мухаббатга эга бўлганлар. Пайғамбарни жонидан ҳам устун қўйганлар. Буни барча қатори Фотима онамиз ҳам билганлар, Отасидан, муборак пайғамбардан айрилиш ҳисси ана шу сўзларни айтишга етаклаган бўлса, ажабмас.

     Масруқ Оиша онамиздан ривоят этган узун қиссада Фотима розияллоҳу анҳо оталари ҳузурида йиғлаптилар, сўнг кулиптилар. Оиша онамиз нега йиғлаб, нега кулганининг сабабини сўраганларида:      “Мен росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг сирини фош қилмайман”, дептилар. Пайғамбар вафот этгач, яна Фотима розияллоҳу анҳодан сўраганларида: “Биринчи гал менга гапирганида; албатта Жибрийл менга бир йилда бир марта Қуръонни рўбарў қиларди. Бу сана эса икки марта менга рўбарў қилди. Буни мен ажалим яқинлашиб қолди, деб ҳисоблайман. Сен Аллоҳдан қўрққин ва сабр қилгин. Ўтганлардан сен учун яхшироғи менман”, деганди йиғлагандим, дедилар.

     Қачонки бетоқатлигимни кўргач: “Сен олам аёлларининг саййидаси ёки бу уммат аёлларининг саййидаси бўлишликка рози бўлмайсанми?” девдилар, кулдим” деб Фотима онамиз Росулуллоҳ билан бўлган сирни Оиша розияллоҳу анҳога айтиб берган эканлар.

(Бухорий ривояти)

     Оиша розияллоҳу анҳо айтганлар: “Фотима юриб келарди. Унинг юриши Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг юришидан ҳеч хато қилмас эди. (Пайғамбар қизига): “Мархабо, (эй) қизим!” дердилар.

(Имоми Ахмад, Бухорий, Муслим ва ибн Можжа ривоятлари)

     Пайғамбарнинг қизига бўлган суюви унинг тақво ва итоат бобида юксак аҳлоқ эгаси бўлганлиги билан далилласак ҳам бўлади.

 Савбон розияллоҳу анҳу айтганлар: “Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам Фотиманикига кирдилар ва мен у киши билан бирга эдим. (Фотима) бўйнидан тилло занжирини олди ва: “буни менга Абу Хасан (яъни, куёви Али) ҳадя қилди”, деди.

- “Эй Фотима! Сен одамларнинг “Бу Мухаммаднинг қизи Фотиманинг қўлида оловдан бўлган занжири бор экан”, дейишлари хурсанд қиладими деди ва чиқиб кетдилар.

     (Фотима) занжирни сотиб юбориб, бир хизматчи сотиб олдиларда, уни озод қилиб юбордилар. Шунда Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам:

- “Фотимага оловдан нажот берган Аллоҳга хамд бўлсин!” дедилар.

 (Абу Довуд ривояти)

     Ота аталмиш инсонга бир сўзидаёқ қулоқ солиб итоат этиш – солиҳа қизлар хулқидир. Уларга бир шингил сўз кифоя! Фотима розияллоҳу анҳо ўшандай қизлар саййидасидир! Оталари кариҳ кўрган тақинчоқни ечиб, олибла қўймади. Балки уни сотиб юбориб, ислом амалларининг энг гўзали бўлмиш “қул озод” қилишга сарф этдилар. Ваҳолангки, оталари уни сотиш, ўрнига нима қилиш борасида ҳеч нарса демагандилар. Бу тақинчоқни кариҳ кўрилишлиги “аҳли байтга” хос ишлардандир. Тақинчоқ аёлларга манъ қилинган эмас, албатта, балки пайғамбар хонадонига дунё зийнатларининг кириши ва унга суқланиш жоиз эмас экан.

     Бу ўриндан фақат отага қулоқ солиш, уни эҳтиромлаш даражасигагина тўхталмоқчи бўлдик холос. Ишни афзалроғига алмаштириш, охиратда насиба олажак ишларга аҳамият қаратиш лозимлигини эсламоқчи бўлдик.

     Отани барча одамлар ҳурмат қилиш борасида кўп эслайдилар, шеърлар ёзадилар, буларнинг барчаси тилда холос.

     Хақиқий эҳтиром сўзларда, тилларда васф қилинмайди. Уни ҳаётда, амал устида турганда қилиб, исботланади. Бугунги қизлар отанинг гапини фақат ўзига фойдали деб билган ўриндагина оладилар. Улар “ота” деган сиймони – харажатларини, ҳожатлари тушган нарсаларни олиб берувчи шахс деб билиб қолганлар. “Мен эҳтиром қиладиган, мен итоат этадиган шахс”, деб қарамайдилар.

     Шунинг учун оталаридан наф етиб турса: “дадам, дадажоним”, дея талпинадилар, агар ножўя ҳаракати, сўзи эвазига танбеҳ эшитса, ташқарисида бўлмаса ҳам, ичида отасининг “гўрига ғиш қалайди”. Отанинг сўзига қулоқ тутиб турадиган, уларга тик боқмайдиган, оҳиста, ақл билан гапирадиган ва мурувват – меҳр кўрсатадиган қизлар уммат аёлларининг саййидаси бўлган Фотима онамиздек ҳаётни орзу қилган қизлардир, десак муболаға бўлмас иншааллоҳ!

     Абдуллоҳ ибни Аббос розияллоҳу анҳу айтдилар: “Қачонки; “Аллоҳнинг агар насри ва фатхи келса”, деган оят нозил бўлгач, Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам Фотимани чақирдилар. У (қизи) учун дарҳақиқат ўлим хабари келганлигини айтдилар. (Фотима) йиғлади. Шунда:

- “Йиғламагин, аҳлимнинг аввалги менга йўлиқадигани, албатта сенсан”, дедилар. Шунда (Фотима) кулди, дедилар”.

     Фотима онамиз йигирма тўрт ёки йигирма беш ёшларида оламдан кўз юмганлар, Оталари пайғамбар алайҳис-саломдан қанча ойдан сўнг вафот этганлари ҳақида турли далиллар мавжуд.

     Беш ой кейин вафот қилган дегувчилар ҳам бор. Абу Жаъфарил Боқир: “отасидан уч ой кейин вафот этган”, деганлар. Ибн Абу Мулайка Оиша онамиздан қилган ривоятда: “Фотима билан отасининг оралиғи икки ой”, деганлар.

     Зуҳрий Урвадан нақл қилган ривоятга кўра, Оиша онамиз шундай деганлар: “Фотима Набий саллоллоҳу алайҳи васалламдан кейин олти ой яшаган ва кечаси дафн қилинган”.

     Аллоҳ Субханаҳу ва Таъоло муслима аёлларни, хоссатан қиз ва сингилларимизни Фотима онамиз хулқидек хулқ, дунё матоҳларидан тақво қилувчи, солиҳа, обида, ота ва оналарига, ислому – иймонга муҳаббатли қилсин!!!

- - -