Солиҳ зурриёт сари

Фарзанд тарбиясига ташқи муҳит таъсири

2525 Ko'rilgan Солиҳ зурриёд сари

Фарзанд тарбиясига ташқи муҳит таъсири

Инсон яшаркан, албатта у ташқи муҳит алоқасисиз яшай олмайди. Фарзанд ҳам улғая боргач, кўча-кўйга чиқишга одатланади, дўстлар ортиради, уйдагиларнинг майда-чуйда юмушлари ортидан ташқи муҳитга секин-аста аралаша бошлайди. Бу ташқи муҳитга аралашуви унга салбий ёки ижобий таъсир ўтказиши мумкин. Аввало салбий таъсир қирраларини таҳлил этиб, уни бартараф этиш учун енг шимармоқ керак. Ўшанда болада ижобий томон кўрина бошлайди, салбий таъсир кучлари заифлашади. Бола ташқи муҳитда дуч келадиган биринчи шахслар дўст-дугона, тенгдош-улфатлар бўлади. Агар ўша йўлиқтирган дўст-дугонаси агар ноқобил бўлса, бола ҳам ундаги ноқобилликка кўникиб боради.

     “Фарида исмли қиз уй юмушларига ёрдам берувчи, уйдагиларни кўнглини ром этадиган даражада хушчақчақ, жуда ажойиб қиз эди. Охирги пайтларда эса хушчақчақлиги ўрнини жиддийлик эгаллади, тез-тез уйдан бевақт кўчага чиқиб кетадиган одат чиқарди.                                                                                         

     Онаси қутига солиб қўядиган пуллар ҳам йўқоладиган бўлди. Бир куни қутини очиб, пул олаётганда онаси уни тутиб олди. Кейин маълум бўлишича, кўчада тутинган дугонаси оиласининг эркатойи бўлиб, уйидагилардан кун ора пул олиб чиқар, кўнгли истаган музқаймоқми, қанд-қурсми Фаридага кўз-кўз қилиб ерди. Фарида дугонасининг “имконияти” ўзидан зўр эканлигига қизиқди. Аввалига у ҳам уйидагилардан пул сўради, улар бора-бора рад жавобини беришгач, пул қўйиладиган қутини ўғринча очиб, олиш йўлини билиб олган эди”.

     Юқоридаги воқеа болага дўсту-ёрлари томонидан салбий таъсир ўтказганлигига далолатдир. Аждодларимиз “қозонга яқин юрсанг, қораси юқади” деб бежиз айтмаганлар. Ўтган солиҳлардан бири бир кишига: “Агар сен дўстинг ким эканлигини айтсанг ва кўрсатсанг, мен сенга ким эканлигингни айтиб бераман”, деган эканлар.

     Демак, ҳар-бир шахс ўз ҳамроҳи, ҳамтовоғи феълига, юриш- туришига, тутадиган ишига мойил бўлиб боради. Ота-она ўз фарзандини илк дўст танлашни бошламоқчи бўлганда, унга ёрдам, кўмак кўрсатиб, ақлли, серғайрат, яхши феълли болалар билан дўст тутинишига ёрдамлашса, болада ёмон томонга ўзгариш бартараф этилган бўлади.

 

- - -