Авлодлар қайғуси » Авлодлар қайғуси 3

“Марям”

2068 Ko'rilgan Авлодлар қайғуси 3

“Марям”

Марям онамиз назр этилиб, ибодатхонага топширилинганда, Марямнинг тарбияга олиш иши устида ихтилоф пайдо бўлган экан. Аллоҳ Хақ Таъоло Ўзи марҳамат этиб, Марямнинг чекини Закариё алайҳис-саломга насиб этган экан. “(Эй Мухаммад алайҳис-салом), бу ғайб хабарларидандирки, бу хабарни Сизга Биз ваҳий қилмоқдамиз. Ҳолбуки, Сиз улардан қайсилари Марямга кафил бўлиши(ни билишлик) учун қаламларини (қуръа қилиб) ташлаганларида уларнинг олдида эмасдингиз ва талашиб – тортишганларида ҳам уларнинг олдида эмасдингиз”. (Оли-Имрон; 44-оят мазмуни)

     Аллоҳнинг изни-иродаси билан фаришталар келиб, Марямга ибодат этиш йўлларини ўргатишди ва уни барча аёллардан афзал қилганини хабарини айтишди.

     “Фаришталар Марямга: “Ё Марям, албатта Аллоҳ сени (аёллар орасидан) танлаб олди ва (барча гуноҳлардан) поклади ҳамда сени бутун оламларнинг аёлларидан афзал қилди. Ё Марям, Парвардигорингга итоат қил ва рукуъ (Аллоҳга ибодат) қилгувчилар билан бирга сажда ва рукуъ (яъни, ибодат қил!)”, деганларини эсланг!”

(Оли-Имрон; 42-43 оятлар мазмуни)

     Марям онамиз йиллар давомида Аллоҳ Таъолога бандалик этиб, ибодатларни эринмай бажарди ва улкан имтихонга дуч келди.

     “(Эй Мухаммад алайҳис-салом), ушбу Китобда (яъни, Қуръонда) Марям (қиссаси)ни зикр қилинг: У ўз аҳли оиласидан четга кун чиқар томонга бориб, улардан парда ортига беркиниб олган пайтида Биз унга Ўз Руҳимиз (яъни, Жибрийл)ни юбордик. Бас, у (Марямга) бус-бутун (рўй-рост) одам бўлиб кўринди. (Марям унга): “Мен Раҳмонга (яъни, Аллоҳга) сиғиниб сендан паноҳ беришини илтижо қилурман. Агар (Аллоҳдан) қўрқувчи бўлсанг, (менга зиён еткизмагин),” деди. (Жибрийл) айтди: (Қўрқмагин), мен фақат сенга бир покиза ўғил ҳадя қилиш учун (келган) Парвардигорингнинг элчисидирман, холос”. (Марям) деди: “Менга одамзод тегмаган бўлса, бузуқ аёл бўлмасам менда қаёқдан фарзанд бўлсин?!”. (Жибрийл) айтди: “Шундай Парвардигоринг айтурки: “Бу (иш) Менга осондир. Биз у (болани) одамлар учун оят – мўъжиза ва ўз томонимиздан бўлган раҳмат – марҳамат қилурмиз. Бу битган ишдир”.

(Марям; 16-21 оятлар мазмуни)

     Тақво ва иймон устида барқарор бўлган Марям – эрсиз фарзанд кўриш имтихонига дуч келдилар. Бу бошқа аёллар тарихида кўрилмаган ҳол эди.

     “Бас, (Марям) унга ҳомиладор бўлиб, у билан бирга йироқ бир жойга кетди. Бас, тўлғоқ азоби уни бир хурмо дарахтининг шохига олиб борди (ва у шохга осилган ҳолда кўзи ёригач), деди: “Қани, мана шу (кундан) илгари ўлиб кетсаму бутунлай унутилиб кетсам эди”.

(Марям; 22-23 оятлар мазмуни)

     Эрсиз фарзанд кўриш жуда катта маломатларни олиб келиши табий. Одамларни ҳар-ҳил миш-мишлари инсонга жуда улуғ изтиробдир.

     “Шунда (хурмо дарахтининг) ортидан (Жибрийл) нидо қилди: “Ғамгин бўлма, Парвардигоринг (оёқ) остингдан бир ариқ оқизиб қўйди. (Мана шу қуриб қолган) хурмо шохини силкитгин, у сенга янги хурмо меваларини ташлар. Энди сен еб-ичгин, шод-хуррам бўлгин. Бас, агар одамзоддан биронтасини кўриб қолсанг (ва у сендан бу боланинг отаси ҳақида сўраса) у ҳолда: “Мен Раҳмон йўлида рўза тутмоқни назр (аҳд) қилганман, бас, бугун бирон инсонга сўзламайман”, дегин”.

   (Марям; 24-26 оятлар мазмуни)

     Аллоҳ Хақ Таъоло имтихондан ўтаётган бу солиҳа аёлга ўзи йўл кўрсатиб, нималар қилиши зарурлигини билдирди.

     “Сўнг (Марям боласини) кўтарган ҳолда ўз қавмига келганида улар: “Эй Марям, сен (ҳеч ким қилмаган) ажиб ишни қилдинг-ку! Эй Ҳоруннинг синглиси, сенинг отанг ёмон одам эмас эди-ку, онанг ҳам фоҳиша эмас эди-ку!”, дедилар. Шунда (Марям оғиз очмасдан боласига) ишора қилди (яъни, унинг ўзидан сўранглар, деди). Улар айтдилар: “Бешикдаги гўдак билан қандай сўзлашурмиз? (Шу пайт чақалоқ, яъни, Ийсо тилга кириб)деди: “Мен Аллоҳнинг бандасидирман. У Зот менга Китоб – Инжил ато этди ва мени пайғамбар қилди. Яна мени қаерда бўлсам хайру – баракотли қилди ва модомики, ҳаёт эканман намозни (адо этишни) ва закотни (адо этишни) амр қилди. Шунингдек, (Аллоҳ) мени онамга итоатли – меҳрибон қилди ва мени ситамкор бадбахт қилмади. Менга туғилган кунимда ҳам, вафот бўладиган кунимда ҳам, қайта тириладиган кунимда ҳам тинчлик – омонлик бўлур. Улар (яъни, яҳудий ва насронийлар) шак – шубҳа қилаётган Ийсо Бинни Марям (яъни унинг ҳақидаги Аллоҳнинг) Ҳақ Сўзи мана шудир”.

(Марям; 27-34 оятлар мазмуни)

     Йиллар давомида тоатда мустаҳкам ва собит бўлган Марям онамиз, юқорида келган оятларда баён этилгандек Ийсо ўғилларини туққунларига қадар, уни туғиб бўлганларидан кейин ҳам жиддий синовларга йўлиққанларида ҳеч қандай шак-шубҳа йўқ.

     Инсон кўзи кўриб ўрганмаган нарсага ишониши ниҳоятда мушкул. Барча нарсани Билгувчи, Огоҳ Зот одамлардаги барча гумонларни кетказиш учун Ийсо алайҳис-саломни гўдаклигида забон бериб гапиртириб қўйди. Иймон эгаларига бу ҳол етарли бўлиши керак албатта. Бу отасиз дунёга келган бола Аллоҳнинг мўъжизасини одамларга ибрат олиши учун, Аллоҳ ҳар нарсага Қодир эканлигини билдириш учун эканлиги ҳам таъкидланди. “Шундай. Парвардигоринг айтурки, бу (иш) Менга осондир. Биз у (болани) одамлар учун оят-мўъжиза ва Ўз томонимиздан бўлган рахмат – мархамат қилурмиз. Бу битган ишдир”.

     Марям онамиз катта тўқиб чиқарилган бўхтонлар бўлишига қарамасдан унга чидадилар. Инсон боласини, айниқса аёл боши билан турмушнинг аччиқ онларига бардош бериб ўта билиши катта жасоратдир. Аллоҳ Табарока ва Таъоло ўзининг синовларига жасорат ила ёндошган бандаси Марям онамизга улуғ бўҳтон-туҳмат қилганларга Ўзи лаънат эълон қилди.

     “Яна кофирликлари ва Марям хусусида улуғ бўҳтон қилганликлари сабабли ҳамда Аллоҳнинг пайғамбари бўлган Ийсо бинни Марямни “бизлар ўлдирганмиз”, деган сўзлари сабабли (Биз уларни лаънатладик)”

(Нисо; 156-оят мазмуни)

    Марям онамизга солиҳа аёл деб ҳурмат – эҳтиром билан қараш мўъминларга хос амалдир. Чунки у аёлнинг Қуръон оятларида баёни келишининг ўзи – бунга ёрқин далилдир.

     “Яна (иймон келтирган зотлар ҳақида) ўз номусини сақлаган аёлни – Марям бинти Имронни (мисол келтирди). Бас, Биз Ўз тарафимиздан бўлган руҳни унга пуфладик (ва у Ийсога ҳомиладор бўлди). У Парвардигорининг сўзларини ва китобларини тасдиқ этди ҳамда (Аллоҳнинг амрига) итоат этгувчилардан бўлди”.

(Тахрим; 12-оят мазмуни)

- - -