Авлодлар қайғуси » Авлодлар қайғуси 3

“Имроннинг аёли”

1926 Ko'rilgan Авлодлар қайғуси 3

“Имроннинг аёли”

Навбатдаги солиҳа аёллардан бири Имроннинг аёлидир. Аллоҳ Табарока ва Таъоло бу аёлни Қуръон қиссаларида баён этди. У аёл Ийсо алайҳис-саломнинг момолари бўлган. “Албатта Аллоҳ Одам ва Нуҳни ҳамда Иброҳим хонадонини ва Имрон хонадонини бутун оламлар устида (пайғамбарлик учун) танлаб олди. Уларнинг бировлари бировларига зурриёт (эдилар). Аллоҳ Эшитувчи, Билгувчидир. (Эй Мухаммад алайҳис-салом), Имроннинг хотини: “Парвардигорим, мен қорнимдаги нарсани (ҳомилани дунё ишларидан) озод этиб, Сенга назр қилдим. Бас, (бу назримни ўз даргоҳингда) қабул айла! Албатта Сен Эшитгувчи, Билгувчисан”, деганини эсланг!” (Оли-Имрон; 33-35 оятлар мазмуни)

Оламда машҳур бўлган бу воқеа солиҳа аёл – Марям онамизнинг оналарининг назрлари борасидадир. Холис Аллоҳ учун назр этиш – Аллоҳга қалби боғланган, уни яхши кўрган, доим яхшилик қилмоқчи бўлса Аллоҳгагина аташни орзу этган кимсаларгагина хосдир.

     Имроннинг аёли ҳомиладорлик пайтидаёқ, қорнидаги туғилажак фарзандни Аллоҳ учун назр этишни хуш кўрди. Назрни атаркан, тўла дунё ишларидан фориғ этиб, атамоқчи бўлди ва камтарлик ила “қабул айла!” деб, Аллоҳга илтижо этди.

     Фарзанд – инсоннинг дунёда топадиган неъматларидан бири. Уни биратўла Аллоҳ йўлида фидо этиб юбориш, осон иш эмас, албатта.

     Улғайиб, ўсиб, ишга-меҳнатга яроқли бўлиб қолганда, унинг хизматларидан фойдаланиш ота-онага ҳузур бағишлайди. Айниқса, уларни дарсдан, мактабдан қўйиб, ўзининг манфаатлари йўлида меҳнат қилдириб, ўзга юртларда “ёлланган ишчи” қаторида ишлатиш анча урф қаторига қўшилиб қолди. Уларни овунчоқ қаторида, суйиб – эркалаб, уларга “қул” бўлиб қолаётганлар ҳам талайгина. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қиёмат аломатларини айта туриб: “ан талидал амату роббатаҳа (чўри хожасини туғмоқлиги)”, деб бежиз айтмаганлар.

(Имом Муслим, Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят этган)

     Фарзанд берадиган барча роҳат ва изтиробдан кечиб, уни ўз ҳузуридан назр этиб юбориш – Имрон аёлига насиб этган – ғаройиб воқеадир!

     “Кўзи ёригач эса бундай деди: “Парвардигор, мен қиз туғдим”, - Ҳолбуки, Аллоҳ унинг нима туққанини Билгувчироқдир ва (ҳар қандай) ўғил бу қиз каби (яъни, бу қизнинг ўрнини босгувчи) эмасдир. – “Ва мен унга Марям деб исм қўйдим. Мен бу қизга ва унинг зурриётига даргоҳингдан қувилган шайтоннинг (ёмонлигидан) паноҳ беришингни Сендан илтижо қиламан”.

(Оли-Имрон; 36-оят мазмуни)

     Эҳтимол, Имроннинг аёли ўғил туғсам керак деб ўйлагандир, аммо Аллоҳ Хақ Таъоло унга қиз фарзанд кўришини насиб этди. Шу ҳолда ҳам аҳдини бузмаган Имроннинг аёли назрини батамом ўтади. Қизи Марямга ва унинг зурриётига шайтон ёмонлиги етмаслигини ҳам сўрашни унутмади.

     Солиҳа аёлнинг ҳомиладорлик палласида, уни туғиб олган кезда ўйлаган ва қилган ишига қойил қолмасдан бошқа илож йўқ. Чунки барча аёлларгина шундай ўй ўйлайди, ниятлари тоза-беғубор бўлади, дея олмаймиз. Бошқа аёллар ҳомиладорлик даврида “нима есамикин”, “нима ичсамикин”, “гўдагимга пайпоқ оламан”, “бешик ясатиб қўйиш керак” деганга ўхшаш савдолар билан банд бўлиб, Улуғ Аллоҳни, У Зот ато этадиган неъмат бўлмиш – фарзандни ёдига олиш унут бўлади. Чақалоғини келажаги, унга шайтон тажовуз қилиб қолиши мумкинлигидан хавотир ҳам олмайди.

     Имроннинг аёли эса Марям онамизга ҳомиладор бўлгани ҳамоноқ, Аллоҳга уни назр этишни Яратгандан астойдил сўради.      

     “Бас, Парвардигори уни (Марямни) хуш қабул айлаб, чиройли парвариш этди ва унга Закариёни кафил қилди”.

(Оли-Имрон; 37-оят мазмуни)

     Аллоҳ Субханаҳу ва Таъоло Имроннинг аёли назр этган Марямни қабул айлаб, ибодатхонада тоат билан машғул бўлган Закариё алайҳис-салом тарбиясига дохил қилади. Жажжи, итоатли Марям шундай қилиб онаси томонидан Аллоҳ йўлига назр этилиб, ибодатхонага берилади.

- - -