Авлодлар қайғуси » Авлодлар қайғуси 3

“Ибрат ва намуна эгаси бўлган – солиҳалар қиссалари”

1805 Ko'rilgan Авлодлар қайғуси 3

“Ибрат ва намуна эгаси бўлган – солиҳалар қиссалари”

Аллоҳимиз Хақ Табарока ва Таъоло Қуръон қиссалари орасида солиҳа аёллар васфини баён этган. Аллоҳ йўлида истиқомат этган, унинг жаннатига умидворлик билан талпиниб, итоат этган аёллар солиҳа аёллардир. Ўшаларнинг машҳурларидан бири – Осиё онамиздир. “Аллоҳ иймон келтирган зотлар (ва улар ўзлари хақиқий муъмин бўлсалар, яқин одамларининг кофир ҳолда бўлиши уларга зиён қилмаслиги) ҳақида Фиръавннинг аёлини мисол келтиради”. (Тахрим; 11-оят мазмуни)

     Абу Жаъфар Розий айтадики, Робиъ ибн Анас Абу Олийадан нақл қиладики: “Фиръавн хазинабонининг аёлининг иймони Фиръавн аёли иймонидан олдинроқ бўлган эди.

     Бир куни у (хазинабон аёли) Фиръавннинг қизини тароқ билан сочини тараётган эди. Ногоҳ, тароқ қўлидан тушиб кетди ва: “Аллоҳга ким куфр келтирса бахти қаро бўлди”, деб юборди. Шунда Фиръавннинг қизи:

  • Сени отамдан бошқа Роббинг борми? деб сўради.

     (Фиръавннинг қизи ажабланиб, сўрашидан сабаб шуки, Фиръавн ўзини “худо” деб даъво этган кимса эди. Бу ҳақда Қуръон оятида шундай дейилган: “Сўнг (ўз одамларини) тўплади-да, жар солиб: “Мен сизларнинг энг юксак парвардигорингизман”, деди”.

 (Ван-назиъат; 23-24 оятлар мазмуни)

     Фиръавн қизининг бу саволига:

  • Ҳа, менинг Роббим ва отангнинг роббиси ҳамда барча нарсаларнинг Роббиси – Аллоҳ! дея жавоб қилди.

Фиръавннинг қизи уни калтаклаб урди ва отасига унинг хабарини етказди. Фиръавн сўроққа тутиб (Хазинабон аёлига) деди:

  • Сен мендан бошқасига ибодат қиласанми?
  • Ҳа, менинг Роббим, сенинг Роббинг ва барча нарсаларнинг Роббиси Аллоҳ, дея жавоб қилди.

Фиръавн у аёлни қаттиқ азоблай бошлади. Қўл ва оёқларига пона қоқтирди. Унинг устига илонларни ташлатиб юборди.

Бир кун яна келиб:

  • Сен қайтадиган бўлдингми, деб дағдаға қилди.

У аёл эса, ўша аввалги жавобларини такрорлади:

  • Менинг Роббим, сенинг Роббинг ва барча нарсаларнинг Роббиси Аллоҳ!

Шунда Фиръавн:

  • Сени бу қилмишинг учун агар қайтмасанг ўғлингни сўйиб юбораман, деди.
  • Нимани қилмоқчи бўлсанг, қилавер, деб жавоб қилди аёл.

       Унинг бу иши устида Фиръавн ўша аёлнинг ўғлини сўйиб юборди. Кейинги куни келиб Фиръавн   яна сўроққа тутди ва аввалгидек жавоб олгач, унинг яна бир ўғлини сўйиб юборди”.

       Мана шу воқеалар таъсирида Осиё онамиз иймон келтирдилар ва солиҳалардан бўлди. Хазинабон аёли эса ўша вақтда мавжуд бўлган муъминлар тоифасидан эдилар. Бу тоифа Қуръон қиссаларида ўз ифодасини топган.

     “(Мусо асосини, ҳассасини ташлагач, сеҳргарларнинг бор ясаган нарсаларини ютиб юборди.) Бас, сеҳргарлар сажда қилган ҳолларида (ерга) ташланиб, “Биз Ҳорун ва Мусонинг Парвардигорига иймон келтирдик”, дедилар. (Фиръавн) айтди. “Унга мен сизларга изн бермай туриб иймон келтирдингизми? Шак-шубҳасиз, у сизларга сеҳр ўргатган каттангиздир. Бас, энди мен албатта оёқ-қўлларингизни қарама-қаршисига (яъни, ўнг қўл, чап оёғингизни ёки аксинча) кесурман ва сизларни хурмо шохларига осурман, (ана ўшанда) қайсимизнинг (яъни, менинг ёки Мусонинг худосининг) азоби қаттиқроқ ва давомлироқ эканини билиб олурсизлар. Улар дедилар: “Биз ҳаргиз ўзимизга келган очиқ ҳужжат-мўъжизаларни ва бизларни яратган Зотни қўйиб, сени танламаймиз. Бас, қиладиган ҳукмингни қилавер. Сен фақат манашу ҳаёти дунёдагина ҳукм қилурсан. Бизлар эса хатоларимизни ва сен бизларни мажбур қилган сеҳргарликдан иборат (гуноҳларимизни) мағфират қилиши учун Парвардигоримизга иймон келтирдик. Аллоҳ(нинг савоби) яхшироқ ва (азоби) давомлироқдир”.

(Тоҳа; 70-73 оятлар мазмуни)

     Осиё онамиз иймонга келгач, Фиръавн уни ҳам азоблашга тушди.

     “Ўшанда (яъни, Фиръавн у аёлнинг Мусо пайғамбарга иймон келтирганини билиб, қолгач, азоблаган чоғда) у: “Парвардигорим, Ўзинг мен учун ҳузурингда – жаннатда бир уй бино қилгин, менга Фиръавн ва унинг қилмишидан нажот бергин ва менга бу золим қавмдан нажот бергин”, деди”

(Тахрим; 11-оят мазмуни)

     Ибн Жарир рохимаҳуллоҳ айтганлар: Фиръавннинг аёли: “Ким ғолиб бўлади”, деб сўраган эканлар, “Мусо ва Ҳорун”, дея жавоб олипти. Шуда у аёл: “Мусо ва Ҳоруннинг Роббисига иймон келтирдим!” деганлар.

     Фиръавн: “Буюкроқ қоя изланглар, агар у сўзида турса, уни ундан улоқтириб ташланглар! Агар сўзидан қайтса, бас у менинг аёлимдир!” деди.

     Уламолардан бирининг таъкидлашича, мана шу чоғ Осиё онамиз Робб Таъолога муножот этиб, юқоридаги дуони қилган эканлар. Уни қояга олиб боришганда, кўзларини самога қаратиб, жаннатдаги уйини кўрдилар ва сўзида мустаҳкам турдилар, руҳи суғирилиб олингач, руҳи йўқ бўлган жасадни (ўлдиряпмиз деб ўйлаган, Фиръавн югурдаклари) қоядан улоқтиришди.

     Бошқа нақлларда ривоят этилишича: “Фиръавн аёли ўзининг жаннатдаги уйига кўзи тушгач, кулганлар. Фиръавн: “Унинг жиннилигидан таажжубланяпсизларми? Биз уни азоблаяпмиз, у эса кулмоқда!” деган.

     Аллоҳ Хақ Таъоло ўз бандаси Осиёга сўраган тилагини ато этди. Фиръавндан, унинг қилмишидан нажот берди. Золим қавмдан ўзи қутқарди.

     Икки ихтиёрдан бирини танлаш имконияти берилган чоғда, Робб Таъолонинг ҳузуридаги жаннатга талпиниш – Осиё онамизнинг танлаган ихтиёри бўлди. Дунё матоҳлари, ундаги шуҳрат, мулк-султонлик, ўша даврнинг улкан салтанатининг қироличаси мансабини ҳам рад эта олдилар.

     Қуръонни бетадаббур, фаҳмламасдан ўқиётган эй нодон ! Бу қиссаларни жон қулоғинг билан тинглагин, қайси аёл ва не меҳнати учун у илоҳий калом оятлари орасида васф этилмоқда?!

     Иймони, Ягона Алоҳга бўлган мухаббати эмасми, уни оятларда ўқиладиган ҳолга етказган?! Дунё лаззатларидан воз кечиб, мансабни, орзу-ҳавасни четга улоқтириб, золимларга сабот ила жавоб берган мустаҳкамлиги эмасми?!

     Оғиз кўпиртириб, Осиё онамиз ундоқ эдилар, бундоқ ишларни қилганлар деб сўз сўзлашни биласан, холос! Лекин унинг имконияти, мартабаси олдида оддий инсон, аёл бўла туриб, арзимас дунёга қўл уриб, ўзингни унинг бағрига отасан! Унга дунё калитлари тутқазилган эди. Сарой хазиналари, олтин – кумушлар, дуру – жавоҳирлар, кўнгли тусаган ҳар турли зебу – зийнатлар муҳайё эди. Аммо не учун у аёл буларни рад этди?!

     Жаннатни, ундаги неъматларни афзал кўриб, дунё фитналаридан юз ўгирганини нега англамайсан?!

     Бу ҳақиқатларни англаш учун, Яратган Аллоҳдан мустаҳкам иймон сўрамоғинг, қиссаларни қунт билан, юрак-юрагинг билан ўқиб ўрганмоғинг лозим!

     Дунё матоҳларидан салгина юз ўгириб, соддароқ дастурхон, ноз-неъмат устида, одмироқ кийиниб, қалбингни ўтмишга, узоқ тарихга боғлаган ҳолда фикр юргизиб, ўйланиб, мутоъала қилишинг зарур!

     Адиблардан Абдулла Қодирий китоб ёза туриб, бир куни йиғлаган экан. Шунда: “нега йиғлаяпсиз”, дейилинганда: “Кумуш ўлганига”, деб жавоб қилган экан.

     Ўзи ёзаётган асар ичидаги бир Кумуш исмли аёлни ўлимини ўзи ёзатуриб, ўзи йиғлаган экан, ўша адиб. Ваҳоланки, аниқ яшаб ўтган, иймон устида азоблар билан якун топган момоларимизнинг ҳаётини ўқиб туриб, қалбда бирор бир куюнишни, кўзда эса бирор томчи кўз ёшини топмасак-а! Аллоҳимиз Ўзи тавфиқ ва ҳидоят берсин!

     Мухаммад Мунир ал-Ғазбон деган муаллиф: “Мана бу мисолларни Аллоҳ сен учун келтириб қўйди, (эй) муслима сингил, унга эргашиб, иқтидо этишлигинг учун!” деб ёзганлар.

     Жуфти кофир, ашаддий золим, ўзини худо деб танитган кимса бўлишига қарамай, муъминаликни, эзгуликни ўзига эп кўриб яшаш ниҳоятда ибратли ҳол!

     Завжи покиза, намозхон, солиҳ ишлар билан истиқомат этадиган кимса бўлишига қарамай, унга осийлик қиладиган, бўлар – бўлмасга ғавғо кўтариб, йиғи-сиғи қиладиган аёллар, нега қаноат ва шукрни билмас эканлар-а?!

     Биров уларни Фиръавндек маъсият ишларга мажбур этмаса ҳам, ўзлари “бел боғлаб” бидъат, хурофот, ифлос ва жирканч ишларни бамайлихотир қилавериши ажабланарли ҳол!

     Фиръавн аёли дунёни, унинг фитна тўла зебу-зийнатини четга улоқтирган бўлса, иймонни даъво қилаётган “опаларимиз” эса, ўша юз ўгирилган матоҳларга гуноҳ кечиб бўлса ҳам етишиш орзусидалар.

     Фиръавн аёли дунё қасрларини, ҳашаматли саройларни “сариқ чақага” олмаган бўлса, бугунги “осиёмиз” даъвосидагилар, қулаб вайрон бўлувчи, “евроремонт” услубдаги бинолар билан бандлар ёки унинг орзуси билан маст-аластлар.

- - -