Илм чашмаси » Илм чашмаси 5

Ўлимни эслаш билан иймонни мустаҳкамлаш.

2135 Ko'rilgan Илм чашмаси 5

Ўлимни эслаш билан иймонни мустаҳкамлаш.

Инсон ҳаёти абадий эмас, у бир кун бу оламни тарк этиши муқаррар. У ўлим билан якун топади. Ўлим ёшга ҳам, кексага ҳам, эркакка ҳам, аёлга ҳам етади. “(Ер )юзидаги барча жонзот ўткинчидир,, дейди Аллоҳимиз. (Ар-Рохман сураси,26-оят мазмуни) Ўша ўтиш куни бўлмиш ўлимни эслаб, ёд этиб юриш инсон қалбидаги иймонни тетиклаштиради. Ўлиб бориши муқаррар бўлган диёр-охиратга ишлаб қолиш учун меҳнат қилади. Ўлиб йўлиқадиган ҳисоби учун ғам, ташвиш қилади. Ўлгандан сўнг

йўлиқадиган Роббисига ёруғ юз билан йўлиқишга ҳаракат қилади. Ўлим қийинлигидан сўнг яна янгидан азобга, дўзах исканжасига тушиб қолишдан эҳтиёт бўлиш чораларини кидиради. Ўлимни унутган, ёдидан чиқарган кимса наздида бу олам тугамайдиган ҳаётга ўхшайди. Бугун тонг оттириб, янги кунни қарши олгани каби яна ҳаёт шундай тўхтамасликда давом этади деб ўйлайди. Узун орзуларга, поёни йўқ ҳавасларга берилиб кетади. Натижада охират ҳаётида асқотадиган амалларга эмас, ўткинчи дунёда қолиб кетадиган матоҳлар учун тер тўкади.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ўлик эчки боласининг (ёнидан) ўтдилар ва – Сизларнинг қай бирларингиз буни дирҳамга (сотиб олишни) яхши кўради, дедилар.

- Биз учун уни бўлишлигини   яхши кўрмаймиз, дедилар. - Аллоҳга қасамки, сизларга буни бўлишлигидан кўра албатта дунё - Аллоҳга аҳамиятсизроқдир! – деб жавоб қилди Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам.

                                                                                     (Муслим ривояти)   

 

 

Аллоҳ Таоло дейди:

     “Айтинг: “Сизлар  қочаётган бу ўлим, албатта сизларга йўлиқувчидир. Сўнгра сизлар ғойбу шаҳодатни билувчи Зотга қайтарилурсизлар. У Зот сизларга қилиб ўтган амалларингизнинг хабарини берур.”

                                                               (Жумъа сураси,  8-оят мазмуни)

     “Ким Аллоҳ билан учрашишни ҳоҳламаса, Аллоҳ ҳам у билан учрашишни ҳоҳламайди” (Абу Ҳурайра ривояти, муттафақун алайҳ). Чунки, тавба йўлига кирган одам Аллоҳнинг дийдори ва ўлимдан қочмайди. Балки ўзининг қуср ва нкқсонлари сабаб, Аллоҳнинг дийдорига етиш каби буюк неъматни бой бериб қўйишдан хавфсирайди. Умар ибн Абдулазиз ҳар кеча фақиҳларни жамлаб, ўлим, қиёмат, охират қўрқинчларини ёдга олишар, гўё олдиларида бир тобут тургандек йиғлашарди. Иброҳим Таймий дейдилар: “Икки нарса мени дунё лаззатидан узади: Ўлимни эслаш ва Аллоҳнинг олдида туриш”.

     Каъб айтадилар: “Ким ўлимни англаса, бу дунёнинг мусибатларию машаққатлари арзимас бўлиб қолади”. Умар ибн Абдулазиз олимлардан бирига: 

 - Менга насиҳат қилинг, - дедилар.

- Ўлим сари бораётгн биринчи халифа эмассан, деди у

- Яна насиҳат қилинг, - дедилар амирул муъминин.

- Одам алайҳиссаломдан то ота-боболарингга қадар бирор киши йўқки, ўлим шарбатини тотмаган бўлса. Энди сенинг навбатинг келяпти.

     Кейин Умар ибн Абдулазиз йиғладилар.

     Робеъ ибн Хосим ҳовлиларида қабр қаздириб қўйган эдилар. Хар куни бир неча марта лаҳадга кириб ётар, шу йўл билан ўлимни доимий ёдда тутар ва: “Агар қалбим бир соат ўлимни унутса, фасод бўлади”, дер эдилар. 

    Мутарриф ибн Абдуллоҳ ибн Шухайр дейдилар: “Ўлим ҳар қандай дунё неъматига завол етказувчидир. Бас, безавол неъматларни изланг!”

     Умар ибн Абдулазиз Анбасага: “Ўлимни кўп эсла, агар тўкинликда бўлсанг, танглик нелигини биласан. Агар аҳволинг танг бўлса ўлим ёди сени кенгликка чиқаради”, деб насиҳат қилган эдилар.

- - -