Илм чашмаси » Илм чашмаси 5

Борлиқ ўзи мавжуд бўлган эмас!

1696 Ko'rilgan Илм чашмаси 5

Борлиқ ўзи мавжуд бўлган эмас!

Ўзини йўқдан бор қилган, ризқини, ҳаётини ато этган Аллоҳга ишонмаган кимсалар, борлиқни, ундаги бор барча нарсаларни ўз-ўзидан барпо бўлган деб нонкўрлик қиладилар. Уйга ҳориб, чарчаб, қорни оч ва ташна ҳолда қайтган одам уйи ичида ёйилиб турган дастурхонни кўрса, унда пишириб қўйилган таом, чойнакка қуйилган чойни кўрса - у ишларни ўз-ўзидан бўлиб қолган деб ишонмайди. У дастурхонни кимдир ёзган, унинг устига таом, чой ва бошқа ноз-неъматларни бирор-бир кимса ҳозирлаган деб билади. Ҳовли тўғрисидаги терак ағдарилган унинг шоҳ-шаббалари текис қилиб боғланган. Бу ҳовлига кириб келган кимса, бу терак ўз - ўзидан йиқилди, шохлари ўзи чопилиб, ўзи боғланиб қолди деса, уни адашган, гап тўқиган одам деб биламиз.

Демак, улкан бу олам, унинг ичидаги бор махлуқоту, мавжудот ўз-ўзидан бинога келди, ўз-ўзидан ранг олмоқда, қуёш нурини ўзи чиқариб олди десак, бу сўзлар соғлом ақлга тўғри келармикин?! Албатта, тўғри келмайди! Чунки кичик бир хонадон ичида, торгина бир ҳовли ичида бўлган воқеаларни бажарувчиси йўқ деса ишонилмагани янглиғ, катта оламда, сайёралар атрофида бўлаётган жараён ва ҳодисаларнинг Эгаси йўқ дейилиши ақлсизлик ва кофирликдир! Биз мусулмонлар бу олам, бу борлиқни Ягона Аллоҳ яратган деймиз. Унинг шериги ва ёрдамчиси асло йўқдир деб иймон келтирамиз! “Балки улар ҳеч нарсадан (яъни Яратувчисиз) яралиб қолгандирлар?! Ёки улар яратувчимиканлар-а?! Балки осмонлар ва ерни ҳам улар яратгандирлар?! Йўқ, улар ишонмаслар!,, (Тур сураси,35-36-оятлар мазмуни)

- - -