Солиҳ зурриёт сари

Оқил фарзандларнинг оилага таъсири

2267 Ko'rilgan Солиҳ зурриёд сари

Оқил фарзандларнинг оилага таъсири

Минг афсусларки, худо бехабар бўлган пайтларда кишилар оила, фарзанд, тарбия деган тушунчалар у ёқда турсин, шахсан ўзи ким, нима учун бу дунёга келди, нима мақсадда яшаяпти, вафот этса қаерга боради, сингари саволларга ҳам тўғри жавоб топа олмайдиган мақомга етиб борган эдилар. Уни акси ўлароқ, янги туғилаётган авлоднинг айримлари ҳақиқатга ўч, ҳалол покизаликни изловчи, табиати софликни қумсайдиган ҳолатда вужудга келди. Улар ўзларидан ёши улуғларнинг амалиётидаги ноҳақликларни, гумроҳликларни, харом-хариш юришларини кўриб,

кўнгли вайрон бўлди. Агар уларнинг тўғри йўлга, ҳалолликка, ҳақиқатга интилишларини билсалар хурсандликлардан бошлари осмонга етадиган мувозанат пайдо бўлди.

     Матбуот саҳифаларида ноҳақлик, бесамара умр ичида яшаб ўтган бир ота воқеаси нашр этилган. У отанинг исми Абдурашид бўлиб, ногирон кимсаларни масхаралаб кулишдан рохатланар, улфатлари билан то қоронғу зулматгача кайфу-сафо қилиб ўтираркан. Биринчи фарзанди туғилганда кўзи ожиз, қўли касалманд бўлиб туғилибди. Унга Салимжон деб ном қўйишибди, отанинг Салимжонга мутлақо кўнгли юмшамас экан.

 

     Онаизор ўзи парвариш қилиб, эрига инсоф-тавфиқ тилаб, дуолар қилар экан. Орада яна иккита фарзанд туғилибди. Ота кейинги иккаласи Санжар ва Тохирга эътибор қаратсада, тўнғич фарзанди Салимжонга ҳатто кўз қирини ташлашга ҳам ижирғанар экан. Шу ҳолатда ўн йил муддат ўтибди. Воқеанинг қолган томонини ота бўлмиш Абдурашид ўзи ҳикоя қилиб беради. “Бир куни жума куни соат ўн бирларда пешинга яқин уйғондим, соат иккиларга бир жойга тўйга айтилган эдим. Ҳа, ҳали анча вақт бор экан, деб бемалол ювиниб, сўнг танлаб кийиниб, хушбўйланиб, тараниб, кўча томон юрдим. Айвондан ўтар эканман, Салимжоннинг ғалати йиғиси эътиборимни торти.

    Ич-ичидан, эзилиб-эзилиб йиғламоқда эди, юзлари ёшдан ювилиб кетган, қўллари билан ожиз кўзларини артиб улгуролмасди!

      Гўдаклигидан бери унга қилаётган биринчи илтифотим эди! Мана, ўн йил ўтибди ҳамки, бирор марта ҳам йиғлаганда, ташвиш чекканда эътибор бермаган эканман. Бу сафар ҳам ички бир  туйғу мени қарамай ўтиб кетишга чақирарди! Ўғлим эса, менинг борлигимни ҳали билган эмас, ҳазин, мунгли овозда онасини чақирар эди. Бурилиб унга яқинлашдим-да, сўрадим:

     Салимжон нега йиғлаяпсан?

     Овозимни эшитар экан, йиғидан тўхтаганини кўрдим. Яқинлашганимни сезгач, атрофни пайпаслаб, хонаси томон кириб кета бошлади. У мендан ўзини олиб қочмоқда эди! Оҳ! Бу ўксик тисланишни ҳеч қачон унутолмасам керак! Унинг қилган хатти-ҳаракати, атрофдаги хона ичидаги буюмлар барчаси тилга кириб, гўё: “Ўн йилдан бери қаёқда эдинг?!” деяётгандек эди. Ортидан хонага кирдим. Дастлаб, нега йиғлаганини айтишдан бош тортди. Эркалаб, мулойимлик билан сўраганимни сезгач, пиққиллаб сабабини баён қилди:

     Одатда масжидга етаклаб обориб келувчи укаси Санжар уйда йўқ экан, жума намози бўлгани боис, мавиъзага кеч қоламан, деб йиғлаётган экан. Укасини чақирибди, онасини чақирибди, ҳеч ким келмагач, йиғлаб юборибди. Бу гапни айтатуриб хўрсиниб қўйди. Юмуқ кўзларидан ёш қуюла бошлади. Бу гапни эшитиб, ҳаяжондан бўғзимга бир нарса тиқилдию, юзини қўлим орасига олиб, ўзимни тутолмай йиғи аралаш: Шунинг учун йиғладингми-а?, Салимжон?-дедим.

Бош ирғаб жавоб қилди: Ҳа.

     Шунда ҳамма нарсани унутдим – улфатларимни, ваъда қилинган тўйни.

- Салимжон, ўғлим, биласанми, бугун сени масжидга ким олиб боради?

- Санжар оборса керак, лекин кеч қоляпти-да.

     - Йўқ, бугун сени ўзим олиб бораман.

     Салимжон ҳайратдан қотиб қолди, ҳеч ишонгиси келмасди, бошқаларни мазах қилиб, турли қилиқлар билан масхара қилиб юрадиган отаси ўз ўғли, кўзи ожиз ногирон фарзандини ҳам калака қиляпти, деб ўйлади, шекилли. Бироқ жиддий гапираётганимни сездирганимдан кейин, кўзига яна ёш келди. Кўз ёшларини қўлим билан артар эканман, қўлидан ушлаб машина томон етакладим. Машинага ўтирғизмоқчи эканимни сезгач:

     - Масжид яқин-ку, дада, деди. – Масжидга қадамларимни санаб боргим келяпти.

      Масжидга охирги марта қачон борганимни эслай олмайман. Лекин шуниси аниқки, ҳеч қачон бу сафаргидек қилиб қўйган гуноҳларимни эслаб, бу қадар мени ваҳима босмаган эди, беҳуда ўтган узоқ йилларга бу қадар надомат қилмаган ачинмаган эдим.

     Масжид одамларга тўла бошлаган экан, шундоқ бўлса-да, Салимжон иккимиз сафдан жой топа олдик. Биргаликда жумъа хутбасини тингладик, ёнимда намоз ўқиди. Тўғрироғи мен уни ёнида ўқидим. Намоздан сўнг одамлар аста тарқалишди. Салимжон токчадан Мусҳаф (Қуръон) олиб беришимни сўради. Таажжуб! Кўзи ожиз қандай ўқий оларди. Эшитмагандек бўлиб ўтираверай дедиму, оғир ботишидан қўрқиб, қўлига Қуръон тутқаздим.

- Каҳф сурасини очиб беринг!

Титкилаб, титкилаб, охири мундарижасидан топиб, керакли саҳифани очиб бердим. Қуръонни қўлимдан олиб, олдидаги лавҳ устига қўйди-да, ожиз кўзларини юмган ҳолда ўқий бошлади.

     Роббим! У Каҳф сурасини тўлиғича ёд олган эди! Ўзимдан уялиб кетдим. Қўлимга Қуръонни олар эканман, вужудимни титроқ тутди, ўқийвердим, ўқийвердим, ич-ичимдан Аллоҳга қилган гуноҳларимни кечиришини сўраб нола қилар эдим. Охири ўзимни тутиб тура олмадим, бошида бир-икки томчи кўз ёши билан бошланган йиғи энди авжига минган, бутун борлиғимни эгаллаган эди. Масжиднинг у ер-бу ерида қолиб, намоз ўқиётган одамлардан ҳижолат чекиб, йиғимни ичимга олдим, энди йиғи бўғиқ ингроққа, ҳиққиллашга айланди. Сезмай қолибман, қарасам ингичка касалманд қўллар юзимни пайпаслаб топиб, селдек оқиб тушаётган ёшларимни арта бошлабди. Ўғлим Салимжон! Юрагим тўлиб, қучоғимга олдим. Бағримга узоқ босиб турар эканман, хаёлимдан шу ўйлар кечди: Сен кўр эмассан ўғлим! Кўзи кўр мен эканман!

 

     Жаханнам сари судраётган дайдиларга қўшилиб, улар орқасидан қуюқиб кетган, ортига бир марта бўлса ҳам қараб қўймаган отанг кўр экан!

     Уйга қайтдик. Хотиним Салимжонга жуда хавотир бўлиб турган экан, менинг етаклаб келаётганимни, жумъани бирга ўқиб кираётганимизни кўриб хавотири қувончга айланди, хурсандчилик чўққисининг энг олий ифодаси бўлмиш севинч кўз ёшларини тўкди. Шу кундан эътиборан намозни доим масжидда ўқийдиган бўлдим, эски улфатлардан, эски жойлардан оёқ узиб, масжиддан, маҳалладан янги дўстлар орттирдим. Улар билан бирга бўлганда ҳеч бир лаззатга таққослаб бўлмайдиган иймон таъмини, қалб хотиржамлигини тота бошладим. Кўп нарса ўргандим, бирор ракат намозни қолдирмайдиган,

     Қуръонни бир ойда бир неча бор қайтарадиган (хатм қиладиган) бўлдим. Оилам бола чақамга бўлган илгариги совуқлик, бепарволик кўтарилиб, ўрнини ғамхўрлик, куюнчоқлик эгаллаган эди. Мушфиқ рафиқамнинг қайғули, мунгли нигоҳлари ҳам қайтиб - келмасга кетиб, ўрнига қувноқ, порлаган нигоҳлар келган, ўзи ҳам кўркам бўлиб, ҳеч муболағасиз, ўн ёшга ёшариб кетгандек эди.                                                                      

    Айниқса, ўғлим Салимжонни юзидан табассум аримас, кўрган одам уни дунё хазинасини қўлга киритган деб ўйларди. Буларни барчасини кўриб ўзимда йўқ қувонар, бу неъматларни ато қилган Роббимга шкурлар қилар эдим. Ҳақиқий саодат энди мени ўз оғушига олиб, эркалай бошлаган эди. Орадан кўп ўтмай ўртоқларим узоқроққа хизмат сафарига борадиган бўлишиб, мени ҳам таклиф қилишди. Истихора қилиб, рафиқам билан маслахатлашдим, узоққа, анча вақтга кетаётганимни айтдим.У ҳам хурсанд бўлиб, сафар эхтиёжларини тайёрлай бошлади. Авваллари турли ҳуда-беҳуда қилинадиган сафарларга аёлига мутлақо маслаҳат солмайдиган одамнинг ўз ёстиқдоши билан қилаётган биринчи машварати эди бу. Салимжонни олдига бориб, сафарга кетаётганимни билдирдим, ингичка қўллари билан бўйнимга осилиб, мен билан видолашди. Сафаримиз уч ярим ойга чўзилди. Бу вақт ичида фурсат топган пайтимда уйга телефон қилиб, аёлим, болаларим билан гаплашиб турдим, уларни жуда соғинган эдим, айниқса Салимжонни! Қизиқ, қачон телефон қилсам ё масжидга, ё мактабга кетган бўлади, кечқурун қилганимда ухлаб қолган бўлади.

     Аёлим менинг унга бу қадар боғланиб қолганимни эшитиб кулар, телефон ортидан бўлса ҳам унинг юзлари ёришиб кетганини кўргандек эдим. Фақат қайтишимдан бир-икки кун олдин сим қоққанимда одатдаги кулгисини эшитмадим, овози ҳам ўзгаргандек эди.

     - Салимжонга менинг номимдан салом айтгин.  

     - Ҳа, албатта. Худо хоҳласа. Ва ниҳоят, сафар ҳам қариб, уйга етиб келдим, эшикни қоқдим. Болаларим, аёлимга бир қучоқ совға-саломлар билан, ундан-да кўпроқ соғинч билан эшикка қараб турдим.

 Ана, ҳозир Салимжон эшикни пайпаслаб бўлса ҳам топиб ўзи очади!

     Бироқ эшикни ҳали тўртга кириб улгурмаган кенжа ўғлим Холид очди. Қўлимга олиб ердан кўтарар эканман, у: “Дададон, дададон” деб бир нима демоқчи бўларди. Уйга бораётиб, ўзим ҳам тушунмайман, бирдан юрагимни бир нарса сиққандек бўлди. “Шайтон васвасасидан ўзинг асрагин”! Шу ўйда турар эканман, истиқболимга рафиқам чиқди, юзи алланечук синиқ, кўзларида ҳам мунг қотгандек. Унга тикилиб қарар эканман сўрадим:

     - Тинчликми? нима бўлди сизга?

    - Ҳеч...?

Бирдан ҳаёлимга Салимжон келди.

    - Салимжон қани?

Четга қараб бошини эгар экан, юзига иссиқ, йирик ёшлар юмалади. Шу пайт Холид ўзининг ҳали тўғрилаб улгурмаган чучик тили билан: “Дададон… Талим атам даннатга тетти… Аллоҳга…” деган гапини эшитдиму, карахт бўлиб турган еримда қотиб қолдим, қулоғим том битди, бошқа нима дейишганини билмайман. Фақат хотинимнинг йиғлаб хонадан чиқиб кетганини кўрдим. Кейинчалик билдим қайтишимдан икки хафта бурун Салимжонни тўсатдан безгак тутиб, истимаси кўтарилибди, аёлим тезда касалхонага олиб борибди. Истима авжига миниб, ўз отасининг меҳридан неча йиллар маҳрум бўлган, бир марта бўлса-да “ўғлим” деган овозни эшитмаган, бошларини силайдиган ота қўлини сезмай ўтган ўғлим Салимжон касалхонада, онаси қўлида, ингичка қўлларини унга узата-узата жон таслим қилибди.” 

     Юқорида бўлган воқеадан маълумки, баъзида фарзандни яхши йўлга етаклаш ота-она унутадиган, ота ва она эзгулик йўлига ўтиши учун эса фарзанд сабаб бўлиб қолиши ҳам мумкин экан. Аммо камдан кам ота она ўз фарзандидаги ҳақиқатга ўчликни илғайди ва унинг яхшиликка йўғирилган сўзларига қулоқ солади. Аксарлари эса фарзанддаги оқилликни маҳмадоналикка, ақл ўргатишга нисбат берадиларда, ҳақиқатни инкор қилиб, уни четлаб ўтмоқчи бўладилар.

     Қачонки фарзандда истеъдод, қобилият, тўғри йўлни танлаш хусусияти кўринса, оила пешволари уларни қўллаб-қувватлашлари керак.

     Бу фаровон оилага ғаразона кўз ташлаётган мунофиқона сўзу- муносабатларни ғов сингари йиғиштириб ташлаб, фарзандни ҳақ йўлда истиқомат қилиши ва фаолият кўрсатишини таъминлашлари даркор. Шунда бу фарзандда фақат оиласигагина ижобий таъсир ўтибгина қолмай, қатлами кенг бўлган жамиятга ҳам манфаати тегади.

 

- - -