Солиҳ зурриёт сари

Ота-онанинг улғаяётган фарзандга таъсири

2375 Ko'rilgan Солиҳ зурриёд сари

Ота-онанинг улғаяётган фарзандга таъсири

Ота ва оналик мақомига эришган шахсларнинг ўзаро бир-бирларига қилаётган муомалари униб-ўсаётган фарзандга таъсири ниҳоятда каттадир. Эр ва хотин болага ижобий таъсир ўтказа олишлари учун бир-бирларини ҳақ-ҳуқуқларини мукаммал ўрганиб, унга риоя этишлари керак. Улар орасидаги мустаҳкам интизомни ва бир-бирларини ҳурмат этишларига гувоҳ бўлаётган бола соғлом фикрли, мустаҳкам иродали бўлиб улғаяди.

Аёлни бесабаб сўкаётган, унга қўл кўтариб қаттиқ муомала ўрнатган отани кўриб ёки эр билан тенгма-тенг айтишаётган, унга итоатсизлик қилиб қўл силтаётган онани кўриб, “булутсиз самода” юрган мурғак қалбли болада, ота-она мувозанатига ёмон қарашлар пайдо бўла бошлайди.

     Оиладаги келишмовчиликлардан кўз ёш тўкаётган онани кўрганда, бўйин томирлари чиқиб, кўзи чақнаётган отани гувоҳи бўлганида, боланинг юрагида дарз кетишлар содир бўлади.

      Ҳар-қандай муаммо пайдо бўлганда ҳам эр-хотин фарзандлар олдида ўзларини маҳкам тутишлари керак, иккалалари алоҳида чигалликларни ечиб олиши, ҳеч нарса кўрмагандек, аввалгидек меҳр-оқибат билан муомала муносабатни чиройли тарзда давом эттиришлари керак.

    Аксар болаларнинг ёмон иллатлар исканжасига тушишига оиласидаги келишмовчиликлар сабаб бўлиб келмоқда. Асрлар, йиллар оша фаравонлик остида бўлган оилалар, фақат оила мухити жанжалсиз, келишмовчиликларсиз ўтганлиги билан исбот қилинган.

     Саодат ҳукм сурган пайғамбар, асхоблар истиқомат қилган даврларда, нафл ва суннат намозларини бежиз ўз уй-хонадонларида, ҳовли-жойларида ўқимаганлар. Доимий уйида, мухитида солиҳ амал намоз адо этилаётганини кўриб, гувоҳи бўлаётган норасидалар табиатида солиҳ амалга ошиқиш, интилиш пайдо бўлади. Бева-бечора, етим-мискинлар бошини силаётган, уларга ғамхўрлик қилаётган ота-онасини гувоҳи бўлган бола табиатида ҳам саҳийлик ҳисси вужудга келади. У ҳам ўзига олиб берилган ўйинчоқларини, буюмларини, дўсту-ўртоқлари билан биргаликда ўйнагиси улар билан баҳам кўргиси келадиган бўлиб қолади.

     “Бир куни бир кишининг ҳамкасб дўсти эшик олдига келиб, чақира бошлабди. Ҳамкасби ҳузурига чиқишни хушламаган ҳолда ўз ўғлига: “чақираётган тоғанг олдига чиққинда, дадам уйда йўқлар”, деб айтгин дебди. Ўғли эшик олдига чиқиб: “Дадам мен уйда йўқман, чиқиб айтиб қўй!” деди деган экан”.

     Ушбу воқеадан, норасида боланинг табиати мусаффо эканлиги зоҳир бўлади. У тўғри, ҳақ сўзни айтишни хуш кўради. Аммо ўз манфаатини, ноҳақликни устун қўйган ота-оналар бола табиатидаги мусаффоликни булғаб, уларни ёлғонга, ноҳақликка мажбур қиладилар. Ҳатто юқоридаги воқеадаги ҳолат вужудга келса; “нега мени борлигимни фош қилдинг”, деб жазолашдан ҳам тоймайдилар.

     Боладаги кўп иллатлар вужудга келиши, уни уй мухитида қўрқув асоратига олиниши натижасидир. Хато-камчиликлари, нотўғри ҳатти-ҳаракатлари эвазига тарсаки еган ўғил-қиз қалбида секин-аста қўрқув ҳисси вужудга келади. Давомий сўкишлар, дўқ-пўписалар унинг юрагини безиллайдиган қилиб қўяди.

     Бир бола косада сув келтираётиб, қўли қалтираб сувни тўкиб юборса дарров “жазо қўлланмаси” ишга тушади. Ногоҳ синадиган ашёга тегиб кетиб, уни синдириб юборса, кўринг ғалвани!

    Ота ёки онага нисбатан қўрқиш ҳисси уйғонган ўғил-қизда ёлғон, чақимчилик каби унсурлар униб ўсади. “Жазо қўлланмаларидан” қутулиш йўлини излайди, чора-тадбирлар ўйлаб топади. Фарзанд ота-онасидан қўрқиши керак эмас, балки ҳурмат, иззат-икром кўрсатиши керак. Бола қалбида қўрқув, чўчиб туриш ҳисси эмас, уларни қадирлаш, эъзозлаш туйғуси пайдо бўлиши керак. Қалбидаги қўрқиш ҳисси фақат ягона Аллоҳгагина сарф этилмоғи керак.

     Худосизлик ҳукмрон бўлган паллаларда кишилар болаларининг тарбиясини “темир интизом” асосида ушламоқчи бўлганлар.

     “Темир интизом” қўлловчилар борлигида тартибли, одобли бўлиб кўринган болалар, улар ғойиблигида барча “ҳунарларини” ишга солганлар.

      Кўриниб турувчи кучдан қўрқиш ҳисси, уларни шундай иш тутишга йўл очиб берган.

     Аммо, асрлар оша келган мусулмонлик маданияти ила тартиб этилган оила тарбияси, қанчадан-қанча улуғ алломаларни, очиқ кўнгил, очиқ чеҳра, меҳр-шафқатли, қалби пок, тўғри сўз кишиларни етиштириб берган.

- - -