Авлодлар қайғуси » Авлодлар қайғуси 2

Мерос тақсимотидаги аёллар хуқуқи.

1675 Ko'rilgan Авлодлар қайғуси 2

Мерос тақсимотидаги аёллар хуқуқи.

Ислом аёлларнинг мерос борасидаги хақ-хуқуқларни батамом, камолига етказган диндир. Жоҳилият даврида аёлларни ўзлари мерос қаторидаги бир хақир буюм саналганлар. Эрлари вафот топса ким биринчи бўлиб, бирор ёпинчиғни, тул аёл устига ташласа, аёл ўшанга мутеъ бўлиб, уники бўлиб қолаверган. Ислом бундай разолатни бартараф этди. Жуфти вафот топган аёлларга авалло турмуш эҳтироми эвазига тўрт ойу ўн кун идда ўтиришни буюрди. Агар ҳомила бўлса уни туғиб олгунга қадар изн берилди. Шу билан бирга эрининг қолдирган мероси, молу-мулкидан олиш ҳуқуқини ҳам белгилаб берди. Аёл талон-тарож бўлиб бировларга “буюм” бўлишдан халос этилиб, ўзи “хақдор” қаторида улуш-насиба оладиган бўлди.

      “Уларга” (хотинларингизга) сизлар қолдирган меросдан-агар сизлардан фарзанд қолмаган бўлса-тўртдан бири тегур. Энди агар сизларнинг фарзандингиз қолган бўлса, уларга сизнинг меросингиздан саккиздан бири тегур”.

        (Нисо; 12-оят мазмуни)

       Аллоҳ Хақ Таъоло Ўз шариъатида нафақат эрлари вафот топган аёлларгагина эмас, балки аёл жинсидаги қиз фарзандларига, опа-сингил, момоларга ҳам мерос тақсимотидан улуш-насиба белгиллаб қўйган.

      “Агар (меросхўрлар) иккидан ортиқ қиз бўлса, уларга (ота-она) қолдирган нарсанинг учдан иккиси, агар якка қиз бўлса, унга (мероснинг) ярми тегур”.

        (Нисо; 11-оят мазмуни)

       Жобир инб Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: “Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи вассалам Саъд ибн Рабиънинг икки қизига мероснинг учдан икки қисмини тенг бўлиб бердилар”.

       “(Эй Мухаммад алайҳис-салом), Сиздан фатво сўрайдилар. Айтинг: “Аллоҳ сизларга на ота ва на боласи бўлмаган сўққабош одам тўғрисида ушбу фатвони берур: агар фарзандсиз бўлган ёлғиз эркак ўлса, (агар) унинг синглиси бўлса, унга (акаси) қўйиб кетган мероснинг ярми тегур”.

      (Нисо; 176-оят мазмуни)

       Кишининг вафотидан сўнг мамосигина қолса унга ҳам меросдан улуш бор эканлигини ҳам шариатимизда мавжуд.

       Қобийса ибн Зуайб ҳикоя қиладилар: “Бир момо (онанинг онаси) халифа Абу Бакр розияллоҳу ҳузурига келиб, ўзининг мероси ҳақида сўради. Халифа дедилар: “Қуръони каримда момолар мероси ҳақда зикр этилмаган. Шунингдек, Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи вассаламдан ҳам бу борада ҳеч нарса эшитмаганман. Бир фурсатдан кейин келинг, мен саҳобийлардан суриштириб қўяман”. Ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу саҳобийларни жамлаб у ҳақда сўрадилар.

       Саҳобий Муғийра ибн Шуъба: “Мен Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи вассаллам ҳузурларида бор эдим, У Зот момога олтидан бир ҳисса берган эдилар”,-деди. Ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу сўрадилар: “Ўша вақтда сиздан бошқа яна ким бор эди?” Муҳаммад ибн Маслама ал-Ансорий ўрнидан туриб: “Мен ҳам бор эдим, Муғийра ибн Шуъбанинг айтганлари рост”, деб гувоҳлик бердилар. Мазкур икки саҳобийнинг шаҳодатларини тинглаб бўлгач, халифа Абу бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу момога унинг меросдаги ҳақи олтидан бир эканини эълон қилдилар”.

- - -