Авлодлар қайғуси » Авлодлар қайғуси 2

“Эҳтиром этишга лойиқ жинс”

1727 Ko'rilgan Авлодлар қайғуси 2

“Эҳтиром этишга лойиқ жинс”

Суюкли пайғамбаримиз Мухаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам муборак ҳадислари мазмунида шундай деганлар: “Муъминларнинг иймони комилроғи – хулқи яхшиларидир ва сизларнинг яхшиларингиз аёлларига хулқи яхши бўлганларингиздир!” (Тирмизий ривояти) Умматнинг яхшиси даражасини топиш мумкинлиги, аёлга эҳтиром билан гўзал хулқда, муомалада бўлиш орқали етажаклиги юқоридаги ҳадисдан маълум бўлди. Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам яхши деб айтган инсон “мен бўлишим керак” деган эркак, албатта аёлга эҳтиром кўрсатиш билан яхши инсон бўлишга эришади. Пайғамбаримизгача қайси подшоҳ, қайси қироллик бу шарафни аёлларга бера олди?! Қайси султон, қайси волий ўзига яқин киши бўлишликни аёл эҳтиромига боғлай олди?! Яна бошқа муборак ҳадис Муғийра ибн Шуъба розияллоҳу анҳу ривоят қилганлар: “Албатта Аллоҳ оналарингизга оқ бўлишни ва қизларни тирик дафн этишни харом қилди...” (Бухорий ривояти)

Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳу; Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламдан эшитдимки, (у зот) айтдилар:

     “Кимнинг уч қизи бўлса, уларга сабр этса, уларни ўз жидди (моли)дан сувлантирса ва кийинтирса у учун улар (қизлари) дўзаҳдан парда бўлади”.

(Имоми Ахмад ривояти)

     Эътибор бериб қаралса, пайғамбар алайҳис-саломнинг юқоридаги ҳикматли сўзлари таъсиридан мусулмон уммати “аёл” эҳтиромини баланд кўтаришга чоғланди ва унга ташландиқ ашё каби эмас, муътабар инсон мисолида қарай бошлади. Оила қурилаётган чоғда аёл ўрни муҳим саналиб, унга эъзоз ва эҳтиром билан маҳр берилади. Маҳр бошқа халқларда ҳам топилинмас – ноёб хақдир. Ислом аёллар шаънини юқори қўйганлиги учун ўзининг иффатини, ор-номусини муҳофаза этган аёлларга мукофот тариқасида маҳрини белгилаб берган.

     “Хотинларингизга маҳрларини ҳадя каби (яъни, чин кўнгилдан, мамнунлик билан) берингиз! Агар ўзлари сизлар учун у маҳрдан бирон нарсани ихтиёрий равишда кечсалар, сизлар уни пок ва муборак билиб еяверинглар”.

(Нисо; 4-оят мазмуни)

     Аллоҳ берилаётган маҳрни аёлнинг ўзига ҳос мулк қилиб берди. У маҳрдан аёл ўзи ихтиёр этиб берсагина, ундан олиш ва ишлатиш жоиз бўлар экан холос. Акс ҳолда бировнинг мулкига кўз олайтирган бўлиб қолинади.

     “Ва (агар бирга яшаш ниятингиз бўлмаса), берган маҳрларингизнинг бир қисмини қайтариб олиш учун хотинларингизни (бошқа эрга тегишдан) тўсиб туриб олманглар! Магар улар очиқ бузуқлик қилсалар (у ҳолда берган маҳрингизни қайтариб олишингиз мумкин)”

       (Нисо; 19-оят мазмуни).

      “Исломдан илгари бирон аёлнинг эри ёмон кўриб, кўнгилсиз бўлиб қолса, у аёлга турли тазйиқлар ўтказиб, жонидан тўйғизар, лекин талоғини бермас эди. Қачонки у эридан олган маҳрини ё ҳаммасини ёки бир қисмини қайтариб берсагина талоқ қилар эди. Шариати исломийа бу қабих одатга ҳам барҳам берди”, дея изоҳ беради олимлардан бири.

      Таҳқирлаш зулмига дохил бўлажак аёлларни ислом ҳимоя этиб, уларга хушмуомалаликни, тинч-тотувликни тарғиб этди. Хушмуомалалик ва тотувлик билан яшашлик ортида кўп яхшиликлар бор эканлигининг хабарини билдирди.

      “Улар билан хушмуомала бўлиб, тинч-тотув яшанглар. Агар уларни ёмон кўрсангизлар ҳам (сабр қилиб, иноқ ҳолда яшайверинглар). Зеро сизлар ёмон кўрган нарсада Аллоҳ кўп яхшиликларни қилиб қўйган бўлиши мумкин”.

       (Нисо; 19-оят мазмуни).

      Очиқ бузуқлик қилиб, оила шаънига доғ иш қилишдан бошқа ҳолларда аёл доим ҳимояланиб, ислом билан мухофаза этилиб келган. Уларнинг мулки ҳисобланмиш маҳрга ҳам, қайтариб олмасликни жиддий иш қатори, наҳий этган.

      “Агар бир хотинни қўйиб, бошқа хотинга уйланмоқчи бўлсангизлар, аввалгисига саноқсиз молу дунёни (маҳр қилиб) берган бўлсангиз-да, ундан бирон нарсани қайтариб олмангизлар! Уни олиш бўхтон ва очиқ гуноҳ бўлган ҳолида оласизларми? Ахир бир-бирингиз билан қўшилиб, улар (яъни, хотинларингиз) сизлардан (яхшилик билан ҳаёт кечириш ёки чиройли суратда ажрашиш ҳақида) қатъий аҳд-паймон олганларидан сўнг қандай қилиб уни (яъни, маҳрни) қайтариб оласиз?!”

       (Нисо; 20-21 оятлар мазмуни)

       Ислом-доим эр хотинни турмушига жиддий эътибор берган-ягона йўлдир! Бу ажралиб кетишга берилган изн-фақат исломнинг ўзига хос рухсат берган йўлдир. У холга етиб боргунга қадар, яъни талоққа қадар бир қанча босқичлар бор. Аёл номаъқул иш қилиб қўйса дарров у талоқ қилиб, қўйиб юборилмайди. Турмушни сақлаб қолишнинг услублари, тадрижлари бор. У бузуқлик, расво ишларни қилмаган бўлса, уни тарбия этиш, ислоҳ этиш мумкин.

       “Хотинларингизнинг итоатсизлигидан қўрқсангиз, авалло уларга панд-насиҳат қилинглар, сўнг (яъни насиҳатларинг кор қилмаса), уларни ётоқларда тарк қилингиз (улар билан бир жойда ётманг, яқинлашманг), сўнгра (яъни, шунда ҳам сизларга бўйинсунмасалар), уринглар! Аммо сизларга итоат қилсалар, уларга қарши бошқа йўл ахтарманглар. Албатта Аллоҳ энг Юксак ва Буюк бўлган Зотдир”.

        (Нисо; 34-оят мазмуни)

        Аллоҳ Хақ Таъоло юқоридаги оятда “итоатсизлик” қилган аёлларга нисбатан чорага изн берди холос. Бекордан-бекорга, “итоатли” аёлларга изн бергани йўқ, чора қилишга! Оят охирида Аллоҳ: “уларга қарши бошқа йўл ахтарманглар!” дея ўзининг Юксаклигини, Буюклигини эслатиб қўймоқда. Чунки кўпгина “босар-тусари”ни билмай қолган эркаклар “ҳеч кими” йўқдай, аёл кишини ўсал топадилар, камситадилар, талоқ билан таҳдид соладилар.

       Демак чора, фақат итоатсизлик юзага келса, ундан қўрқилингандагина амалга оширилар экан. Қуйида ўша аёлга қилинажак чоралар билан танишиб ўтамиз. Чоралар тўрт босқичдан иборатдир.

  1. Насихат қилиш.

       Аёл итоатсизлик қилса, уни дарров уйига ҳайдаб, ёки уриб, сўкиб танбеҳ берилмайди. Балки ширин сўзлар ва ҳикматли гаплар билан ваъз-насиҳат қилинади. Аёл кишига итоат зарурлиги, итоат қилиш билан хотима топган умр эвазига аёл киши жаннатга дохил бўлажаклиги баён этилади.

       Кўпинча, эрлар насиҳат этишда ожиз бўладилар. Ёки дағаллик йўлига ўтиб оладилар. Шунда нозик турган келишмовчилик бадтар ривожланиб, кўнгилсиз воқеалар бўлишига сабаб бўлади. Шунинг учун оила қуриш, унинг илми ниҳоятда зарур илмлардандир. Оила қуришдан олдин ёки келин-куёвлар, айниқса куёв болалар илмдан, ҳикматдан бохабар бўлишлари ўта муҳимдир! Сеп тайёр бўлсагина, уй битса, таъмирлар якун топсагина тўйга куёв тайёр дегани эмас, балки оила тебратишга, яхши-ёмон кунда ўзини, оиласини меҳр-муҳаббат билан тутиб қолишга, аҳлига садоқатли бўлишга тиришиш билан тайёр бўлади деб ҳисобламоқ керак!

       Оила катталари ҳам уйида келишмовчилик чиқса дарров “даврани қизитиб” жангни аланга олдирмасдан, куёв фарзандларига тўғри, насиҳат йўлини кўрсата билишлари лозим.

       Яратган Зот Аллоҳ ўзи яратган махлуқларни яхши билгувчидир. Хато  қилган, итоатсизлик қилиб қўйган аёл агар ақлли, диёнатли бўлса, хатосини насиҳат орқали англаб тади ва жаннатга ғов бўладиган “итоатсизлик”ни тарк этади. Шунинг учун аёлдаги итоатсизликни кетказиш учун Улуғ Аллоҳ биринчи босқичда насиҳат этишни амр этди.

Насиҳат олишга тиришган аёллар.

       Бу ўринда насиҳат олишга интилган, ғайрат этиб оиласини, эрига итоатини сақлаб қолган аёллар воқеасини эслаб ўтмоқчимиз. Зеро, турмушнинг нозик йўлларини босиб ўтаётган аёллар ибратлансалар ва насиҳат олиш поғанаси билан келишмовчиликларига нуқта қўйсалар!

       “Бир аёл эри билан аразлашиб қолиб, шикоят қилиб, қавм оқсоқолига борипти. Қавм оқсоқоли:

       -Сиз тоғ ёнбағрида яшайдиган  чўпоннинг аёлига боринг ва унинг тутган турмушига разм солинг, дея насиҳат этипти.

       Аёл йўл юриб тоғ ёнбағридаги чўпон хонадонига етиб келипти. Уй бекасидан изн сўраб ичкарига кирипти. Кун иссиқ, йўл олис бўлганидан ташна бўлган шикоятчи аёл уй бекасидан сув сўрапти.

       Уй бекаси бўлмиш, чўпоннинг аёли меҳмонга салқинда турган сувдан, ўзига эса усти ёпиғлиқ офтоброқда турган кўзадан сув олиб келиб, ичипти.

       Бу ҳолдан таажжубланган меҳмон аёл унинг сабабини сўрапти. Шунда мезбон:

      -Эрим тонг саҳарлаб, қўй-қўзиларни ҳайдаб, яйловга кетган. Ҳозир у кун иссиғида сувлари илиб, мен ва болаларимнинг ғамида меҳнат қилиб юрипти. У шундай кун қизиғида бизнинг ризқимиз борасида илиқ сувлар ичиб юрса, мен қандай қилиб соя-салқинда турган сувдан ичай? Ваҳоланки, мен у билан яхши-ёмон кунда турмушнинг иссиқ-совуғини бирга тотиш учун турмуш қурганман, деб жавоб берипти.

       Шикоятдан сўз очмоқчи бўлган аёл, чўпоннинг аёлидаги садоқатни кўриб, ўзининг бесабрлигидан, эридан бўлар-бўлмасга ранжишидан уялиб кетипти ва чўпон аёлидек, сабр ва вафо билан яшашга қасд қилиб, уйига қайтиб кетипти”.

       Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаламнинг икки нафар аёллари баъзи иш устида Аллоҳдан танбеҳ эшитганлар. Бу ҳолат қуйидаги оятда баён этилган: “(Эй Хафса, Оиша), агар сизлар иккингиз (бу қилмишларингиз учун) Аллоҳга тавба қилсангизлар (ўзларингизларга яхшироқ бўлур). Чунки сизларнинг дилларингиз (Хақ йўлдан) тойиб кетди! (Аммо) агар сизлар (пайғамбарнинг) зиёнига (яъни, у зот билан аёллари ўртасини бузадиган ишлар устида) бир-бирингизга ёрдам берсангизлар, у ҳолда шак-шубҳасиз, Аллоҳнинг Ўзи ҳам, Жаброил ҳам, аҳли солиҳ мўъминлар ҳам унинг мададкоридирлар. Яна булардан кейин фаришталар ҳам (пайғамбарга) ёрдамчидир. Эҳтимол Парвардигори-агар у сизларни талоқ қилса-унга сизлардан яхшироқ жуфтларни-муслима, муъмина (Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига) итоат этгувчи, тавба-тазарруъ қилгувчи, обида, (мудом Аллоҳнинг йўлида) кетгувчи жувон ва қизларни алмаштириб берур”.

       (Тахрим; 4-5 оятлар мазмуни)

       Юқоридаги оятларга битилган шарҳлардан бирида шундай дейилган: “Аллоҳ Таъоло пайғамбар алайҳиссаломнинг аёлларига ибратли панд-насиҳат қилиб, уларни Росулуллоҳ соллоллуҳу алайҳи вассалам билан бирга кечаётган саодатли ҳаётларининг қадрига етишга даъват этган”.

       Дарҳақиқат бу насиҳатга итоат этган пайғамбар завжалари умрларининг охиригача саодатли умр кечирдилар.

  1. Ётоқларда тарк этиш.

       Орани ислоҳ этишнинг иккинчи босқичи бирга ётмасликдир. Бирга ётиб юриш билан ўртадаги низо тўла барҳам топмайди. Шунинг учун тўғри насиҳат кор қилмаган аёл билан бирга ётиб ҳам низони бартараф этаман дейиш мумкин эмас. Аёлларни яратган Аллоҳ уларнинг табиатини ҳам, ички дунёсини ҳам билади. Ўзи у (аёлга) қандай муносабат билан тузалиши мумкинлигини ҳам таълим беради.

  1. Танбеҳ учун уриш.

       Итоат этмаган аёлга қилинажак учинчи услубдаги жараён-танбеҳ учун уришдир. Уришни-уломолар изоҳлаб, бош бармоқ билан нуқиш ёки мисвок воситаси билан уриш-деб тушинтирган эканлар. Ақли расо аёлга мана шу танбеҳ ҳам кифоя қилиши зарур.

  1. Эр томондан ва аёл томондан ҳакам чақириш.

       Аллоҳ Субханаҳу ва Таъоло бу хақда бир оятда: “Агар эр-хотиннинг оралари бузулиб кетишдан қўрқсангизлар, эрнинг уруғ-аймоғидан бир ҳакам, хотиннинг уруғ-аймоғидан бир ҳакам чақирингиз. Агар улар ислоҳ қилишни истасалар, Аллоҳ эр-хотин орасига иттифоқликни солур. Албатта Аллоҳ Билгувчи ва Хабардор бўлган Зотдир”, (Нисо; 35-оят мазмуни) дейди.

       Манашу юқоридаги услублар наф бермаган тақдирдагина эр аёли билан ажрашишни ихтиёр этсагина жоиз бўлади. Ажрашиш ҳолатигача етиб келган эрларга яна эътибор бериши муҳим бўлган ишлар бор.

       “Эй пайғамбар, қачон сизлар (яъни муъминлар) аёлларингизни талоқ қилсангизлар уларнинг иддаларида (яъни поклик пайтларида) талоқ қилинглар ва идда сананглар! Парвардигорларингиз бўлмиш Аллоҳдан қўрқинглар!”

        (Талоқ; 1-оят мазмуни)

        Аёлларни узурли ҳолларида тарк этиб, жавобини бермасдан, уларни пок ҳолатини кутиш уларга кўрсатилажак-катта эҳтиромдир. Аёлларга бундай эҳтиромни исломдан бошқа қайси йўл кўрсатиб бера олган?!

        Бу иш амалга оширилишини талаб этаётган Аллоҳ, Ўзидан қўрқишни ҳам эслатиб ўтмоқда. Албатта, Аллоҳдан қўрқувчи ҳар-бир инсон Аллоҳнинг ҳукмига итоат этади ва аёлларга бўладиган муносабатида шунга мувофиқ иш кўради.

        “Талоқ” сурасининг давомида Аллоҳ яна қандай ишлар бошини тутишни зи таълим беради.

        “(То иддалари тугагунча) уларни (ўзлари яшаб турган) уйларидан ҳайдаб чиқарманглар ва улар ўзлари ҳам чиқиб кетмасинлар. Фақат улар очиқ фаҳш ишни (яъни бузуқлик ёки беҳаёлик каби қилиқларни) қилсаларгина (яшаб турган уйларидан ҳайдаб чиқарилурлар). Бу Аллоҳнинг қонун-чегараларидир. Кимки Аллоҳ чегараларидан тажовуз қилибўтса, аниқки у ўзига зулм қилибди”.

        (Талоқ; 1-оят мазмуни)

        Ажрашиш иши амалга ошган тақдирда ҳам эр аёлини дарҳол уйига ҳайдашга шошмаслиги зарур бўлар экан. Шу ўринда аёл ҳам кўч-кўронини кўтариб ёки ўзи бўлса ҳам “онасиники”га жўнаб қолмаслиги лозим.

        Уломалар бу хукмдаги баъзи ҳикматларни ҳам қайд этганлар. Аёл киши узрли пайтда эри унга поклик пайтдақа рағбат қилмайди, ундан ажралиш эр учун у қадар қийин иш эмасдек  туюлади. Шу сабабдан Қуръон эркакларга, агар улар аёлларидан ажралмоқчи бўлсалар у аёлларни пок пайтларида талоқ қилишлари мумкин эканлигини билдиради. Талоқ қилинган аёллар мадомики улар фахш қилмас эканлар то идда муддатлари тугамагунча эрларининг уйларидан чиқариб юбориш дуруст эмаслиги баён қилинди. Бу ҳукмдан мурод, биринчидан идда сақлаётган аёл мана шу идда муддати асносида талоқ қилган эрининг ҳукмида эканлигини, яъни бошқа эрга никоҳланиш дуруст эмаслигини билдириш бўлса, иккинчидан агар у аёл уч талоқ қилинмасдан бир ёки икки талоқ қилинган бўлса, жаҳл устида талоқ қилиб юборган эри ҳар куни уни кўриб турганлиги сабабли меҳри тушиб, яна унга мойил бўлиб, куёв-келиннинг қайтадан ярашиб, иноқ-иттифоқ бўлиб кетишлари ҳам осонлашади. Шунинг учун ҳам юқоридаги оятнинг ниҳоясида “Сиз билмассиз, эҳтимол Аллоҳ бу (талоқ)дан кейин бирон ишни пайдо қилар”, дейилган.

        (Талоқ; 1-оят мазмуни)

        Бу оятлар рўбарасида энди бугунги кунимизга разм солайлик! Ажрашиш ишлари ушбу оятларга мосми? Аёлдан “итоатсизлик” содир бўлмаса ҳам, кўнгли бошқа “ажнабий” аёлларни “кусаб” қолган эркаклар, уларни шариат жоиз деб айтган, “иккинчи, учинчи, тўртинчи” қилиб, адолат ва тўғри тақсим асосида эмас, аёлларини зулм билан ҳайдаб-солиб, улардан йўқ айбларни ахтариб топиб, ҳайдашга чоғланмоқдалар. Итоатсизлик қилганларни эса Қуръон таълимотларига асосланган ҳолда тарбия этмасдан, биринчи галдаги келишмовчиликдаёқ “таъзири”ни бермоқдалар, ота-онасиникига олиб бориб ташламоқдалар.

       Ахир Аллоҳ уларни яшаб турган уйларидан чиқармасликка амр этиб турибди-ку?! Аёлларни ўзларини ҳам кетиб қолмасинлар, дея буюряпти-ку?!

       Бу фармонларга ким қулоқ солади?! Албатта бу ишларни Аллоҳнинг жазосидан қўрққан кишиларгина амалга оширадилар холос. Чунки улар бу оилавий иш бўлсада, буни Аллоҳнинг қонун-чегаралари деб биладилар. Айнан оятда: “Бу Аллоҳнинг қонун-чегараларидир. Кимки Аллоҳ чегараларидан тажовуз қилиб ўтса, аниқки у ўзига зулм қилибди”, дея марҳамат этилган.

       Агар бу масала-ҳукмлар сидқидилдан ўрганилса ва унга риоя этилса, оилалар фаровонлик сари юз тутади. Ажрашишлар, кўз ёш тўкаётган мўътабар аёллар ва гўдаклар, етимлар сони камаяди. Жамият пойдевори мустаҳкамланади, ақлли-ҳушли фарзандлар вужудга келади, иншааллоҳ!

- - -