Авлодлар қайғуси » Авлодлар қайғуси 2

“Жоҳилият давридаги аёлнинг ўрни”

2008 Ko'rilgan Авлодлар қайғуси 2

“Жоҳилият давридаги аёлнинг ўрни”

Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам пайғамбар этиб юборилмасдан илгари, одамлар ваҳшиёна “жоҳилият” даврини бошидан кечирганлар. Бу давр кўплаб жиноятлар, маъсиятлар даври бўлган. Энг даҳшатлиси аёл шахсиятига жуда катта зулм қилинган давр бўлган. Қиз фарзанд туғилган хонадон мусибатли хонадон, қиз фарзанд кўрган кимсаларга мусибат сўзлари айтиладиган давр бўлган. Қизларнинг туғилганига номус қилган оталар, уларни тириклай кўмиш тадоригини кўришган. Аллоҳ бу ишнинг жиноятини албатта қиёмат ҳозир бўлган кунда очилажагини, бегуноҳ қатлиом қилинган қиз фарзандлар нима учун қатл этилганлари борасида сўралишлигини баёнини берган. “Жонлар (қайтадан баданларга) жуфтланганда; Тириклай кўмилган (ҳар-бир) қиздан қандай гуноҳ сабабли ўлдирилгани сўралганда;” дейилган оятда. (Таквир; 7-9 оятлар мазмуни)

Айнан аёллар устидан қилинган нохақлик ва хўрлик адолат билан қиёматда кўрилишлиги башорати берилган. Ислом келиши билан бу иш оғир гуноҳ эканлиги маълум бўлди. Унгача аёллар ўзлари ҳам бу жиноятга рози бўлиб қолган эдилар. Эрларига, ака-укаларига, оталарига “нега бундай қиляпсизлар, биз-аёллар ҳам инсонмизку” деб айта олмаганлар. Худди ҳозирги кунги аёлларнинг баъзи нохақликларга ўзлари кўникиб, ўрганиб кетганларидек! Аёл келин бўлса унинг ортидан борадиган “нарсаларни” ҳам қийинчилик эканликларини, баъзи маросимлар турмушларига оғир юк бўлаётганини билиб тургани ҳолда, жамият ичида “лом-мим” демай, эркакларга кўмакчи бўлиш ўрнига, оилани ботқоққа қориш билан овора бўлаётган аёллар бугун ҳам ожизлик кўчасида тентираб юриптилар. Ҳар қандай ноҳақлик зарраси ҳам кўрина бошлаганда, уни ўчириб қолиниши барчага таълуқлидир. Айниқса оила бешигини тебратиш қўлида бўлган оналар бу борада алоҳида муҳимликни адо этишликлари зарур.

     Жоҳилият даври “тўфонлари” да аксар зиён ичида аёллар бўлганлиги, ислом келиши билан бу зулм тўхтатилгани исломга ғаразли кимсалар томонидан яшириб, ошкор этилмасдан келади. Бу ғаразларга ўзларини “мусулмон” ҳисоблаган баъзи кимсалар ҳам ишонадилар. Ваҳолангки, ислом манбаи бўлмиш Қуръон оятларини синчковлик билан ўрганган кимса, аёллар устидаги хўрликни, улкан зулмни айнан ислом улоқтириб ташлаганига амин бўлади.

     “Қачон бировларга қиз (кўргани ҳақида) хушхабар берилса, ғазабга тўлиб, юзлари қорайиб кетар. Ва у (қизни) хўрлаган ҳолида олиб қолиш ёки (тириклай) тупроққа қориш (тўғрисида ўй суриб) ўзига хушхабар берилган нарсанинг (яъни қиз кўришнинг) “ёмон”лигидан (номус қилиб) одамлардан яшириниб олур. Огоҳ бўлингизким, улар (бу қилмишлари билан) энг ёмон (яъни нохақ) хукм чиқарурлар”

   (Нахл; 58-59 оятлар мазмуни)

     Бу оят тахтида илм аҳлларидан бири шундай изоҳ беради: Ислом дини келишидан илгари арабларда вахший бир одат бор эди, улар қиз фарзанд кўришни ўзлари учун ор деб билишар ва кўплари қизларини тириклай ерга кўмиб юборар эдилар. Бунга сабаб динсиз-иймонсиз кимсаларнинг жахолат ва кибр – хаволари бўлиб, айрим тарихчи уламолар бу разолатни бир воқеага боғлайдилар: Узоқ ўтмишда бутун араб жазираси Нўъмон исмли подшоҳ қўл остида бўлиб, барча қавм-қабилалар унга бож тўлар эканлар. Бир йили қабилалардан бири зиммаларидаги солиқни тўлашдан бош тортишганида, подшоҳ аскарлари бостириб келишиб, у қабиланинг ҳамма хотин - халаж, ўғил – қизларини асир қилиб олиб кетишган ва уларни ўз қабилаларига қайтариш учун бож тўланишини шарт қилишган экан. Бу талаб бажарилгунча орадан ўтган фурсат ичида қабила бошлиғининг қизи билан подшоҳнинг ўғли бир-бирларига кўнгил қўйиб қолишар экан. Шунинг учун қиз бошқалар сафида ўз юртига қайтиб кетишдан бош тортади. Ҳеч қандай дўқ-пўписа ва ялиниб-ёлворишлар кор қилмагач, қизнинг отаси – қабила бошлиғи, душманига кўнгил қўйиб, ўзини шарманда қилган қизидан ниҳоят даражада ғазабланиб, бундан кейин қиз кўрса, албатта тириклай ерга кўмишга қасам ичади. Шундай қилиб, бу қабиҳ одат авлоддан – авлодга ўтиб, тарқаб келаверади ва қачонки ислом дини вужудга келгач Қуръон бу ярамас одатни манъ этади.”

     Анас Исмоил Абу Довуд деган муаллиф эса, аввалги қиз фарзандларни тириклай кўмган кимса у – Қайс ибн Осим Тамимий бўлади деб ёзганлар.

     Қандайдир бир ғазаб орқали вужудга келган бу одат аёллар бошига битган катта мусибат бўлди. Бу мусибат вақт ўтган сайин жамият ичида илдиз отди. Аллоҳни ваҳийси буни тўхтатишга, бас қилишга чорламаса, ёмон кўрилган одат бўлишига қарамасдан бу аҳволни ҳеч ким даф қила олмаётган эди.

     Исломни барча кимсалар; эркакми, аёлми эҳтиром қилиб, уни қадирлаб, уни дин қилиб тутиб, унинг аҳкомларига итоат этиши лозим. Айниқса аёллар тоифаси исломга теран кўз билан қараб, уни сийламоғи ҳамда кўрсатмаларига қулоқ солмоғи зарур. Агар ислом улардан ўтмиши зулмат – қоронғуликларни йиғиштириб ташламаганида, уларнинг хақ-хуқуқларини риоя этиладиган, даражотларни қадирлайдиган қилмаганида эди, хорлик ва изтиробдан қутулиш йўлини топа олмаган бўлардилар.

     Жоҳилият бўсағасидан ислом остонасига ўтган, мусулмонларнинг илк кунларида иймон келтириб, росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламга тобеъ бўлган одамларнинг кўплари исломнинг инсонга берадиган адолатини ҳис қилиши биланоқ унга чанқоқ одам сувга талпингандек, интилдилар. Ўша адолат ичида аёллар мавқеъини тан олиши, уларни ожиз жинс қатори ҳурматлаш ҳисси ҳам ўрин олган эди.

     Биз яшаётган аср кунларидан ҳам аёллик мавқеъини тушиниб етган баъзи ғайри дин бўлган аёллар ҳам ислом соясида истиқомат этиш учун бу динга кирмоқдалар.

     Ингилиз дорулфунунларидан бирида устозлик қиладиган бир аёл исломга кирганидан хабар топган мухбирлар ундан нима учун бу динга доҳил бўлганини сўрашипти. У аёл “аёлларнинг ҳуқуқи исломда юқори” эканлиги учун, дея жавоб қилипти. Мухбирлар “ахир исломда бир эркак ўрнига икки аёл гувоҳликка ўтса, икки аёл мероси бир эркакка тўғри келса, қандай қилиб исломда аёлнинг ҳуқуқи юқори бўлади”, деб чалғитмоқчи бўлишипти. Шунда ота – онаси мусулмон бўлмаган, бу муслима аёл “Ислом нозик масъуляти оғир ишларга, аёлларни таклиф этмайди. Шунинг учун тортишув-ғалвалик бўлган гувоҳликка эркак топилмай қолгандагина, бир-бирига унутганда эслатиш учун икки аёлни гувоҳ этиб тайинлаган. Энди мерос масаласига келсак, эркакка теккан барча улуш бола-чақасига сарф этилади, аммо аёлники барчаси мутлоқ ўзиники бўлади”, деб жавоб берган.

- - -