Авлодлар қайғуси » Авлодлар қайғуси 2

“Тафаккур мевалари”

1739 Ko'rilgan Авлодлар қайғуси 2

“Тафаккур мевалари”

Иброҳим Адхам роҳимаҳуллоҳ қул бозорига чиқиб бир қул сотиб олиптилар.Уйига келгач, қулдан баъзи нарсаларни сўраптилар: - Нима таом ейишни истайсан? -Сиз кандай таом берсангиз ўшани еявераман. -Қандай либос кийишни ҳоҳлайсан? -Сиз кандай либос берсангиз киявераман. -Қандай ишларни бажара оласан? -Сиз буюрган барча ишларни бажаравераман. -Ўзингни ҳам истагинг борми ўзи? -Қулда ҳеч қандай истак бўлмайди. Қулнинг истаги,ҳоҳиши хўжайинининг истагига тобеъ бўлиши даркор. Агар қулда ҳоҳиш бўлса эди, у озод ҳур бўлар эди. Бу жавоблардан Иброҳим Адхам лол қолдилар ва тафаккурлари у кишини қуйидаги сўзларни айтишга етаклади: -Бозордан сотиб олинган бир қул бўла туриб оддий бир хўжайинингга шу қадар содиқлик ила ўз ихтиёрингни топширасанми. Мен Роббимга хақиқий қул бўла туриб, сен каби содиқ қул бўла олмайманми?!

Бир киши ерни юмшатиш учун чопаркан, чувалчангни белкураги билан иккига бўлиб қўйди. Чувалчангга разм соларкан, ажойиб бир ишнинг гувоҳи бўлди. Чувалчангнинг бўлинган ери битиб, икки томони икки чувалчангга айланди ва ер остига кириб кетди. Ер чопувчи киши бу ҳолатдан қаттиқ таъсирланди ва ўзига ўзи деди:

    -Во ажаб, бошига дард,мусибат тушиб турган бу жонивор умидсизликка тушмади, балки янги куч, янги ҳаёт билан икки баробар жасадга айланиб менинг еримни юмшатиш учун яна тиришиб, меҳнатга кетмоқда. Мен эса ҳаётимда етаётган мусибат, синовларга мана шу нозик жониворчалик тоқат қила олмайман. Роббимнинг буйруқларига жидду жаҳд қила олмай, эринчоқлик қиламан.

 

 

             Ҳар бир нарсага кўп фикр юргизадиган бир кимса бурга,бит ҳақида мулоҳаза этган экан. Кундалик ишлардан ҳориб, чарчаб ухламокчи бўлиб, ўриндиғига ётипти. Кўзи уйқуга илинмасдан бурга,бит уни чақиб, безовта қила бошлапти. Чироқни ёқиб уни қидирипти. Лекин уни тополмапти. Яна ўриндиғига ёнбошлапти. Бурга, бит уни яна чақиб безовта қила бошлапти. Бу ҳолат такрор, такрор бўлавергач тоқати тоқ бўлипти. Тонгга қадар мароқли дам ололмапти ва ўз нафсига айтипти:

  -Кўз илғамас бир жонзотнинг азоби шу бўлса, қабр ва охират кунидаги азоблар қандай бўлар экан а 

         Аъробийлардан бири йўлда кетаркан, ҳориб йўловчиларнинг чодирлари соясига ўтириб, ҳордиқ чиқарипти. Чодирдагилар унга таом беришипти, уни тановул қилгач, сояда ухлаб қолипти. Йўловчилар йўлга тушадиган бўлишиб, чодирларини йиғиштира бошлаптилар. Аъробийни безовта қилмаслик учун уйғотмаптилар. Улар кетишгач, аъробийнинг юзига қуёш нурлари тушиб, қизитипти ва уйғотиб юборипти. Аъробий ўрнидан туриб, шундай деган экан:

      -Бу дунё мисоли худди чодир сояси кабидир. У вақтинча туради холос. Вақти битгач, йиғиштирилиб, олиб қўйилади.

      Узоқ умр кўрганлиги билан машҳур бўлган Нуҳ алайҳис саломдан умрларининг охирларида сўраган эканлар:              

        -Жуда кўп умр кўрдингиз, уни тавсифлаб бермайсизми?

       -Бир эшикдан кирдим, иккинчисидан чикиб кетиш учун кетяпман, деган эканлар.

 

- - -