Авлодлар қайғуси » Авлодлар қайғуси 2

“Хаж”

2272 Ko'rilgan Авлодлар қайғуси 2

“Хаж”

Инсон шу ҳаётда истиқомат қилар экан, албатта унда сафар қилиш эхтиёжи мавжуддир. Тижорат, касб-ҳунар ва яна бошқа юмушлар илинжида йўлга чиқиш, буларнинг ҳаммаси сафардир. Булар сабабли инсон ўзининг моддий, иқтисодий тарафларини ислоҳ қилишга тиришади. Хаж сафари эса булардан фарқли равишда, инсоннинг маънавий, руҳий тарафларини ислоҳ этишга ундайди. Баъзан моддий, иқтисодан қувват топган инсон – ўзлигини унутади, нонкўрлик йўлини тутади, ўзига ризқу-рўз берувчисининг амр-фармонларини менсимай қўяди,

оқибатда дунё ва охират хорлигига дучор бўлади. Маънаван, руҳан қувват топган инсон эса – ўзлигини танийди, шукр қилишлик йўлини тутади, ўзига ризқу-рўз бераётган Яратувчисининг амр-фармонларини таслим бўлган ҳолда оғишмай бажаради, топган моддий, иқтисодий қувватини ҳам шаръий йўлларда сарф этади оқибатда дунё ва охират саодатига етишади.Бундай тасаввурга эга бўлиш хаж борасида тўғри тафаккур юрита билган кимсаларга насиб бўлади

     Аллоҳ Таъоло ўзининг каломи Қуръонда мархамат қилиб айтади:

     “Ва йўлга қодир бўлган кишилар зиммасида Аллоҳ учун мана шу уйни хаж-зиёрат қилиш бурчи бордир”.

 (Оли-Имрон; 97-оят мазмуни)

 

     Қодир кимсалар – аввало иймон эгаси бўлиши, соғлом, ақли-ҳуши жойида бўлиши керак. Ундан кейин эса, бориб келишга етарли моли блиши, хаж йўллари тинч бўлиши шарт, айниқса хажга сарф қилмоқчи бўлган моли ҳалолдан бўлиши ниҳоятда эътиборлидир. Гоҳида бошқалардан қарзи бўла туриб хажга шайланганлар ҳам учраб туради. Бундай кимсалар учун энг муҳими қарзини ўташ, ундан сўнг имконияти топилсагина хаж қилиши зарур бўлади. Хажга борувчи аёллар учун алоҳида эътибор берадиган томон шуки, улар фақат маҳрамлари асосидагина бу амални адо эта оладилар.

     Ҳар қандай ишга енг шимарувчи мусулмон, авваламбор ниятни тўғрилашлиги зарур бўлади. Ният холис Аллоҳга бўлгандагина ният тўғриланган бўлади. Қалбнинг туб-тубида ётган мақсад бу – хажга Аллоҳ буюрган фарз деб бориш, покланиб келиш учун у жойни қасд қилишдир.

     Хаж сафарига тараддудланган киши зоди-роҳила ҳозирлашлиги ҳам Китобу – Суннат амалларидандир.

     “Ва (хаж қилиш учун йўлга тушишдан аввал зарур озуқа билан) таъминланиб олинг! Энг яхши озуқа (яъни, ўзингиз билан бирга бўлиши лозим бўлган энг яхши нарса) Аллоҳдан қўрқишдир. Мендан қўрқингиз эй аҳли донишлар!”

 (Бақара; 197-оят мазмуни)

 

     Абдуллоҳ ибни Аббос (р.а) ривоят қилиб: “Яман аҳли хаж қилганда йўлга егулик олмас эди, “Биз таваккалчилармиз”, - дейишарди. Маккага келгандан кейин эса, одамлардан овқат сўраб, тиламчилик қилишар эди. Шу боисдан Аллоҳ Таъоло мазкур оятни нозил қилди”, деган эканлар.

 (Имоми Бухорий тивояти)

 

     Емоқ ичмоқ ашёлари олиниши билан бир қаторда, энг афзал ашё – тақво (Аллоҳдан қўрқиш) алоҳида таъкидланмоқда. Бизнинг юртдошлар Яман аҳлидан фарқли равишда егуликни яхши эътиборини қиладилар, аммо тақво борасида камчиликка йўл қўядилар. Шунинг учун ҳамсафар бўлиб хажга кетаётганлар бир-бирлари билан қўпол-дағал муомалага ўта бошлайдилар, ёмон сўзлар айтадилар, бир-бирларининг кўнглини оғритадилар. Агар Аллоҳ талаб қилган тақво хажга отланаётган кишилар қалбида бўлса эди, ҳамсафарлари билан юмшоқ-гўзал муомалада бўлишга, ёмон сўзлардан тийилишга, бир-бирларининг кўнгилларини кўтарадиган феъл-атворга ҳаракат қилган бўлар эдилар. Кимки энди шундай ҳислат билан хажни адо эта олса гуноҳлардан пок бўлган ҳолда уйга қайтади.

     Бунга далил, Абу Хурайра (р.а) ривоят қилган ҳадисда “Набий (с.а.в): Кимки ёмон сўзламай ва ёмонлик қилмай Аллоҳ Таъоло йўлида хаж қилса, онасидан бугун туғилгандек гуноҳлардан пок бўлиб қайтади”, - деб айтганлар.

     Аллоҳ Хақ Субханаҳу ва Таъоло Иброҳим (а.с)га мархамат қилиб, шундай деган.

     “Ва одамлар орасида (юриб уларни) хажга чақиргин, улар сенга (яъни сенинг даъватингга жавобан) яёв ҳолларида ва йироқ йўллардан келадиган ориқ-ҳолдан тойган туялар устида келадилар”.

   (Хаж; 27-оят мазмуни)

 

     Маккадаги Иброҳим (а.с) қуриб чақиришни бошлаган Уйга ўша даврдан бери қанчадан-қанча одамлар келиб кетди уни фақат Аллоҳгина билади, холос. Бу бизни кўзимиз билан кўриб, қулоғимиз билан эшитиб турган илоҳий каломнинг энг катта мўъжизаларидан биридир. Чунки кимсасиз жазирама, сахрою тошлардан ташкил топган бу манзилга Аллоҳ инсонларни ўзи жамламаса, ким ҳам буни ташкил эта оларди.

     Яна Аллоҳ байт хақида дейди:

     “Эсланг: Байтуллоҳни одамлар учун масаба ва тинч жой қилдик”.

     Уламолар “Масаба” деган сўзга изоҳ беришиб, “Кўргандан сўнг яна кўриш иштиёқи пайдо бўладиган ўрин” деб айтганлар. Каъбани кўрган одам, оятда мўъжиза бўлиб келганидек доим, яна ва яна кўриш орзусида юраверади.

     Оламда қанчадан-қанча гўзал масканлар, истирохат учун мослашган ажойиб ўринлар, боғу-роғлар бор. Лекин Каъба атрофи жазирама чўлу-саҳро бўлишига қарамай, мусулмонлар, қалбида иймони борлар қайта-қайта бориб, Байтда ибодат қилишни орзу қилаверадилар. Бу йўлда жонлари қийланса ҳам, ҳамёнидан минглаб пуллар кетса ҳам, Ўша Байт, Ўша Каъба орзулари.

     Хожилар қадам ранжида қилаётган қутлуғ шаҳар Маккага эътибор беринг тафаккур этиб кўринг! Макка пайғамбаримиз (с.а.в) туғилиб, улғайган юрт! Қуръон ваҳийси, осмону-ер улашган, фаришта Жаброил тушган юрт! Саҳобалар илк бор пайғамбарга эргашиб, Аллоҳ йўлида машаққатлар чеккан юрт! Ширк ва куфр ботқоғига ботган элнинг таънаю – маломатига чидамлилик билан туриб, тоат ва ибодат қилинган, росулга итоат бошланган юрт! Гавҳарданда юксакроқ ва олийроқ бўлган иймони, дини деб ташланиб, хижронда қолган юрт! Бу Маккадир! “Уммул Қуро”, “Қишлоқлар онаси” бўлган Макка, юртлар подшоҳи бўлган шаҳардир!

     Хаж ибодатидан ташқари,  зиёрат этиб ўтадиган юртга разм солинг!

     Бу хижрат қилинган юрт Мадина шаҳридир! Саҳоба ва Саҳобиялар, йўлбошчимиз Мухаммад (с.а.в) дафн этилган юрт! Энг покиза, энг мустаҳкам жамият барпо бўлган юрт! Исломдек янги ниҳол ҳимоя этилган, Бадр, Уҳуд ва Хандақ сингари шиддатли кунларни бошидан кечирган юрт! Ваҳийга иккинчи маскан бўлган юрт! Ислом биродарлиги метинданда қаттиқ ва собит бўлган юрт! Ер юзида биринчи бор тўғрилик ва адолат ҳукм сура бошлаган юрт!

     Юқорида эслатиб ўтганимиз икки шаҳар, Харам ерлари бўлган Макка ва Мадина мусулмонлар учун жуда эътиборлидир. Бу жойларда юрганда, узоқ ўтмишнинг, исломимизнинг илк кунларини ёдимиздан ўтказайлик.

     Бу жойлардан шошиб, ибодатдан чалғиб, “номига” кун ўтказишдан эҳтиёт бўлайлик!

     Хаж ибодатига насиб бўлиш – Аллоҳ томонидан ато этилган катта неъмат ва улуғ саодатдир.

     Шундай вақтлар бўлганки, ҳатто Росулуллоҳдек зот ва у кишининг сафдошлари, сахобалари ҳам Ҳудайбия куни хаж қила олмай ортларига қайтиб кетганлар.

     Сўнги юз йил давомида ҳам қанчадан-қанча отахону-онахонларимиз ўшандай муборак сафардан бебаҳра ҳолларида бу фоний дунёни тарк этиб кетдилар. Тун лахзалари Каъбатуллоҳни фақат тушларида кўрардилар, хаждан келтирилган оби-замзамни ҳам талаш-талаш қилиб, кўзларида жиққа ёшлар билан, қалбларида Аллоҳнинг уйи томонга талпиниб, Хажга насиб бўлганларнинг сўзларини меҳр ва мароқ ила тинглардилар.

     Ҳозир эса шундай бахтли онлар сизга насиб бўлиб турибди. Кўзингизни каттароқ очинг, у жойларга бориб келганлар ҳам сизнинг хажга отланаётганингизни кўриб қалблари тилка-пора бўлаётганини, бормаганлар эса “биз ҳам қачон бораркинмиз”, деб ошиқаётганларни қалбингиз билан ҳис этинг!

     Кимлардир (ўша жойга борганларми, бормаганларми) у ерларни қадрини балким билмас, балким билишни ҳам ҳоҳламас, сиз эса ундайлардан бўлманг! Сизнинг хажингиз агар “хажжи мабрур” бўлиб қолса, сизга қандай мукофот берилишини биласизми?!

     Пайғамбар (с.а.в)нинг “Хажжи мабрурнинг жазоси фақат – жаннат”, деганларини эшитганмисиз?

     Сиз хажингизни “хажжи мабрур” бўлишини истасангиз тобеъинлар имоми бўлмиш Ҳасан Басрий (р.а) нинг сўзларига қулоқ тутинг!

У кишидан “хажжи мабрур” нима деб сўраганларида, у киши: “Ўша хаждан сўнг гуноҳларни тўхтатсанг, қилмаган яхши, солиҳ ишларни қила бошласанг, ўша “хажжи мабрур” дир, - деган эканлар.

     Хаж амали иймон келтиришдек амаллар қаторида туришини ҳам қуйида келадиган ҳадис орқали билиб олсангиз бўлади.

     Абу Ҳурайра (р.а) ривоят қилганлар: “Набий (с.а.в)дан:

     “Ислом амалларининг қай бириси афзал?” – деб сўрашди.

Жаноб Росулуллоҳ (с.а.в): “Аллоҳ ва унинг Росулига иймон келтириш”, - дедилар.

“Яна қайсиниси?” – деб сўрашди.

Жаноб Росулуллоҳ (с.а.в): “Ҳолис ният билан хаж қилиш”, - деб жавоб бердилар”.

     Сиз яна хаж сафари учун ва сафар давомида сарф қиладиган молу дунёйингиз учун қайғура кўрманг! Шунча давлатимни сарф этиб юбордим-а деб юрагингизга ғулғула тушмасин! Аллоҳ тоати йўлида сарф этилган мол ҳеч қачон зое бўлмайди. Аллоҳ унинг ўрнини тўлдиради ва яна зиёда қилиб, кўпайтириб қўяди.

     Росулуллоҳ (с.а.в): “Банда уйғонадиган ҳар тонгда осмондан икки фаришта тушади. Улардан бири: “Аллоҳим, нафақа-эҳсон қилган кишининг (сарфланган молининг ўрнини тўлдириб турувчи) ўринбосар бер!” – деб, иккинчиси эса: “Аллоҳим, зиқнанинг молига талофат етказгин!” – деб дуо қилади”, деганлар.

            (Сахихи Бухорий маъа Фатхил-Борий)

     Сиз хаж сафарида юрган пайтларингизни ғанимат билиб кўпроқ амал қилишга эътиборингизни қаратинг!

      Бозорларни, савдо дўконларини ҳар ерда ҳамма мамлакатда учратишингиз мумкин, аммо Масжидул-Харомдек, Масжидул-Набавийдек жойларни Макка, Мадинадан бошқа ерда тополмайсиз! Ҳамёнингиздаги, тижорат ишларидаги маблағларингизни, савдойингиздаги фойда-ю, зиёнларингизни жуда яхши ҳисоблай биласиз, лекин Маккадаги Масжидул-Харомда ўқилган намознинг савобини бир қиёсан ҳисоблаб кўрганмисиз?!

     У жойда ўқилган намоз 100 000 марта афзал бўлса, сиз кунига 5 вақт намоз ўқийсиз дейлик, неча йилда 100 000 марта ўқиб чиқа оласиз? Инсон ўлчови бўйича тахминан 54 йилда кунига 5 вақтдан намоз ўқиб чиқа олсангиз 100 000 марта ўқиганлик ҳолатини топасиз экан! Яна сиз ўзингиз бошқа жойларда ўқилган намоздан 1000 марта афзал бўлган Мадинадаги Масжидул-Набавийдаги намозни бир чамалаб кўринг! Қанчадан-қанча савоблар бор эканлигини қалбингиз ҳис қиляптими?!

     Хаж асносида дунёнинг турли бурчакларидан келаётган мусулмон биродарларингизга кўзингиз тушади. Уларнинг тиллари, танасининг тузилишлари ранг-барангдир. Бирлари вазир бўлса, бирлари оддий ишчи, аммо ҳаммалари Ягона Аллоҳгагина интилиб ибодат этмоқдалар. Сизни уларнинг олдида на зиёдалигингиз, на бир камчилигингиз бор.

    Бу ҳолатлар фақат тақво билан фарқланиши мумкинлиги ёдингиздан кўтарилмасин!

     “Эй инсонлар, дарҳақиқат Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишинглар (дўст-биродар бўлишинглар) учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила-элатлар қилиб қўйдик. Албатта сизларнинг Аллоҳ наздидаги энг ҳурматлироғингиз тақводорроғингиздир. Албатта Аллоҳ Билгувчи ва Огоҳдир”.

     (Хужурот; 13-оят мазмуни)

 

     Сизга хаж сафари давомида мустахкам иймон, йўлларда бехатарлик, соғ-омонлик, ортда қолаётган юртингизга, оила аъзоларингизга офият, уларни хам хаж сафарларига муяссар бўлишларини Ҳокимларнинг Ҳокими, Яратган Зотдан тилаб қоламиз! Хажингиз “хажжи мабрур” бўлсин илоҳим!

- - -