Авлодлар қайғуси » Авлодлар қайғуси 2

“Намоз”

1974 Ko'rilgan Авлодлар қайғуси 2

“Намоз”

Кунда беш вақт намозни адо этиб бориш – муъминнинг вазифасидир. Намоз қачонки тадаббур ва тафаккур ила қойим қилинар экан – рисоладаги намоз эътиборида бўлади. Намоздари энг зарур жиҳат хушуъдир. Аллоҳ Хақ Таъоло муъминлар васфидаги оятларда шундай марҳамат этган: “Дархақиқат Муъминлар нажот топдилар. Улар намозларида хушуъ қилгувчи кишилардир.” (Муъминун; 1-2 оятлар мазмуни) Хушуъни уламолар қўрқув ва умид жамланмасидан пайдо бўладиган ҳолат эканлигини баён этганлар. Қўрқув ҳам, умид ҳам Аллоҳдан бўлишлиги зарур. Намозхон кимса намозида ўқиётган оятларини, дуоларни фаҳмлаб, тадаббур ва тафаккури ила тушуниб ўқиса хушуъни баъзи қирраларини барпо қилган бўлади. Яна у тафаккури ила жаннатни ёд этса ва жаҳаннамни, ундаги азобларни идрок этиб қўрқса – бу ҳам хушуъ белгиларидандир.

Намоз тартибини баён этган уламолар: “Намоз – намоздан ташқари бўлган феъллар, сўзлар ва тафаккурни бузилиши билан нуқсонга учрайди” дея изоҳлаганлар. Яъни, намозхон намоз калималаридан бошқа сўзни айтса, намоз ҳаракатларидан бошқа феъл – ҳаракатни қилса, ўй-хаёли, тафаккури намоздан бошқа ишлар сари кетса ва ўшалар борасида ўй ўйласа намозга путур етади.

     Намоз ўқигувчи киши намозга ният қилиб, такбирга қўл кўтаргандан бошлаб, икки томонга салом бергунга қадар хаёлни жамлаб, тафаккурни фақат ва фақат намозга жалб қилиб туриши – намоз ибодатининг мағзи бўлади.

     Бир латифа нақл қилинган; “Имом намозда хаёли бўлиниб, неча ракат намоз ўқиганини англай олмай қолипти. Шунда у салом бергач, қавмдан: “Тўғри ўқидикми” дея сўрапти. Иқтидо қилувчилар: “ҳа, тўғри ўқидик!” деб жавоб қилишипти. Ўзига ишонқирамай, савол берган имом жавобни уқиб, улгурмай, қавмдан бир киши: “Тўғри ўқимадик, бир ракат кам бўлиб қолди”, депти. Имом ҳайрон. Ҳамма ҳайрон. “Нега. Кам ўқидик, исботинг борми?” деб сўрашипти ундан. У эса: “Ха исботим бор. Мен доим тўрт ракатли намозларда бозордаги дўконларимни ёдга олиб, уларни тафтиш қилиш одатим бор. Дўконим тўртта, ҳар ракатда биттадан дўконни тафтиш этдим. Бир дўконим қолганда, намоз тугаб қолди. Демак, уч ракат ўқидик холос, яна бир ракати қолиб кетди”, деган экан”.

     Намозда хаёлни, тафаккурни чалғитмай, тутиб туриш дарҳақиқат жуда нозик иш. Шунинг учун Аллоҳдан мадад сўраб, доимо намозда ҳаракат ва сўз билан бирга тафаккур – тадаббурни ҳам собитлик билан ушлаб туришга тиришмоқ керак.

- - -