Авлодлар қайғуси » Авлодлар қайғуси 2

“Тафаккурни чархлаш”

2017 Ko'rilgan Авлодлар қайғуси 2

“Тафаккурни чархлаш”

Пичоқ ёки бирор ашё ўтмас бўлса уни чархлаб, ўткирлаштирилади. Инсон тафаккури ўткир, Аллоҳнинг қудратини, олам ҳақиқатларини тўғри англаб етиши учун эса меҳнат ва жидду-жахд қилиб уни ўткир қилмоққа уринмоқ керак бўлади. Тафаккур олами аввало иймон билан сўнг манфаатли илмлар орқали ёрқинлашади. Иймонда заиф бўлган, фойдали ишлардан маҳрум бўлган кимсалар тор тафаккур соҳиблари бўлиб, соғлом фикрларни рад этувчи, калтафаҳмлик дардига мубтало бўлган шахс ҳисобланишади. Илм эгаларидан бири кемада китоб мутоъала қилиб кетаркан, илмсиз нодонлардан бўлган бир йўловчи: - Ҳамиша илмга чорланаверилади, чорланаверилади. Ахир дунё ҳаётини илм олмасдан ҳам ўтказса бўлмайдими? Илмни намунча зарурати бор экан-а? депти. - Сенга кемани нимага кераги бор экан-а, ўзинг қирғоққа кемасиз кетаверсанг бўлавермайдими-а?! дея жавоб берган экан олим киши.

     Дунё ҳаёти – мисоли дарё, ундан ўз кучига ишониб ўтмоқчи бўлган инсон, толиқиб, чарчаб унда халок бўлиб кетади. Илм сарчашмаларидан баҳра олиб, ундан қониб ичганлар, тафаккурларини чиройли тарзда сайқаллаштирадилар. Уларнинг ўзида тадаббур ва тафаккур булоқлари отилиб чиқиши билан бирга ундан ўзгалар ҳам жуда кўп манфаатлар топишади.

     Тафаккурдан йироқ инсон кўп гапиргани билан гапида маъно топилинмасдир, тафаккурли кимсанинг эса икки оғиз сўзида ҳам олам-олам маънолар барқ уриб тураверади.

     Тафаккур яна ҳаёт силсиласидаги тажрибалар ва изланишлар жараёнида мукаммаллашиб боради. Тафаккури ўткирлашиб қолган кимса – оқил инсон бўлиб, оқни қорадан, тўғриликни эгриликдан, иффатни беномусликдан, покликни нопокликдан ажратиб, фарқлай оладиган бўлиб қолади.

     Оиша онамиз розияллоҳу анҳо: “Кимни Аллоҳ ақлли қилиб қўйган бўлса, у дарҳақиқат нажот топибди”, деганлар.

     Шаддод ибн Авс розияллоҳу анҳу Набий соллоллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилиб, дедилар: “Оқил кимса – ўз нафсини итоат эттирган ва ўлимдан кейинги (ҳолга) амал этган кишидир. Ожиз кимса (эса) – нафсининг ҳавосига эргашган ва Аллоҳдан омонликни орзу қилган кимсадир”.

 (Тирмизий ривояти)

 

     Йирик мухаддислардан бўлган Абдуллоҳ ибн Муборакдан: “Кишига берилган нарсаларнинг яхшиси нима?”, деб сўралганда, “Ақл” – дея жавоб қилган ва ундан сўнггина бошқа берилган яхши нарсаларни тушунтирган эканлар.

- - -