Авлодлар қайғуси » Авлодлар қайғуси 2

“Тафаккурни тўғри йўналтириш”(Давомига қайтиш)

1527 Ko'rilgan Авлодлар қайғуси 2

“Тафаккурни тўғри йўналтириш”(Давомига қайтиш)

Бани Исроил қавмида бир одам ўлдирилгач, унинг қотилини излай бошладилар. Мусо алайҳис-салом ёнига келиб, ундан кўмак сўраб, Роббинга дуо қил, дейишипти. Маълумки, бу воқеада Бани Исроил Аллоҳнинг амрига дарҳол итоат этган эмас. Бир қанча машаққатларни ўз устларига юклаб олганларидан сўнг, Робб Таъоло уларга сигирнинг бир бўлаги билан мақтул (ўлдирилган кимса)ни уришга буюради. У урилгач, у яна тирилади. Бу воқеани Аллоҳ Ўз каломида васф этган. “Эсланг, (эй Бани Исроил) бир жонни ўлдириб қўйиб, унинг (қотили ким экани) ҳақида жанжаллашиб қолганингизда ҳолбуки, Аллоҳ яширган нарсаларингизни (юзага) чиқаргувчидир – “Уни (мақтулни) сўйилган сигирни бир бўлаги билан уринглар”, дегандик. Аллоҳ ўликларни шу тариқа тирилтиради ва сизларга ақлларингизни юритишингиз учун Ўз оятларини кўрсатади”. (Бақара; 72-73-оятлар мазмуни)

     Бу қиссада Аллоҳ тафаккур этиш учун бир кимсани тирилтиргани янглиғ, қиёмат куни ўликларни ҳам тирилтириши муқаррарлигини ҳам таъкидламоқда. Нодон инсонлар наздида ўлган кимсанинг қайта тирилиши ақлга, тасаввурга сиғмас ишдек кўринади. Лекин иймон аҳли учун бу ҳол ғайритабий ҳодиса эмас, айни ҳақиқатдир!

     Бундай мўъжизаларни кўриб, иймонга келмаган нодон қавмга Аллоҳ хитоб этиб, уларга танбеҳ берганининг баёни қуйдаги оятларда келган.

     “(Эй Бани Исроил), сўнгра, (шундай мўъжизаларни кўргандан) кейин ҳам (иймонга келиш ўрнига) дилларингиз қотди. Бас, у (диллар) тош кабидир ёки ундан-да қаттиқроқдир. Зеро, шундай тошлар борки, улардан дарёлар отилиб чиқади яна шундайлари борки, ёрилиб, ичидан сув чиқади, яна шундайлари ҳам борки, Аллоҳдан қўрққанидан (чўққилардан) пастга қулайди”.

   (Бақара; 74-оят мазмуни)

    

     Ақл юргизиш, тафаккур этиш ўрнига сурбетлик қилган кимсаларнинг диллари тошга ўхшатилди. Тошданда қаттиқроқ эканлиги ҳам баён қилинди. Тош уларнинг диллари, қалблари олдида юмшоқроқ эканлиги, ундан (тошдан) дарёлар отилиб чиқиши, ёрилиб ичидан сув чиқиши ҳатто қўрққанидан қулаши билан исботлаб берилди.

     Дилни юмшоқ этиб, Аллоҳнинг мўъжизаларини, қудратини англай олишга, соғлом фикр юргизишга интилиш лозим.

     “Инсон Бизни унинг (чириб, тупроққа айланиб кетган) суякларини ҳаргиз тўплай олмас, деб гумон қилурми?! Йўқ, Биз унинг бармоқларини (ҳам) тиклаб-жойига келтиришга Қодир бўлган Зотдирмиз”.

   (Қиёмат; 3-4 оятлар мазмуни.)

     Аллоҳ Таъоло қиёмат кунида ҳар-бир инсоннинг бармоқларигача тиклаб – асл ҳолига келтириши ҳақидаги ҳабардан икки нарсани уқиш мумкин: Биринчидан, шундай кичик нозик бармоқларни тиклашга Қодир бўлган Зот бошқа суяк – сўнгакларни ҳам тиклай олиши шубҳасиздир. Иккинчидан, Қиёмат қойим бўлганида ҳар-бир банда ҳаёти дунёда қилиб ўтган барча яхши-ёмон амалларига жавоб берар экан, унинг бармоқлари бутун бўлиши ўта муҳимдир. Чунки дунёдаги ҳеч-бир кишининг бармоқ изи иккинчи кишининг бармоқ изига ўхшамайди. (Бу ҳақиқатни илм-фан ўрганиб, исботланишидан неча аср илгари Қуръони Карим бир оғиз сўз билан айтиб қўйганининг ўзи барча инсонни ҳар-бир бармоғигача яратган ҳам, ушбу азиз Китобни юборган ҳам Ёлғиз Аллоҳ эканига очиқ далолатдир.)

     Бинобарин, қилинган барча эзгулик ҳам, ёмонлик ҳам адолат тарозусида тортилиб, ўзининг мукофот ёки жазосини оладиган Кунда ҳар-бир бармоқ ўз эгасининг ҳаёти дунёда қилиб ўтган қилмишларига жонли гувоҳ бўлиши шубҳасиздир.

     Албатта вафот топиб кетган кимсаларнинг қайта тирилиши иймонсиз кимсаларда шак-шубҳани қўзғотиб, исёнларига сабаб бўлади. Иймон эгалари тафаккур олами соғломлиги ва ақлларининг теран англай билиши билан Аллоҳнинг барча нарсага қодир эканлигига аниқ ишонадилар.

     Иброҳим алайҳис-салом Аллоҳнинг ўликларни қайта тирилтиришига оят-аломат сўраганлар. Бу воқеа Қуръон қиссалари ичида баён этилган.

     “Эсланг, (эй Мухаммад алайҳис-салом), Иброҳим: “Парвардигорим, менга ўликларни қандай қилиб тирилтиришингни кўрсатгин”, деганда, Аллоҳ: “ишонмаганмидинг?” деди. Иброҳим айтди: “Йўқ, (ишонаманку), лекин дилим (яна ҳам) таскин топиши учун”. Аллоҳ айтди: “Тўртта қушни олиб, уларни ўз олдинга тўплагин (ва уларни бош, оёқ, қанот ва патларини тортиб, узиб, сўнгра бир-бирларига аралаштириб), кейин (атрофдаги тоғлардан) ҳар бир тоғнинг устига уларни бўлак-бўлак қилиб қўйгин ва шундан сўнг уларни чақиргин, сенинг олдинга чопиб келадилар! Билгинки, Аллоҳ шубҳасиз, Қудратли ва Ҳикматлидир” (Демак, ўликларни қайта тирилтириш Аллоҳ Таъоло қудрати олдида жуда осон ишдир).

                 (Бақара; 260-оят мазмуни)

    Тафаккур оламида адашиш кўчасига кириб қолган тоифалар Аллоҳнинг қудратини англаб етишда ҳам гумроҳ бўлиб қолганлар. Соғлом ақл эгаси бўлган кимса худони одам қиёфасида бўлади дейиши эса жуда катта адашишдир. Насронийлар Ийсо алайҳис-салом ҳақида пайғамбар деб эмас, худонинг ўғли деб тафаккур этиб, эътиқод қилишлари ақл бовар қилмас ишдир. Ягона, ҳеч қандай мисли йўқ Аллоҳга бунданда катта нонкўрлик борми?!

     “Албатта Ийсонинг (отасиз туғилишининг) мисоли Аллоҳ наздида худди Одамнинг мисоли кабидирки, уни тупроқдан яратиб, сўнгра “Бўл”, деди. Бас, у (жонли одам) бўлди”.

 

 (Оли-Имрон; 59-оят мазмуни)

    

     Ривоят қилинадики, бир гуруҳ насронийлар Пайғамбар алайҳис-салом ҳузурларига келиб: “Нега сен бизнинг пайғамбаримиз Ийсони: “У ҳам бир инсон, Аллоҳнинг бандаси”, деб ҳақорат қиласан! Агар у худо бўлмаганида отасиз туғилармиди?”, дейишди. Шунда Одамнинг на ота, на онасиз дунёга келиши уни бандалик қилишдан тўсмагани янглиғ, Ийсонинг отасиз туғилиши ҳам унинг банда бўлишига монеъ бўлмайди, деган мазмунда юқоридаги оят нозил бўлди.

     “(Эй Мухаммад алайҳис-салом, бу) Парвардигорингиз томонидан бўлган Ҳақ (сўздир). Бас, шубҳа қилгувчилардан бўлманг! Энди Сизга келган (мана шу ҳақ) маълумотдан кейин (насронийлардан) кимда-ким Сиз билан талашиб-тортишмоқчи бўлса, (ундай кимсаларга) айтинг: “Келинглар, ўғилларимизни ва ўғилларингизни, аёлларимизни ва аёлларингизни, ўзларимизни ва ўзларингизни чорлаб йиғайлик, сўнгра Аллоҳга тазарруъ билан илтижо қилайликда, ёлғончиларни Аллоҳ лаънат қилишини сўрайлик”.

 

     (Оли-Имрон; 60-61-оятлар мазмуни)

    

     Мазкур оятда Мухаммад алайҳис-саломга Ийсонинг худо деб билувчи кимсалар агар Қуръон оятларига ишонмасалар, ёлғончиларга Аллоҳнинг лаънатини сўраб, қасам ичишликка таклиф қилиш буюрилди. Ровийларнинг айтишларича, биронта насроний келиб, қасам ичишга журъат этмаган экан.

     “Албатта бу хақ-рост қиссадир. (Яъни, Ийсо ҳеч қандай худо эмас, балки Аллоҳнинг бошқа ҳамма пайғамбарлари каби оддий одам зотидандир.) Ва ҳеч қандай тангри йўқ, фақат Аллоҳнинг Ўзи бор. Ва Аллоҳнинг Ўзигина қудрат ва ҳикмат эгасидир. Энди ҳам (ҳақиқатдан) юз ўгирсалар бас, албатта Аллоҳ бузғунчиларни Билгувчидир”.

 

    (Оли Имрон 62-63 оятлар мазмуни)

 

     Юқоридаги оят мазмунлари ва уларга битилган шарҳлардан насронийлар тафаккур ва эътиқод йўналишида залолат сари юз тутган кимсалар эканлиги яққол намоён бўлиб турибди. Насронийликка янги қадам қўяётган авлодларидан Қуръон хақиқатлари борасида тафаккур қилишдан тўсиб боришади. Негаки, Инжилнинг йўналтирган аник ҳақиқати хам сўнгги пайғамбар Махаммад алайҳис-салом ва у кишига нозил қилинган Қуръонга қаратилган. Тафаккурлари булғанган насронийлар ақлга сиғмайдиган даъволари орқали ўзига эргашганларни ҳануз адашиш йўлида олиб юрмоқдалар.

- - -