Авлодлар қайғуси » Авлодлар қайғуси 2

“Тафаккур олами”

2425 Ko'rilgan Авлодлар қайғуси 2

“Тафаккур олами”

Аллоҳ Хақ Таъоло инсонга тафаккур қилишдек ажойиб инъомни ато этган. Тафаккур воситаси билан бир жойда турган одам дунёни, ундаги бор нарсаларни кўз ўнгидан ўтказиб, мулоҳаза қилиб кўришга мувоффақ бўлади. Тафаккур этиш билан яна инсон ўз ўтмишини хотирлай олади, баъзи ҳодиса ва нарсаларга чуқур разм солиб, у ҳақида фойдали ёки фойдасиз нарсаларни идрок қила олади. Ўша тафаккурдан манфаатли фойдаланиш, уни тўғри ишлата билиш – тарбиячи бўлган ота-она ва масъул бошқа шахслар билан бирга тарбияланувчиларга ҳам ўта муҳимдир. Аллоҳ баъзи оятларни Қуръонда нозил этиб, ундаги баъзи мисолларни нима учун келтиражаклигини ҳақиқатини баён этиб: “Биз бу мисолларни одамлар учун, шояд улар тафаккур қилсалар, деб келтирмоқдамиз”, дейди. (Хашр; 21-оят мазмуни)

Бўлмағур ишлар устида ўй ўйлаб, тафаккур этиш инсонни тўғри йўлдан адашиб, ғулувга ва исёнга кетишига сабаб бўлади. Робб Таъоло бизни муҳим ишлар устидагина тафаккур этишимизгагина ижозат берган холос. Аввалги қавмлар ҳатто Яратувчи ҳақида ҳам тафаккур этмоқчи бўлганлар. Пайғамбарлар олиб келган йўл воситаси билан эмас, ўз тахминлари билан тафаккур этишлари уларни хақ йўлдан тойишларига туртки бўлган. Бугунги кунда меъёр ва шариъат андозасида ақл юргизиб, тафаккур этмаётган кимсаларга ҳам ана шу ғулувона тафаккур нима натижаларга етаклашини Куръон маънолари орқали билиб олиш мумкин.

     “Огоҳ бўлингизким, албатта осмонлардаги ва ердаги барча жонзот ва махлуқот Аллоҳникидир. Аллоҳни қўйиб, бутларга илтижо қиладиган кимсалар фақат гумонга эргашадилар холос. Улар фақат тахмин қиладилар ҳолос”.

     (Юнус; 66-оят мазмуни)

 

     Ўтмишда яшаб ўтган қавмлар пайғамбарлар олиб келган дастурлар асосида эмас, ўзларининг сохта тафаккурлари билан ҳар қандай нарсаларни “Худо” тутишгача етиб борганлар. Ҳосилларини, уй ва биноларини агар олов олса, ўзларини олов олдида ожиз сезиб, олов ҳақида тафаккур этган, мулоҳаза юритган бўлиб, уни “илоҳ” қилганлар. Шамол агар уларга зиён олиб келгандек бўлса, шамолни, ер зилзилага учраса, ерни “илоҳ” қилиб, унга сиғинганлар ва алоҳида сохта йўллар барпо қилганлар.

     Агар инсон “тавхид” асосида Аллоҳни таниса, унга бўлган иймонини мустаҳкам этса, тафаккур олами зилол ва шаффоф сув янглиғ мусаффо бўлиб тиниқлашади. Мусаффо ва тиниқ тафаккур билан инсон Аллоҳнинг қудратини ва У Зот изн берган бошқа нарсалар ҳақиқатини билишга, идрок этишга эришади ва тафаккур олами ўткирлашади. Чуқур хақиқатларни ҳис этиб, уни мушоҳада қила биладиган қобилятга эга бўлади.

- - -