Авлодлар қайғуси » Авлодлар қайғуси 2

“Ибодат – бандалик қилишдир!”

1827 Ko'rilgan Авлодлар қайғуси 2

“Ибодат – бандалик қилишдир!”

Бандалик қилиш – фақат Аллоҳга қилинадиган ишлар мажмуасидир. Кимнинг қалби, қайси ишга забт этилган бўлса, у ўшанинг бандаси ва қулидир. Дийнор ва дирҳам (яъни, пул-мол дунё) қуллари, ҳайвоний ҳирс қуллари ва шунга ўхшаш баъзи нарсаларнинг қуллари оламда мавжуддир. Аллоҳдан ўзгага банда, қул бўлиш жуда катта хорлик белгисидир. Қиёмат куни ким нимага тобеъ бўлиб, бандалик қилган бўлса, ҳожати ҳам унга ташлаб қўйилади. Ягона Аллоҳдан бошқа дўст ва ёрдамчи бўлмаса, инсон қул бўлган бошқа нарсалар қандай қилиб, унга нажот ва ёрдам бера олади.

     “Осмонлар ҳам, ер ҳам Ёлғиз Аллоҳнинг мулки эканини ва сизлар учун Аллоҳдан бошқа бирон дўст ёки ёрдачи йўқ эканини билмадингизми?”

   (Бақара; 107-оят мазмуни)

 

     Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам айтиб берган ҳадиси қудсийда, шу мазмунда сўз айтганлар: “Аллоҳ Азза ва Жалла: “Мен ширк келтирилган шерикларнинг беҳожатроғидурман. Ким (бирон) ишни бажарса-ю, унда Мен билан бирга мендан бошқасини шерик қилса, уни ҳам ширкини ҳам тарк этаман”, деган”.

                  (Муслим ривояти)

      Умум қилиб айтилганда; ибодат – инсон турмушининг барча соҳасида Аллоҳга банда бўлган ҳолда, фақат уни ният этиб, қилинган ишларнинг барчасидир. Таомланиш, қўшничилик ва шунга ўхшаш ҳаётдаги турли жабҳаларнинг ҳаммасида Аллоҳга у буюргандек амал қилишдир.

     “Мана шу Аллоҳ Парвардигорларингиздир. Барча подшохлик Ёлғиз Уникидир. Ҳеч қандай илоҳ йўқ, магар Унинг Ўзигина бордир. Бас, (ана ўша Зотга ибодат қилмай) қаёққа бурилиб кетмоқдасизлар-а?!”

     (Зумар; 6-оят мазмуни)

 

     Ибодатни тор маънода тушунадиган тоифалар ҳам бисёр. Улар ибодат деганда, таркидунё қилиш, махсус кийим-бош кийиб, алоҳида турмуш тарзи яратиб олиш деб тушунадилар ва ўзгаларга ҳам шуни талқин этадилар. Ибодат улар фараз қилаётган тарздаги амал эмас, балки инсон қайси замон, қайси макон, қайси муҳитда истиқомат қилмасин, унинг барчасида Аллоҳ айтгандек тура билиши билан тавсифланади. Киши никох билан оила қурса, бирон-бир ҳалол касбни йўлга қўйса, тўғри яшаб, тўғри юрса умрининг эрта-ю, кечи – ҳаммаси ибодат деб юритилади.

     Баъзилар нега ўзимизнинг ихтиёримизга келган нарсани бажаравермаймиз, дея бош қотирадилар. Инсон ўз ихтиёрига келган нарсаларнинг ҳаммаси ўзиники эмасдир. У Шайтон томонидан инсоннинг рўбарасига кўндаланг қилинган ҳийла тузоқлардан бўлган жарликдир. Ихтиёр фақат Аллоҳ буюрган йўлга ишлатилгандагина, тўғри ишлатилган бўлади. Ҳаёти дунёда ҳам, охират диёрида ҳам бахт-саодатга эришилади .                             

     Аллоҳ тайинлаган йўлдан бошқа ўринга, агарки инсон “ўз ўйим ила қиляпман бу амални” деса ҳам, шайтонга ибодат этиб, унга қуллик қилаётган бўлаверади. Чунки шайтон ўз ҳийласи ила инсонни ўз домига тортади ва ўз айтганини қилишга қизиқтириб қўяди.

     “Эй жиноятчи кимсалар мана бу Кунда (муъминлардан) ажралинглар! Мен сизларга: “Эй Одам болалари, шайтонга ибодат қилмангиз, чунки у сизларга очиқ душмандир. Менгагина ибодат қилинглар! Мана шу Тўғри йўлдир”, деб буюрмаганмидим?! Аниқки, (шайтон) сизларнинг ичингиздан кўп авлодни йўлдан оздирди. Ахир ақл юритгувчи бўлмадингизларми?!”

   (Йасин; 59-62 оятлар мазмуни)

 

     Шайтонни душман деб билиш инсонга ёд бўлиб кетган ҳол. Лекин Аллоҳни дўст тутиб, унга ибодат қилиб, уни айтганларига юриш ўрнига инсон шайтон макрига алданиб иш кўришга одатланиб қолган. Ваҳоланки Аллоҳ шайтоннинг қиёматга қадар одамлар устига юргизмоқчи бўлган ишни баён қилиб қўйган-ку!

     “(Шайтон:) Менга улар тириладиган Кунгача (Қиёматгача яшаш учун) муҳлат бер”, деди у. (Аллоҳ) деди: “Сен муҳлат берилганлардансан”. У айтди: “Қасамки, энди мени йўлдан оздирганинг сабабли мудом Сенинг Тўғри Йўлинг устида уларни (Одам болаларини) кутиб ўтирурман. Сўнгра уларга олдиларидан ва ортларидан, ўнгу-сўлларидан келиб (Тўғри Йўлдан оздирурман) ва (оқибатда) уларнинг кўпларини (берган неъматларингга) шукр қилган ҳолларида топмайсан.” (Аллоҳ) айтди: “ Ундан (жаннатдан) жирканч ва мағлуб ҳолда чиқ! Қасамки, улардан кимда-ким сенга эргашса, албатта жаҳаннамни сизларнинг барчаларингиз (сен ва сенга эргашганлар) билан тўлдирурман”.

 

      (Аъроф; 14-18 оятлар мазмуни)

 

     Бу оят шархида уламолардан бири шундай дейди:

     “Унга (шайтонга) то қиёматгача ўлмасдан истиқомат қилиш имкони берилди ва у доимо Аллоҳнинг бандаларини тўрт тарафдан келиб адаштиришга қасам ичди. Демак, инсон бу ҳаётини  дунёда Тўғри йўлдан озмасдан яшаши учун тўрт тамондан келган турли йўлларга – оқимларга эргашмасдан, фақат осмондан – Аллоҳ Таъоло ҳузуридан тушган Қуръон йўлига юргандагина шайтоннинг васвасаларидан халос бўлади ва нажот топади”. Али ибн Аби Толха ибн Аббос розияллоҳу анҳудан нақл қилиб айтадики: “Уларга олдиларидан (келаман, деган шайтон сўзини) охиратлари борасида у (одам)ларни шубҳалантириб қўяман, “ортларидан” (деганини эса) дунёларига рағбатлантириб, қизиқтираман, “Ўнгларидан” (келаман, деганини эса) уларнинг дин ишларини уларга ноаниқ, тушунарсиз қилиб қўяман, “сўлларидан” (деганини эса) гуноҳ-маъсиятларга уларни ҳоҳиш-истакли қилиб қўяман”, деб шайтон айтади дея, тафсир этган эканлар.

     Қатода эса: “Уларнинг (одамларнинг) олдиларидан у (шайтоннинг) келиши; Уларга қайта тирилиш йўқ, жаннат йўқ ва дўзах ҳам йўқ деб хабар беришидир, “ортларидан “ мурод; дунёга ва унинг зийнатига буюриш, у (дунё ҳаваси)га чақиришдир, “ўнгларидан” мурод; (инсоннинг) яхшилик-хасанотлари олдидан келиб, уларни (у яхши ишларида) секинлаштириш, “сўлларидан” мурод; ёмонликларни ва маъсиятларни улар (одамлар)га чиройли қилиб кўрсатиш ва унга чақириш...”, деб айтганлар.

     Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят этилган Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг дуолари ичида жумладан шундай дея Аллоҳга илтижо қилинган: “... мени олд томонимдан, ортимдан, ўнгимдан ва чапимдан, ҳамда устимдан муҳофаза этгин! Аллоҳим остимдан хоинлик қилинишдан сендан паноҳ тилайман”.

- - -