Кутубхона

Жумъа кун – кунларнинг саййиди.

2540 Ko'rilgan Кутубхона

Жумъа кун – кунларнинг саййиди.

Жумъа кун – кунларнинг саййиди, афзали эканлиги барча мусулмонларга маълум. Уламолар бу кунни жумъа деб аталишини изоҳлаб, у кунда одамлар жамланиб, тўпланишга келадиган кунлиги учун, деб айтадилар. Аллоҳ Хақ Таъоло ўз каломида: “Эй иймон келтирганлар, қачон Жумъа кунидаги намозга чорланса (азон айтилса), дарҳол Аллоҳнинг зикрига (жумъа намозини адо қилиш учун) шошилиб боринглар ва олди-сотдини тарк қилинглар! Агар биладиган бўлсангизлар мана шу (яъни, Аллоҳнинг зикрига – Жумъа намозини ўқишга шошилиш) ўзларингиз учун яхшироқдир”, дейди. (Жумъа сураси, 9-оят мазмуни)

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилади: Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки гўзал таҳорат олишлик билан таҳорат қилса, сўнг Жумъага келса, қулоқ солса ва жим бўлса, унинг ораси билан бошқа Жумъа орасидаги (гуноҳлари) кечирилади...” деганлар.
(Муслим, Абу Довуд, Тирмизий ва ибн Можжа ривоятлари) Жумъа ҳақидаги ҳадисларнинг бирида пайғамбар алайҳис-салом шундай деганлар: “...У (кун)да Менга соловот (айтишни) кўпайтиринглар. Албатта сизларнинг соловотларингиз жумъа куни менга рўбарў қилинади...” (Абу Довуд, Насаий, ибн Хиббон ва ибн Можжа ривоятлари) Уламоларимиз жумъа кунидаги қилинажак тартиблар борасида ва у куннинг одоблари ҳақида қуйдагиларни тавсия этганлар:

  1. 1.Ювиниб-тараниб бориш.
  2. 2. Тирноқларни олиш, кераксиз туклардан тозаланиш.
  3. 3. Гўзал ва покиза либосларни кийиш.
  4. 4. Хушбўйланиш.
  5. Шу ўринда имоми Шофеънинг тозалик хақида айтган сўзларини эслаб ўтамиз.

         “Кимки кийимини пок тутса, ғами бўлгай оз,

          Кимки ҳидини хушбўй қилса, ақли бўлгай соз!”

  1. 5. Намозга хотиржамлик ва виқор билан бориш.
  2. 6. Намозхонларнинг елкасидан ошиб ўтмаслик.
  3. 7. Қуръон қироати, зикр ва истиғфор билан машғул бўлиш.
  4. 8. Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламга саловотни кўпайтириш.
  5. 9. Каҳф сурасини тиловат қилиш.
  6. 10. Дуони кўпайтириш, шоядки ижобат вақтига мувофиқ келиб қолса!
  7. 11. Хутба асносида жим ўтириш ва мутлақо сўз сўзламаслик.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтадилар: Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам минбарда бир оятни тиловат қилди. Сахобийлардан бири Убай ибн Каъбга “бу оят қачон нозил бўлган?” деб гапирди. У унга кўзини қисди ёки ишора қилди. Қайтишаётганда Убай ибн Каъб унга деди: “Фақат сени намозингдаги насибанг лағв (беҳудалик) қилмаслигингдир”. Ҳалиги сахобий Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига кириб, ана у (иш) ҳақида сўради. Шунда (пайғамбар): “Убай тўғри айтибди”, дедилар, сўнг айтдилар: “Бир бандаки, жумъа кунида ғусл қилса, мавжуд бўлган суртувчи нарсасини суртса, сўнг жумъага келса, бирортасига озор етказмаса, одамларнинг бўйнидан ўтмаса, Аллоҳ Таъоло унга ёзиб қўйган нарсани (жумъани) ўқиса ва агар имом чиққанда ўтирса ва жим бўлса унинг икки жумъа оралиғидаги нарсаси кечирилади”.

Илм чашмасидан 

- - -