Юксаклик сари

Мадина шаҳрининг таърифи

1952 Ko'rilgan Юксаклик сари

Мадина шаҳрининг таърифи

๏ Мадинага ҳижрат қилингандаги биринчи иш. ๏ Унинг аввалги номи ва ўзгартирилиши. ๏ Мадинадаги муҳаррам худуд. ๏ Мадина аҳлига ёмонлик истаганнинг оқибати ва унга Дажжолнинг кира олмаслиги. ๏ Мадинага Маккадан икки баравар кўп барокат сўралганлиги. ๏ Мадинани кимлар яхши кўрган ๏ Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи васаллам Макка шаҳридан ҳижрат қилиб, Мадинага келганларида биринчи қиладиган ишлари масжидга ер сотиб олиб, масжид биносини қуриш бўлди. Масжид Аллоҳга тоат қилинадиган манзил, Роббга сажда қилиниб бандалик исботи бўладиган жойдир. Масжид ўрнидаги ер эгалари у ерни шундаям, хайр йўлида берамиз дейишса ҳам, Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам унга кўнмай, рози қилганлар.

   Анас розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: “Набий соллоллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келиб, масжид қуришликни амр қилдилар. Кейин у киши:

   “Эй Бани Нажжор, менга баҳолаб берингиз (яъни, бўлажак масжид ўрни икки етим боланики эди, уни сотиб олмоқчи бўлиб)”, – дедилар. Улар (ўша икки етим бола ва уларнинг яқин қариндошлари):

 “Биз пул сўрамаймиз, Аллоҳ йўлига хайр қиламиз”, – дейишди.

 Лекин, Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам уларни барибир рози қилдилар. Кейин, Росулуллоҳнинг фармонларига биноан масжид ўрнидаги мушриклар қабри бошқа жойга кўчирилди, харобалар текисланди, қибла томондаги хурмолар кесилди”.

                                                        (Бухорий ривояти)

 

   ๏ Мадина шаҳри Ясриб деб юритилар, пайғамбар алайҳиссаломнинг номлашлари орқасидан Мадина бўлиб юритила бошлаган. У шундай шарафли шаҳарки, одамларнинг кирларини кетказгувчи сабаб унга Ҳақ Таъоло томонидан берилган. Айнан ўша шаҳарга пайғамбар алайҳиссалом ва у кишининг сахобалари ҳижрат этишга  амр қилинди.

   Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: “Менга бир қишлоққа (ҳижрат қилмоқ) амр қилинди, у қишлоқ бошқа қишлоқлардан устундир. Баъзилар (яъни, мунофиқлар) уни Ясриб деб аташади, ваҳоланки, у Мадина бўлиб, одамларнинг кирини (гуноҳини) темир юзидаги куюкни дам (бозғон) қандай кеткизса, шундай кеткизади”, – дедилар.

                                                           (Бухорий ривояти)

 

   Саъид ибн Мусаййаб рохимаҳуллоҳ Мадиналик тобеъин олимлардан бўлиб, у киши ўз қайноталари бўлмиш, сахоба Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан эшитган хадисда, у ердаги кийикни қўрқитиб, ҳуркитмасликни ва унинг маълум жойлари харам ҳудуди деб эътибор қилинишини айтганлар. Ҳозирда ўша жойларга ғайри динлар, яъни мусулмон бўлмаганлар киришига йўл қўйилмайди.

   Саъид ибн Мусаййаб ривоят қиладилар: “Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу: “Агар Мадинада ўтлаб юрган кийикни кўрса, ҳуркитмай ўтиб кетар эдим. Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: “Мадинанинг икки тошлоқ ери ўртасидаги жойлар муҳаррамдир”, – дер эдилар”, – деб айтдилар.

                                                           (Бухорий ривояти)

 

   ๏ Мадина аҳлига бошқа ерлик одамлар мутлақо ёмонликни нияти қилиши жуда ёмондир. Мадина халқи бир пайтлар Аллоҳ юборган элчини ва у киши билан бирга Аллоҳ йўлида ватанларини тарк этиб келган муҳожирларни қарши олган элдирки, уларни ёмон кўриш, ҳатто ёмонлик истаган кимсалар сувга солинган туз эриб кетганидек, эриб кетиши ҳақиқатлигини пайғамбар алайҳиссалом айтиб ўтганлар.

   Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу: “Набий соллоллоҳу алайҳи васалламнинг: “Мадина аҳлига ёмонлик истаган одам, туз сувда эриганидек эриб кетади”, – деганларини эшитганман”, – дейдилар.

                                                           (Бухорий ривояти)

 

   Мадинайи-Мунаввара шаҳри Аллоҳнинг изни билан Қиёматдан олдин чиқажак Дажжол ҳам кира олмайдиган жой қилиб қўйилган. Чунки, Мадинанинг етти қопқаси бўлиб, уларнинг ҳар-бирини иккитадан фаришта қўриқлаб туради. Бошқа ерларни вайрон қилиб, фитна таратиб юрувчи Дажжол Макка ва Мадинага кира олмайди ва хавф ҳам сола олмайди.

   Абу Бакр розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: “Набий соллоллоҳу алайҳи васаллам: “Дажжол Мадинага хавф сололмайди, ўша куни Мадинанинг етти қопқасидан ҳар бирини иккитадан фаришта қўриқлаб туради”, – дедилар”.

                                                           (Бухорий ривояти)

 

   Исҳоқ ибн Абдуллоҳ ибн Абу Талҳа розияллоҳу анҳу Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан эшитиб ривоят қиладилар: “Набий соллоллоҳу алайҳи васаллам:

    “Мадинадан бўлак Дажжол босиб олмаган бирорта ҳам шаҳар қолмайди, Мадинага олиб борадиган барча йўлларни фаришталар саф-саф бўлиб ҳимоя қилиб турадилар. Кейин, Мадина уч маротаба силкинади, Аллоҳ унинг аҳолиси орасидаги барча кофир ва мунофиқларни итқитиб ташлайди”, – дедилар”.

                                                           (Бухорий ривояти)

 

   ๏ Бу шаҳар пайғамбар соллоллоҳу алайҳи васалламнинг дуолари қилинган шаҳар бўлиб ҳисобланади. Ҳатто “Уммул-Қуро” деб номланган, яъни “Шаҳар-қишлоқлар онаси” мақомидаги Маккадан икки баравар кўп барокат сўраганлар.

   Анас розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: “Набий соллоллоҳу алайҳи васаллам: “Ё парвардигор-о, Мадинага Маккага берган баракотингдан икки баробар кўп баракот бергайсан!” – дедилар”.

                                                            (Бухорий ривояти)

 

   ๏ Мухаммад Мустафо соллоллоҳу алайҳи васаллам ўзлари Маккада туғилиб, ўша ерда вояга етган бўлсалар ҳам, Мадинани жуда яхши кўрардилар. Бирор ёққа сафарга чиққудек бўлсалар, ортларига қайтиб, Мадинага яқинлашарканлар, унинг деворларини кўргани ҳамон, туяларини тезлаштириб, унга кириб келишга ошиқар эди.

   Анас розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: “Набий соллоллоҳу алайҳи васаллам сафардан қайтаётиб, узоқдан Мадина деворларини кўришлари биланоқ, туяларини тезлаштирар эдилар, Мадинани шу қадар яхши кўрар эдилар”.

                                                                (Бухорий ривояти)

 

   Мадина шаҳрини нафақат пайғамбар алайҳиссалом балки у кишининг сахобалари ҳам яхши кўрардилар. Сахобалардан бири Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу шаҳид бўлиб кўз юмишни сўраш билан бирга, пайғамбар шаҳри бўлган Мадинада жон омонатларини топширишни Аллоҳдан сўрардилар. Аллоҳ у кишининг дуоларини мақбул айлаб, ўша шаҳарда қабз бўлишини насиб этди. Икки схиблари бўлмиш; Мухаммад соллоллоҳу алайҳи васаллам ва Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу билан бирга Оиша онамизнинг ҳужраларига дафн қилиндилар.

   Зайд ибн Аслам оталари Асламдан эшитиб ривоят қиладилар: “Умар розияллоҳу анҳу: “Эй Аллоҳ, ўз йўлингда шаҳид бўлишликни ва Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг шаҳарларида (Мадинада) жон таслим этишликни менга насиб айлагин!” – дер эдилар”.

                                                                  (Бухорий ривояти)

- - -